Яссавия мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар Абдурауф Фитрат Ўрта Осиё турк адабиётининг исломдан сўнгги мактаблари орасида Яссавий мактаби жуда нуфузли, катта ўрин тутадир. Бу мактаб асрлар бўйича бизнинг ўлкада хонақоҳ, ибодат адабиёти ярата келди. Элимизга дунёдан, ҳаётдан узоқлашиш, риёзат чекиш фикрлари каби буддизм қолдиқларини исломий бўёқлар билан бўяб беришга машғул бўлди. Зотан, ибодат адабиёти исломдан бурунғи туркларга ёт бир одат эмас эди. Милодий ўнинчи асрда Бухородан Хитойға саёҳат қилған сайёҳ Абу Дулаф мусулмон бўлмаған қирғизларнинг ўз ибодатларида тизмалар ўқуғанларин кўрган эди. (Мажма ул-булдон, Ж. 3. б. 448.) Яссавий тариқатининг, айнуқса, дала турклари орасида мунча кенг шаклда тарқалишиға, бу тариқатнинг уларнинг эски ибодат шаклларига ёт бўлмағанин ҳам катта роли бўлған, албатта, Яссавий мактаби адабиётининг бошида милодий 1166 (ҳижрий 562) да ўлған машҳур Аҳмад Яссавий туради. Ўрта Осиё сўфийлигининг «яссавия» ёхуд «жаҳрия» қўлини таъсис қилған бу одам ҳақида «Маориф ва ўқитғучи» журналининг ўтган сонларида ёзилған эди, янгидан бу ҳақда сўзлаш керак эмас. Ёлғуз шуни айтиб ўтиш лозимки, яссавий тариқати Ўрта Осиёда абдулҳолиқийлар ёхуд нақшбандлар тариқати билан мувози’ суратда давом этиб курашкан. Темурийлар замонида яссавийлар бу курашда муваффақ бўла олмаған бўлсалар ҳам, ўзбеклар ҳуқумати замонида рақибларини енга олғанлар. Шайбонийхоннинг яссавий шайхларининг фотиҳа ва ташвиқлари билан келиб машҳур нақшбанд шайхи Хўжа Аҳрорнинг севгили ўғли Хўжа Яҳёни(нг) укалари боболари билан ўлдурилиши яссавийларнинг енгишлари эди. Ўзбек Убайдуллоҳхон замонида яшаб, милодий 1542 йилда ўлған Маҳдум Аъзами Даҳбидийнинг нақшбанд бўлгани ҳолда «жаҳрия»ни қабул қилиши Ўрта Осиёда яссавийлик ғалабасининг хорижий бир шоҳиди бўлди. Мана шундан сўнг яссавийликнинг Ўрта Осиёда ғолиб сифати билан давом қилғанин кўрамиз. Яссавийликнинг хоҳ ғалабасидан бурун, хоҳ ундан кейин Ўрта Осиёда бир кўб шоирлар етиштирганини қабул этмак жудаям янглиш бир ҳаракат бўлмаса керак. Лекин бу Яссавий шоирларининг асарлари бўлсун, ўзлари бўлсун ҳалигача тамоман маълум бўлмаған, текширилмаған! Булардан бизга яхшигина маълум бўлмағани Аҳмад Яссавийнинг шогирди, муриди Ҳаким Сулаймон отадир. Ҳаким Сулаймон ота Аҳмад Яссавийнинг учинчи халифаси бўлуб, унинг кўрсатиши билан Хоразмға бориб шайхлик қилган. Милодий 1186 да (пиридан йигирма йил сўнгра) ўлган. Қабри Хоразмда Боқирғон деган жойда, қўлимизда бўлған «Тазкират ул-авлиё»ларнинг бири Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикмат»ларидан бермагани ҳолда ҳаммалари Ҳаким Сулаймон отанинг кўб «Ҳикмат»лари борлиғини бир оғиздан айтиб турадилар. Боқирғон ҳикматлари «Боқирғон китоби» исми билан 1906 йилда Қозонда босилған. Бори 75 бетдангина иборат бўлган бу китобчадаги шеърларнинг ҳаммаси Ҳаким ота шеърлари эмас. Онда Ҳаким Сулаймон отанинг ёлғуз 36 парча шеъри бўлған, ҳаммаси 1180 мисрадан иборатдир. Мазкур китобчада Ҳаким отадан бошқа кўбрак шеърлари ёзилған шоирлар тубандагилардир: 1. Шамсдан 24 парча, ҳаммаси 1058 мисра’. 2. Иқонийдан 19 парча, ҳаммаси 266 мисра’. 3. Қул Убайдийдан 13 парча, ҳаммаси 334 мисра’. 4. Қул Аҳмаддан 10 парча, ҳаммаси 238 мисра’. 5. Машрабдан 10 парча, ҳаммаси 201 мисра’. 6. Худойдоддан 4 парча, ҳаммаси 64 мисра’. 7. Қул Шарифдан 4 парча, ҳаммаси 70 мисра’. 8. Фақирийдан 2 парча, ҳаммаси 28 мисра’. Булардан бошқа Ҳуббий, Қосим, Тафий (?), Фикрий, Масиҳий, Ғаззолий, Гадоли, Қул Шарафий, Шуҳудий, Беҳбудий, Бобо Мочин, Тож каби шоирлардан бирор парча босилған. Бу шоирлардан «Қул Аҳмад», «Хожа Аҳмад», «Қул Хожа Аҳмад» тахаллуслари билан ҳикмат ёзғани Аҳмад Яссавийнинг ўзи бўлгани каби, Машрабнинг ҳам ўзимизнинг Шоҳ Машраб бўлиш эҳтимолини қабул қилиб, ким эканлари текширилмаған шоирларға ўтамиз. Иқоний: тахаллусидан унинг Фарғонадаги Иқондан экани онглашиладир. Яссавий шоирлари орасида машхур Маҳдуд Шайхнинг муриди Қамол Шайх деган одам бор. «Рашаҳот» билан бирга бутун маноқиб китоблари бу Камол Шайхнинг Хожа Аҳмад билан суҳбат қилғанин хабар бермакдалар. «Рашаҳот» унинг дақида «аз кибори ашоби Маҳдуд шайх буда ва дар вилояти Шош мином дошта» деб Тошкандда турғанин билдирадир. Ҳижрий 1096 да бухороли Муфти Зинда Али томонидан ёзилған «Самарат ул-машойих» отли китобда ҳам «Ламаъот»да бу Камол Шайхнинг таржимайи ҳоли ёзилғанда «лақаби эшон Иқоний аст солҳо дар қария Алиобод Самарқанд буданд, вафоти шариф эшон он жост», дейиладир. Бунинг катта нуфузли бир шайх бўлуб, «Иккинчи Аҳмад Яссавий» деб аталғанини мазкур «Самарат ул-машойих» эгаси қайд этадир. Хожа Аҳрор мундан гапирганда «Хуросондан Тошкандға қайтғанимдан сўнг менга келиб турар эди», деган. Хожа Аҳрорнинг ҳижрий 806 да туғилиб, 29 яшарлиқда Хуросондан Тошкентга қайтғанини назарга олганда Иқонийнинг ҳижрий 835 дан сўнгра Тошкендда бўлғанини, ондан кейин Самарқандға кўчиб, шунда вафот қилганини айтиш мумкин. «Самарат ул-машойих»нинг мазкур Шайх Камол ҳақида «ва ҳикмати бисёр аз эшон сар зада аст, маштамил бар маориф ва дақойиқин қавм аст», деб унинг сўфийликка оид бир кўб ҳикматлар ёзғанин тўғрисидаги ифодасини ҳам юқоридағи маълумотға қўшуб қўйсак, Боқирғон китобидаги Иқонийнинг шул Камол Шайхдан бошқа киши бўлмағанига шубҳа қолмайди. Ҳижрий тўққизинчи асрда ўлган бу чиғатой — яссавий шоирининг бутун шеърлари шул Боқирғон китобида босилған 19 парчадан иборат эмасдир, албатта. Шунинг учун бу 19 парча билангина Иқонийнинг шоирлиғи тўғрисида бир фикрга келиш(и) қийин. Шундай бўлса ҳам шул парчаларга қараб унинг ҳаяжонсиз, кучсиз, қуруқ бир назмчи воиз бўлғаниға ҳукм қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Шамс: Боқирғон китобидаги ҳикматларда бунинг кўпроқ Шамс, бир ўринда Шамсиддин, бир-икки ўриндағина Шамс Ўзгандий тахаллус қўйғанини кўрамиз. Ҳалиги «Самарат ул-машойих»нинг ифодасича, Камол Шайх Иқонийнинг Сайид Аҳмад деган бнр муриди бўлған. Иқонийға йигирма йил хизмат қилған. Йигитлик чоғида Хожа Аҳрор билан суҳбати бўлған. Самарқандда вафот қилган. Қабри у замонлар «Шайхзода дарвозаси» аталған «Пойиқабоқ» дарвозасида экан. Мана шу Сайид Аҳмад Шайхнинг муридларидан бири Мавлоно Шамс Ўзгандийдир. Асли, Ўзганддан, расмий таҳсилини Ҳиротда битирған. Ундан қайтиб, Самарқандда Сайид Аҳмад Шайхға мурид бўлган. Сўнгралари яна Ўзгамға бориб, деҳқончилик билан машғул бўлган. Пири Сайид Аҳмад Шайх ўлгандан кейин Самарқандга қайтиб, унинг ўрнини олған бўлса керак. Вафоти Самарқандда бўлиб, пири Сайид Аҳмад Шайхнинг ёнига кўмилган. «Самарат ул-машойих» эгаси мунинг ҳам ҳикматлари борлиғини сўйлаб: «Қутби жаҳон Сайид Аҳмад, ё (ҳазрат) шайхам мадад» мисраъини ўз китобига кўчирадир. Бу мисраънинг Боқирғон китобидаги Шамс шеърларидан шул бизнинг Шамс Ўзгандийники эканин қатъий суратда билдирадир. Шамс Ўзгандийнинг Хожа Аҳрор билан муносабати тўғрусида ҳеч бир қайдға учрамадик. Шунинг учун бунинг Хожа Аҳрор ўлғандан сўнг Самарқандда туруб, ҳижрий ўнинчи асрда вафот қилғанини қабул этиш жудаям янглиш бўлмаса керак. Қул Убайдий: Убайдий, Убайдуллоҳ, Қул Убайдий тахаллуслари билан ҳикматлар ёзган бу одам, бизнинг фикримизча, машҳур ўзбек хони Убайдуллоҳ(хон)дан бошқа киши эмас. Машҳур Шайбонийнинг Марв теграсида шоҳ Исмоил Сафавий ўлдурулиши (1510) муносабати билан ажиб суратда тарқалган ўзбек аскари кучини бот фурсатда йиқиб, Шайбоний олған ўлкани янгидан зиёд қилған. Бу одам нойиб ҳам мустақил бўлуб, йигирма саккиз йил ҳукумат сурди ва милодий 1539 да вафот қилди. Бу одам ўзининг ҳукумат ишлариға қарамасдан шайхлиқ ҳам қилар эди, бу ишни ўзининг сиёсати учун лозим билар эди. «Самарат ул-машойих»нинг ёзганига кўра, Убайдуллоҳхоннинг тариқат нисбати Авлиё Қорахон отли бир шайх воситаси билан Ҳаким Сулаймон отаға борадир. Ёлғуз бу қадар билан қолмаған, ўзи учун муридлар олған. Жаҳр мажлислариға иштирок қилған. Унинг ўлими билан топилған тарих моддаси «Зикр гў» (яъни зикр этгучи»дир). Убайдуллоҳнинг яссавийлар билан жуда қатъий боғланғанига яна бир далил, яссавий шайхи Худойдоднинг муриди Муҳаммадиёр Нўғай отаға ўз қизини берганидир. (Нўғай ота 1533 да ўлуб, Самарқанднинг «Сўғд» деган мавзеъида кўмилган.) Убайдуллоҳ шоир ҳам мутасаввиф шоирдир. Унинг форсийча яхши шеърлар ёзганини «Музаккир ул-аҳбоб», «Мажма ул-фусаҳо», «Тазкират ус-салотин» каби манбаълар кенг суратда бизга билдирадирлар. Унинг форсийча бир ғазали машҳур мутасаввиф Маҳдум Аъзам номидан тасаввуф услубида шарҳ қилинған (менинг кутубхонамда бор). Убайдуллоҳнинг форсийча шеърларида тахаллуси кўбрак Убайдий бўлуб, баъзан Убайдуллоҳдир. Масъаланинг қоронғи томони унинг ўзбекча ҳикматлар ёзиб ёзмағанидир. Юқоридан бери унинг ҳаёти ҳақида берганимиз маълумотдан Убайдуллоҳнинг ҳикматлар ҳам ёзғанини гумон қилиш мумкин эди. Иш бизнинг гумонимиз билангина қолмади. Яқинда Бухорода топилған «Девон»и унинг Навоий мактабига эргашиб туркий ғазаллар, Яссавий мактабига эргашиб ҳикматлар ёзғанини ҳам очиқ исбот қилған бўлди. Худойдод: яссавий шайҳларидан бўлиб, Шайбонийхонға ёрдам қилмагани учун Самарқанддан Ҳиротға ҳайдалған Жамол Шайхнинг муридидир, Яссавийликнинг нуфузли шайхларидан бўлған Олим Шайх томонидан ёзилған «Ламаъот» китоби мунинг маноқибидир. Милодий 1532 нчи йилда ўлуб, Самарқанд шаҳридан уч тошлиқ йўлда кўмилган. Мутасаввиф шоирлардан бўлуб, тахаллуси Худойдоддир. Форсий шеърларидан бир ози «Ламаъот» китобида бордир. Бизнинг фикримизга кўра, туркий ҳикматлар ёзган Худойдод ҳам шунинг ўзидир. «Боқирғон китоби»даги Қосимнинг Карманадаги машҳур Яссавий шайхи Қосим Шайх Азирон бўлиш эҳтимоли эсга келгани каби, Қул Шарифнинг Бухородағи қабри тунокунгача яссавийчиларнинг жаҳр ўрни бўлған Мавлоно Шарнф бўлиши мумкин. Хуббий Ҳаким отанинг ўғли Хубби хожа бўлғани каби, Мочиннинг Аҳмад Яссавий муриди Бобомочин эканини қабул қилишға илмий бир моне’ бўлмаса керак. Насимий машҳур озари(й) мутасаввиф шоири Сайид Имод Насимийдир. Ғарибий тўғрусида очиқ бир нарса айта олмаймиз. Бизда бу исмда бир шоир бўлғани маълум бўлса-да, ҳалигача яхши текшира олмаганимиз учун бу хусусда гапирмай ўтиш муносибракдир. «Боқирғон китоби»даги шоирларнинг қолған қисмлари хусусида ҳеч бир нарса топа олмағанимизни этироф қиламиз. Текширишлар давом қилған сайин бу жиҳатларнинг ҳам кўбрак очила боришлари маълум. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Яссавия_мактаби_шоирлари_то%E2%80%98g%E2%80%98risida_текширишлар. Downloaded from uzbekai.com.