Абдурауф Фитрат Абдурауф Фитрат Аҳмад Яссавий Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлуб ўтган эди. Лекин, улар қуруқ махташлар ҳам анчагина фалсафалардан тўлдирилған; шунинг учун Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларини бўлғани каби тасвир қилиб бериш хизматидан ожиз мақолалар эдилар. Ўзбек адабиёти тарихини ёзиб турғаним муносабати билан Аҳмад Яссавий билан анча машғул бўлушға тўғри келди. Мана шу машғулиятларнинг қисқағина бир хулосасини «Маориф ва ўқитғучи» журналининг ўқиғучилариға арз этишни муносиб кўрдим. Тасаввуф тўғрисида Араб бўлмаған ўлкаларни дин исмидан истило этган арабларнинг диний ҳам миллий таассублари, маҳаллий дин, маҳаллий маданиятға қаршу ислом исмидан қаттиғ курашлари, араб бўлмаған миллатларға ғўр қараб таҳқир қилишлари (айниқса, умавийлар замонида) араб-халифат саройининг оғир исрофли чиқимлари, араб волийлари ҳам шунларнинг думлари бўлуб яшаған маҳаллий хонлар, бекларнинг оғир талаблари остида халқ, айниқса, мустамлака халқи сўнг даража эзилған эди. Мана шу эзилишдан туғулған умумий норозиликлар исломнинг то бурунғи замонларидан бошлаб турли сиёсий, диний оқимларға, мухолифатларға йўл очиб, шунларнинг кенгайишига сабаб бўлған. Мана шул мухолифат оқимларининг энг каттаси, энг кенги ҳам жуда устаси ўзининг асосларини ислом таассуби остида эзилған маҳаллий эътиқодлардан олиб майдонға чиққан тасаввуф оқимидир. Тасаввуф оқимининг усталиги унинг секинлик билан, мухолифатни сездирмасдан юрушидадир. Жомий, Ибни Арабий, Абдулкарим халифа каби эътиборли тасаввуф муҳаррирларининг кўрсатганларига кўра тасаввуфнинг турли даражалари, турли манзаралари бор (ёзиб турғаним ўзбек адабиёти тарихида бу тўғрида муфассал маълумот бор). Юқорида деганим каби тасаввуф маслаги мустамлакачиларнинг маҳкумларға қилған адолатсизлиқларидан ҳам бу адолатсизлиқнинг диний таассубға, динга таянғанидан чиқған акси таъсиридир. Шунинг учун тасаввуфнинг юқори поғоналарида, юқори босқичларида диний таассубға, динға, шариъатга қаршу унсурларнинг борлиғи, кўблиғи аниқдир. Тасаввуф маслакига кирганлар биринчи босқичда исломнинг бутун ҳукмлариға, ахлоқ, ибодат, эътиқодға оид бўлған бутун дастурларини қабул қилиб кирганлари ҳолда сўнг босқичларға тўғри келгач буларнинг ҳаммасидан, ҳеч нарса сезмасдан узоқлашиб қоладилар. Қиёмат, меърож, жаннат, жаҳаннам, таҳорат, намоз каби ислом дастурларини таъвил қиладилар, уларга ўзларича маъно берадилар. Бу ишлар шунча усталик билан борадирким, «мурид» охирғи манзилга етканча қаёққа бориб турғанини сезмай қолади. Тасаввуф ислом ўлкасида то исломнинг бурунғи асрларидан кўруна бошлаған. Ҳижрий иккинчи асрда Шақиқ Балхий, Иброҳим Адҳам каби машҳур тасаввуф намояндалари Туркистон ўлкасида етиша бошлаған эдилар. Яссавий ким бўлған? Ҳижрий бешинчи асрда Эроннинг Ҳамадон шаҳриға яқин бир ўрунда туғулған Юсуф Ҳамадоний деган бир одам диний илмларни ўрганиб, катта шуҳрат эгаси бўлғач, тасаввуфға ҳам берилған эди. Мана шул мулла-мутасаввиф Марв, Бухоро, Самаркент (Самарқанд) шаҳарларида хонақоҳлар қуруб шайхлиқ қила бошлайди. Бизнинг Аҳмад Яссавийимиз ҳам мана шул Юсуф Ҳамадонийнинг муриди, учунчи халфасидир. Аҳмад Яссавий, бир ривоятга кўра Ясси (бугунги Туркистон) шаҳрида, бир ривоятга кўра Сайрамда туғулған. Унинг қачон туғулиши маълум эмас. Бироқ вафотининг ҳижрий 562 да бўлғанини ҳамда «Девони ҳикмат»идаги шу: Тўрт юз йилдан кейин чиқиб уммат бўлғай, Неча йиллар юруб халққа хизмат қилғай — байтини назарда тутиб, ҳар ҳолда унинг ҳижрий тўртинчи асрнинг иккинчи ярмнда туғулғаниға ҳукм қилиш мумкиндир. Яссавийнинг отаси Шайх Иброҳим исмли эшон бўлуб, унинг ёшлигида ўлган. Ятим қолған Яссавий у замоннинг машҳур шайхларидатс Арслонбобдан (бошланғич тарбия) олған. Арслонбоб ўлгандан кейин бизнинг Яссавий пир излаб Бухорога келган, юқорида ёзғанимиз Юсуф Ҳамадонийға учраб, шунга мурид бўлған. Юсуф Ҳамадоний ўлгандан сўнг учинчи халфаси бўлуб шайхлиқ қилған. Бир оздан сўнг Бухоро шайхлигнни Юсуф Ҳамадонийнинг тўртунчи халфаси бўлган Абдулхолиқ Ғиждувонийға топшириб, ўзи Яссиға қайтған. Онда дала халқидан кўб мурид йиғиб, хонақоҳ очиб шайхлиқ қилған. Яссавийнинг форс адабиёти вазн ва услубида эмас, турк миллий вазнида, халқ адабиёти услубида ёзғани мана шул Яссига қайтиб, дала халқидан муридлар тўплағанидан кейин бошланған бўлса керак. Яссавий олтмиш уч ёшига киргач, хонақоҳда ер ости(дан) бир чиллахона қоздириб, шунга кирган ва дунёдан алоқасини кесган каби кўрунуб шайхлиқни давом эттирган ҳам шунда ўлган. Вафоти ҳижрий 562 нчи йилдадир. Ҳикматлари Аҳмад Яссавий шеърларининг ҳар парчасига «ҳикмат» унвони берилган, тўпланиб китоб(нинг) шаклига келтирилган. Бу кун орамизда бу китобнинг бир кўб қўлёзма нусхалари бўлғани каби Тошкент, Истанбул, Қозон шаҳарларида босилған босма нусхалари ҳам кўбдир. Аҳмад Яссавийнинг бу асари ҳижрий бешинчи-олтинчи асрнинг адабий бир емиши, яъни машҳур «Қутадғу билиг» китобидан бир аср сўнгра «Ҳибат ул-ҳақойиқ» китоби билан бир асрда ёзилмиш бўлғани учун адабиёт, айниқса, эл тарихимиз учун катта аҳамиятлиқ асарларидан саналса керак эди. Ҳижрий бешинчи-олтинчи асрда ёзилған туркча асарларнинг озлиғини кўзга олғанимизда бу асарнинг қиймати яна ортған бўлур эди. Лекин бахтга қаршу масъаланинг шу томони кутганимиздан бироз бошқачадир: «Девони ҳикмат»нинг бу кун маълум бўлған нусхаларининг ҳаммаси сўнг замонларда ёзилған нусхалардир. Унинг Яссавий замониға яқин бир замонда ёзилған бир нусхаси майдонда йўқ. Букун «Девони ҳикмат»лардағи парча ҳақиқатан Яссавийникими? Ундан сўнгра давом этган шогирдлари, муридлари унинг отиға баъзи парчалар ёзиб тарқатмадиларми? Бу кун(ги) «Девони ҳикмат»нинг ҳаммаси, ҳеч бўлмағанда бир қисми сўнг замонда етишкан мана шунақа шогирдларининг асарлари эмасми? «Бу кун илм дунёсида маълум «Девони ҳикмат»ларни мана шундай шубҳалар остига қолдириш мумкин. «Девони ҳикмат»нинг Яссавий замониға яқин бир замонда ёзилған бирор нусхаси топилмагунча, бу шубҳаларни йўқотиш мумкин эмас. Бу шубҳалар йўқолмағунча, маълум «Девони ҳикмат»ларни тил тарихи қарашидан текширишдан илмий бир натижа чиқмайди». Яссавийнинг таъсири … Ўтган шоирлар, адиблар, сўфилар орасида Яссавий қадар ўз таъсирини кенгайтган бир кишини учратиб бўлмайди. Ўрта Осиёнинг шайхлари, эшонлари Яссавийни ўзларига пир, устоз деб танийдирлар. Аҳмад Яссавийдан кейин унинг услубида шеър ёзмоқ турк шайхлари орасида «мўда» шаклига кирган. Булар услуб, вазн, мафкура ёғидан Яссавийни айнан тақлид қилиб «ҳикмат»лар ёзган ва бу ҳикматларни мачитларда «жаҳр» кунларида ўқутғанлар. Унинг маслагида бўлған Мансур ота, Абдумалик ота, Тож хўжа, Саид ота, Сулаймон ота, Занги ота, Узун Ҳасан ота, Исмойил ота, Ишоқ ота, Садр ота, Бадр ота, Али шайх, Маҳдуд шайх, Қамол шайх, Ходим шайх, Ҳалил ота каби шайхлар, эҳтимолким, шу йўлда ҳикматлар ёздилар. Лекин буларнинг асарлари бу кун майдонда қолмаған. Ёлғуз ҳаким Сулаймон отанинг ҳикматлари машҳурдир. Аҳмад Яссавийни таъқиб этган кишилардан бизга маълум бўлғанларидан бири ҳижрий 1263 да вафот қилған Азим Хўжадирким, ҳикматлари ҳижрий 1312 да Тошкентда «Ҳикмати эшони Азим Хўжа» унвони билан тош босмада босдирилғандир. «Девони ҳикмат»нинг Истанбул босмасида Юсуф Байзавий, Қозон босмасида Қул Ғариб тахаллуслари борким, булар Аҳмад Яссавий мактабида етишкан шоирлардир. Ёлғуз Ўрта Осиёда эмас, тоторлар орасида ҳам Яссавий билан унинг шогирдлари Сулаймон отанинг катта эътиборлари бўлған, уларнинг ҳикматлари халқ орасида қўлдан-қўлга юруб ўқулған, ҳатто неча дафъалар босилиб тарқатилған. Тоторлар орасида жуда машҳур ва мўтабар бўлган «Бадавом»да Яссавий ҳикматларининг шакли кўруниб тургани каби Яссавий ҳам Сулаймон ота услубларида халқ шеърлари ҳам бўлуб ўткан (Тотор адабиёти тарихи. Феўдализм даври. Иккинчи босма. А. Раҳим, А. Азиз, б. 140). Озари(й)ларнинг машҳур мутасаввиф шоирлари бўлған Сайид Имод Насимий, туркман халқ шоири Махтумқулининг, усмонли халқ мутасаввиф шоирларининг Аҳмад Яссавийдан таъсирланганлари илм дунёсида маълумдир. Булардан охиргисини кенг бир шаклда изоҳ қилмоқ учун усмонли олими Кўпрулузода ўзининг китобини ёзиб чиқардиким, адабиётимизнинг тарихи билан қизиққан кишиларга мутолааси лозимдир. Яссавий асарларининг бунча кенг доирада ёйилиб ўқулғани ҳам тақлид этилғани, туркий халқларнинг оммаси аро ҳаёт ва онг томондан «бир турлилик»нинг давом этканига далил бўлса керак. Яссавийнинг муҳити Яссавийнинг ҳижрий бешинчи асрнинг охирларида етишиб, олтинчи асрнинг охирларигача яшаганин юқорида кўрган эдик. Яссавийнинг мафкурасини очиқ кўриш учун Ўрта Осиёнинг ҳижрий бешинчи-олтинчи (милодий 11 нчи—12 нчи) асрлардағи ҳолларининг хулосасини қисқача тасвир этмак лозимдир. Марказлари Бухорода бўлған сомонийлар ҳукумати ҳижрий 4-асрнинг яримларида кучсизлана бошлаған. Қашғардағи қорахонийлар ҳукумати тез-тез Ўрта Осиёға ҳужумга киришкан, сомонийлар сулоласи тамом бўлгандан сўнг Ўрта Осиё қорахонийлар томонидан идора этила бошланди. Шул кунларда Бухоро қашқарлиқ Иликхон қўлида бўлса ҳам унинг Самарқанд, Кеш (Қарши — Беҳбудий) ҳам Қўқон вилоятларидағи ҳокимияти ҳеч эди. Мунда ҳар бир волий ўзбошинча ишлар эди. Баъзан бу волийлардан тўрт-бешталари бирлашиб, Маҳмуд Ғазнавийдан ёрдам олиб, Иликхонга ҳужум қилар эдилар. Қорахоний сулоласи замонида ҳукмдор битта эмас эди. Кўчманчи, ярим кўчманчи халқларнинг ҳаммасида бўлғанидек, қорахонийлар хам бошда мухторияти кичкина вилоятларға бўлинған, сўнгралари булардан ҳар бири мустақил ўлкалар саналған, буларнинг ўзаро чегаралари тез-тез ўзгариб турған, кўбрак ўзаро урушлар билан ҳам машғул бўлғанлар. У замонлар қорахонийлар мусулмон уруғларидан эдилар. Булар мана шул ҳолларда яшағанда «кофир» турклардан қорахитойларнинг ҳужумлариға ҳар вақт учраб келдилар. Милодий ўн иккинчи (ҳижрий олтинчи) асрда қорахитойлар Ўрта Осиёни истило қилдилар. Қорахитойлар ҳам истило қилғанлари ўлкаларни маҳаллий феўдалларға топшириб, олий ҳокимиятинигина ўз қўлларида сақлаған эдилар. 12-асрда Бухорода энг катта бой ва мулла бир оила ҳукум сурардиким, буларга «ал-Бурҳон» ёхуд «садр»лар унвони берилган эди. Булар бошда қорахонийларға тобе’ эдилар. Қорахитойлар келгач, «садр» Ҳисомутдин Умарни ўлдуруб, буларни ўзлариға қаратған. Бу «садр»лар ҳукуматининг ёнида қорахи-тойларнинг бир вакили турар эди. Бешинчи-олтинчи асрларда давом этган бу тортишмалар, жанжалларнинг зарари беклар, аслзода бойлар ҳам уларнинг қуйруқлари бўлғанларға қарағанда кўбрак тубан синф, қора халқ аталған оммага зарар берар эди. Узун сурган урушларда экин ерларнинг емирилиши, чорваларнинг ёйлоқсиз қолиши, бир кўб кишиларнинг юртидан ҳайдалиши, бир кўб оилаларнинг бошлиқсиз бўлуб қолишлари табиъийдир. Анча муддат бу ҳолда қолған омманинг қайғуларға ботиб, ҳаётдан безиб, қалин бир умидсизликка тушмағанлиғини даъво қилиб бўлмайдир. Мафкураси Мана бизнинг Аҳмад Яссавийнинг адабий фаолияти шул жабрланиб, ҳаётдан безиб, умидсизланған синф орасида бўлди. Яссавий жамиятнинг юқоридағи воқиалардан зарарланмаған, балки фойда қилғувчи беклар, оқсуяклар, аскар бошлиқлари ҳам шунларнинг қуйруқлари бўлиб яшаған мулла, эшонлар қаторида бўлмади; мазлум синфнинг орасида бўлди. Шуларнинг қайғулари билан йиғлашга мажбур бўлди ҳам йиғлади. Яссавий у замоннинг ҳоким синфини айрим гуруҳ унвонлари билан атаб, бир гуруҳнинг адресига қаттиғ сўкушлар тақдим қилади: Дунё маним деганлар, жаҳон молин олғанлар, Каркас қушдек бўлубон ул ҳаромға ботмишлар. Мулла, муфти бўлғанлар, ноҳақ даъво қилғанлар, Оқни қаро қилғанлар, ул томуққа кирмишлар. Қози-имом бўлғанлар, ноҳақ даъво қилғанлар, Химор янглиғ бўлубон юк остида қолмишлар. Ҳаром еган ҳокимлар, ришват олиб егонлар, Ўз бармоғин тишлабон қўрқуб, қуруб қолмишлар, Тотлиғ тахтда ўлтурған туфроқ аро ётмишлар. Доми тасвир қўюб халқни йўлдан урдук, Шайхлиқ қилиб риё билан дўкон қурдук. Ишрат қилиб шайтон бирла даврон сурдук, Дийдорнға сени не деб раво қилсун. Эшону шайх, хўжа, мулла дунё излар, Ул сабабдин подшоҳларға ёлғон сўзлар. Оят, ҳадис сўзин қўюб молни кўзлар, (Ҳақ йўлида ҳаргиз меҳнат тортқони йўқ). Охир замон олимлари золим бўлди, Хушомадни айткучилар олим бўлди. Ҳақни айтған дарвишларға ғаним бўлди, Ажаб шумлик замоналар бўлди, дўстлар. Подшоҳларда, вазирларда адолат йўқ, Дунё учун бир-бириға қилмас шафқат. Золимларға асир бўлуб қолдим мано. Ул сабабдин подшоҳ қилур менга жафо. Охир замон бўлғандир; подшоҳ золим бўлғандир, Ҳаром, шубҳа тўлғандир, ҳайрон қолур Хўжаҳмад. Yassavny замонининг эзилған йўқсул синфига «ғариб, ятим, фақир» унвонлари беради, ўзини уларнинг ҳомийси каби кўрсатишга тиришади: Ғариб, фақир, ятимларнинг бошин силаб, Кўнгли қагтиғ халойиқдин қочдим мано. Ғариб, фақир, ятимларни қилғил шодмон, Хулқлар қилиб азиз жонинг қилғил қурбон. Ғариб, фақир, ятимларни ҳар ким сўрар, Рози бўлур ул бандадин парвардигор. Яссавийнинг бу мавзудаги парчалари орасида: Ятимни кўрсангиз оғритмангизлар, Ғарибни кўрсангиз доғ этмангизлар. Ятимлар бу жаҳонда хор экандир, Ғарибларнинг иши душвор экандир. Ғарибларнинг иши доим сулукдир, Тирик эрмас, ятим мисли ўлукдир. Ҳам: Ғарибларни кўрган ерда оғритмангиз, Ятимларга аччиғланиб сўз қотмангиз. Заъиф кўруб, ғарибларга тош отмангиз, Бу дунёда ғарибликдек бало бўлмас парчалари каби самимий, ёниқ фиғонлар ҳам бордир. Биз Яссавийнинг шу қадрини, албатта, тақдир қиламиз. Ёлғиз шу ёқдангина қарағанда унинг ўз замонидағи йўқсулларнинг қайғуларидан хабарли, улар учун йиғлаған, уларнинг душманларига сўкиш билан, насиҳат билан мурожаатлар қилған бир йўқсуллар шоири каби қабул қиламиз, албатта. Лекин у қадар билан қолмасдан Яссавийнинг бошқа ёқларини ҳам текширишга мажбурмиз. Бир шоирни, айнуқса, Осиёнинг кенг бир қисмига таъсир қилиб, 7 ярим асрдан бери яшаб келган — бир шоирни текширганда, масъалани бир ёқли қўймоқ — тўғри илмий бир натижа бермайди. Йўқсуллар учун қайғуриб, уларнинг дардларини куйламакчи бўлған Яссавий уларнинг қутулиш, нажот йўлларини ҳам излаганми, улар(га) қутулиш учун бир дастур, бир йўл кўрсатганми? Албатта, кўрсатган! Кошки кўрсатмаган бўлса эди! Қўлимиздағи «Девони ҳикмат» китобларининг Яссавий отидан қилиб берганлари таълимот жамиятдағи оҳангсизлиқдан, адолатсизлиқдан қутулмоқ учун унинг кўрсаткан чоралари шу қадар ярамас, шунча зарарлидирки: унннг таълимотига чин кўнгулдан ишониб, самимий суратда эргашган бир миллат топилса эди, у миллатнинг дунёда «тирик экан ўзига гўр қазмоқ» дан бошқа бир вазифаси қолмаған бўлур эди. Яссавийнинг золимларға қаршу камбағалларга берадиған насиҳатлари мана шу йўлдадир: Золим агар жафо қилса «Аллоҳ» дегил, Илкинг очиб дуо айлаб бўюнсунгил. «Ҳақ» додингға етмас бўлса «гила» қилғил, «Ҳақ»дин эшитиб бу сўзларни андим мано! Ким ҳиндустонли Гандининг «яроқсиз, қуролсиз қаршилик» деган шиорига жуда ўхшайди. Аҳмад Яссавий бу қадар билан қолмайди. У ҳоким синфнинг адресига юқоридағи қаттиғ сўкушларни юбормоқ билан, камбағал синфни ҳаяжонга ке(л)тирган, қайнатғандек бўлғандан кейин фурсатнинг ғанимат эканини англайди, камбағалларнинг шул чоқдағи руҳий ҳолатларидан фойдаланмоқчи бўлуб, ўзига «мурид» қилиб олиш планини қуради. Гўё юқори табақанинг зулм-адолатсизликларига сабаб камбағалларнинг ўз гуноҳлари Худодан узоқлашганларидир. Яссавий Худо томонидан вакил бўлуб, камбағалларга қаратиб мана шундай дейди: Сенга жазо яратганга ёлбормадинг, «Аллоҳ» дебон тунлар туриб игранмадинг. Ҳақиқатдан сўзлар айттим, эшитмадинг, Золимларнинг илгин узун қилдим мано! Яссавий камбағал халқни ўзига мурид қилиб олмоқ учун у қадар ҳирс кўрсатадики, юқоридағи сўзлари билан бу сўзлари орасида бўлған кенг, чуқур мантиқсизликни англамай қолади ёки ўзини англамасликга солади. Ҳақиқатан, Яссавийнинг юқоридағи шикоят ва сўкушлари билан бу теран фикри орасида каттакон бир мантиқсизлик бор. Бир киши туруб Яссавийға: «Модомики, феўдаллар ҳам уларнинг қуйруқлари томонидан камбағалларга қилинган зулмлар Худонинг амри билан бўлар экан; модомики, Худо у зулмларни камбағалларнинг бошига «жазо» қилиб юборған экан, «сен нега боя уларни шунча сўкуб ташладинг? Уларнинг гуноҳи йўқ экан-ку!» — деб қўйса. Яссавийнинг ҳеч бир жавоб қайтара олмаслиғи аниқдир. Лекин у замонларда Яссавийға ҳеч бир томондан мундай бир эътироз бўлмайди. Камбағаллар томонидан шундай эътироз бўла олмайди. Чунки у вақтларда уларнинг онглари бу масъалаларгача юксалмаган, феўдаллар, умуман, ҳоким табақа ҳам бундай эътирозни қилмоқ истамайди. Чунки Яссавийнинг бу мантиқсизлиги унинг учун фойдалидир. Унинг Яссавийга у томонидан ёрдам қилиши керак (шуни унутмайликки, бу мантиқснзлик Яссавнйғагина махсус эмас, Худога ишониб ҳар ишни ундан билган ҳар мўмин бандага бу эътироз тегади). Яссавий ўзининг бу мантиқсизлиғига қаршу ҳеч бир томондан эътироз бўлмаслигини билгани учун фурсатдан истифода қилади. Ўзининг юқоридаги мантиқсизлиғидан ўзига кераклик натижалар чиқаришга киришади. «Ғариб эсанг, йўқсул, ятим, эзилган мазлум эсанг, мана шундай қил!» дейди. «Зикр»ин айгил қонлар оқсин кўзларингдан, «Ҳикмат» айгил дурлар томсин сўзларингдан — дейдирким, бунинг очиқ маъноси менинг «халқа»мга кириб ҳикматларимни эшитиб, «жаҳр» қил демоқдан бошқа нарса эмасдир. Саҳарлари эрта туриб қон йиғлагил, «Пири муғон» этагини маҳкам туткил. Ҳаққа ошиқ бўлған бўлсанг жондин ўтгил (албатта, молдин ҳам) Жондин кечган чин ошиқлар урён бўлур. Бу дунёда фақирликда одат қилған, Хўрлик тортиб машаққатни роҳат билған, (Қул Хўжаҳмад!) яхшиларға хизмат қилған, Қиёмат кун андоғ киши султон бўлур. Бундаги «пири муғон» сўзидан мақсад, «пир, шайх, эшон» эканини айтишга ҳожат йўқ, ўзи англашилади. Демак, камбағал синф ҳалиги золимларнинг зулмларини Худодан, ўзининг гуноҳларидан кўради. Шунинг учун уларга бўюнсунади. Саҳарлар туруб, қонлар йиғлаб «тавба қилади, хўрликка одат қилади; фақирликка қаноат қилади; машаққатларни роҳат билади; пир муғоннинг этакини маҳкам тутади (яъни Яссавийга мурид бўлади), бўлмаған жойдан «тангри ишқи» ҳам тўқуб чиқаради-да, шу билан яшайди!.. «Нўви платўнизм» фалсафасидан бизнинг тасаввуфга ўткан бу ишқ масъаласи Яссавий ҳикматларида жуда катта ўрнн тутади. Ҳикматнинг лирика қисми тамоман шул тасаввуф ишқига бойлангандир. Яссавийга кўра, бу ишққа берилиб, шу билан яшамоқ учун пирга инобат қилиш, «пири муғон»нинг этакини тутиш, албатта, лозим, чунки: Қилавузсиз биёбонда юрганлар, Муҳаббатнинг қадрини қачон билур? Яссавий мана шу фикрини ҳаммага тақдим қилади, унинг назарида: Ҳолбуки, яна, унга кўра, тасаввуф ишқиға берилгач, ҳаётдан алоқани кесиш лозим: Ошиқларнинг суннатидир тирик ўлмак, Оқил ўлсанг гўристондан хабар олғил, Мен ҳам шундоғ бўлурман деб ибрат олғил, «Мавту қабла анта мавту»га амал қилғил. Мана сизга қатъий бир дастур: «мавту қабла анта мавту» — «ўлимнингиздан бурун ўлингиз!..» Мана Аҳмад Яссавий томонидан таклиф этилган «тангри ишқи» нинг олиб борадиган жойи! Аҳмад Яссавий шу «дастур»га ўзининг амал қилғанини кўрсатмак учун кўб тиришади. Ўзини жуда қизиқ сўзлар билан таҳқир қилади: Ўлганимда йиғилиб уринг юзминг таёқ, Жанозамнинг орқасидан тошлар отинг, Оёқимдан тутиб, судраб гўрга элтинг. Ҳаққа қуллуқ қилмадинг деб янчинг, тепинг, — дейди. Яссавий ўлгандан кейин муридлари, албатта, шундай қилмағанлар. Уни иззат, ҳурмат билан кўмганлар. Ишнинг шундай бўлишини унинг ўзи билмаган эмас, билган. Бироқ диндор, содда халқни қайнатмоқ, уларнинг ихлосини ортдирмоқ тилаги билан буларни айтади. Ул юқоридағи «дастур»ига содиқ қолғанига бизни ишондирмоқ учун умрининг охирларида ер остига киради; хонақоҳида ер ости бир ҳужра қоздиради, олтмиш учга киргандан сўнг шунга кириб гўё ташқи дунё билан алоқасини кесади, «ўлгандан бурун ўлади!..» Шул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга. Субҳи содиқ душанбе кун ерга кирдим. Шул сабабдин ер остига кирдим мано деганлари шуни кўрсатади. Омма орасида «қудсий бир эътибор қозонған, даланинг содда элидан ўттуз-қирқ минглаб кишини ўзига мурид қилиб олғандан сўнг 63 ёшга кирган бир кишининг ер ости бир уй қозиб, шунга кириб ўтуруши, унинг таъмин этилган ҳаётига зарра қадар ҳалал бермайди. Ҳатто бу иш билан унинг эътибори ортади. Шуни қабул қиламизким, у замонлар ташкилотдан, бирликдан, синфий онгдан маҳрум бўлған, эзилған, мазлум камбағалларга Яссавийнинг бу ҳикматлари бир оз тасалли берган, уларни овутгандир. Лекин масъалага ҳаёт нуқтайи назаридан қарайлик: бир ўлкада яшаған халқнинг ҳаммаси ё кўбчилиги Яссавийнинг шу таклифларини қабул қилиб, ер ости чиллахоналари қозиб, кириб ўтурғанда шу ўлканинг ҳаёти нима бўлур эди!.. Яхшики, Яссавийга ишонғанлар бу жинниликни қилмағанлар, қилмағанлари билан уларнинг мияларида бу ташвиқотнинг ҳеч бир турли излари қолмаған деб даъво қилиб бўлмайди, албатта, қолған. Тунов кунгача, ҳатто қисман бу кунгача ҳам, айниқса, камбағалларимизнинг ҳаётга яқинлашмасдан «ярим тарки дунё» вазиятида яшағанлариға Яссавий ҳам унинг муридларининг таъсирлари бўлмади, деб ким даъво қила олади?! Тузук, Яссавийнинг тилга хизмати жуда каттадир. У мундан етти ярим аср бурун туркча шеърлар ёзған, камбағалларнинг дардларини куйлаган. Унинг асари тилимизнинг етти ярим асрдан қолған бир нишонаси. У асар тилимизнинг етти ярим аср бурунғи ҳолларини, қоидаларини кўрсатмак нуқтасидан жуда муҳимдир. Лекин бахтга қаршу биз бу кун орамизда мавжуд босма, ёзма «Ҳикмат» нусхалари билан бу масъалага яқинлаша олмаймиз. Юқорида айтганим каби Яссавийнинг ҳаётига яқин замонларда ёзилған бир нусха «Девони ҳикмат» топилмагунча, биз Яссавий ҳикматларини тил тарихи қарашидан текшира олмаймиз. Лекин унинг фикрлари, тирикчилик учун — тўғриси, ўлмак учун!.. халққа кўрсатган йўллари, буддизмдан олиб бизга ютдирмоқ истадиги дастурлар(и) қатъиян, айниқса, йигирманчи асрда зарарлидир. Унинг таъсирига қаршу курашмак инқилоб қарашидан, халқимизни ҳаётга аралаштириш қарашидан жуда ҳам лозим. Яссавийда тасаввуфнинг даражаси Мақоламиздаги баҳсларнинг робитасини, боғини йўқотмаслик учун юқорида тасаввуф тўғрисидағи муқаддимамизни қисқача такрорлаб ўтайлик: Исломда тасаввуф мустамлакачи арабларнинг мустамлака аристократлари билан бирлашиб, айниқса, мустамлака халқини эзишларидан ва бу эзишларнинг исломий ҳам араблик таассубиға таянғанидан чиқған бир акси таъсирдир. Шунинг учун тасаввуфда исломиятга қаршу унсурларнинг бўлуши табиийдир. Лекин бу унсурлар маслакга янги кирган кишиларга берилмаган, тасаввуфни даражаларға, босқичларға тақсим қилиб, биринчи босқичда исломнинг амирларига тамоман содиқ қолишни шарт этканлар. «Мурид» бу босқичлардан юқори чиқған сайин исломий асослардан узоқлашиб борған, унинг назарида дин, шариат, ибодатнинг аҳамияти қолмай бошлагандир. Масалан, теран бир мутасаввиф Абдулқодир Бедил динларнинг каъбаси билан бутхонасини бир-бирларининг ёнига қўюб сўкади: Гаҳе ба каъба мадаваму гаҳ ба суйи дебар, Девонаям зи-ҳар тарафан санг мезанад… Каъбаву бутхона нақши маркази таҳқиқ нест, Ҳар кўжо гум гашт даҳе сар манзеле орастеанд дейди. Машҳур тасаввуф шоирларидан Файзий Ҳиндий эса: Бар фату йил руҳбан кадуҳи бода бекушим Исин хийлаки рийи футахар анашеноским деб қичқиради. Ҳижрий 297 да дорға осилған Мансур Ҳалложнинг воқеаси маълумдир. Тузук, Яссавий ҳикматлари орасида Мансур Ҳалложга багишлаб ёзилған бир-икки парча бор, унда: Эсиз Мансур хўрлик бирла бўлди адо, Бир сўз бирла ёронлардин бўлди жудо — деб қайғуради. Шоҳ Мансурнинг «Анал ҳақ»и бежо эмас, Йўлни топқон, бизлар каби гумроҳ эмас, Ҳар ножинслар бу сўзлардаи огоҳ эмас. Анал ҳақни маъносини билмас нодон деб Мансур Ҳалложни оқлайди ҳам унинг душманлари бўлған, уни кофир деб остирған шариъат муллаларини сўкади. Яна Мансур Ҳаллож воқеасига ба(ғи)шланған бир парчада: Афсонадир шариат, фарзонадир тариқат, Дурдонадир ҳақиқат ошиқларға муносиб дегани каби бошқа бир ҳикматида: деб тасаввуф қарашида шариатнинг бир афсонадан бошқа нарса бўлмағанини такрорланди. Лекин, бундай сўлликлар Аҳмад Яссавийда, умуман, оздир. Кўрсатганимиз мисоллардан бошқаси йўқ. Шунинг билан баробар ул меърожға ишонади; жаннат, жаҳаннамға ишонади, одамларни охират азоблари билан қўрқутади, намоз ўқуйди, рўза тутади: Рўза намоз қазо қилиб бўлди коҳил, деб ўкунади. Қиёматни шиддатидан ақлим ҳайрон, Сирот отлиғ кўпругидин танам ларзон, деб ваҳималар тарқатади. Демак: Аҳмад Яссавий сўфилар каби таъвилға ёношмайди. Исломда бўлган нарсаларнинг ҳаммасини бўлған(и) каби қабул қилади. У юқори босқичдағи мутасаввифлардан эмас, зоҳиддир. Адабий қиймати Аҳмад Яссавий бизнинг халқ шоирларимиз каби мукаммал таҳсил кўрмаган бнр киши эмас. У бошланғич тарбияни Яссида Арслонбобдан олғандан кейин Самарқанд, Бухороға келиб таҳсил қилған. Шайх Юсуф Ҳамадоний каби ўз замонининг энг катта дин олими, энг улуғ шайхи бўлған бир кишига шогирд бўлған ҳам унинг учунчи халфаси бўлуб олған. «Ҳикмат»даги шеърларга ишонилса, Яссавийнинг Хуросон, Ироқ, Шом каби у замоннинг машҳур илмий марказларига ҳам бориб турғани англашилади: Хуросону Шому Ироқ ният қилиб, Ғарибликни кўб қадрини билдим мано. Шунинг учундирким, Яссавийнинг ўз замонида мўтабар бўлған илмларни, адабиёт қоидаларини жуда чайнаған бир киши бўлғанига ҳукм қилмоқ янглиш бўлуб чиқмайди. Шундай бўлса ҳам унинг адабиётда тутған йўли сода халқ шоирларимизнинг тутған йўлларидир. Унда Навоийнинг ингичка истиоралари, Бобирнинг форсча ёнишлари йўқдир. Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиётн аталған шеърлар билан баробар юради. Халқ адабиётимиздағи достонлар қисмининг «Қиссаи Иброҳим Адҳам», «Достони Зайн ул-араб» каби мавзу’ эътибори билан мусулмонлиғлари бор. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматидағи «лиризм» (юракчилик) улардаги «лиризм»дан кучсизракдир. Масалан, «Достони Зайн ул-араб» даги шул: Сал чекгунча ҳижрон жавру жафосин, Ман нега қурбонинг бўлмадим сани? Сан кўргунча зиндон дарду балосин, Ман нега қурбонинг бўлмадим сани? парчаси борким, кучли «лирик» бир парчадир. Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларида эса, шундай кучли парчаларга учраб бўлмайди. Шундай бўлса ҳам Аҳмад Яссавий «лирик» бир шоирдир. Унда ҳам «Яссавийнинг мафкураси» баҳсида кўрсатганим: Ятимлар бу жаҳонда хор экандир, Ғарибларни(нг) иши душвор экандир. Ғарибларни(нг) иши доим сўлукдир, Тирик эрмас ятим мисли ўлукдир. каби самимий, ёниқ фиғонлар йўқ эмас, бордир. Англиз ва Туркистон Мундан икки ой бурун «Туркистонда англиз мудофаасини сақтамоқ учун Чин қўшуни келмоқчи эмиш» деган бир хабар чиқғанда «Ҳуррият» газетаси икки мақола ила фикрини билдирган ва Туркистон сиёсийларини уйғоқлиққа чақирған эди. Бу кун иш бир оз очилди: Туркистонға англиз вакилларими, англиз жосусларими кела бошладилар. Бу вакиллардан Когонда Сапар Бадлўфнинг уйига қўнған бир ҳиндли Парнаснинг рус расмий доираларинда бердиғи маълумотга қарағанда бир одам ҳинд инқилобчиларидан эмиш. Ҳиндустонда инқилоб чиқармоқ учун большевиклар билан музокара қилғали келган эмиш. Шарқнинг эски ҳукуматлариндан бириси айдиғи учун рухсат берилса, бечора ҳукуматини кўрмоқчи эмиш. Бунларнинг юқори доираларға ҳам сўзлари шу эса биз бунларға «яшурун бир мақсад учун келган жосуслар» деб қарарға мажбур қолурмиз. Юқори доираларга тилакларини очибғина айткан бўлсалар, у вақт бунларнинг большевиклар билан музокара қилғали келган вакиллари айдуқлариға шубҳа қолмас. Ҳар ҳолда масъаланинг шу нуқтаси маълумдирким бунлар жосус бўлсалар ҳам вакил бўлсалар ҳам тилаклари бирдир. Бунларнинг иккинчиси бир Ҳиндустонни олмоқчи бўлғанлар. Бунларнинг кўзлари бизнинг юртимиздадир. Англизлар билан Туркистон орасинда Афғон ва Чин ҳукуматлари бордир. Ажабо Британия тулкилари Туркистонимизға бурунларини суқмоқучун Чин ҳукумати биланми онглашадилар. Афғон ҳукумати биланми? Оғиз хабарлариға қарағанда, ҳар иккиси билан ҳам онглашған, ҳатто Афғон ҳукумати билан иттифоқи кучлироқға ўхшайдирлар. Лекин биз шул Афғон ва Англиз иттифоқини қабул қилмаймиз. Маълумдурким: бу кун Герман ва Турк давлатларининг биринчи душманлари англиздир. Герман ва турк давлатлари олдида Туркистоннинг англизларга кечмакиндан русларға қолмоғи яхшироқдир. Бир вақтлар ўзини турк давлатининг бир кашиши атаған Афғон ҳукумати турк сиёсатига шунча молик бўлған бир масъалани қабул қиларми? Англиз билан иттифоқ этмак – герман ва туркга қарши чиқмоқдир. Афғон ҳукумати бу йўлга кирарми? Англиз ҳийласининг таъсири буюкдир, эҳтимол ким, Афғон ҳукумати ҳам олданғандур, лекин бизнинг умидимиз бошқадир. Афғон ҳукуматининг урушға қотишмоғи мумкиндир, унинг кучи бордир, эҳтимолким, вақти дахи бўладир, лекин биз умид қиламизким, Афғон ҳукуматининг бу ҳаракати англиз фойдаси учун эмас, герман ва турк пилонлариға мувофиқ бўлмоқ шарти билан ўз фойдаси учун бу ҳаракат Ҳиндустонға қарши бўлғулидир. Аммо Англиз ва Чин иттифоқи мумкиндир. Чин ҳукумати Жапун тазйиқотиндан қутулмоқ ва ўлкасининг рус нуфузи остида қолған қисминда ўз ҳуқуқини тасдиқ этурмак учун Англиз давлатининг турли хизматлариға ҳозирдир. Эмди масъаланинг бошқа бир жиҳати қолди. Туркистонни дахи Ҳиндустон каби ютмоқчи бўлған англизлар бу уруш майдонидан қандай чиқарлар? Мағлубми? Мағлуб чиқарлар эса, Туркистонни қайси куч билан сақларлар? Ўз ҳийлалариға ишонған чидамли англизлар ўзларини шул муҳорибадан оз зарар билан соқғина қутқармоқ учун албатта бир пилон чизған ва шул пилонларига ишонғандирлар. Мана шул нуқтаға биноан, сулҳдан бурун Туркистонни олиб душманларини «амру афу» қаршисинда қўймоқ ва сулҳ мажлисинда кирганда Туркистонни қайтариб берарға мажбур бўлсалар ҳам унинг ўрнинда бошқа ёқдан бирор нарса сақламоқ фикринда бўлсалар керак. Аммо бизнинг фикримизга кўра, англиз ҳукуматининг бу урушдан оз зарар билан соқғина қутулмоғи мумкин эмасдир. Германиянинг оғир ва ёмонроқ зарбаси англизларнинг бошлариға инар. Англиз ҳукумати бутун ишдан чиқмайин бу урушдан чиқолмас. Шул суратда Туркистоннинг толеъи нимадир? Уни туркистонлиларнинг ўзлари тайин қиларлар, аммо иттифоқ ва иттиҳод айтиб бутун фикрларини бир нуқтада тўплағандан кейин!.. Бухоро уламоси Бухоро уламосини, асосан, икки фирқаға тақсим этиш мумкиндир. Бири Бухоро ва унинг теваракиндан тўпланиб таҳсил қилатурған бухорийлар, иккинчиси Бухоро хонлиғининг Шарқ тарафиндағи Кўлоб деган тоғлиқ ердан келган кўлобилар. Тарихи исломдакиси бани Ҳошим бани Умавия ўртасида бўлғани каби Бухоро уламоси ва кўлобилар орасинда эски бир даштлик бордир. Бу душманликнинг бош сабаби ҳозирги Бухоро қозикалони бўлған Бурҳониддиннинг бобоси қози Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли деган зотдир. Қози Садриддин(дан) бурун бўлған Бухоро муллаларининг барчасига бир кўз қараб ҳар бириға мустаҳиқбуйдиги илмий мансабларни бера(р) эканлар, Мазкур Мулла Садриддин Мулла Тўхмақ ўғли Бухорода қозикалон ўлғач, иши тезлашиб кетган. Бу одам аввал Бухоронинг вақфлариға ва бошқа ишлариға буюк хиёнатлар қилган: халқ устига «аминона» деган бир солуғки ёлғондан шаръий деб юклаған, кўб вақт ерларини, вақф оқчаларини ҳукумат хазинасига оғдарған, шу йўллар билан амирни(нг) ўзига тобе’ қилиб олғандан кейин Бухоронинг ёғли мансаблари (ки) ўз кўлобиларига олиб берган. Бу одам диний илмлардан (Қуръон ва Ҳадисдан) бутун хабарсиз бир одам экан. Бир кун буюк бир илмий мажлисда Қуръонни очиб саҳифа бошиндаги сурадан ибтидоси бўлган «ҳамаси» жумлайи шарифини «ҳам ишқ» ўқудиги Бухоро уламоси орасинда машҳурдир. Унинг бу ҳоллари бухороли уламонинг нафратлариға сабаб бўлди. Қози Садриддиндан неча йил кейин ўғли Бадриддин қозикалон бўлди. Бу одам дахи отасининг йўли билан юра бошлади. Ўзи илмсиз бир киши эдуги учун маълумотли уламодан қўрқар ва унларни иш бошиндан тушура эди. Ўз кўлобилари орасиндан жоҳилларини сайлаб Бухоронинг буюк илмий мансабларини шунларға бера эди. «Бухороли уламо» илмий мансаблардан маҳрум бўлдилар. Бухоронинг тубчаклари бош кўтара олмай қолдилар. Бадриддиннинг бу ишлариндан ғайратли неча уламолар ҳаяжонга келдилар ва унга қаршу бир варақа чиқардилар. Бу варақанинг бошинда ғайратли уламолардан самарқандли марҳум Муфти Бурҳониддин тура эдилар. Қози Бадриддин ёлғон хабарлар чиқориб, муфти Бурҳониддинни Бухоро амирининг доимий ғазабига учратди. Муфти Бурҳониддин шу илм билан дунёдан ўтди. Бу зот ўрниға фирқа бошинда устодим марҳум Охунд Мулла Ғиёсиддин ҳазратлари ўтдилар. Марҳум устодим диний ва шаръий илмлардан бошқа илми калом ва эски юнон фалсафасиндин тамоман воқиф бир зот бўлуб, сўзга ҳам кўб уста эдилар. Шунинг учун қози Бадриддинни бош кўтарарга қўймас эдилар. Кўб вақтлар қози Бадриддиннинг оғуси билан амирнинг ғазабиға учрасалар ҳам парво қилмасдан ўз ниқоблариға давом этиб, дунёдан ўтдилар. Бу зотнинг ўрунлариға қози Бадриддинга қаршу бўлған фирқанинг бошиға уч зот келдилар, бунлар марҳум шайхулислом Бақохўжа ҳазратлари, марҳум устодимнинг укалари Маснаф ва Бухоронинг олим қозикалони бўлған қози Абдушукурнинг ўғиллари Шарифхон махдум эдилар. Бухоро вазири Насруллоҳбей парвоначига очиқ мактуб БУХОРО ВАЗИРИ НАСРУЛЛОҲБЕЙ ПАРВОНАЧИ АФАНДИ ҲАЗРАТЛАРИНА ОЧИҚ МАКТУБ (Эй Вазоратпаноҳ, биз тартиботи жадидага муҳтожмиз) Аниқдирки, ҳеч қайси миллат ҳеч бир замонда бизда бўлганидек юрти хароблик, халқи фалокат, аёнлари пасткашлик, идора аҳли фасод, золимларнинг қон сўриши, ажнабийлар калакалари, истиқболининг мушкуллиги каби иллатларга мубтало бўлмаган! Бутун мамлакат ва миллатни шу аҳволга келтириб қўйдикки, дунёдаги энг қийин ва ташвишли кунларда яшаётган одамлар ҳам бизнинг аҳволимизга маъюс тортиб, қон йиғламоқдалар. Ҳар қанча кўз ва қулоқларингизни беркитиб олсангиз ҳам бу қадимги ислом миллатининг фарёди ва бу муқаддас мамлакатимизнинг хароблигига ачинмай туролмайсиз. Лекин бу жимгина ачинишдан не фойда? Бу кетма-кет келаётган мусибатлараро Сиз каби комил шахснинг ҳаракатсиз ачиниши ва сукут ҳолати қачонғача давом этади? Бу кун мазлум ислом миллатининг энг ойдин фикрли зиёлилари жаҳолат ва ғафлатнинг икки отига миниб ўз камситилишининг пайини қирқиш учун чопмоқдалар. Муқаддас ва меҳрибон она ватанимизнинг ўз ҳақини таниган фарзандлари зулм темир панжасидан тортиб уни фано саҳросига томон тортмоқда. Бу кун залолат ва гумроҳлик занжирининг асири бўлган бизнинг ҳолимизға Ҳазрати Рабб’ ул-иззатнинг раҳми бўлиб юборилган Сизсиз ва бизнинг тождор олий ҳазрат падари меҳрибонимизни ҳозирги ва келгуси мушкулликлардан Сизгина хабардор эта оласизки, (амир) бизнинг ишларимизни назоратига Сизни жалб этган. Ya’ни Ҳазрати Холиқнинг карами ва адолатпарвар подшоҳимизнинг лутфи Сизни нафақат бу умри паришон ва истибдодпеша бўриларга ўлжа бўлиб, қўрувчисиз қолған қўйларға меҳрибон чўпонликка эмас, балки уларнинг ишларини танзим қилиш, тартибга солиш учун юборғандир. Биз Сизнинг ишга тайинланган кунингизни ўз ҳаётимизнинг муқаддимаси деб билдик ва ишга маъмур бўлиб киришган кунингизни ўз миллий байрамларимиздек нишонладик. Таассуфки, бугунга қадар интизор кўзларимизни қанчалар тикмайлик, истиқболимизнинг саодати учун ташаббус бўладиган бирор ишни Сиздан кўрмадик. Эй, меҳрибон она Ватаннинг баркамол фарзанди! Эй, Бухоро эзилган миллатининг бесабот тарафдори! Сиз умр бўйи ўзининг ноз ва тантаналарга бой оғушида Сизни тарбиялаган азиз ва муқаддас ватанингизнинг ишларини хароблик ва паришонликнинг қора кунларига улоқтириб қўйиб, унинг остидан ўт ёқиб келаётган балоларга мубтало қилиб, нега жим ўтирибсиз?! Ҳамиша ҳақ динимиз ва шаръий Пайғамбаримиз Muhammad (с.а.в.)нинг адолатлари соясида тинчлик ўрнатиб келинган ватанимиз кимсасизми ё хароб ҳолдами қолди! Минг хил хавфу хатарларга дучор бўлди! Соатма-соат Сизга умидвор тикилган кўзларимиз юмилмоқда. Сиздан ёрдам ва нажот амалларини кутишдан толмоқда. Сиз нега жим ўтирибсиз? Шу мазлум ислом умматининг умиди, ҳаётимизнинг баракоти Сизнинг сай’-ҳаракатингиз ва ҳимматингиздир. Бу бахтсиз ислом миллатининг хизмати ва муқаддас шаръий Динимизнинг мустаҳкамланиши, албатта, Сиздан лозимдир. Бу муқаддас хизмат йўлида бир дам бўлсин сусткашлик қилишга Сизнинг ҳаққингиз йўқ! Сўзингизнинг нуфузи ва улуғвор таъсири бўлгани ҳолда бу куфрони неъмат хабаридан ожизлигингизнинг маъноси нима? Нима сабабдандирки, сиз ўзингиздан лозим хизматларни ошкор, очиқ қилмайсиз? Турли фирқалар орасида улуғ ишларнинг ташаббускори бўлаётган ўша ҳиммат арбобларининг Сиздан не устунлиги бор? Не монеълик борки, тартиботи жадида воситаси билан миллий саодатимизнинг янги истиқболли йўлларини очиб, қадримиз ва тақдиримизни аъло даражада шарафлай олмайсиз? Бир зоти комилнинг ҳаққи учун Ватанимиз ҳамдўст ва ҳамдин кишиларга тўла бўлса қанчалар савоб?! Бир миллатнинг ҳаёти учун қайғуруб, Аллоҳнинг фазлу карамига сабаб бўлмоқдан қайси шуҳрат ортиқроқдир? Раият орасида Сизга нисбатан ихлос ва муҳаббат бор, бу Яратганнинг карамидирки, Сизни фавқулодда нуфуз соҳиби қилиб бошимизга юборди. Олий ҳазрат тождор падари бузрукворимиз, адолатпарвар подшоҳимиз бизни тарбият ва танзим этмак амрини Сизга берган. Не тўсиқки, Сизни бу муқаддас хизматдан қайтарсин?! Магар бошқалар ғафлатда қолған бўлсалар, Сизда ғафлат қилманг. Бошқалар ғафлатининг ташвиши Сизнинг ғафлатингизчалик бўлмайди. Наувзибиллоҳ, бундай муқаддас вазифани бажаришда сусткашлик қилсангиз эртага интиқом олғучи Аллоҳнинг ҳузурида нима деб жавоб берасиз?! Нуширавон намўрд ки номи неку гўзошт (Нуширавон ўлмади, чунки яхши ном қолдирди). Бухорода инқилоб «Дунё ҳаводис ўчоғидир» демишлар, тўғри бир сўз. Йигирма саккиз(инчи) февралда Русияда ҳуррият бўлди, императўр Николай тахтдан тушурилди. Кўнсул Миллер Когондан Бухорога кируб, «Наминор» ҳавлисида ўтурди. Халқ оғзинда янгиғина бир сўз тушуб қолди: «Бухорода ҳуррият бўлар экан. Муни ёшларнинг билаги билан рус қўнсулхонаси қила(р) экан». Кўнсул Миллер Бухоронинг баъзи жамоалариндан баъзи одамларни ёниға киргузиб гапурди. Шул чоғларида қозикалон Бурхониддин билан раис Абдуллоҳхўжа Садур ва муфти Асқар Маснаф маҳдум қатл этилдилар. Бунларнинг ўрнинда Muhammad Шариф махдум қозикалон ва Абдулсамад махдум раис бўлдилар. Бу ҳодиса Бухоро халқининг қизғин бир ҳаяжоинига сабаб бўлди. Апрелнинг еттисинда амиримиз бир баённома чиқордилар. Апрель саккизида Бухоро ёшлари бойдоқ чиқориб муборакбод қилдилар. Муллалардан бир жамоа чиқиб шул бойдоқ чиқорғанларни кофир деб ўлдурмоқчи бўлдилар. Ҳукумат ёшларнинг бирини тутуб етмиш беш таёқ урди. Апрель тўққузда қушбеги одамлари ёшларнинг уйларини босдилар. Топғанларини кетуруб «обхона» деган рутубатли бир маҳбусда қамадилар ва иккитасини яна ҳукумат амри билан етмиш беш таёқдан урдилар. Ёшлар қочиб Когонга чиқдилар. Абдулҳамидхон раисликдан тушди. Маснаф махдум раис бўлуб келди. Самарқанддан рус солдатлари келиб обхонадаги ёшларни қутқорди. Мана шунлар бир-икки ҳафта орасинда бўлуб ўтган ҳодисалар. Ҳар бири — бир маъно! Мен аниқ биламанким, шул ишларнинг ҳақиқат ҳикматлариндан руслар билан ёшлар ва Бухоро беклариндан бошқа кимса хабардор бўлмади. Бухоро халқи на муллабаччалари, на саҳройилари, на косиблари бу қоронғу воқеалардан бирор нарса онглаёлмадилар. Тўғридир: ҳар ёнга югурдилар, истамаймиз, «ўлдирамиз, ғазо қиламиз» дедилар. Нимани истамадилар, кимни ўлдурмоқчи бўлдилар, кимнинг ғазосиға чикдилар? Бунларни онглағанлари йўқ!.. Мана бул рисолани шунларни онглатмоқ учун қўлимға олдим. Негаким, тилагим ҳақиқатни халқға онглатмоқдир. Ҳақиқатни бутун очиб онглата билмак учун бул рисолани уч бўлакка тартиб этдим: 1. Бухоронинг ҳоли. 2. Фитна соатлари. 3. Ёшларнинг тилаклари. Иликотимиздағи ишларнинг буюкроғи, албатта, экинчилик, яъни деҳқонлиқдир. Биз бу ерда ҳукуматимиз билан деҳқонлар орасиндағи ишларни арз қиламиз. Бухоронинг деҳқончилик ерлари тўрт турлидир. Амлок, мулки ҳур, вақф. Бухоро ерларининг тўртдан бири мулки ҳур билан вақф бўлса, бошқаси амлок билан мулки ҳирожийдир. Мана Бухорода шул амлокни нечук олалар: Бухоро ҳукумати Бухоро теваракиндаги туманларнинг амлокини олмак учун амлоқдорлар тайин қиладилар. Аммо вилоятларнинг амлокларини бекордан оладилар. Ҳар вилоятнинг беги ўз вилоятиға амлоқдорлар қўядир. Ҳар амлокдорнинг неча оти, сайиси ва хизматкори бордир. Бутун шунларнинг муҳаррифлари бечора деҳқонларнинг устинадир. Амлокдорлар Бухоро ерларини икки турли истифо қилалар. Биринчиси «хасбар», иккинчиси «хирман». Туманлар, Чаҳоржўй, Кармина, Хатирчи, Миёнкал ерларини «хасбар» тариқи билан истифо қилалар. Бухоронинг бошқа вилоятлари хирман тариқи билан истифо қилинадилар. Бу тариқларнинг иккиси дахи ямондир. Иккисиға ҳам золим ва инсофсизлик кўб бўладир. Хасбар тариқи шудир: экин етишгандан кейин амлокдор ўз одамлари билан бало қўшуни каби истифоға чиқадир. Кечалар навбат билан деҳқонларнинг уйлариға қўнуб, кундузлар истифо қиладир. Ҳануз хирман қилмаған устига келиб ҳеч бир нарсани билмаган йўлдошлари билан тахмин қилуб бир нарса ёзадир. Хирман қилинмаған, бичилмаган экинларнинг қанча чиқорини билмак албатта куч: мундай тахминлар ҳеч тўғри чиқмайдир. Yo амлокдорларнинг ва ё деҳқонларнинг ҳақи албатта кетадир, лекин бизнинг амлокдорлар ўз ҳақларини бошқаға ўткармайлар, балки деҳқоннинг ҳақиға жавр қиларға тиришалар. Бечоранинг ўн ботмонлиқ экинини йигирма ботмон тахмин қилуб дафтарда ёзалар. Хирман истифоси шудирким, деҳқон экинини бичиб, хуббидан чиқориб хирман қиладир ва амлоқдор жанобларини кутиб турадир. Амлокдор келмагунча бола-чақаси очлиқдан ўлса ҳам меҳнат қилиб етиштирган ҳосилиндан озғина ололмайдирлар. Олсачи, боши балода қоладир икки чорак олса, амлокдор хабар олиб келадир ва бечорани ёғочларға осиб қамчинлар билан уруб, уч-тўрт ботмоннинг оқчасини оладир. Истифо замони келгач, амлокдор жаноблари одамлари билан чиқиб юқорида ёзғанимиз каби хирманлар орасинда кезиб, тахмин қилиб дафтарларда ёзадир. Амлокдорлар тахмин қилиб ёздиқлари ҳосиллардан бошлиқ ҳақини шул чоғда олмайлар, ёлғуз тахмин қилиб кеталар. Деҳқон хирманини кўтарадир, масалан, буғдойни элтиб, арзонлиқ чоғинда юз тангадан сотадир. Вақтлар ўтуб буғдой юз элли(к) тангага чиқғандан кейин амлокдор бошлиқ ҳақини талаб қиладир. Ул вақт бечора деҳқонларидан юз элли(к) тангадан пул оладир. Энди бир деҳқонни кўзимиз олдинда кетуриб шу ишларни унинг устинда юритайлик, кўрайлик нима бўлар. Масалан, Турсун отли бир деҳқоннинг тўрт танобғина ери бор, кеча уйқусизлиқлари, кун очлиқлари орасинда югуруб, чопиб, иссиқ-совуқ демай, қўш боғлар, хирман совурар, ўн ботмонғина буғдойни хирман қилиб ҳозирлаб қўяр, лекин бола-чақалари очлиқдан ўлса ҳам амлокдор бек келмагунча шунча меҳнат билан ҳосил бўлған буғдойиндан бир ҳовуч ололмас. Олса, бир ҳовуч еринда бир ботмон буғдойни йигирма ботмон тахмин қиларлар. Кафсан, от еми, мирзоёна — нималар дебон бир ботмонча буғдойни олиб кетарлар. Бечора Турсун қолған тўққиз ботмон буғдойни кўтарадир. Бозорга элтиб, юз тангадан тўққиз юз тангага сотадир. Ҳафта, ойлар ўтуб буғдой нархи 150 тангага чиқғач, амлокдор бек ҳақларини талаб қилалар ва Турсунбойни йигирма ботмон буғдойнинг учдан бири бўлған олти ярим ботмон буғдой учун бозор нархи юз элли(к) тангадан тўққуз юз етмиш беш танга оларлар. Мана бозорға бечора Турсун бир йиллик меҳнат қилиб чиқардиғи буғдойдан етмиш беш танга зарар тортиб чиқадир. Лекин иш шунча битдими? Йўқ, яна бир буюк масъата қолди: Турсун-ку ўз буғдойининг пулларини неча ойдан еб битирған эди. Амлокдорга бу тўққуз юз етмиш беш тангани қаердан топиб берди? Ҳиндилардан, яҳудийлардан ё ҳинди табиат мусулмонлардан фойдага кўтариб берадир. Бизнинг деҳқонларимизнинг уйини куйдирган қайдадир? (Муни кейинроқда арз қиламан.) Эмди кўрайлук, қани, бу ҳукумат билан шу амлокдор беклар ким, бечора деҳқондан имкони(ча) меҳнат қилиб, чиқардиғи ҳосилни бутун оларлар, бирор кун, бирор йўл билан шу деҳқоннинг бирор ишига кўмак қилурми? Албатта, йўқ. Ҳатто бутун қўлимиздан тортиб олдиқлари экинларнинг суйини ҳам кетуруб бермайдир. Шунинг учун ҳам деҳқоннинг уйини куйдирадилар. Йилда бир дафъа арикдарни қазмоқ керакки, бу ишни бухоролилар «ҳашар» дейлар. Арикдан сув ичатурған бутун деҳқонлар йилнинг олти ойинда шул ҳашар учун кунда бир мардикор (ишчи) бергулидир. Бера олмасалар бир мардикорнинг кундалик оқчасини ҳукуматға бергулари лозимдир. Муҳорабадан бурун бир мардикорнинг кундалиги 10 танга эди, аммо шу кунларда қирқтанга (олти сўм). Ўн таноб ери бўлған бечора бир деҳқон ҳар йилнинг олти ойинда ё бир мардикор тутиб ҳашарға берадир ва ё шу мардикоркинг олти ойлиқ оқчасини ҳукуматға берадир, бошқа чораси йўқдир. Бир мардикорнинг шу кунларда олти ойлиғи 7200 тангадир. Аммо илгари 1800 танга бўла(р) эдики, бу ҳам бечораларға оз оқча эмасдир. Тухумға, ҳўкузға, от аробаға пул берган бечора деҳқон ҳар йил ҳашар учун мунча оқчани қаердан топиб берадир? Олдиғи ҳосилданми? Уни-ку амлокдор олиб кетди, бечора деҳқон бу оқчани ҳиндилардан фойдаға кўтариб берадир. Бундан бошқа пойтахтнинг атрофиндаки ерларға сувни адолат юзасиндан бўлиб бермак учун бир мироб (яъни сув беги) бор, бу одам сувни тақсим қилиб бермак еринда қўнуғини (навбатини) деҳқонларға сотиб турадир. Сув беги жаноблариға йилда бир неча дафъа оқча бермаган деҳқонлар сув ичолмайлар. ZAKOT Бухоро хонлиғинда икки турли закот бор: биринчиси мол закоти. Шаръий бўйинча ҳар мусулмон ўз оқчасиға йилда бир дафъа закот берадир. Лекин Бухоро савдогарлари ўз оқчалариға йилда беш-олти, ҳатто ўн дафъа закот бералар: масалан, бир савдогар Бухородан йигирма минг тангалик мол олиб, Қаршиға элтиб сотса, бир закот берар. Яна у ердан шу оқчаға мол олиб Бухороға келса, бир закот берар. Ва яна Бухородан шу оқчаға мол олиб Қаршиға қайтса, бир закот берар. Шундайин ўн йўла кетиб, келса ўн йўла закот оларлар. Бунинг зарари ёлғуз савдогарнинг ўзинда бўлса сўз йўқ эди. Чунки савдогардир, бойдир, озғина кўброқ оқчаси кетса ҳам зарар қилмайдир. Лекин у савдогар бу ортуқ ердаги закотларни мол устиға қўйиб сотадир. Демак, бундан ҳам қашшоқлар ҳам деҳқонлар зарар торталар. Иккинчи закот — качи закотидир; қўй билан качидан олинадир. Қўй билан качининг закоти ҳақиқатан қирқдан бир бўлса ҳам, саррофона, котибона ва, билмасам, нималар деб йигирмадан бирга тушуриб қўялар. Бунлардан бошқа чакана закоти деб нисобға эришмаган қўйлардан шариатға махолиқзакот олалар. Закоти олинған қўйлар ва качиларнинг таниндаки йўниндан дахи закот олмокдари кўб буюк масхаралиқ эмасми? Закотда зулмларнинг каттароғи шулким: қўй ва качи закотини дафтар юзиндан оларлар. Масалан, ўтган йили маним қирқ қўйим бор эди. Келиб дафтарда ёзиб закотини олиб кетдилар. Сўнгра маним қўйларим ўлди ёинки сотиб битирдим. Бу йил бирта ҳам қўйим йўкдир. Лекин закотчи бек келгач, дафтарни очиб кўралар, ким, маним отимда қирқ қўй ёзилған; иши битди, мендан бир закот олиб кеталар. Қўйим йўқдесам онинг дафтарида бор деярлар «бор эди, лекин сотиб битирдим» десам тингламайлар. «Йўқ, бермайман» десам уриб, осиб ола(р)лар. Бухоронинг ҳоли Бухоро ҳукумати ва Бухоро амирининг уч юзи букун ўртаға чиққан, «мафъиу-л-замири» маълум бўлғайдир. Русия инқилоби. Императорнинг тахтдан тушгани, рус ҳукуматининг халқ қўлиға қўчдиги Бухоро ҳукуматиға инқилобнинг ҳақиқати ва инқилобчиларнинг тилакларини билдурди. Инқилобчиларнинг ҳимоясиға сиғинған ёшлардан Бухоро ҳукумати бироқ қўрқди. Кўб ўйловлар, тушунчалар ва қарорсизликлардан сўнг белгули бир қарорға келди. Ўзи учун икки йўл тайин этди: виждон ва имонларини сотатурған «оқча қули» афандиларни сотиб олмоқ ва олтун тузоқға тушмас ёхуд олтунға қарамасларини турли баҳоналар билан у дунёға юбормак! Бундан биринчи йўлни амирнинг ўзи қабул қилиб, иккинчисини қушбегисига ҳавола этди. Амир жаноблари юборған «эҳсон»нинг қобуғини очиб ярамас, арзимас кимсаларга меҳрохўрлик, тўхсобалиқ рутбаларини бағишламоқ, ҳатто фоҳиша хотунлариға мадраса мутаваллиликларини бермак йўли билан ўзига тарафдор тўплаб турубдир. Қушбегиси эса, ангиз исиюн мазмунини эсга келтирур йўллар билан ёзиқсиз, гуноҳсиз кимсаларни маҳв қилмоқ ила машғул! Ҳукуматдан бўлмаған ва кўнглидагини тилинда олған мазлумларни ўғрилик туҳматила тутдириб, қинаб иқрор қилдирмоқ баҳонаси билан яланғоч қоринлариға юз-икки юз таёқ урғандан кейин тарбуз суйи ичирадир. Бечоралар тарбуз суйини ичкандан сўнг шишиб ўларлар!.. Сўнг бир ой муддатда шу сурат билан ўлганларнинг сони юз элликдан ортмишдир. Яқинларда яна қушбегининг пилони билан бўғдирилған икки ёш бухорийнинг шаҳодатларини газитга ёзған эдик, бу кун олдигимиз хабарға кўра, Бухоро амири амлокига, иккинчисининг аклиға буюк бир муосийлар берибдир. Ya’ни бу жиноятнинг ўз иши ва ҳуқуқини ҳаракати билан исбот қилибдур. Мана шу сўнг ҳодисалар, зулмлар ва инсофсизлиқлар Бухоро ҳукуматининг «маъфиу-л-за-мири»ни онглатадир. Ортиқ Бухоро ислоҳоти йўлинда чин кўнгил ва ўз тилаги билан баённома чиқарған бир «жинояли» ва у баённомани юрутмоқ учун тайин бўлған бир «вазуротпаноҳи» йўқдир. Бунлар ёлғон ва бўш сўзлардир. Бунлар зулм қуллари билан қурулған тузоқлардир. Бунларға ишонмоқ ўзимизни алдамоқдир. Энди Бухоро ёшлари учун лозимдирким «баённома – ҳамма бунга кўмак этмак» шиорини мияларидан чиқарғайлар. Бухоро инқилобини истар эсалар, инқилобчиларға ярашур ҳаракатлар қилғайлар. Яхши сўзлар билан, тавозелар билан, ёлборишлар билан Бухоро ҳукуматини йўлга кетурмак бўлмас. Золимнинг «…» табиатига ўхшаш бир табиати бордир: қочғанга қувар, қувғанга қочар. Золимларнинг шу табиатларини, шу «аҳволи руҳия»ларини кўзда тутмайин ҳаракат қилатурғанлар(нинг) хато йўлдадирлар, зарар кўрарлар. Қўрқмайин, тортинмайин кескинроқ ҳаракат қилмоқ керак бу кун: Русия харобаларидан чиқған Қафқос, Туркман, Тотор, Туркистоннинг мухтор ҳукуматлари Бухоро ёшлиғига ҳар жиҳатдан кўмак қиларлар. Адолат, ҳуррият ва машварат билан идора бўлатурған бу мухториятли ислом ўлкалари ёнинда Бухородағи зулм ҳимоянинг йиқилури муқаррардир. Мунча адолат ва ҳаққоният қуёшлари билан ёруған, ойдинлашған бир қитъанинг ўта сохта, инсофсизлиқ қоронғуси туролмас, йўқолур. Мусулмон севгиси Пайғамбаримиз Muhammad алайҳиссаломнинг қилган ғазотларидан бири тугагач, бир мусулмон хотин тушиб қолган ярадорларни излаб топмоқчи бўлди: ўликлар орасига кирди. У ён-бу ённи излар чоғда “Оҳ… сув!..” деган бир товуш эшитди. Бир ярадор мусулмоннинг сувдонини кўрди. Озроқ сув топиб шу ярадорнинг олдига келди. Бошини астагина кўтариб, сувни ичтирмоқчи бўлди. Ярадор мусулмон дудоғини сувга еткузар чоғда бошқа ёқдан “Оҳ… сув!..” деган ўзга бир товуш келди. Ярадор сув келтирган хотинга дедики: — Бу сувни мендан бурун шу товуш эгасига элтиб бер. Бир йўлдошим яраланиб сувсаб ётар экан, мен ичолмайман. Хотин сувни иккинчи ярадорга олиб борди. У ҳам сувни ичайин деб турган чоғида “Оҳ… сув!..” деган яна бир товуш эшитди, хотинга дедики: — Шу йўлдошим сувсиз экан, мен ичолмайман, бер сувингни шунга. Хотин сувни учинчи ярадорга етказди. У сувни ичаётганда биринчи ярадорнинг “Оҳ… ўолдим… сувсизликдан” деган товуши келди. Бу ҳам хотинга: — Сувингни мендан бурун шу товуш эгасига бер! – деди ва ўзи ичмади. Хотин яна қайтиб биринчи ярадорнинг олдига келса, бечоранинг ўлиб ётганини кўрди. Иккинчи ярадорнинг олдига борди, у ҳам ўлиб ётган экан. Учинчи ярадор ҳам сувсизликдан ўлиб қолмасин дея югуриб кетди: — Эй, воҳ!.. Бу ҳам ўлиб қолибди! – деб сувни тўкди. Мусулмонларнинг ўлим чоғида ҳам бир-бирларини қанчалик севишларини ўйлаб кўз ёш қилди. Абдурауф Фитрат Мусулмонлар, ғофил қолманг! Яқинда шаҳар думаси очилур. Шаҳар думаси, шаҳаримизнинг покизалик ва ободлиғи, мактабларимизнинг тараққий ва интизоми, болаларимизнинг тарбияси ва халқимизнинг тинчлиги учун керак бўлган ишларни ўз қўлига олур. Шаҳримиздан хазинага киратурган оқчаларни шу йўлларда сарф қилмоқчи бўлур. Бу олдимиздаги шаҳар думаси эски ҳукумат замонидаги шаҳар думалариға ўхшамас. Йигирмадан ўтган бутун шаҳар одамларининг ихтиёрлари билан сайланурлар. Бу шаҳар думасинда жуҳуддан, русдан, мусулмондан вакил қилиб ўтурур. Ва шаҳар ишлари учун гапурушурлар. Шаҳарнинг қайси қитъасинда касалхоналар қурмоқ керак, шаҳарнинг қайси қитъасиндағи йўлларни тузатмоқ керак, шаҳарнинг қайси қитъасинда қанча мактаб солмоқ керак деб кенгашурлар ва шул тўғрилардағи ишларни «вакиллар кўбчилиги» нинг қарори билан қилмоқчи бўлурлар. Вакиллар кўбчилиги ҳаммадан бурунроқ эски қитъанинг ерларин тузатурға қарор берса, чора йўқ, шу қилинур. Вакиллар кўбчилиги кўброқ касалхоналарни янги қитъада солмоқчи бўлса, иложи йўқ, шу бўлур. Мана шуларни онглаган ҳар жамоат, ҳар миллат шаҳар думасига ўзидан кўброқ вакил ўтказмоқ учун тиришадир, думанинг кўбчилигининг ўзига олмоқчи бўладир. Ўтган ҳафтадаги «таҳрири нуфус»дан онғлашилдики: шаҳримизда халқнинг тўртдан учи мусулмон ва тўртдан бири рус, армани ва жуҳуд эканлар. Шунга қарағанда унлар хазинадан чиқим бўлатурған оқчанинг уч шунчаси биз учун чиқғучидур. Унларға мактаб очилса бизга учта; унларға бир касалхона очилса бизга учтаси очғули; унларға бир пут буғдой керак бўлса бизга уч пут керакдир. Қисқаси шулким: бизнинг ҳақимиз уларнинг ҳақтариндан уч йўла беркдир. Мана шуларни тилаб олмоқ учун шаҳар думасининг кўбчилигини олмоқ керак, шаҳар думасининг кўбчилигини олмоқ учун мусулмонларнинг сайлов куни лозимдур. Йўқ, сайлов куни ҳар ким ўз уйинда ўтирса; бошқалар кўбчилик бўлиб келсалар ва думанинг кўбчилигини ўз тарафлариға ўткарсалар; у вақт биз ҳеч бир ҳақимизға эришолмасмиз, яна эски каби ҳуқуқсиз бўлиб қолурмиз; яна эскиси каби ўз шаҳримизда ўз оқчамизнинг роҳатини ўзимиз кўролмасмиз. Шунинг учун бағириброқ айтаманким, ўз халқларини яна бошқаларнинг оёқлари остинда қўймоқчи бўлмаған мусулмонлар! Сайлов куни ғофил қолманглар, кўбчилик бўлиб келурға тиришинглар. Мухторият Туркистон мухторияти… Темур хоқонининг чин болалари ёнинда, туркистоннинг тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли, мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман. Туркистон туркининг қонини қайнатғучи, имонини юксалтгучи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти. Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қияинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрун турдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти! Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтғанда, ёруқсиз турмаларда ётғанда, йиртғучи жандармнинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушкун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура(р) эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти! Биз аниқ била(р) эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған… рус демократияси, ҳақға таянган бир инқилоб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур. Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан идора этилури жарланди. Шул эълон узра ясалган Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Қўнуқ Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихий хонбалиқлариндан иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланған Туркистон қурултойи 27 нўябрнинг «миллий лайлатурқадримиз бўлған» ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди. Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун. Сиёсий ҳоллар Мусибат устина мусибат! Русиянинг ҳозирги ҳолини очиқ тасвир этмак учун мундан ярашароқ сўз йўқдир. Ўзгаришдан сўнг Русиянинг ҳар тарафиндан очлиқлар, ёнғинлар, талонлар, ўлумлар, ўлдурмалар бўлуб турған чоғда бирда чиқиб қолған ғолибия мағлублиғи билан бунинг устиға тортилмас бир юк бўлуб чўкган Риғо кетишини кўзда олсак ва бунлар орқасиндан босиб келган Болтиқ мағлублигини ўйласак, Русияни мусибат устинда мусибат босаётибдир. Русия амринда эмдиги туёкларин остинда ётибдир деярға бизни мажбур қилур. Воқеа Риғо каби чидамли бир қўрғоннинг уч кунда кетмаси Болтиқдаги кимсаларнинг чопибғина англамаси, ёлғуз иштаҳаларни эмас, ўз истиқболларидан русларнинг ўзларини даҳи маъюс қилур, рус кучиндаги эътимод ва эътиборларни тубиндан чурутур ҳодисалардан эди. Ортиқ русларнинг охирлари қолған бўлса, бутун-бутун муттафиқлариға қолған эди. Руслар «эҳтимолки, муттафиқларимиз ўз майдонларина орқаси айсимас юрушлар қилиб, бизни ўзигагина ундурурлар» деб ўйлай эдилар. Рус сиёсийлари шундай бир умид билан уруниб турмоқда экан, бирдан Италия қўшуни бузулди. Олмонлар Италия узра темур юмруқларини ундирдилар ва Италия қўшуни ўз бошини олиб, Олп тоғлари орқасига чиқорға мажбур бўлади. Олмонлар, йўллари узра Италия қўшуниндан минг бўйла кучлироқ бир моне’ бўлған Олп тоғларин ошиб, Италия саҳролариға индилар. Ортиқ Италия ўлкасининг ҳар ёнига олмон қўшуни учун йўллар очилди… Италиянинг бу қўрқунч мағлублиғи ёлғиз италёнлар учун эмас, руслар учун дахи буюк бир мусибат бўлди. Чунки ёнғинларинда, бадбахтлик лойқаларинда ботиб қолған Италиянинг қўлиндан ололмаған муттафиқлар қўшуниндан Русия учун кўмак кўзлайикнинг маъносиз бир эдугини янгидан исбот қилиб берди. Бунинг натижасинда Русияда янги бир бало бош кўтарди, большевик балоси! Большевиклар иккинчи йўла қўзғалдилар. Бу қўзғалишлари биринчиси каби бўлмади. Бу дафъа буюк иш қурдилар. Петроғрадни олиб, Керенскийни Русиянинг содиқ болаларини охтариб топиб, тўплаб кетурмак учун майдонлариғача кетарға мажбур этдилар. Сўнг хабарларга кўра, Керенский теваракдан тўплаб кетурдиги қўшун билан большевикларни енгмиш ва Петроғрадни унларнинг қўлиндан янгидан олмишдир. Олмиш, аммо большевик балоси бошқа бир тарафдан бош кўтарди: Тошкандда тўрт кунлик қонли бир урушмадан сўнг, у ерни керенскийчилардан бўшатди. Эҳтимолки, Керенскийнинг Петроғраддаги ғолиблиғи Тошканд мағлублиғини эътибордаи тушурар; эҳтимолки, Керенский Петроғрад ишини тузатгандан кейин Тошкандни дахи янадан олур. Лекин шунларгина билан большевик кучининг йўқ бўлурини умид этмак тўғри эмас. Большевикларнинг иккинчи чиқишлари билан биринчи чиқишлари орасидаги айирбодни кўрган кимсалар учинчи бир чиқишнинг қандай бўлурини онглаб олсалар керак. Биз туркистонийлар учун ҳар ҳолда керенскийчилар билан большевиклар орасиндағи курашнинг битиб кетмадигини кўзда тутиб, ўз йўлларимизни шунга кўра тайин этмак керакдир. Биламизки, ҳозирда курашиб турган бу ойги фирқанинг ҳар бири ҳурриятчидир. Иккисининг ҳам бизга зарарли тушунчалари охирда йўқдир. Zero, бунлардан биронтаси истибдод тарафдори эмасдир. Телбалик қилиб чопибғина бунлардан бирини ёқламоқ фойдали бўлиб чиқмас. Русияда истибдод тарафдорлари чиқмагунча мусулмон кучини сарф этмак хатодир. Ҳурриятчи икки партия орасинда бўлатурған урушларға қотишмоқ, бунлардан бирини ёқлаб ўзгасидан юз қайтармоқ эҳтиётсизлиқдир. Бунларнинг ҳам бизнинг сўзимиз шу бўлғулидирки: биз мусулмонлар сизнинг ҳеч бирингиздан нафрат қилмаймиз. Бизнинг миллий ватаний ҳақларимизни ғасб этмак фикрига тушмагунча биз ҳеч бирингизга душман бўлмаймиз. Мана ҳозирда туркистонийлар учун хатарсиз йўл шу йўлдир. Туркистонда руслар Ислом маданияти тарихининг олтунли, юлдузли япроғларидан буюк бир қисми, шубҳа йўқдирким турклар тўғрисида ёзилғандир. Юнондан Румоға, Убадан Константанияга кўчиб келгандан кейин таъсир этиб, таассублари тарафидан қўл-оёғи боғланиб қолған маданияти билан улум ва фунун Бағдод салтанатининг эгалари бўлған аббосийлар тарафидан тургизилди ва тарбиёт кўрди. Ул чоғларда ер юзини бахтли муҳаббат кабилари қоплаған аббосийлар салтанати ёлғизғина сиёсат негизи эмас, улум ва фунун тенгизи ҳам эди. Аббосий салтанати нифоқ, низў, ахлоқсизлик, ғурур, исроф ва зулм каби кўб ижтимоий касалларга тутулиб ўлғандан кейин унинг меросини яна ислом сиёсати билан ислом маданиятини ўз қўллариға олиб турклар сақладилар. Аббосийлардан сўнг улуғроқ ислом салтанатларини турклар қурдилар. Аббосийлар қўлидан чиқиб яна эгасиз қола бошлаған маданиятни турклар асрадилар. «Бизнинг Туркистонимиз эса мана шу буюк турк улусининг бешиги бўлмоғи билан ифтихор қилади…» Ёлғиз шуми?.. Аббосийлардан сўнг ислом салтанатиға қоровуялиқ қилған турк хоқонларининг охири ва улуғларида бўлған Темур янглиғ турк қаҳрамонини Туркистон етиштирди. Яна аббосийлардан кейин «маданияти башария»ни бошлари узра кўтарган турк олимларининг каттаконлари бўлган Абу Али, Улуғбек, Жавҳарий ва Форобий каби ҳикмат тиракларини Туркистон чиқарди. Афлотунлар чоғинда Афина, Румо салтанатида Румо, аббосийлар хулофотинда Бағдод қанча тараққий қилған бўлса Темур ва Улуғбеклар замонида Самарқанд шунча тараққий қилған эди. Бир кишининг миясиға чоғирнинг қандай таъсири бор эса, бир миллатнинг миясиға дахи салтанат ва маданият ичгусининг шундайин таъсири бордир. Салтанат, бойлиқ ва маданият ичгулари бизнинг миямизни бузди, бизни маст этди, қўлимиздағи салтанат қиличи билан маданият дафтарини бир ёнға қўйиб сафоат чолғуларини олдиқ. Урдик, чолдик, ичдик, йиқилдик, ёндик ва шунлар учун бир-биримиз билан урушдик… Мана шул чоғларда эдиким: Русия давлати бизнинг ўлкаларимизни келиб босди. Ортуқ биз Туркистон турклари Оврўпа маданияти ташигучи бўлған рус миллатиға йўлиқған бўлдик. Маданий руслар билан қоришиб унларнинг далолати Оврўпанинг маданий ва ижтимоий усулларидан таъсир олмоғимиз керак эди. Шуни ҳам айтиб ўтайлукким мундай бир таъсирни рус миллатининг авом табақасиндан олмоғи(ми)з мумкин эмас эди, чунки бизнинг авомимиз унлардан юз маротаба маданийроқ эдилар (ҳозир ҳам шундай). Русларнинг ўқуған, тарбияли кимсалариндан сосиализм ва қардошлиқ маслакинда юрғанлар ҳам императорлик ҳукумати тарафиндан қувилиб, қисилиб турғанлари учун бизга бирор таъсир қўёлмас эдилар. Қолди: рус миллатчилари, рус бойлари ва рус пўплари билан шунларнинг қоровули бўлған император ҳукумати. Биз туркистонлилар ёлғиз шунларнинг қўлинда қолдиқ. Не кўрган бўлсак шунлардан кўрдик. Энди кўрайлик қани: шунлар бизнинг тараққийимиз ва Оврўпа маданиятидан таъсир олмоғимиз йўлинда бирор иш қилдилар ёхуд қилмоқчи бўлдиларми?! Рус капиталистлари билан рус пўпларининг содиқ ва ишончли қоровуллари бўлған эски Русия ҳуқушти элли(к) йил орасида, Туркистондағи турк болаларининг фойдалариға бирор иш кўрдими, кўрмоқчи бўлдими? Мана шул саволга, Малтаассуф, «йўқ!» дан бошқа бир жавобимиз йўқдир. Юртимиз: элли(к) йиллик бир идорайи аскария остида турдиғи учун биз Оврупанинг маданий миллатлари билан кўришолмадик, унларнинг ижтимоий ва иқтисодий фикрлариндан истифода қилолмадиқ. Бизнинг кўзларимизни очдурмаслик учун фикри очиқ тотор қариндошларимизнинг дахи Туркистонда мактаб очмоқлари ман’ этилди. Бизнинг диний ва миллий ҳиссиётларимизни ўлдурмак тилаги билан Ўстраумов каби мутаассиб пўпларнинг идорасинда газит чиқарилди, мактаб очилди, лекин ўз миллатимиз ва диёнатимизни онглатмоқ учун ўз тарафимиздан очилған мактаблар ва газитлар боғланди, шаръий маҳкамаларимизнинг ҳуқуқ ва салоҳиятларидан буюк бир қисми ғасб этилди. Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорий ишларда, ҳатто вагон арбаларинда Туркистон ерлисининг ҳуқуқи Туркистон мусофири бўлған рус ва арманидан тубанда тутилди. Бухоро ва Хива ҳукуматларининг дохили истиклоллариға, миллий номуслариға турли баҳоналар билан тажовузлар қилинди. Бу икки ҳукумат ўз ўлкаларинда ўз ҳукмларини юрутолмас бўлдилар. Мамлакат ва миллат қоидалариға бу икки ҳукумат тарафиндан сира бирор ҳаракат содир бўлмади, содир бўлғанда ҳам неча қизғин нўталари ва золимона таҳқир билан йўллари олинди. Элли(к) йилда(н) бери шундайин ҳақсизлиқлар ва зулмлар орасида бўғулиб келган Туркистон букун ўз мухториятини Ҳўқандда эълон қилди. Ҳўқандда ижтимў этган Туркистоннинг тўртинчи қурултойи ўз баённомасинда «Федаратса асосига қурулған Русия жумҳурияти ила бирликда қолғани ҳолда Туркистон мухторияти» деган сўзни ёзиб, Рус ҳукуматиға содиқ қолдиғини билдурди. Шунинг ила баробар «Туркистонда ақлият ташкил қилған миллатларнинг ҳуқуқтарининг ҳар жиҳатдан сақланмоғини ҳам тантанали суратда» эълон этилиб, адолат байроғини кўтарди. Элли(к) йилдан бери шунча зулм орасинда қолған Туркистон бу кун ўз мухториятини шунча адолат ва садоқат билан эълон қилибдир. Билмадик нечундурким, ҳозирда иш бошинда адолатчи большевиклар муни қабул қилмай туралар..! Яссавия мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар Ўрта Осиё турк адабиётининг исломдан сўнгги мактаблари орасида Яссавий мактаби жуда нуфузли, катта ўрин тутадир. Бу мактаб асрлар бўйича бизнинг ўлкада хонақоҳ, ибодат адабиёти ярата келди. Элимизга дунёдан, ҳаётдан узоқлашиш, риёзат чекиш фикрлари каби буддизм қолдиқларини исломий бўёқлар билан бўяб беришга машғул бўлди. Зотан, ибодат адабиёти исломдан бурунғи туркларга ёт бир одат эмас эди. Милодий ўнинчи асрда Бухородан Хитойға саёҳат қилған сайёҳ Абу Дулаф мусулмон бўлмаған қирғизларнинг ўз ибодатларида тизмалар ўқуғанларин кўрган эди. (Мажма ул-булдон, Ж. 3. б. 448.) Яссавий тариқатининг, айнуқса, дала турклари орасида мунча кенг шаклда тарқалишиға, бу тариқатнинг уларнинг эски ибодат шаклларига ёт бўлмағанин ҳам катта роли бўлған, албатта, Яссавий мактаби адабиётининг бошида милодий 1166 (ҳижрий 562) да ўлған машҳур Аҳмад Яссавий туради. Ўрта Осиё сўфийлигининг «яссавия» ёхуд «жаҳрия» қўлини таъсис қилған бу одам ҳақида «Маориф ва ўқитғучи» журналининг ўтган сонларида ёзилған эди, янгидан бу ҳақда сўзлаш керак эмас. Ёлғуз шуни айтиб ўтиш лозимки, яссавий тариқати Ўрта Осиёда абдулҳолиқийлар ёхуд нақшбандлар тариқати билан мувози’ суратда давом этиб курашкан. Темурийлар замонида яссавийлар бу курашда муваффақ бўла олмаған бўлсалар ҳам, ўзбеклар ҳуқумати замонида рақибларини енга олғанлар. Шайбонийхоннинг яссавий шайхларининг фотиҳа ва ташвиқлари билан келиб машҳур нақшбанд шайхи Хўжа Аҳрорнинг севгили ўғли Хўжа Яҳёни(нг) укалари боболари билан ўлдурилиши яссавийларнинг енгишлари эди. Ўзбек Убайдуллоҳхон замонида яшаб, милодий 1542 йилда ўлған Маҳдум Аъзами Даҳбидийнинг нақшбанд бўлгани ҳолда «жаҳрия»ни қабул қилиши Ўрта Осиёда яссавийлик ғалабасининг хорижий бир шоҳиди бўлди. Мана шундан сўнг яссавийликнинг Ўрта Осиёда ғолиб сифати билан давом қилғанин кўрамиз. Яссавийликнинг хоҳ ғалабасидан бурун, хоҳ ундан кейин Ўрта Осиёда бир кўб шоирлар етиштирганини қабул этмак жудаям янглиш бир ҳаракат бўлмаса керак. Лекин бу Яссавий шоирларининг асарлари бўлсун, ўзлари бўлсун ҳалигача тамоман маълум бўлмаған, текширилмаған! Булардан бизга яхшигина маълум бўлмағани Аҳмад Яссавийнинг шогирди, муриди Ҳаким Сулаймон отадир. Ҳаким Сулаймон ота Аҳмад Яссавийнинг учинчи халифаси бўлуб, унинг кўрсатиши билан Хоразмға бориб шайхлик қилган. Милодий 1186 да (пиридан йигирма йил сўнгра) ўлган. Қабри Хоразмда Боқирғон деган жойда, қўлимизда бўлған «Тазкират ул-авлиё»ларнинг бири Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат»ларидан бермагани ҳолда ҳаммалари Ҳаким Сулаймон отанинг кўб «Ҳикмат»лари борлиғини бир оғиздан айтиб турадилар. Боқирғон ҳикматлари «Боқирғон китоби» исми билан 1906 йилда Қозонда босилған. Бори 75 бетдангина иборат бўлган бу китобчадаги шеърларнинг ҳаммаси Ҳаким ота шеърлари эмас. Онда Ҳаким Сулаймон отанинг ёлғуз 36 парча шеъри бўлған, ҳаммаси 1180 мисрадан иборатдир. Мазкур китобчада Ҳаким отадан бошқа кўбрак шеърлари ёзилған шоирлар тубандагилардир: 1. Шамсдан 24 парча, ҳаммаси 1058 мисра’. 2. Иқонийдан 19 парча, ҳаммаси 266 мисра’. 3. Қул Убайдийдан 13 парча, ҳаммаси 334 мисра’. 4. Қул Аҳмаддан 10 парча, ҳаммаси 238 мисра’. 5. Машрабдан 10 парча, ҳаммаси 201 мисра’. 6. Худойдоддан 4 парча, ҳаммаси 64 мисра’. 7. Қул Шарифдан 4 парча, ҳаммаси 70 мисра’. 8. Фақирийдан 2 парча, ҳаммаси 28 мисра’. Булардан бошқа Ҳуббий, Қосим, Тафий (?), Фикрий, Масиҳий, Ғаззолий, Гадоли, Қул Шарафий, Шуҳудий, Беҳбудий, Бобо Мочин, Тож каби шоирлардан бирор парча босилған. Бу шоирлардан «Қул Аҳмад», «Хожа Аҳмад», «Қул Хожа Аҳмад» тахаллуслари билан ҳикмат ёзғани Аҳмад Яссавийнинг ўзи бўлгани каби, Машрабнинг ҳам ўзимизнинг Шоҳ Машраб бўлиш эҳтимолини қабул қилиб, ким эканлари текширилмаған шоирларға ўтамиз. Иқоний: тахаллусидан унинг Фарғонадаги Иқондан экани онглашиладир. Яссавий шоирлари орасида машхур Маҳдуд Шайхнинг муриди Қамол Шайх деган одам бор. «Рашаҳот» билан бирга бутун маноқиб китоблари бу Камол Шайхнинг Хожа Аҳмад билан суҳбат қилғанин хабар бермакдалар. «Рашаҳот» унинг дақида «аз кибори ашоби Маҳдуд шайх буда ва дар вилояти Шош мином дошта» деб Тошкандда турғанин билдирадир. Ҳижрий 1096 да бухороли Муфти Зинда Али томонидан ёзилған «Самарат ул-машойих» отли китобда ҳам «Ламаъот»да бу Камол Шайхнинг таржимайи ҳоли ёзилғанда «лақаби эшон Иқоний аст солҳо дар қария Алиобод Самарқанд буданд, вафоти шариф эшон он жост», дейиладир. Бунинг катта нуфузли бир шайх бўлуб, «Иккинчи Аҳмад Яссавий» деб аталғанини мазкур «Самарат ул-машойих» эгаси қайд этадир. Хожа Аҳрор мундан гапирганда «Хуросондан Тошкандға қайтғанимдан сўнг менга келиб турар эди», деган. Хожа Аҳрорнинг ҳижрий 806 да туғилиб, 29 яшарлиқда Хуросондан Тошкентга қайтғанини назарга олганда Иқонийнинг ҳижрий 835 дан сўнгра Тошкендда бўлғанини, ондан кейин Самарқандға кўчиб, шунда вафот қилганини айтиш мумкин. «Самарат ул-машойих»нинг мазкур Шайх Камол ҳақида «ва ҳикмати бисёр аз эшон сар зада аст, маштамил бар маориф ва дақойиқин қавм аст», деб унинг сўфийликка оид бир кўб ҳикматлар ёзғанин тўғрисидаги ифодасини ҳам юқоридағи маълумотға қўшуб қўйсак, Боқирғон китобидаги Иқонийнинг шул Камол Шайхдан бошқа киши бўлмағанига шубҳа қолмайди. Ҳижрий тўққизинчи асрда ўлган бу чиғатой — яссавий шоирининг бутун шеърлари шул Боқирғон китобида босилған 19 парчадан иборат эмасдир, албатта. Шунинг учун бу 19 парча билангина Иқонийнинг шоирлиғи тўғрисида бир фикрга келиш(и) қийин. Шундай бўлса ҳам шул парчаларга қараб унинг ҳаяжонсиз, кучсиз, қуруқ бир назмчи воиз бўлғаниға ҳукм қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Шамс: Боқирғон китобидаги ҳикматларда бунинг кўпроқ Шамс, бир ўринда Шамсиддин, бир-икки ўриндағина Шамс Ўзгандий тахаллус қўйғанини кўрамиз. Ҳалиги «Самарат ул-машойих»нинг ифодасича, Камол Шайх Иқонийнинг Сайид Аҳмад деган бнр муриди бўлған. Иқонийға йигирма йил хизмат қилған. Йигитлик чоғида Хожа Аҳрор билан суҳбати бўлған. Самарқандда вафот қилган. Қабри у замонлар «Шайхзода дарвозаси» аталған «Пойиқабоқ» дарвозасида экан. Мана шу Сайид Аҳмад Шайхнинг муридларидан бири Мавлоно Шамс Ўзгандийдир. Асли, Ўзганддан, расмий таҳсилини Ҳиротда битирған. Ундан қайтиб, Самарқандда Сайид Аҳмад Шайхға мурид бўлган. Сўнгралари яна Ўзгамға бориб, деҳқончилик билан машғул бўлган. Пири Сайид Аҳмад Шайх ўлгандан кейин Самарқандга қайтиб, унинг ўрнини олған бўлса керак. Вафоти Самарқандда бўлиб, пири Сайид Аҳмад Шайхнинг ёнига кўмилган. «Самарат ул-машойих» эгаси мунинг ҳам ҳикматлари борлиғини сўйлаб: «Қутби жаҳон Сайид Аҳмад, ё (ҳазрат) шайхам мадад» мисраъини ўз китобига кўчирадир. Бу мисраънинг Боқирғон китобидаги Шамс шеърларидан шул бизнинг Шамс Ўзгандийники эканин қатъий суратда билдирадир. Шамс Ўзгандийнинг Хожа Аҳрор билан муносабати тўғрусида ҳеч бир қайдға учрамадик. Шунинг учун бунинг Хожа Аҳрор ўлғандан сўнг Самарқандда туруб, ҳижрий ўнинчи асрда вафот қилғанини қабул этиш жудаям янглиш бўлмаса керак. Қул Убайдий: Убайдий, Убайдуллоҳ, Қул Убайдий тахаллуслари билан ҳикматлар ёзган бу одам, бизнинг фикримизча, машҳур ўзбек хони Убайдуллоҳ(хон)дан бошқа киши эмас. Машҳур Шайбонийнинг Марв теграсида шоҳ Исмоил Сафавий ўлдурулиши (1510) муносабати билан ажиб суратда тарқалган ўзбек аскари кучини бот фурсатда йиқиб, Шайбоний олған ўлкани янгидан зиёд қилған. Бу одам нойиб ҳам мустақил бўлуб, йигирма саккиз йил ҳукумат сурди ва милодий 1539 да вафот қилди. Бу одам ўзининг ҳукумат ишлариға қарамасдан шайхлиқ ҳам қилар эди, бу ишни ўзининг сиёсати учун лозим билар эди. «Самарат ул-машойих»нинг ёзганига кўра, Убайдуллоҳхоннинг тариқат нисбати Авлиё Қорахон отли бир шайх воситаси билан Ҳаким Сулаймон отаға борадир. Ёлғуз бу қадар билан қолмаған, ўзи учун муридлар олған. Жаҳр мажлислариға иштирок қилған. Унинг ўлими билан топилған тарих моддаси «Зикр гў» (яъни зикр этгучи»дир). Убайдуллоҳнинг яссавийлар билан жуда қатъий боғланғанига яна бир далил, яссавий шайхи Худойдоднинг муриди Муҳаммадиёр Нўғай отаға ўз қизини берганидир. (Нўғай ота 1533 да ўлуб, Самарқанднинг «Сўғд» деган мавзеъида кўмилган.) Убайдуллоҳ шоир ҳам мутасаввиф шоирдир. Унинг форсийча яхши шеърлар ёзганини «Музаккир ул-аҳбоб», «Мажма ул-фусаҳо», «Тазкират ус-салотин» каби манбаълар кенг суратда бизга билдирадирлар. Унинг форсийча бир ғазали машҳур мутасаввиф Маҳдум Аъзам номидан тасаввуф услубида шарҳ қилинған (менинг кутубхонамда бор). Убайдуллоҳнинг форсийча шеърларида тахаллуси кўбрак Убайдий бўлуб, баъзан Убайдуллоҳдир. Масъаланинг қоронғи томони унинг ўзбекча ҳикматлар ёзиб ёзмағанидир. Юқоридан бери унинг ҳаёти ҳақида берганимиз маълумотдан Убайдуллоҳнинг ҳикматлар ҳам ёзғанини гумон қилиш мумкин эди. Иш бизнинг гумонимиз билангина қолмади. Яқинда Бухорода топилған «Девон»и унинг Навоий мактабига эргашиб туркий ғазаллар, Яссавий мактабига эргашиб ҳикматлар ёзғанини ҳам очиқ исбот қилған бўлди. Худойдод: яссавий шайҳларидан бўлиб, Шайбонийхонға ёрдам қилмагани учун Самарқанддан Ҳиротға ҳайдалған Жамол Шайхнинг муридидир, Яссавийликнинг нуфузли шайхларидан бўлған Олим Шайх томонидан ёзилған «Ламаъот» китоби мунинг маноқибидир. Милодий 1532 нчи йилда ўлуб, Самарқанд шаҳридан уч тошлиқ йўлда кўмилган. Мутасаввиф шоирлардан бўлуб, тахаллуси Худойдоддир. Форсий шеърларидан бир ози «Ламаъот» китобида бордир. Бизнинг фикримизга кўра, туркий ҳикматлар ёзган Худойдод ҳам шунинг ўзидир. «Боқирғон китоби»даги Қосимнинг Карманадаги машҳур Яссавий шайхи Қосим Шайх Азирон бўлиш эҳтимоли эсга келгани каби, Қул Шарифнинг Бухородағи қабри тунокунгача яссавийчиларнинг жаҳр ўрни бўлған Мавлоно Шарнф бўлиши мумкин. Хуббий Ҳаким отанинг ўғли Хубби хожа бўлғани каби, Мочиннинг Аҳмад Яссавий муриди Бобомочин эканини қабул қилишға илмий бир моне’ бўлмаса керак. Насимий машҳур озари(й) мутасаввиф шоири Сайид Имод Насимийдир. Ғарибий тўғрусида очиқ бир нарса айта олмаймиз. Бизда бу исмда бир шоир бўлғани маълум бўлса-да, ҳалигача яхши текшира олмаганимиз учун бу хусусда гапирмай ўтиш муносибракдир. «Боқирғон китоби»даги шоирларнинг қолған қисмлари хусусида ҳеч бир нарса топа олмағанимизни этироф қиламиз. Текширишлар давом қилған сайин бу жиҳатларнинг ҳам кўбрак очила боришлари маълум. Ёпишмаган гажжаклар (Ўртоқ Бойбўлатовга очиқ хат) Дўстим, ойлар, йиллар тиришиб, бир асар чиқарған муҳаррир дўстларнинг шу асар ҳақидағи муҳокамаларини тинглашдан, асарнинг камчиликларини ўрганишдан, албатта, мамнун бўлади. Менинг «Ўзбек адабиёти намуналари» аталған арзимас бир асарим ҳақинда фикрингизни билдирмаслик учун анча уриниб, 3-сон газетни тўлдирганингизни кўриб мамнун бўлдим, ўқиб ҳам чиқдим. Ҳамма гапдан бурун Сизга ташаккуримни билдираман. Лекин бахтга қарши мақолангизни шунчалар кенгайтиргансизким, кенглиги асл мақсаднинг йўқолишиға сабаб бўлған. Бизда болалар орасида «Кўзим кўрмайдир» деган бир ўюн бор: Бир бола кўзини қаттиқ боғлағандан кейин қўлиға узун бир таёқ олиб, ўртада туради. Бошқалар унинг оёғини олмоқ учун атрофдан ҳужум қиладилар. Таёқли бола таёғини кўтариб «кўзим кўрмайдир» деб, тез-тез айланаберадир, таёқ кимга тўғри келса, шунга тегадир. Мақолани ёзғанда сизнинг қаламингиз ҳам шул кўзи кўрмас боланинг таёғига ўхшаған: айланған, айланған, кимга тўғри келса, шунга теккан, орада менинг китобим унутилган, жуда оз ўрин олған. Ҳар ҳолда мақолангиз кўбрак менинг шахсимга қаратилғани муносабати билан жавоб тарзида эмас, дардлашув шаклида бир нарса ёзаман. Менинг асаримни бошлаб тартибиға эътироз қилғанингиз кўриладир. Адабиёт тарихимизни қоплови «Феўдализм», «Савдо сармояси» каби даврларға ажратишимға қарши каби кўринасиз. Лекин ўз фикрингизни, яъни қандай тақсим қилиш лозимлигини ёзмағансиз. Адабиёт мутахассиси ёки адабиёт тарихи билан машғул бир одам бўлса эдингиз, шу баҳона билан сизга «ёпишмоқ» мумкин эди. Лекин мен биламанким, сиз адабиёт тарихининг одами эмассиз, мақолангиз эса тасодифий бир ҳодисадир. Шунинг учун бу тўғрида маъзур кўраман сизни. Лекин шуни айтиб ўтаманким, адабиёт тарихини тақсим қилишда марксизм усулининг талаб қилғани йўл менинг тақсимимдир. Бу тақсимни ўзбек адабиёти тарихиға тадбиқ қилишнинг ўзи катта ҳам янги бир иш. Бунинг ҳудудини тайин қилишда баъзи янглишларнинг бўлуви мумкин. Лекин уларни кўрсатиб, исбот қилиб, сўнгра тил текириш керак эди. Сиз мақолангизда бу томонға яқинлашған даврларни бир-биридан ажратған хусусиятларнинг йўқлиғидан шикоят қилғансиз, лекин сиз ҳар даврнинг намуналарини ўқидингизми? Масалан: «Савдо сармояси» даври билан «Феўдализм» даврининг намуналари орасидағи Шаклда ва мазмундағи айирмаларни кўра олдингизми? Ёки кўриб, қаноатланмадингизми? Қаноатланмаган бўлсангиз сиз бу даврларни бир-биридан ажратган қандай хусусиятлар истайсиз (ки намуналари бўлмасин). Масъаланинг бу томонларидан (яъни энг муҳим ва фойдалиқ томонларидан) мақолангиз сукут қиладир. Ҳолбуки, шу томонларни очиқ кўрсатганингиздагина менинг китобимнинг камчиликларини кўрсатган ва менга бир нарса ўргатган бўлур эдингиз. Буни ҳам сизнинг адабиёт тарихининг одами бўлмасдан тасодифан майдонға чиқғанинғизга бағишлайман. Мақолангизда чиғатой адабиёти ва унинг пролетар адабиётига асос бўлиши тўғриларида кўбрак туриб, бор кучингиз билан ҳужум қиласиз. Фитрат сўз бошида «Чиғатой адабиёти пролетариат адабиётиға асос бўладир деган» деб, қоравул қичқирасиз, ҳатто менинг бош сўзимда ўзингизга ёрдам қилгудек кўринган бир-икки жумла ҳам келтирасиз. Чиғатой адабиётининг пролетар адабиётиға асос бўлишини даъво қилмоқ нари турсин, бош сўзимда чиғатой адабиётини мафкура ёғидан ярамағанини сўйлаганман. Менинг «намуналар»им босилмаса эди, сиздан бошқа ҳеч кимнинг қўлида унинг нусхалари бўлмаса эди, бош сўзимдан кўчирганингиз бир-икки жумланинг балки сизга фойдаси бўлур эди. Нима чораки, китоб Ўзбекистонда босилиб тарқалған. Сизнинг мақолангизни ўқуған ҳар ким менинг бош сўзумни ҳам ўқуй оладир. Ўқуғач, сизнинг менга туҳмат қилиб турганингизни ҳам онглайдир. Мен сўз бошимдағи ибораларнинг масъалаға дахлдорлиқ қисмини тамоман кўчираман, янгидан ўқишингизни ва эътирозингизни шунга таяндириб, янгидан майдонға чиқишингизни талаб қиламан: «Биз ўзбекларнинг ва, умуман, Ўрта Осиё туркларининг тарихига оид арабий, форсий, туркий тилларда бир кўб асарлар ёзилған. Бироқ бу асарлар бизнинг сиёсий ҳаракатларимизни тор бир рамкада кўрсатмакдан бошқа ишга оз ярамакдадир. Халқимизнинг, ўлкамизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳоллариға оид хабарларни бу асарлардан истаб топиш жуда қийиндир, баъзан мумкин ҳам бўлмайдир, чунки йўқдир. Адабий тарихимизни текшириш эса, мана шу камчиликларни тўлдиришга катта ёрдам қиладир. Феўдалларнинг, умуман, ҳоким синфнинг омма билан муносибатларини, оммаға қарашларини, зиёлиларнинг, шоирларнинг ҳоким синфга муносибатларини, ҳоким синф фойдасиға қараб оммани қандай овутғанларини, олдағанларини, ҳоким синфнинг кайф-сафони (Бобирча, «айш ва фисқи») қайси даражаларға чиқарғанларини ёлғиз адабиёт тарихимизда кўришимиз мумкиндир. Бундан бошқа, тарихий санъаткорларимизни текшириш, уларнинг тажрибаларидан қўрмоқ истаганимиз пролетар адабиёти учун фойдаланиш ҳам кераксиз бир ҳаракат бўлмайдир. Мана шу қисқағина изоҳот бу китобни қандай тилак билан тартиб қилғанимизни билдирған бўлса керак. Мана шу сўз бошимда менинг томонимдан айтилган гаплар. Мана шу гапларга эътирозингиз бўлса, айтишга ҳақлисиз. Йўқса, менинг сўзларимни бош-оёғини кесиб ташлаб, ўз мақсадингизга яроқлиқ бир ҳолға киргизиб, сўнгра эътироз қилишингиз илмий бир ҳаракат саналмайдир. Китобимнинг 3-бўлимиға «Савдо сармояси» даври исмини берғанимдан ҳам рози бўлмайсиз, шу истилоҳотнинг охирида каттакон бир ? (сўроқ) аломати қўясиз. Биз темурийлар даврини «савдо буржуазияси» даври деймиз. Темурийларнинг жаҳонгирлиги(ни) Ўрта Осиё савдо сармоясининг тараққийси билан изоҳ қилмоқчи бўламиз. Бунинг учун қўлимизда етарлик материаллар бор. Сиз шунга рози эмаслигингизни чиройли бир савол аломати билан ифода қиласиз, бу даврни нима деб атамоқ тўғрисида фикрингизни билдирмайсиз. Сиз шуни унутасизки, савол аломати қанча чиройли бўлса бўлсин, илм учун бир нарса бермайдир. Бизнинг фикримизга қарши экансиз, фикрингизни билдиринг. Айтинг-чи, темурийлар даврига қандай исм берасиз? Бундан сўнг мақолангизда менинг таржимайи ҳолимни текширишга киришасиз. Менинг бир вақтлар мутасаввиф, панисломист, пантуркист бўлғанимни турли далиллар билан исбот қилмоқчи бўласиз. Пилонингиз яхши. Мақтанарлиқ пилон, агар сиз менинг «Намуналар»имни бурунги панисломистлигимнинг, пантуркистлигимнинг давоми эканини, бу асарим билан мазкур фикрларнинг биттасини ўзбек оммасига тақдим қилғанимни исбот қила олса эдингиз, ишингиз кўб муваффақиятли чиқар эди. Лекин буни қила олмағансиз. Бу кун бир кўб кишиларнинг мозийлари ҳақида гапириш мумкин. Лекин, бу гапиришгина етарли эмас. Уларнинг мозийлари билан бугунги ишлари орасидаги муносибат ва алоқани кашф этиш керак! 8—, 10— йилларда (яъни, 18—20 йил бурун) ёзилған асарларимдан шоҳидлар келтирасиз. Азизим, менинг қўлимға қалам тутиб, асар ёзғанимга йигирма йил тўлғанини ўзингиз ҳам эътироф қиласиз. Бу йигирма йил орасида мен ўзбекча, тожикча юз ўн печатний листлик асар ёздим (мақолалар ҳисоб эмас). Буларнинг ҳаммасини Шўро ҳукуматиға, пролетариат мафкурасига ярарлиқ асарлар эканини ҳеч даъво қилмадим ва қилмайман-да. Ишнинг бу томонини онгламоқ учун таржимайи ҳолимни ўзимдан тингланг. Мен Осиёнинг энг қора диний марказларидан ва қора бир усули идораға тобе’ бўлған Бухорода 1884 йилда туғилдим. Биринчи тарбияни эски усулдаги диний бир мактабдан олдим. Мактабдан чиқғач, диний бир мадрасага кириб олдим, намоз ўқидим, мутаассиб бир мусулмон эдим. Ҳатто Бухорода янги бошланған жадидлар ҳаракатиға қаршилиқ ҳам қилдим. Сўнгралари жадидлар ҳаракатиға оралашдим. У замондағи зеҳнияхнинг таъсири эски жадидларнинг ташвиқ ва ёрдами билан Туркияга таҳсил учун бордим. Мана шу вақтларда мен диний реформа тарафдори эдим: динни фан билан келиштириш, фанға тўғри келмайтурган хурофот қисмини диндан чиқариш, динни тозалаш хаёллариға ишонған эдим. Воқеан эса, панисломизм ғоясининг чуруган бир хаёл эканин кун сайин оча бордим. Панисломизмнинг бўлмағур хаёл эканини онглағач, пантуркизм хаёлиға берилдим. Бу вақтларда ёзғаним асарларда диний реформистик фикрлар кўрилиб турадир. Сиз эса, мазкур асарлардан менинг мутасаввиф эканимни чиқарасиз. Тасаввуф билан озғина таниш бўлса эдингиз, у китобларда мазкур маслакнинг асарини кўра олмағанингизни ўзингиз онглар эдингиз. Мен ҳеч бир вақт тасаввуфга мансуб бўлмадим. Лекин адабиёт тарихини текширучи бир муаллим бўлғаним сифати билан тасаввуфни жуда кўб текширдим. Бу кун тасаввуфнинг ҳар томонини, энг қоронғу сирларини биламан. Ҳатто, шу кунларда «Ўрта Осиёда тасаввуф тарихи» исмли бир китоб вужудга келтирмак учун тиришмакдаман. Тасаввуфнинг қандай заҳарли, қандай зарарли бир маслак эканини ҳар кимдан ҳам яхши билиб олғанман. Лекин ҳеч вақт мутасаввиф бўлмаганман. Сўнгралари ҳаёт мени пантуркизмда қотиб қолишда қўймади. Мен ўзбек миллатчисига айландим. 17—18-йилларда Ўрта Осиёда пантуркизм ҳаракати кенгаймоқда эди, айниқса, Тошкентда пантуркизм фикри билан суғорилган турли тўдалар ташкил бўлди. Турк тилларини, турк адабиётини бирлаштириш шиори остида «иш» кўрилди. Мактабларда усмонли адабиёти она тили дарслари ўрнида қабул қилинди. Мана шу ҳаракатга қарши ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида «Чиғатой гурунги» ташкил қилинди. «Чиғатой гурунги» ўзбек миллатчилиги: ўзбек тили, ўзбек адабиёти шиорлари остида пантуркист тўдаларга ва шунга берилған ўнг жадидларга қарши курашди. Сиз «Чиғатой гурунги» пантуркист эди» деб қичқирасиз. Айниқса, шу кунларда «Чиғатой гурунги»ни пантуркист дейиш мўда ҳолиға кириб борадир. Ҳолбуки, «Чиғатой гурунги» ўз замонида пантуркизм, панисломизм ҳаракатлариға қарши курашмоқда эди. Сизга иккита факт кўрсатай: бутун мактабларимизда «Умумий турк тили, умумий турк адабиёти» шиорлари ҳукм сурганда «Чиғатой гурунги» ўзбек тили, ўзбек адабиётини ўргатиш учун Ҳадрада пулсиз дарс беришни эълон қилди. Муаллимликка мен, Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон тайин этилдик. Дарсга бир кўб муаллимлар давом этмакчи бўлиб келдилар. У вақтларда Тошкент маориф шўъбасида пантуркистларнингтўдачилик ёрдамчилари ҳукм сурар эди. Мана шулар бир дарсдан кейин бизни қувдилар, талабаларни тарқатдилар. Бир кеча «Чиғатой гурунги»нинг мажлиси бўлған эди. Гурунг аъзолари томонидан ёзилган асарларни ўқиб, муҳокама қилмоқда эдик. Тошкентнинг энг катта ташкилотининг бирида турған бир ўртоқ винтовка кўтариб келиб, мажлисимизга бирдан кирди. «Чиғатой гурунги»нинг мақсадини сўради. «Сиз динга қарши фикр тарқатар экансиз, Muhammad пайғамбарнинг меърожини инкор қилар экансиз» деб тафтишга киришди ва бизни «мундоқа йўлсиз ҳаракатлар»дан ман’ қилиб кетди. Мана буларнинг ҳаммаси пантуркистларнинг иғвоси билан бўлар эди: «Мен «Чиғатой гурунги» пролетар мафкурасини ташир эди» демайман, буни даъво қилиш жинниликдир. Тузук, «Чиғатой гурунги» бевосита сиёсат билан машғул бўлмоқни истамади, ёлғиз тил, имло, адабиёт билан шуғулланди. Лекин унинг айрим аъзолари ўша вақтда сўл миллатчи эдилар. Шунинг учун айта оламизким «Чиғатой гурунги» жадидларнинг сўл қаноти бўлиб, у жадидлардан тил, имло, адабиёт ва динга қарши ҳам пантуркизм ва ўзбек миллатчилиги билан ажралар эди. Мана бу тафсилот «чиғатой гурунги»нинг кўрсатилган илмий ишларда пантуркист, панисломистларга нисбатан инқилобий йўл тутганини кўрсатади. Агар сиз «Бу илмий тўгаракнинг аъзолари ўзбек миллатчилари эдилар, шунинг учун бу тўгарак қарши қурулған бир ташкилот эди» десангиз, нон орасидан кир изламакдан бошқа бир иш қилмаған бўлурсиз. «Чиғатой гурунги» 20-йилларғача давом қилди. Бу вақтғача унинг ўз олдиға қўйған илмий юмушлари бажарилган эди. Янги имло шўро маориф комиссарлиги томонидан мактабларга киргизилган шўро ҳукумати томонидан «Ҳар миллатнинг мактаб тили ўз она тилида бўлсин» деб эълон этилган асос билан ўзбек тили таъмин этилган эди. Бир тарафдан, коммунистлар фирқасининг миллий масъалани тўғри ҳал қилмоқда бўлғани ва мустамлакачилик асосларини емиришда кескин йўл тутгани кун сайин очиқ кўрина бошлаған, ўзбек миллатчиси бўлиб туришда ҳам маъқул бир сабаб қолмаған эди. «Чиғатой гурунги» тарқалди. Унинг аъзолари битта-битта ўз хатоларини эътироф қила-қила фирқа сафига ўтдилар ва бор кучлари билан бу кунгача хизмат қилмоқдалар. Эмди ўзимнинг дин билан муносибатим ҳаққинда сўзлашайлик. Мен юқорида айтғаним каби бир вақтлар диний реформа тарафдори эдим. Динни хурофотдан ажратиш деган хаёлга берилған эдим. Мана шу диний реформа кетидан юриш, мени динсизлиққа олиб борди. Дин хурофотдан ажралса, нари томонда ҳеч бир нарса қолмағанини кўрдим. Диннинг фан билан ҳеч бир вақт келиша олмағанига ишондим ва шунинг натижасида диндан қайтдим, динга қарши фикр тарқатдим. Менинг динсизлигим ўзбеклар ва тожиклар орасида ҳаммадан бурун, ҳаммадан кўбрак машҳур бўлған. Бу нуқтани инкор қилиб бўлмайди. Динсиз, худосиз бўлған бир кишининг мутасаввиф бўла олмаслигини онгламоқ учун жуда оз бир муҳокама кучининг сизда борлиғини, рухсат берсангиз, қабул қилайлик. Мақолангиз бир ерида мени Туркия султониға мактуб ёзиш билан айблайсиз. Мен умримда Туркия султониға мактуб ёзмадим, бу менга тамоман туҳмат! 1908 йилда ёзғаним бир асаримда Бухоро хонлигида ҳукм сурган диний таассубни ва шунга таянган идора усулини эслайсизми? У вақтда Бухорода бир калла 2 тийин эди. Ҳибс қилиш, ўлдириш, сангсор қилиш кундаги одатлардан эди. У замонларда китоб ёзишнинг ўзи «кофир»лик эди. Мен шу вақтларда биринчи асаримни ёздим. Бухоронинг идора усулини, таълим-тарбия усулини, бир кўб расмий идораларни танқид қилдим. Бу китоб Бухорода тарқалар эди. Унинг ноширлари бўлған Бухоро жадидларини таҳликага туширмаслик учун амирға қаратиб бир сўз боши ёздим ва шунинг билан, гўё, танқиднинг унга эмас, маъмурлариға оид бўлғанини кўрсатдим. Бу замондағи Бухоронинг жавоби эди. Шунинг билан мени Бухоро амирининг тарафдори дейиш ҳам мумкин эмас, меним Бухоро амирига қарши ҳар вақт курашганим ва курашган ташкилотларга раҳбарлик қилғанимни билмаган йўқ. Сўнг тўрт-беш йилда ёзғаним «Арслон», «Умар Хайём» каби асарларимни, ҳатто танқид қилғанингиз «Намуналар»дағи даврлар тақсимини шу йўл билан олиб боришга тиришдим. Мазкур ишларимда янглишлар бўлуви мумкин. Лекин буларни(нг) воқеаларини таҳлил қилганда бўлған янглишлардан ҳисоб қилиб, танқид қилиш, хато жойларни кўрсатиш керак. Ҳар бир янглиш янги янглиш деб ўйланган нуқтани, менинг йигирма йил бурунғи панисломистлигим билан изоҳ қилиш тўғри илмий бир ҳаракат бўлмайдир. Азизим, Ўрта Осиёнинг оламға маълум бир маданияти бўлған, бу маданиятнинг туркий асарлари қолған. Бу асарларнинг ҳаммасиға бирдан «ахлатлар» дейиш, сизнинг муҳокамангизнинг кирлигидан чиққан янги бир истилоҳ бўлса керак. Мен ўзимнинг йигирма йиллик мутолаам, жуда кучсиз бўлмаған кутубхонам соясида шу йўлда ишламоқдаман. Албатта, ишларимда янглишлар бўлуви мумкин. Янглишларимни жой-жойи билан кўрсатиш керак, кўзни юмиб, оғизни очиб сўкишнинг илмий фойдаси йўқ. Мақолангизда катта ҳарфлар билан «Маориф ва ўқитғучи» журнали Фитратнинг ношири афкори эди дейиш мумкин» деб ёзасиз. Буниси эмди уёт! «Маориф ва ўқитғучи» Рамздан бурун бор эди. Рамз замонида ҳам давом қилди. У ҳар вақт маориф комиссарлигининг ношири афқори бўлиб давом қилди. Журналнинг бутун давом муддатида мен ёзған мақоламнинг сони ўнга бормайдир. У қандай қилиб менинг ношири афкорим бўлсин?! Бироз ўйланг, Ўзбекистоннинг марказида фирқа ва шўро идораларининг кўзлари остида чиқған бир журнал уч-тўрт йил менинг ношири афкорим бўлади-ю, шуни сиздан бошқа ҳеч ким онгламайдими? Сиз бу демагўги билан кимни таҳрир қилғанингизни ўйладингизми?! «Маориф ва ўқитғучи» журналида Яссавий ҳақида ёзғаним мақоладан сўз очасиз. Мен у мақоламда Яссавийни санъат ёғидан, мафкура томонида қаттиқ танқид қилдим, унинг зарарли эканини, унинг таъсирига қарши курашмоқ кераклигини сўзладим. Ёлғиз унинг баъзи шеърлариға олданиб, унинг йўқсуллар томонида турғанин қабул қилмоқчи бўлдим. Сўнгралари эса, фикримнинг янглиш эканини онгладим. Сизга ёқмаған «Намуналар»имнинг муқаддимасида Яссавий ҳақинда бошқача фикр юргиздим. Сиз «Намуналар» ҳақинда танқид ёзмағанингиз ҳолда Яссавий ҳақинда унинг муқаддимасидағи сўзларимдан кўз юмиб, «Маориф ва ўқитғучи»даги мақоламға ёпишасиз. Бундан кейин Чиғатой адабиётининг «мундарижаси» ва «шакли» ҳақинда фикр юргузасиз. Бошлаб Чиғатой шоири деб Навойи билан Яссавийни кўрсатасиз. Азизим, сизда чиғатой сўзига қарши қизиқ бир ҳолат пайдо бўлған, ўзингизга ёқмаған ҳар кимни чиғатой деб сўкмоқчи бўласиз, ишнинг бу қадари чегарани ошишдир. Яссавий Чиғатой шоири эмас. У Чиғатой адабиётидан бурун ўткан бир шоир. Сўнгра Навойидан намуналар олғанда менинг тартиб қилғаним ва сизнинг танқид қилғанингиз китобдан олмайсиз-да, Навойининг ўз девонидан, диний мавзудаги байтларни оласиз. Сизнинг у намуналарингизни кўрган киши менинг китобимдан олғанингизни гумон қиладир-да, менга ҳужумларингизни қисман ҳақли кўрадир. Сиз ҳам шуни истайсиз. Ҳолбуки, Навойининг динсиз бир шоир эканини мен даъво қилмадим. Унинг диний парчалари бор ҳам кўбдир. Лекин менинг «Намуналар»имдаги асарлари бу қатордағи асарлар эмас. Навойидан олған байтларни таржима қилишингиз бир оз «вадудона» бўлған, кўби тўғри эмас. Сўнгра Навойи билан Яссавийдан берганингиз намуналарға суяниб, «Чиғатой адабиётининг шаклидан ҳам фойдаланиш мумкин эмас» дейсиз. Лекин сиз шакл билан вазнни бир-биридан ажрата олмағансиз. Шакл деб вазн билан айрим сўзларни оласиз. Ҳолбуки, шаклга ифода тарзи, мажоз, истиора ва шеърнинг бутун (поэтик) хусусиятлари кирадир. Навойининг вазнидан фойдаланиш, албатта, мумкин. Мундан бошқа(си) Яссавийнинг вазнидир. Яссавий ва Яссавий мактаби шоирларида бармоқ вазнининг чиройлик намуналари бор, фойдаланиш мумкин. Сиз Яссавийни чиғатой шоирларининг аруз вазнида ёзғанлари ўйлаб, шу хатоларға тушгансиз. Ҳатто кўчирганингиз Навойи билан Яссавий шеърлари орасида бўлған вазн айирмасиға ҳам диққат қилмағансиз… Юрт қайғуси I Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг? Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг, Отиллаларнинг шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?! Дунёни «урҳо»лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурған тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун… Нечун… нечун..? Гапур менга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?! Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Ҳиндистоннинг, Эроннинг, Оврўпанинг улуғ хоқонларини сен юбормадингми? Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғойи! Қани у чақмоқ чақишли ботир хоқонларинг? Қани аввалғи ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун «урҳо»ларинг эшитилмайдир? Дунё халқини бўйсундирмаган салтанатларинг нечун бузилди? Инсонлик оламини қанотлари остинда олган хоқонлиғнинг нечун кучи ўлди? Кучингми кетди? Кимсасизми қолди? Йўқ… йўқ… Тангри ҳаққи учун йўқ!.. Сен кучсиз эмассан, сен кимсасиз эмассан! Бугун ер юзида саксон милюн боланг бор. Буларнинг томирларидаги қон чингизларнинг, темурларнинг қонидир. Буларнинг кучлари сенинг кучингдир! Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир. Ёлғиз… Оҳ, ёлғиз… тарқалмишдир. II Ётсам тушумда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қаршумда мунгли бир хаёл келиб турадур! Бу бир хотун хаёли… Бир хотунки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа бир кийим йўқ. Бош-аёғлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботған, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаған!.. Қарайман: кимсасизлик юкиндан ориғланган танда золимона урулған қамчиларнпнг яраси бор. Кўраман: жоҳилона қилинған эмлардан носулға қайтған яралариндан қонлар оқиб турадур!.. Эй мунгли хотун, сен кимсан? Эй ғамли она, нечук мундан айрилмайсан? Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан, нечук кетмайсан? Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз қолған кўзларинг, у ёш ёмғурларин нечун тўкадир? Зулм занжирлари билан боғланган қўлларинг нечун ҳар ёнга узатиладир, нима тилайсан?.. Оҳ… Билдим… билдим… Англадим! Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан. Эй муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма. Ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма. Туроним, сендан айрилмоқ — менинг учун ўлимим. Сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдир, Паноҳим, саждагоҳим, умидим! Ёвларинг сени шу кунгами солдилар? Тилагим, истагим, саодатим! Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар? Суюнчим, овунчоғим, ўчоғим! Золимлар сени кимсасизми кўрдилар? Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен, бутун борлиғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози. Қоф тоғлари йўлимда тушса; Тамуғ оловлари қаршумдан чиқса, яна сен сари кетарман. Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса, Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса, яна сен сари кетарман. Дунёнинг бутун балолари бошимға тўкулса, Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман. Мен сенинг учун тирилдим, Сенинг учун яшарман, Сенинг учун ўлурман. Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи! Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга, Нафрат сени кўмгани келганларга! III (Темур олдинда) Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букук. Сенинг зиёратингга келдим, султоним! Эзилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, хоқоним! Юз йиллардан бери жафо кўруб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларин этакларингга тўкарга келдим. Қоронғуликлар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим. Номусини бад кишиларнинг аёғлари остинда кўриб турклик қони қайнағай, мусулмонлик ҳамияти тошғай, тамуғ оловлари каби сочрағай. Лекин ўз кучсизлигин англаб қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган туркнинг ҳолини айтарга келдим, хоқоним! Улуғ хоқоним! Турклик шарафи таланди. Турк учун қўйдиғинг давлат битди, турк остиға қурдиғинг ҳоқонлик ёғийгами кетди. Туркнинг номуси, эътибори, иймони, виждони золимларнинг аёғларн остинда қолди. Туркнинг юрти, улоғи, ўчоғи, Турони ёт қўлларға тушди. Туркнинг билгиси, онги, ўйлови, зийраклиги жаҳолат ўлжасиға кетди. Сенинг қиличинг билан дунё эгаси бўлған турк тинчгина бир ётоқ тополмай қолди. Сенинг кучинг билан дунё хўжаси бўлган турк қарлуқ темурларига кирди. Хоқоним! Туркликка хиёнат қилғанлар турк бўлсалар ҳам қонларини оқизмоқ сенинг муқаддас одатингдир, ётма, тур! Сенинг омонатингға хиёнат қилғанларни эз, ур, ўлдур! Султоним! Биламан, шу тобда сенинг у юксак ва улуғ руҳониятинг мен каби тубан руҳли ва ҳимматсиз бир боласининг шу ҳолиға ғазабли кулуб турубдир. Биламан, шу чоғда сенинг тўлқунли денгизларға ўхшаған юрагинг мен каби юраксиз бир ўғлингнинг шу кўринишиндан нафрат қиладир. Чунки юқорида айтдигим ишларнинг ҳаммасига ўзим сабаб бўлдим, барчасини ўзим қилдим, Сенинг Туронингни ўзим талатдим, Сенинг турклигингни ўзим эздирдим, Сенинг омонатларингга хиёнат ўзим қилдим. Мен уч кунлик умримни тинчгина ётиб ўтказмоқчи бўлмаса эдим, шуларнинг бирортаси бўлмас эди. Мен қўлимға топширдиғинг қилични ташлаб, чолғуни олмаса эдим, Туроним таланмас эди!.. Мен ёлғиз қонли кўз ёшларимни бу сағанангга тўкмак учун эмас, ўз ёзиқларимни иқрор этарға келдим, ХОҚОНИМ. Мени қўйма! Мен ёлғиз ёзиқларимни иқрор этарға эмас, Туронға бердигим зарарларни тўламоқ учун келдим, ХОҚОНИМ. Мендан нафрат этма! Эй арслонлар арслони! Меним ёзуқларимдан ўт, Мени қўлимни тут, Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер! Сенинг дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман. IV Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир? Номусми, виждон била имонми керакдир? Темур била Чингиз қони тошди томримиздан, Айтгил! Сени қутқармоқ учун қонми керакдир? Ёв суқғали келгач қиличини юрагингга, Туш олдига, ол кўксуми — қалқонми керакдир? Боқ, боқ, мана турк тенгизи тошқун қила қолди, Турон ёвини қувғали тўфонми керакдир? Турон, йигитинг, барчага боқ, қалқди оёқға, Юртда қоровул қўйғали арслонми керакдир? «Шўройи исломия»нинг хатоси Мақоламизнинг шу унвони, ўқувчиларимизнинг ҳайрат ва таажжублариға сабаб бўлса керак. Узимиздағи шул мақолани буюк бир ҳайрат ва таажжуб ичинда ёзиб турибмиз. Масала шу: «Шўройи ислом» жамиятининг сайлов тўғрисинда «уй эгалари» отли бир рус партияси билан иттифоқ қилғанини барчамиз билиб олдик энди, Машҳур сўзларға қарағанда, шул иттифоқ икки мусулмон, бир рус тартиби ўзаро боғланган. Мунинг маъноси шуки, «Шўройи ислом» ўз рўйхатиға элли(қ) мусулмон ва йигирма беш русни, икки мусулмон бир рус қилиб ёзадир. Сайлов куни «Шўройи ислом» тарафдорлари бўлған мусулмонлар билан «уй эгалари» тарафдорлари бўлған руслар шул шўронинг рўйхатиға тавуш берурлар ва натижада масала 15 галос олинса, 5 тасини русларга бериб, 10 тасини мусулмонлар олурлар. Тунов куни мутафаккир бир дўстим билан шул тўғриларда гапуриб ўтирған эдим. Дўстим ҳақли бир суратда «Шўройи ислом»нинг шул иттифоқини танқид қилди, дедиким: Самарқанд сайловиға қушилатурғанлар; мусулмондан (хотунлар ҳисоб эмас) ўнолти минг, жуҳуд икки минг беш юз, рус ўн бир минг беш юз, ҳаммаси ўттиз минг киши бўлур. Шул ўттиз минг кишини етмиш беш галосига тақсим қилсак, ҳар тўрт юз кишига бир галоси тушар. Эмди шуниси ҳам маълумдирки, сайловға қўшилатурған ўн бир минг беш юз руснинг ҳаммаси «уй эгалари» партиясига доҳил эмаслар. Чунки руслар орасинда «уй эгалари» партиясидан бошқа тўрт-беш партия бордур. «Уй эгалари» партияси ғайрат қилса, ўн бир минг беш юз русдан икки мингини ўз тарафига ола билур. Фараз қилайликки: шўро жамияти шул сайловда ўз тарафиға, ўз рўйхати учун икки минг мусулмон товуши ола билсун. «Уй эгалари» партиясининг ўттиз беш галоси тушар. Энди иттифоқ юзиндан шўро жамиятининг ўзи шул ўттиз беш галосдан ўн икки минг мусулмон товуши олур 24 галосни; «уй эгалари» партиясига икки минг рус товуши учун берур ўн бир галосни! Ҳолбуки, айри-айри списка бўлғанда «Шўройи ислом» ўн икки минг мусулмон товуши учун 30 галосни ва «уй эгалари» партияси икки минг рус товуши учун беш галосни олур эди. Мана шул ҳисоб юзиндан Шўро жамиятининг шул қилған иттифоқи мусулмон ҳақиға зарарлидир, чунки олти мусулмон галосининг ери русларға ўтган бўлур. Дўстимнинг бу ҳисобларини эшитгач, ҳайратда қолдим. «Ажабо, Шўро жамияти нечун шуни тушунмайди?» дедим ва чиқиб келдим. Шўро шу масалани тушунмаған бўлса, миллатнинг ўзи тушунсин ва ортуқ қайси нўмир рўйхатға товуш бермак керак эдигини тайин этсун. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Абдурауф Фитрат). Downloaded from uzbekai.com.