Йиғинди гаплар Абдулла Қодирий Ўқуғучилар билан дардлашмаганимга қарийб бир ярим ой бўлди. — Қайси бурчакда ухлаб қолдинг? — деб сўрама, жиян. Бу ўлкада нима кўб экан, ухлайдирған бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маъорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас, барчаси ҳам ухлайди. Аммо ўчоқбошини холи топқан олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қилаяпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб олар-ов, оғайни! Иш қилиб ўлмасдан баҳорга чиқиб олсақ бўпти… «Ўпса нетар, ювса кетар», деган экан ота-бобо. Мен шу дунёдаги одамзоднинг куйди-пиштисини темиртакда қийнаб ўлдурсам дейман: — Ерлилашдириш! Ўзбеклашдириш! Фалончининг виждонига куйдирги чиқғанми? Ўлиб бўлдик-ку! (Тўнғиз қўпсанг йўқ дедимми!) Ярам янгиланди! Кўрчипқонимни кимнинг олдида ёрай?! (Бувингни олдида ёр!) Маҳалламдан мунчаси ишсиз, фалончаси оч! (Оч бўлса кафанини ҳозирла!) Кўчага чиқсанг кўринган кишидан эшитадирган сўзинг шу. Қулоғингға пахта тиқмасанг, бошқа иложи йўқ! — Вой ўша куйди-пиштини йиғиб, териб Эгам чақирсин! Ҳали-ку бу оғзаки ғишғиша. Аммо кечаги кун газетда Охунбобоевдек битта саркорингдан ҳам феълим айнай ёзди. Ҳаммадан ҳам буники қизиқ. Маданглик маориф ходимчилари қурултойида маъруза ўқиб нима дейди, денг: — «Жумҳуриятимизда ҳар 200 мурасса’ чақирим ерга, ёхуд ҳар 4909 одамға битта мактаб бор. Ёки ўқиш ёшида бўлған болаларнинг ҳар (эмас, хўтук) 979 тасига бир мактаб тўғри келадир!» Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худоға шукр, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош! Тузик, чақирим-пақиримингга маним ҳам қаршилиғим йўқ. Раҳматлик бўбой: «Саккиз чақирим бир тош бўлади, бир тошни яхши отинг бўлса бир соатда босасан», деб айтар эди. Икки юз чақириминг… ҳисобнинг калласи минан 24 тош бўлса, ҳалигидек отинг чаман бўлмаса, бир қўниб эртасига туш чоғида аранг етиб борасан. Уловинг эшак бўлса-ку, ниятни сафарга қилиб, рўзангни баҳузур еявер! Гап қаерда эди, ҳали… ҳа, айткандек ҳар беш минг одамға битта мактаб ёхуд 979 тагина уйида энасини зериктирган гўдакка биттагина эрмак тўғрисида эди. Шу замонадаги баъзи одамларға ажаб ҳайрон қоламан. Бир минг болаға битта мактаб бўлса нима-ю, ўн минггига бита тўғри келса, сен билан менга нима ҳасрат! Башарти муддао мирзабошиларни кўпайтириб, идораларни ерлилашдириш бўлса азбаройи Ленин ва Маркс узаткан оёқингни йиғма! Кўчага чиқсанг ҳар қадамда битта мирзабоши, ҳасратидан чанг бурқийди: иш йўқ, куч йўқ, ўн тўққузта ерлилашкан идорадан ҳафта ўтмай чиртинг-пиртинг қоғозини олибдир. Ростини айтсам, «Қул ўлмас, ризқи камимас» мақолини унча-мунча одам тўқиб ташламаған. Дарҳақиқат, ҳар беш мингига битта мактаб бўлса ҳам бечоралар йиғлаб, сиқтаб, яғирига кул сепиб, бир кунини кўраяпти. Бунинг устига кун сайин таппа-таппа келиб турған бешик-белик ва қадр, ҳурматлик меҳмонларга ҳам сиррини бергани маълум эмас. Энди бир минггига битта мактаб тушкан ҳар беш мингнинг хўтуклари ҳам бир кунини кўриб кетар, деб ўйлаймиз. Битта-яримтанинг ўчоғига косов бўлар ёки отбоқарми, ахлат қоқарми, ишқилиб бир бало бўлар-ку! Бас, менга қолса, мундоғ майда гапларнинг қайғусини чекиш ҳеч арзимайдир. Энсамни қотирған гапларнинг яна биттаси анови кун бўлиб кечкан маданглик маориф ходимчиларининг қурултойидир. Тўғрисини айтканда, зиёнлиларни фойдалик қилиш масаласидир. Лекин ашаддий қахқаҳамга мужиб бўлған гап ҳам шуниси. Ўртоқ Акмалча Чўлпонбойнинг: деган шеъри билан зиёнлиларининг афтига туфургани ҳолда яна нима учундир имони сусайиб, «Хезлар тавба-тазарру’ қилса, фирқанинг қучоғи уларга очиқ!» деб қўядир. Дарҳақиқат, хезлардан биттаси тавба қилиб, истиғфор айтса, Акмал жиндак бу тавбага ишонадими, йўқми, ҳозирча унинг ичига кириб чиқған махлуқ йўқ. Бироқ бунга ишонар экан, Акмалингга айтадирган икки оғиз гапим бор: Сенга мисол бериш учун Шайх Саъдийнинг ҳикматига ва ё Калиланинг Димнасига мурожаат қилиб ўлтурмайман. Мисолни худда нақ мутакаллимдан эшит: Мен ҳар куни Худоға тўққуз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлғанидек, истиғфорим ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолған соатимга жуда оз учрарман! Бас, онглағилким, эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилған расво-расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған, бошқаға эн бўлаоладир, деган гапни ҳеч бир китобда учратолмадим. Айтмакчиманки, тавбаси бошини есин, сен бўлсанг ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш товбадир, ўзгаси ғовғадир! Шу оралардағи муҳум ҳангамаларнинг яна биттаси «Миллий қўшиннинг фирқа канференсияси» деб арз қилсам, эҳтимолки, ҳеч кимнинг кўнглига оғир келмас. Нафсиламир, қилай деса иши, ётай деса оғриғи йўқ йигитларимизни башарти мувофиқ кўрилса ва газармаларингиз бўш бўлиб, кўнгилларига гап келмаса, қўллариға милтиқ топилмағанда ҳам битта-битта кетмандаста бериб, қўруқчиликка қабул қилиш чакки бўлмас, деб хаёл қилурмиз. Яна раъйи ўзлариникидир. Эр ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла, «Муштум» ёзишгучилариға фақат шахсларнинг ёқасига ёпиша беришлик ва бошқа мавзулар тўғрисида ўйлаб ҳам қарамаслик ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Йиг%E2%80%98indi_гаплар. Downloaded from uzbekai.com.