Отам ва большевик Абдулла Қодирий Отам 1242 ҳижрий — 1823 мелодий йиллари Тошкандда туғулуб, алҳол, 99-100 ёшларидадир. Руслар истилоси вақтида 42 ёшида бўлуб Тошкандни руслардан мудофаа қилған қаҳрамонларнинг биридир. Туркистон хонларидан Шералихонни, ундан сўнг Худоёрхон, Маллахон ҳам бу орада йиллаб ва ойлаб хонлиқ қилуб ўткан Муродхон, Саид Султон ва бошқа хонларни, Тошканд бекларидан (ҳокимларидан) Muhammad Шариф оталиқ, Салимсоқбек (бу зот Бухоро амири томонидан Тошканд беклигига қўйилған эди. Мусулмонқул томонидан ўлдирилди), Азизбек, Нормуҳаммад қутабеги, Шодмон ўроқ, Қаноат шоҳ, Мирза Аҳмад қушбеги, Маллахон (Маллахон оғаси Худоёрхоннинг хонлиғи вақтида Тошкандда уч йиллаб бек бўлуб турғандир). Энг охирдан Қўшдодҳоларнинг беклигини кўруб, ўткузган. Хонлиқнинг бош нозири ва қўмондони ўрнида бўлғанлардан Мусулмонқул ва мулла Алимқулларни кўрган ва урушларида бўлған. Пискатлик Қашғар амири машҳур Ёқуббекни Қашғарға кузаткан. Шундоқ қилуб, қирқ йиллаб мусулмон хонлари замонини, элли йиллаб Русия чор истибдодини ва энди беш йиллабдирки меҳнаткашлар ҳокимиятини кўрадир. Табиий, отам, Русия чор ҳукуматини сира ҳам тиламайдир. Чунки унинг элли йиллик истибдодини ўзи истиқбол эткан, Чорнинг аччиғ-чучугини кўб татиған. Бу кунги меҳнаткашлар ҳокимиятига ҳам унча дўст эмас. Бунинг ҳам сабаби маълум. Аммо хон замонларини ўйлаган чоқларда: «Эй, хўб замонлар бор эди, тилла жобдуқлиқ отлару ва басавлат беклару ўрдаларда ҳар кун қарса базиму… Ўтуб кетди энди бир замонлар», деб афсус еб қўядир. Чорлар замони тўғрисиға келганда: — Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хоҳ! Хўб оқ подшоҳ экан-ку… Оқ подшоҳни ҳеч ким енголмас эмиш. Оқ подшоҳга ҳеч бир қирон бас келмас эмиш!.. Кушандаси дуч келганда шундай ҳам думини хода қилар эканки… Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хоҳ, хо..! Ҳой Абди… ҳали оқ подшоҳни большевой отуб юборди дедингми?.. Баракалла большевойингга, балли большевойингта, хўб қилубти-да! Оқ подшоҳлигини бурнидан чиқарипти… Хоҳ, хоҳ, хоҳ, хо-о-о… Шўролар ҳукумати тўғрисида ул ҳеч бир тушуна олмайдир. Шўролар ҳукумати ҳақида юз қат истифсор қилуб унутади. Унингча, оқ подшоҳни енгиб ўрнига ўлтургучи — большевик отлиқ бир қаҳрамон йигитдир: — Большевойинг неча ёшда борикин? — Большевик бир киши эмас, дада… большевикнинг маъноси кўбчилик, камбағал деган сўздир. Мисол сиз камбағалсиз, сиз ҳам большевикдан саналасиз, ҳозирги большевик ҳукуматидан мурод — камбағаллар ҳукумати дейишдир… Илгариги оқ подшоҳ ҳукумати бойлардан иборат эди. Аммо бу ҳукуматнинг оқ подшоси ҳам йўқ ва бунда бойларға ҳам ўрун берилмайди. Ёлғуз сиз ва бизга ўхшаған камбағаллар ҳукумати… — Ҳа, ҳа, шундоқ дегин-чи… Орадан ё уч кун ўтади ва ё ўтмайдир. Эски турмуш билан заҳарланиб қолған чолингиз бояғи бир мириликдак қилуб рўмолға тугуб берилган тушундиришни унутадир-да, большевикни бир шахс, камбағалдан чиқған улуғ бир оқ подшоҳ деб била бошлайдир: — Большевойинг жуда ҳам ботурбой йигит экан-да, аскари ҳам бир-икки лак бордир? — Ҳа,беш-олти лакбор!.. — Ўбба баччаталоқ… ўзи ҳам ҳирс қўпған экан. Ўзимнинг бир оз дармоним йўқроқ-да, ўғлим. Бўлмаса, большевойингга йигит бўлуб кирар эдим. Агар большевойинг олдиға чиқсанг мендан салом дегин. Сани дегин, бобой дуо қилди дегин… Баччаталоғингни бечорапарвар деб эшитаман: кўйнак-иштонга беш-ўн олчин мата сўрасанг берармикин?.. Хайр, бермаса ҳам гўрга. Ишқилуб солиқлардан дарҳон қилса бўлди. Ҳаммадан ҳам боққа кўз олайтира кўрмасун. Баъзан чолингиз истиқбол қўмсай бошлайдир: — Худонинг хоҳлагани-да, кофирнинг қўлида қолуб кетдик… Ўзимизда ғайрат йўқ. Агар юрт бир оғизға тупуруб, яроғ тополмағанда ҳам қора калтак бўлуб чиқса, исни-биска қўймас эди. Қадимги замоннинг йигитларидан шу кунда ҳам бўлғанда-чи, эй-ҳа, ўрусингга йўл бўлсун. — Қора калтак бўлишнинг нима кераги бор, дада? Большевойнинг каттаси ўзимизнинг мусулмондан. Қушбегилар, оталиқлари ўзимиздан, ўртада улардан битта-яримта додхоҳлар бўлса бор!.. Бу сўзни эшитиш билан чол таажжуб ва таҳайюрда қоладир: — Нима дединг?.. — Большевойнинг улуғи ўзимизнинг йигитлардан. Чол ҳозир боши берк кўча ичида… шу ҳолда бир-икки тамшаниб олғач, яна узундан-узоқ большевикнинг асли-насли ҳақида истифсор талаб қилади… — Тузук, тузук, кўб яхши. Большевойинг одамохун экан, сарбоздан кел, сарбоздан. Ўзимиздан сарбозлар борми? — Бор, лекин бўлса ҳам йўқ ҳисобида. — Аттанг, шуниси чакки экан. — Нима зарари бор, дада. — Эй, ўғлим, одам бўлгандан кейин ҳар нарсанинг ҳам бошида бўлиш керак, «Нон қўйнимда, ит кейинимда!..» Шундоқ қилуб, отам большевойга йигит бўлмоқчи-я. Бироқ бир оз дармони йўқроқ-да… Эқтимолки, баҳорға чиқуб дармони яхшиланур, сочлари қораюб, бошқа ўғлон тишлари чиқуб бўлса ҳам, лекин ҳозирга эндигина милк ёруб келмакда бўлған иккита жағ тишлари ҳам чиқуб бўлур-да, чолни большевой ҳам йигигликка қабул қилур ва ул большевойга чин «сарбоз» бўлур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Отам_ва_большевик. Downloaded from uzbekai.com.