Наҳс босқан экан Абдулла Қодирий Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб: — Қани бир бахтимизни синаб қарайлиқ-чи, —дедим. — Ранжми, ғойибми, ҳозирми? — деб сўради. «Кўрнинг тилагани икки кўзи», «Кампирнинг дарди ғўзада» дегандек, маним ҳам ўйлаганим сизга ўхшаған «Чоти айри, боши юмолоқ» дардисарлар эмасми, шунинг учун мақсадимни онглатдим. — Кимдансиз? . — Кимдан бўлар эдим, шу кўриб турганингиз этаксизлардан. — Ya’ни? — Ya’ни, ўзбак. — Истиқболимиз қалай экан, демакчисиз-да? — Ҳа, шундай, садаға. Кашмири қуръа тошларини йиғиб олиб рўмол устига чочди, тошларни еттига бўлиб етти жойға қўйди ва мулоҳаза билан сўзлай бошлади: — Халқингизнинг ошиғи олчи, пичоғингиз мой устида; халқингиз рост кўчани қўйиб, паст кўчадан юрар экан, кўпларингиз эшакка тескари миниб чирманда чалар экансиз… тўғрими? — Тўғри, садаға, — дедим. — Банданинг боши — Оллоҳнинг тоши, дейдирлар: бирингиз Абдулқафў валлоҳи азим, иккинчингиз — шоптоли қоқи дўст беданам, учунчингиз — Монийнинг ясаған сурати, тўртинчингиз — бўйни ғавслар учун лаганбардор; шаҳарларингиз хароба, қишлоқларингиз вайрона, халқингиз ақл-ҳушидан бегона, хотунларингиз шинни, катталарингиз нинни, шунинг учун болаларингиз жинни, йигитларингиз юраксиз аҳмоқ, қизларингиз сочи узун-паҳмоқ, отларингиз эшак, эшакларингиз хўтук..!_ — Каромат қиласиз, почча, дедим. Кашмири давом қилди: — Тошға қаранг, биродар, тошға: бу сўзларни ман сўзламайман, тош сўзлайдир, тошлар! Истиқболингиз куппа-кундузидек ёруқ, йигирма беш йил десаммикан, элли йил десаммикан, ҳар ҳолда муддат унча узоқ эмас, пичоғингиз мой устида кўринадир: Тўрт томонингиз қибла; халқингиз томға чиқуб «ҳалала ҳашту» ўйнағайлар. Мустамлакачилар «Том тепканга беш ёнғоқ — тепмаганга қўй қумалоқ!» деб маймун ўйнатқайлар… Истиқболингиз жуда ажиб: кўрганлар дармонда, кўрмаганлар армонда, йигитларингиз ҳез очқайлар, кўбларингиз табдили сурат қилиб эшак, ҳўкуз ва маймунлашқайлар; уламоларингизнинг ишлари тағин ҳам қизиқ: бечоралар миядан ажралиб, лозимларини салла қилғайлар ва кўча-кўйларда во дино во шариъато, деб чопишуб юргайлар… Пол шу ўрунға етканда ортиқ чидаб туролмай: — Этар, садаға! —дедим. Кўнгил айнаб, кўз ўнгларим қоронғиланиб кетди. Полнинг назрини ташладим-да, бошим оққан томонға калавлаб кетдим. Йўл-йўлакай кўзимга кўринган акалар энди шох чиқариб келмакда бўлған ҳўкузга ва гоҳо янги туғулған хўтукка ўхшаб кетар эдилар, уйимга кирар эканман: — Бизни тоза наҳс босқан экан, — деб бир ҳовуч совуқ сув ичиб юбордим… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Наҳс_босқан_экан. Downloaded from uzbekai.com.