Олти йиллик базм Абдулла Қодирий Инқилобий матбуот базмимизнинг ёши олтиға етди, деб бу кун ўзбек қизил матбуотининг чирмандакаш ва ноғорачилари «Тўй устига тўй» қилар эканларки, бу хабари жонсўзни кеча эшитиб, чуқур бир энтикиб қўйдим. Чунки фақирингиз бу базмнинг аъзоларидан бир фард; баракаллачиларидан бир менгров; қийқуруқчиларидан бир тутал, ҳам чарчамайтурған бир тентак чапакчиси эдим. Шунинг учун бу тўйда иштирок этиб, олти йиллик бу базмдан олған таассуротимни юмалоқ-ясси қилишим керак бўлар эди. Иштирок йўсунини узоқ ўйлағач, хотири шарифимга хунук-хунук гаплар, чучма-чучмал ишлар келиб ҳайрон бўлдим ва бу галги вазифамнинг нечоғлиқ «хумса» ҳам «дағал» эканини онгладим. Ўйлай-ўйлай, ниҳоят отнинг бошини тортиброқ иш кўрилсин, акаларнинг энсаси қотарлиқ гаплар бўлмасин, деган қарорни бердим. Фақирингиз бир хил акалардек қурбақа ҳам лайлаклардан мисоллар келтириб, фалсафага бўкиб, ўқуғучининг миясини қоққач, қатиғини қўлиға бериб ўлтуришни унча дўст тутмайман-да, тўппа-тўғри масаланинг манбаига қараб йўл соламан. Чунки ҳамма фисқу фасод манбаъда бўладир, манбаъдан бир нарса тополмағанда қўлға асо ушлаб тимискилашнинг ва калга ва на кўрга бир пақирлик фойдаси йўқдир. Олти йиллик матбуот байрамимизда ҳам шу хатти-ҳаракатни таъқиб қилсам иш бениҳоят енгил кўчиб, кундуз куни чироқ ёқиб ўғри қидиришға ҳожат қолмайдир. «Олти йиллик қизил матбуотимизда ким нима иш қилди?» деб ўзим-ўзимга сўроқ берсам-да, бунинг жавобларини санаб кетсам, албатта, гапдан-гап, чўпдан-хас чиқиб иш бемазага айланадир. Бас, энди нима иш қилиш керак? Манимча, ишни астар-авра қилиб ўлтурғандан кўра шу олти йиллик базмдаги чирмандакашларнинг номаи аъмолларини бир карра кўздан кечиришнинг савоби етмиш йиллик ибодатдан ортиқдир. Биноан алайҳи, сурнайчиларнинг номаи аъмол ёхуд қисқача таржимаи ҳолларини бир-бир кўздан кечирайлик. Олти йиллик қизил матбуотимизнинг биринчи марди-майдонларидан санаб, тепанинг бошига Фитрат билан Назир Тўрақулларни қўямиз-да, уларга ожизона арз этамиз: «Мэрси, сизларга!» Шундан кейин бир оз ризосизлиқ вазиятини олиб айтмасак-да, айткандай бўламиз: Суқдан бўлдими, мечкайдан бўлдими, ҳар нечук-да юқори кўчани қўйиб, қуйи кўчадан кетдингиз? Тўғри кўчадан алжиб, лўли кўчасига бурилдингиз ва шунинг ила довдираган матбуотимизни қовжиратдингиз… Карнайчиларимизнинг учунчиси Усмонхондир. Тўрт томонға югуриб, тили бир ярим қарич осилған; бир кўзи мағрибда, бир кўзи машриқда; серҳаракату бебаракат, бир кишини истаб юрган бўлсангиз, бевосита ўртоқ Усмонхонға учрашингиз… Зиёда чимегўйям? Шоирларимизнинг биринчиси Чўлпон афандидир. Бу кун қизил гулу эрта нафармон гул; ҳали денгиздаги чўб бўлса, бир оздан кейин дунёни сел олғанда тўпуғиға чиқармайтурған, маслакида собит, аҳдида қойим, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажиб бир қаҳрамон. Унинг олти йиллик хизмати ҳам шу йўлда бўлди. Ашурали домла «Садойи Фарғона»дан жонли бир тарих. Инқилоб тўлқини бир хил акаларни четка қоқиб турған бўлса, аммо Ашурали инқилоб билан бирга оқди, унга берилатурган қийматнинг маркази сиқлати ҳам шундадир. Имло тўполонида домлалар сафига ўткан бўлса ҳам, кейиндан бир неча фирибгар, айниқса, Абдулла Раҳматнинг авроғиға осонғина алданди. Абдулла Авлоний бир маҳал гаримсар тегиб, кутулмаган жойда қоракосов бўлиб қолди. Ҳозирда ўчоқ кавлашдан бошқаға ярамайдир. Мирмуҳсин ўртоқ тўғрисида нима дейишга ҳам ҳайронмиз. Матбуотимиз Мирмуҳсиндан фойдаландими ёки Мирмуҳсин матбуотданми, ҳар ҳолда, шу иккининг бири бўлса керак. Садриддин Айний инқилобнинг бошларида бир мунча ишлаб юрди, ундан кейин «Бухоро жаллодлари»ни ёзди, шундан сўнг ўзи ҳам Бухоро жаллодларининг қўлиға тушди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Шаҳид Эсон Истанбулнинг Туркистонга бўлған ягона совғасидир. Лекин шуниси ажабдирким, Эсон афандининг сўзига матбуот тушунмағанидек, матбуотникига Эсон афанди ҳам тушунмайдир. Бу уни бир пулга олмаса, у ҳам буни уч пулга олмайдир. Ҳар ҳолда, айб дўлдами, тошдами, бунинг ҳукмини келгусига ҳавола қиламиз. Ҳожи Муъин ибн Шукруллонинг олти йиллик умри таржимаи ҳол ёзиш билан ўтди. Ишсиз қолғанида соғ кишиларнинг таржимаи ҳолини сўраб, юракларини орзиқдирди. Бир вақтларда мутаваккилан алоллоҳи биттасини «ўлди»га чиқариб «Зарафшон»да марҳумнинг таржимаи ҳолини ёзиб бошлаған эди, бироқ таассуфка қарши «раҳматлик» ўлмаган экан, яъни марҳумнинг ўзи билфеъл газетада узр ёзиб, Ҳожи Муъиннинг юзига бир шапалоқ қўйиб, аранг таржимаи ҳолчининг чангалидан қутилиб олди. Ҳар нечукда Ҳожи Муъин кўз остиға олған кишилари (мавзулари) кўб бўлса ҳам, бахтка қарши ҳамон марҳум бўлмай, бечорага тузукрак ишлашга имкон бермай келадирлар. Бу жиҳат билан қарағанда Ҳожи Муъин афанди маъзурдир. Олти йиллик базмимизда иштирок қилған татар ўртоқларнинг биринчиси Абдураҳмон Саъдийдир. Тарелка тутиш ва бошқа анов-манов, олди-қочдиларини истисно қилғанда холис бир сиймо бўлиб қоладир. Неъмат Ҳаким Абдураҳмон Саъдий билан ёқа ушлашканда танда, бозорни яхшиғина қизитқан эди. Саъдий билан оғиз-бурун ўпушғач, томошабин анқовларни жуда зериктириб қўйди. Иззиддин Сайфулмулук ўзининг ягона хизматининг самараси бўлған сифилисни биринчи галда Туркистонга тақдим этди, минбаъд ундан сўзак, сил, моххов ва бошқа юқумлиқ касаллар кутамиз. Зариф Баширий билар-билмас лўлининг эшагини суғориб, пулини олиб келди, унча-мунча иғвоси ҳам йўқ эмас. Вали Алломўв (Нурмат) ажойиб бир истеъдодга молик таржимондир. Ўзи ҳақиқатда элли оғиз чамаси ўзбекча сўз биладир. Лекин ўзининг фавқулодда истеъдоди соясида шу элли оғиз дастмояси билан ўн минг калималик маъноларни ифода қила оладир. Ўзбекча сўз қаҳатлигига учралған бир замонда, Алломўв ўртоқнинг бу ҳунари шоёни таҳсин ва тақдирдир. Ёш ёзғучиларимизнинг бириси бўлган Санжар ўртоқ ялқовлиқда ягона бўлиб чиқди. Кўринишда иш по горло, ҳақиқатдачи; эҳе… Вадуд Маҳмуд ўртоқ бир буродаримизнинг тасвирича «кўклам»дир, кўкламнинг ёзи билан кузи қалай бўлишини ҳозирдан айтиб қўймоқ номаъқул бузоқнинг гўштини емакдир. Ўктам афандини ҳам Санжар билан никоҳлаб қўйсақ ажойиб бир ялқовлар оиласи вужудга келтирган бўламиз. Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ, деганларидек, бу қурғуримиз ўлгунча мамаданаи Худо урган бўлиб чиқди. Шокиржон Раҳимий пулни жуда-жуда яхши кўрганидек, «командирўвкани» ўшанча ёмон кўрадир. Пуллик жойга ўзини томдан ташлайдир. Командирўвка десанг, безгаги ушлайди. Пешонаси кенг, томоқнинг заволи. Зиё Саид ёхуд ноғорачининг баччаси, уста кўрмаган шогирд ҳар мақомға ҳам йўрғалайди. Зеҳнийга Элбекда нима ғаразинг бор? Элбекка Сани Зеҳний чақираяпти… Олти йиллик қизил матбуотимизнинг ўгутлари мана шулардан иборат, десак бўладир. Тош-торозу ўқуғучининг қўлида. Шунинг учун баҳо қўйиш комиссиясининг кераги йўқ. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Олти_йиллик_базм. Downloaded from uzbekai.com.