Алишер Навоий Алишер Навоий Ашрақат мин... Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо, Ёр аксин майда кўр деб, жомдин чиқди садо. Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам, Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо. Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синған сафол, Жом ўлур гетинамо, Жамшид, ани ичкан гадо. Жом-у май гар бўйладур, ул жом учун қилмоқ бўлур, Юз жаҳон ҳар дам нисор, ул май учун минг жон фидо. Дайр аро ҳуш аҳли расво бўлғали, эй муғбача, Жоми май тутсанг мени девонадин қил ибтидо. Токи ул майдин кўнгил жомида бўлғач жилвагар Чеҳрайи мақсуди маҳв ўлғай ҳамул дам моадо. Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичкарим, Жом-у май лафзин деган бир исм ила қилғай адо. Сен гумон қилғандин ўзга жом-у май мавжуд эрур, Билмайин наф этма бу майхона аҳлин, зоҳидо. Ташналаб ўлма Навоий, чун азал соқийсидур, “Ишрабу, ё айюҳал-атшон” келур ҳар дам нидо. Дўстлар, аҳли замондин... Дўстлар, аҳли замондин меҳр умиди тутмангиз, Меҳри гардун бўлсалар кўз нуридин ёритмангиз. Гар шаҳ ўлсин, гар гадоким, солмангиз юзига кўз, Йодини балким кўнгулга ҳар тараф ёвутмангиз. Зулм ила юз чок қилған танға гар малҳам ёқиб, Буткарурбиз, десалар, ул захмларни бутмангиз. Эл жафосининг малоли қилса ҳар дам қилса қасди жон, Кўнглингизни ғайри бекаслик била овутмангиз. Ўксуди эл майли мендин, бир йўли, эй дард-у ғам, Гаҳ-гаҳе сиз боре бошимдин қадам ўксутмангиз. Ҳажр ўтин жонимға ёқтим кўрсангиз усрук мени, Энди, эй панд аҳли, дўзах ўтидин қўрқутмангиз. Чун Навоий дашт тутти эмди зинҳор, эй вуҳуш, Ким, башар жинсини ул мажнун сари ёвутмангиз. Дўстлар, маҳрам деб элга... Дўстлар, маҳрам деб элга роз ифшо қилмангиз, Бошингизға юз бало куч бирла пайдо қилмангиз. Фош қилманг роз, чунким асрай олмай қилдингиз, Ўзгалардин асрамоқ боре таманно қилмангиз. Ишқ асрориға тил маҳрам эмастур зинҳор, Ким, кўнгулдин тилга ани ошкоро қилмангиз. Чун кўнгулдир қалб-у тил ғаммоз, махфий розни, Жон ҳарамидин бу иккига ҳувайдо қилмангиз. Чун кўнгул тил бирла маҳрам бўлмади, ҳожат эмас, Айтмоқким, элга андин нукта имло қилмангиз. Саҳв этиб, чун роз дуррин сочтингиз, нодим бўлуб, Оҳнинг дудин саҳоб-у кўзни дарё қилмангиз. Чок-чок айлаб кўнгулни, тилни айлаб юз тилим, Ташлаб итларга аларнинг йоди қатъо қилмангиз. Менда ҳижрон дарди-ю йўқ сабр, бори дўстлар, Чорае гар қилсангиз, жуз жоми саҳбо қилмангиз. Чун Навоий ишқ розин асрай олмай қилди фош, Отини роз аҳли туморинда иншо қилмангиз. Эй сабо, ҳолим бориб... Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт, Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт. Буки анинг аҳд-у паймониға мен ўлсам дағи, Яхши фурсат топсанг, ул бад аҳд-у паймонимға айт. Буки анинг зулфи зуннорида диним ҳосили, Куфр ила бўлмиш мубаддал, номусулмонимға айт. Буки қилмишам жаҳон-у жонни анинг садқаси, Юз туман жон-у жаҳондан яхши жанонимға айт. Буки юз жон садқаси қилсам пушаймон бўлмағум, Васлиға бир ваъда қилғандин пушаймонимға айт. Буки юз минг фитнакўзлиғ бўлса пайдо онсизим, Қилмағум наззора ҳаргиз, кўзи фаттонимға айт. Буки чок айлаб ёқа, усрук чиқар эл қасдиға, Мен ўлиб эл жон топар, бебоки нодонимға айт. Даҳр боғи гуллари ҳуснин вафосиз эрканин, Юзи гул, жисми суман, кўйи гулистонимға айт. Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сенингдек хушнаво, Булбули йўқ эрканин шоҳи сухандонимға айт. Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш... Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш, Эл анга шафиқ-у меҳрибон бўлмас эмиш. Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса, Булбулға тикондек ошиён бўлмас эмиш. Гулрухи раъноқадим... Гулрухи раъноқадим чун боғ тавф айлар бориб, Инфиолидан гули раъно қизариб, сарғайиб. Юз шикоф эттинг таним, йўқ эди кўнглимдан нишон, Ўйлаким ўт топмағайлар кулни ҳар ён ахтариб. Совуғ оҳимдин ёруғлиқ оз, вале кўп тийралик, Қишда ул янглиғки, тун бўлғай узун, кун қисқориб. Заф’ вақти кўйидин чиқмоқ тахайюл айласам, Икки қатла ҳар қадамда тинмоқ истармен ҳориб. Тутмадим бўғзим сабудек бода тарки айлабон, Май тилармен пири дайр оллида балким ёлбориб. Соқиё, лаб ташнамен, андоқки, кўк жоми тўла, Бода тутсанг, сарнигун айлармен ани сипқориб. Эй ажал, ҳижрон аро олдинг Навоий жонини, Лутф қилдинг, жонни андан, ани жондин қутқориб. Ҳар гадоким... Ҳар гадоким, бўрёйи фақр эрур кисват анга, Салтанат зарбафтидин ҳожат эмас хилъат анга. Ким фано туфроғиға ётиб қўяр тош узра бош, Тахт уза эрмас музаҳҳаб муттако ҳожат анга. Шаҳ юриб олам очар, дарвеш оламдин қочар, Ҳам ўзинг инсоф бергилким, бу не нисбат анга. Ҳар не шаҳ мақсудидур, дарвешнинг мардудидур, Кўр не ҳимматдур мунга, не нав эрур ҳолат анга. Фақр кўйи туфроғин шаҳ мулкига бермас фақир, Мулк кўрким, тенг эмас туфроғ ила қиймат анга. Шаҳ сипаҳ чекса, фақир аҳволиға етмас футуре, Бу вале чеккач нафас, барбод ўлур ҳашмат анга. Шаҳ эмастур бир нафас осуда дўзах ваҳмидин, Эй хушо дарвешким, мардуд эрур жаннат анга. Шаҳға сидқ аҳли дамидин машъали давлат ёрур, Меҳрдекким, субҳ анфоси очар талъат анга. Шаҳға шаҳлиғ мусалламдур, агар бўлғай мудом. Шаҳлиғ таркин қилиб, дарвеш ўлур нийят анга. Мумкин эрмас шаҳлар ичра бўйла ниятлиғ, магар, Шоҳи Ғозийким, муяссар бўлди бу давлат анга. Шаҳлар дарвеш-ю, дарвешлар шаҳики, бор Шаҳлиғ суврат анга, дарвешлик сийрат анга. То шаҳ-у дарвеш бўлғай айлагул, ё раб, аён Шаҳдин хидмат мунга, дарвешдин ҳиммат анга. Гар Навоий сўз узатти, фақрдин эрмас деманг, Бўлмағунча ҳукм шаҳдин, қайда бу журъат анга?! Ҳар қачонки, кемага... Ҳар қачонки, кемага ул ой сафар рахтин солур, Мавжлиғ дарё киби ошуфта кўнглум қўзғолур. Йиғлама эй кўз, недин соҳилға чиқмас кема деб, Ким ёшинг дарёсидур ҳар сорига эл кўз солур. Титрабон симобдек кўнглум етар жон оғзима, Тунд ел таҳрикидин ҳар дамки, дарё чайқолур. Сабр кўнглумда, кўнгул ул ойда, ул ой кемада, Ваҳки, бориб термулуб кўз, мунграйиб жоним қолур. Дам тутулғандин ўлар элдек, етибмен ўлгали, Сурмасун деб кемасин баски нафаслар асролур. Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судки, Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур. Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр, Илгига чунким Навоий бода киштисин улур. Ҳаво хуш эрди-ю... Ҳаво хуш эрди-ю оллимда бир қадаҳ майи ноб, Ичар эдим вале ғамдин қадаҳ-қадаҳ хуноб. Ки, ҳозир эрди ўшул сарви наргиси махмур, Валек рағмима қилмас эди қадаҳға шитоб. Манга не заҳрайи улким, десамки, бир қадаҳ ич, Не онсиз ичкали май, не қарори тоқат-у тоб. Бу ғусса бирла ичим қон бўлуб нечукки қадаҳ, Кўзумга ҳар нафас ашк эврулур мисоли ҳубоб. Чу англадики, борди ихтиёр илгимдин, Кулуб қадаҳ киби лутф айлади-ю қўйди итоб. Қадаҳни ичти-ю юз лоба бирла тутти манга, Ки, анинг ичкани-ўқ қилди мени масти хароб. Чу соқий этти қадаҳ кўзгусида жилвайи ҳусн, Не айб ошиқи майхора кўнгли бўлса ябоб, Навоий, васл биҳиштида шукр қил бу нафас, Ки, яна чекмагасен ҳажр дўзахида азоб. Жонға чун дермен... Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?» Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати. Жисмдин сўрсамки: «Бу вазъингға не эрди сабаб?» Дер: «Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати”. Чун бағирдин сўрдум, айтур: «Андин ўт тушти манга,– Ким кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати». Кўнглима қилсам ғазаб, айтурки: «Кўздиндур гуноҳ, Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати». Кўзга чун дерменки: «Эй тардомани юзи қаро, Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг бало-ю ваҳшати». Йиғлаб айтур кўзки: «Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр, - Ки кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати». Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй, - Ким санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати. Камол касбига далолат-у нуқсонидин изҳори малолат Камол эт касбким, олам уйидин — Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ, Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ. Кеча келгумдур дебон... Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади, Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади. Лаҳза-лаҳза чиқдим-у, чектим йўлида интизор, Келди жон оғзимға-ю, ул шўхи бадхў келмади. Оразидек ойдин эрконда гар этти эҳтиёт, Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади. Ул париваш ҳажридинким, йиғладим девонавор, Кимса бормуким, анга кўрганда кулгу келмади. Кўзларингдин неча су(в) келгай, деб ўлтурманг мени – Ким бори қон эрди келган, бу кеча су(в) келмади. Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам, Йўлғаким, аввалқадам маъшуқе ўтру келмади. Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин, Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади. Кечти умрум нақди ғафлат бирла... Кечти умрум нақди ғафлат бирла нодонлиғда ҳайф, Қолғани сарф ўлди андуҳ-у пушаймонлиғда ҳайф. Жонға бир душворлиғ қўймай риёзат ранжидин, Сарф бўлди нақди авқотим тан осонлиғда ҳайф. Боғладим паймонадин паймон, фиғонким, ақл-у дин, Бўлди бу паймона-ву ул сустпаймонлиғда ҳайф. Эй мусулмонлар, билингким, бўлди умрум ҳосили Нафси кофир фитнасидин номусулмонлиғда ҳайф. Ҳайфким, наф айламас ҳар нечаким тортиб илик, Десам, ўз аҳволима бу нав ҳайронлиғда ҳайф. Андоқ ишқ қилким, пушаймон бўлмағайсенким, эмас, Ҳеч осиғ чун иш хато бўлди пушаймонлиғда ҳайф. Ҳар не ўткан сўзларим чиндур десам ёлғон эрур, Чин будурким, дегаймен умр ўтди ёлғонлиғда ҳайф. Чун енгилракдур ҳисоб ўлғанда султондин гадо, Ҳайфким, бўлғай гадо авқоти султонлиғда ҳайф. Эй Навоий воқиф эрман халқдин, бори менинг, Кечти умрум нақди ғалат бирла нодонлиғда ҳайф. Кимга қилдим бир вафоким... Кимга қилдим бир вафоким, юз жафосин кўрмадим?! Кўргузиб юз меҳр, минг дард-у балосин кўрмадим?! Кимга бошимни фидо қилдимки, бошим қасдиға, Ҳар тарафдин юз туман тиғи жафосин кўрмадим?! Кимга кўнглум айлади меҳр-у муҳаббат фошким, Ҳар вафога юз жафо, анинг жафосин кўрмадим?! Кимга жонимни асир эттимки, жоним қатлиға, Ғайри сари хулқ-у лутфи жонфизосин кўрмадим. Кимга солдим кўз қаро-ю оқини ишқ ичраким, Қон аро пинҳон кўзум оқ-у қаросин кўрмадим?! Сен вафо ҳусн аҳлидин қилма таваққу, эй рафиқ, Ким, мен ушбу хайлнинг ҳусни вафосин кўрмадим. Эй Навоий, тавба андин қилмадим шайх оллида, Ким, бу ишда дайр пирининг ризосин кўрмадим. Кимки бир кўнгли бузуғнинг... Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай. Гарчи халқ озодасимен, ёр агар бандарн деса, Андин ортуқ англаким, бир банда озод айлагай. Ёрдин ҳар кимки бир сўз дер, туганмасдин бурун, Истарамким, аввалидин ёна бунёд айлагай. Ёр ҳижронидин ўлгумдур, бу нав эрмиш сазо, Ул кишигаким, биравга ўзни муътод айлагай. Неча сабр авроқи ёзғай кўнглум-у бир оҳ ила, Сарсари ишқинг етиб, борини барбод айлагай. Шайхдин зуҳди риёйи касб ўлур, ё Раб, қани, Дайр пириким, фано расмини иршод айлагай. Одам авлодида камдур одамийлиқ шеваси, Одам эрмас, улки майли одамизод айлагай. Не балодурким, фалак ҳар кимга чекса тиғи кин, Ёнгилиб аввал менинг жонимға бедод айлагай. Беша ичра девлар мақтули ўлсун, эй пари, Гар Навоий ёна азми Астробод айлагай. Кўз била қошинг яхши, қабоғинг яхши... Кўз била қошинг яхши, қабоғинг яхши, Юз била сўзинг яхши, дудоғинг яхши, Энг била менгинг яхши, сақоғинг яхши, Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши. Кўнглум ичра дард-у ғам... Кўнглум ичра дард-у ғам аввалғиларға ўхшамас, Ким, ул ойнинг ҳажри ҳам аввалғиларға ўхшамас. Не ситамким, раҳми махфи эрди зимнида, Эмди қилса ҳар ситам, аввалғиларға ўхшамас. Демангиз Ширин-у Лайли онча бор ҳусн ичраким, Хўбликда ул санам, аввалғиларға ўхшамас. Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр, Ўлмишамким, бу алам, аввалғиларға ўхшамас. Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени, Ким, расвойи дижам, аввалғиларға ўхшамас. Кўйининг эҳромидин кўнглумни ман этманг яна, Ким, анга азму ҳарам, аввалғиларға ўхшамас. Эй Навоий, қилми Жамшид-у Фаридун васфиким, Шоҳ Ғозийға карам, аввалғиларға ўхшамас. Кўнглум ўртансун агар... Кўнглум ўртансун агар ғайрингға парво айласа, Ҳар кўнгул ҳамким сенинг васлинг таманно айласа. Ўзгалар ҳуснин тамошо айласам чиқсун кўзим, Ўз бир кўз ҳамки ҳуснунгни тамошо айласа. Ғайр зикрин ошкора қилса лол ўлсун тилим, Қайси бир тил ҳамки зикринг ошкоро айласа. Рашкдин жонимға ҳар наргис кўзи бир шуъладур, Боғ аро ногаҳ хиром ул сарви раъно айласа. Йўқ оғиздин нукта айтур маҳвашимдек бўлмағай, Гар қуёш ҳар заррасидин бир Масиҳо айласа. Офият жонимға етти, эй хуш, ул муғким, мени, Бир қадаҳ бирла заробат ичра расво айласа. Келтурунг дафъи жунунимға парихон, йўқ табиб, Ким ул ансабдур ул пари ҳар кимни шайдо айласа. Субҳдек бир дамда гардун қўймағай осорини, Ногаҳ аҳли сидқ кўнгли меҳрин ифшо айласа. Даҳр шўхиға, Навоий, сайд бўлма нечаким, Ким узори узра тун зулфин мутарро айласа. Кўнглунг истар ёрлар... Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл, Мендин-у кимдинки, кўнглинг истамас, озод бўл. Гарчи сабрим уйи янглиғ, айладинг вайрон мени, Доимо, ё Рабки, ҳуснинг мулкидек обод бўл. Мен чекиб андуҳ ўлай, эл жони бўлсун ул Масиҳ, Соврул, эй чархи нигун, вей даҳри дун барбод бўл. Бевафолар зулм-у бедодиға эрмассин ҳариф, Эй синуқ кўнглум, агар худ шиша, гар пўлод бўл. Туттум ўлмакдин тирилмак ҳажрида тенгдур манга, Эмди гар бергил зилоли Хизр, агар жаллод бўл. Чекма бошким, эмин эрмассен хазон яғмосидин, Бу чаман ичра агар савсан, агар шамшод бўл. Эй Навоий, олам аҳлиға чу йўқ эрмиш вафо, Кел-у мундин нари бекаслик била мўтод бўл. Кўргали ҳуснунгни... Кўргали ҳуснунгни зор-у мубтало бўлдум санга, Не балолиқ кун эдиким, ошно бўлдум санга: Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгул, Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга. Мен қачон дедим, вафо қилғил манга - зулм айладинг, Сен қачон дединг, фидо бўлғил манга - бўлдум санга. Қай пари пайкарға дерсен, телба бўлдинг бу сифат, Эй пари пайкар, не қилсанг, қил манга, бўлдум санга. Эй кўнгул, тарки насиҳат айладим, овора бўл, Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга. Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом, Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга. Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро, То Навоийдек асир-у бенаво бўлдум санга. Кўрганимдур субҳнинг... Кўрганимдур субҳнинг пироҳанидин чокрок, Кирпиким шабнам тўкулган сабзадин намнокрок. Бу кўнгул ғамнокидин то шодмон кўрдум сени, Истарам ҳар дамки, бўлғай хотирим ғамнокнок. Лайли андин қўйди Мажнун кўнглида рахти ғаним, Ким, йўқ эрди манзил ул водийда андин покрок. Ўйла мужгон ханжариға ёпишибдур дурри ашк, Ким, магар андин ятиме йўқтурур бебокрок. Лабларингдин жон олурда барча эл қулдур санга, Жон берурда бир қулунг йўқ бандадин чолокрок. Одамийлиқ туфроғин берса фано елига чарх, Оҳким, йўқтур киши аҳли вафодин хокрок. Неча ўқласанг Навоий кўнгли захминроқ бўлур, Кўрмадук захмеки тиккан сойи бўлғай чокрок. Кўз қонидин дема... Кўз қонидин дема, этагим лолавордур, Ким, кўҳи дарнинг этаги лолазордир. Ҳар лола бир ахгар эрур, лек сийнасўз, Қай кўҳи дард аро бу сифат лола бордур. Бир гул юзи фироқида хуноби ашк ила, Юз заъфарони ичра кўзим лолакордур. Эл поймол этарлар узуб дашт-у тоғ аро, Баским, юзинг гули қошида лола хордур. Қон ичра ғарқ бағрим аро доғ-у дашт уза, Бекаслигим чоғида манга лола ёрдур. Соқий, кетур суроҳий ила лолагун қадаҳ, Хосса бу дамки, субҳ ели лолабордур. Теграмда оҳдинки эрур, эй Навоий, ўт, Кўз қонидин дема этагим лолавордур. Лолагун тўн ичра... Лолагун тўн ичра, ё Раб, ул ғазоли Чин эрур, Yo кўзумнинг мардуми, қон ёш ила рангин эрур. Билмон оёким шафақ ичра эрур заррин ғазол, Лолагун тўн ичра ёхуд ул ғазоли Чин эрур. Айламиш гулдаста банди сун тўн-у жисмидин, Санъатеким арғувон барги аро насрин эрур. Қадмудур бу ё эрур шингарф ила ёзғин алиф, Белму ё тореки, лаъл ичра анга таскин эрур. Кўнглум ичра солди ул тўн акс ёхуд бўлди қон, Халқ кўнглин қон этарга, ваҳ, бу не ойин эрур. Бир қадаҳ гулгун май, эй соқий, тўла тутким, кўнгул, Ул бути гулгунқабо бедодидин ғамгин эрур. Эй Навоий, қатл учун гар худ қизил тўн кийди ёр, Басдур ул тўн ранги не муҳтожи қатл-у кун эрур. Дема тоғ-у лола даҳр ичра — ажал қаплони бил, Ким, кийиклар қонидин боштин аёғ рангин эрур. Меҳр кўп кўргуздум, аммо... Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим, Жон басе қилдим фидо, ороми жоне топмадим. Ғам била жонимға еттим, ғамгусоре кўрмадим, Ҳажр ила дилхаста бўлдум, дилситоне топмадим. Ишқ аро юз минг маҳмал ўқига бўлдим нишон, Бир камон абрўда тузлукдин нишона топмадим. Кўнглум ичра сарв ўқдур, ғунча пайкон, гул тикон, Даҳр боғи ичра мундоғ гулситоне топмадим. Ҳусн мулки ичра сендек шоҳи золим кўрмадим, Ишқ кўйида ўзумдек нотавоне топмадим. Кўп ўқудум Вомиқ-у Фарҳод-у Мажнун қиссасин, Ўз ишимдин булажаброқ достоне топмадим. Ул армон ичинда бўлсун, эй Навоий, гарчи мен, Бир замон ишқида меҳнатдин амоне топмадим. Таб ганжидин маоний хурдасин, юз қатла ҳайф — Ким, нисор этмакка шоҳи хурдадоне топмадим. Мен жаҳонидин кечтим-у... Мен жаҳондин кечтим-у кечмас менинг жонимдин эл, Мен илиг жондин юдум, чекмас илиг қонимдин эл. Тўш-тўшимдин баски расволиғ ўти лов-лов ёнар, Ҳар тариф йўлдин чиқарлар ўлсалар ёнимдин эл. Бахтим уйқусиға гўёким сурудедур ҳазинг, Кўйида буким уюмас ҳар тун афғонимдин эл. Танимаслар бир-бирин ёғқан мазаллар гардидин, Сўрғали ҳолим кириб чиққунча вайронимдин эл. Менда тумори жунундек печ, ваҳким, бехабар, Ҳар тараф кўнглумда қонлиғ доғи пинҳонимдин эл. Истарам, эй Хизр, келгаймен қилиб жом бирла тавф, Каъбайи кўйин хабар топқунча борғонимдин эл. Эй Навоий, қилмағайлар айб агар девонамен, Ул пари васфин ўқуған сойи девонимдин эл. Менга номеҳрибон ёр... Менга номеҳрибон ёр ўзгаларга меҳрибон эрмиш, Менинг жоним олиб, ағёрга оромижон эрмиш. Тан узра эмди фаҳм эттим ададсиз тоза доғимни, Ки, ҳар бир-бир қорарған шоми ҳажримдин нишон эрмиш. Бузулған кўнглум атрофиндағи захм ичра новаклар, Балият қушлари-ю захм аларға ошён эрмиш. Рақиби синдуриб кўнглин-у мен йиғлаб анга, лекин, Су келтирмак ҳамон-у кўза синдурмоқ ҳамон эрмиш. Балият даштида зоре кўруб Мажнун соғинғайлар, Кўнгул отлиғ бизинг оворайи бехонумон эрмиш. Хаёлинг хайли кўнглум даштида чун қилдилар манзил, Ҳар ўт ёққан ер ул манзилда бир доғи ниҳон эрмиш. Замон ошубидин кўнглумга юз шиддат етар эрди, Чу фаҳм эттим - мунга боис ул ошуби замон эрмиш. Агарчи мен ёмонмен, яхшидуркира муътарифдурмен, Ўзин яхши тасаввур айлаган мен дин ёмон эрмиш. Навоий назмини кўрдум қуёш лавҳиға сабр эткан, Буюрган ани олий қадр шоҳи хурдадон эрмиш. Мени ишқдин ман этар сода шайх... Мени ишқдин ман этар сода шайх, Дема сода шайх, айтким лода шайх. Май устидаги хасча қилма ҳисоб, Агар су уза солса сажжода шайх. Ёруғлиқ эмас мумкин андинки, бор, Залолат тариқида уфтода шайх. Риё баҳри ичра таъма заврақин, Солубдур асодин тутиб хода шайх. Ёяр доми тазвир эл сайдиға, Қилиб субҳадин дона омода шайх. Ғазабда сабу, шаҳват ичра баҳим, Агарчи эрур одамийзода шайх. Кирар одамий сониға қилса нўш, Фано дайрида бир қадаҳ бода шайх. Иродаттин ўлғай эдим бандаси, Агар топсам эрди бир озода шайх. Эранлардин ўзни тутар, гарчи бор Ўкуш зеб-у зийнат била мода шайх. Навоий тилар сода юзлуг йигит, Не ғам гар анинг ман этар сода шайх. Мени мен истаган... Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас. Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра, Чу улким, баҳрайи андин тилармен, баҳраманд этмас. Нетай ҳур-у пари базминки, қатлим ё ҳаётимға, Аён ул заҳрчашм айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас. Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусн-у малоҳатдин, Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас. Керак ўз чобуки қотилваши мажнун шиоримким, Бузуғ кўнглумдин ўзга ерда жавлони саманд этмас. Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир, Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас. Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий, тегмасин деб кўз, Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас. Менинг фироқим-у... Менинг фироқим-у анинг висоли тун била тонг, Бу нав даҳрда йўқ эҳтимоли тун била тонг. Ғариб зулф-у юз эрмасмуким, жаҳон элига, Кўрунмамиш бу икининг мисоли тун била тонг. Тонгим ёруғ-у тунум тийрадурки, чирмашдур Кўнгул аро зулфинг хаёли тун била тонг. Не тунда айш насими, не тонгда меҳр, магар, Ки, бўлди зулф-у юзунг поймоли тун била тонг. Туннинг хужаста, тонгинг қултуғ ўлсун, эй маҳваш Ки, икки банда санга бўлди ҳоли тун била тонг. Биравки, тонг-у тунин бода бирла ўткаргай, Яқинки, бўлмағай анинг мололи тун била тонг. Навоий этмади зулф-у юзунг висолин кашф, Валек эрур ғамининг иттисоли тун билан тонг. Муҳаббат дашти То муҳаббат дашти бепоёнида оворамен, Ҳар балият келса ишқ ошубидин, бечораман. Эл нетиб топқай мениким, мен ўзумни топмамон, Бўйлаким, ишқу жунун саҳросида оворамен. Қайси захмимға қилурсен чора, чун мен, эй рафиқ, Тийрборони балиятдин саросар ёрамен. Оҳ дуди ичра бир учқун киби кўрган мени, Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёрамен. Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам, не ажаб, Иш аро парвонаву булбулға чун ҳамкорамен. Эй харобат аҳли, гар сиз маст ўлуб, мен бўлмасам, Айб эмас, невчунки, сиз — майхора, мен — хунхорамен. Эй Навоий, борди деб аҳбоб таъжил этма кўп, Ит киби мен эришиб ул корвонни борамен. Навбаҳор айёми бўлмиш... Навбаҳор айёми бўлмиш, мен диёр-у ёрсиз, Булбул ўлғандек хазон фасли гул-у гулзорсиз. Гоҳ сарв узра, гаҳе гул узра булбул нағмасоз, Ваҳки, менмен гунг-у лол, ул сарви гулрухсорсиз. Тонг эмастур гар диёр-у ёрсиз озурдамен, Ким, эмас булбул гул-у гулзорсиз озорсиз. Равза ашжори ўтундир, гуллари жониға ўт, Мумкин ўлса анда бўлмоғлиқ даме дилдорсиз. Май чу бердинг, зулф ила банд эт мени, эй муғбача, Ким, хуш эмас муғ била ичмак қадаҳ зуннорсиз. Топмадуқ гулранг жоми бехумор, эй боғбон, Ваҳки, бу гулшан аро гул бутмас эрмиш хорсиз. Аҳли зуҳд ичра Навоий топмади мақсадқа йўл, Вақтингизни хуш тутунг, эй жамким, хумморсиз. Не наво соз айлагай... Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо, Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо. Ул қуёш ҳажринда қўрқармен фалакни ўртагай, Ҳар шарореким, бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо. Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғон-у нола кўп, Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо? Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени, Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо. Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил, Ёрни мендин жудо ёхуд мени ондин жудо. Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким, Қилғудекдур субҳ ани шами шабистондин жудо. Бу эгасиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз, Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз банда султондин жудо. Нокас киши бўлмасликда Нокас-у ножинс авлодин киши бўлсун дебон, Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами. Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият, Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами. Очмағай эрдинг жамоли... Очмағай эрдинг жамоли оламоро кошки, Солмағай эрдинг бори оламда ғавғо кошки. Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез, Қилмағай эрди кўзум ани томошо кошки. Бўлмағай эрди кўзум ўтлуғ юзунг кўрган замон, Ишқинг ўти шуъласи кўнглимда пайдо кошки. Айлагач ишқинг балоси зор кўнглимни ҳазин, Қилмағай эрдинг мени маҳзунға парво кошки. Тушмағай эрди фирибомез лутфунг билмайин, Нотавон кўнглумга васлингдин таманно кошки. Лутф ила кўнглумни васлингдин талабгор айлабон, Қилмағай эрдинг яна зулм ошкоро кошки. Бевафолиғ айлағач ишқингни кўнглум тарк этиб, Қилмағай эрди ўзин оламда расво кошки. Эмдиким девона-ю расвойи олам бўлмишам, Васл чун мумкин йўқ ўлтургай бу савдо кошки. Эй Навоий, бевафодур ёр, бас, не фойда, Нечаким десанг агар ёхуд магар ё кошки. Оқара бошлади бош-у... Оқара бошлади бош-у тўкула бошлади тиш, Сафар яроғини қилғилки, тушти бошинга иш. Йигитлигим борибон, келди бошима қарилиғ, Фано йўлида бу янглиғ эмиш бориш-у келиш. Юз улки, қирқдин элликка қўйди юз, қилса, Минг ишидин бирига яхшилиқ маҳол эрмиш. Эрур ҳаётнинг ўқ янглиғ ўлмакига далил, Кишики, ё киби қадға асодин етти кериш. Адудур олти жиҳатдин манга чу етти фалак, Не суд ёшим агар олтмиш ва гар етмиш. Йигитлик ўлди баҳор-у куҳулат ўлди хазон, Деган бу сўзни - қарилиғни қишқа ўхшатмиш. Не қиш нишоти манга қолди, не хазон, не баҳор, Баҳорима чу хазон қўйди юз, хазонима — қиш. Не турфа ишки, бирав чун ториқти умридин, Деса узун яша, қарғишдур анга бу алқиш. Навоиё, тутар аҳли фано нажот йўлин, Эришмак истар эсанг ишда ҳам аларни эриш. Оразин ёпқоч кўзумдин... Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Ўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш. Қут бир бодом-у ерим гўшайи меҳроб эди, Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиғ кўз-у қош. Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини, Субҳнинг бот-бот дами андоқки айлар меҳр фош. Бўсае қилмас мурувват, аср-у қаттиқдур лабинг, Десам, оғзи ичра айтур, лаъл ҳам бор нави тош. Новакинг кўнглумга киргач жон талашмоқ бу экин, Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош. Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон хизридур— Сарвким, даъб айлади озадалиғ бирла маош. Қоши оллинда Навоий берса жон айб этмангиз, Гар будур меҳроб, бир-бир қўйғусидур барча бош. Ошиқ ўлдум... Ошиқ ўлдум, билмадим, ёр ўзгаларга ёр эмиш, Оллоҳ-Оллоҳ, ишқ аро бундоқ балолар бор эмиш. Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур, Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш. Элга новак урди, мен ўлдум, эрур бу турфаким, Жоним эткан реш эл бағриға кирган хор эмиш. Риштаким муҳлик ярам оғзиға тиктим, англадим, Ким, кафан жинси қурўгидин совурғон тор эмиш. Кўйи деворидин оғриқ танға тушкон соядек, Сели ғамдин эмди соя ўрниға девор эмиш. Жонға тахвиф айладим тиғи ҳалокидин анинг, Билмадим, бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш, Эй Навоий, хўбларни кўрма осонлиғ била, Ким, бировким солди кўз, узмак кўнгил душвор эмиш. Ўн сакиз минг олам ошуби... Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур, Не ажаб чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур. Деса бўлғайким, яна ҳам ўн сакиз йил ҳусни бор, Ўн сакиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур. Ўн сакиз йил дема, юз саксон йил ўлса улдурур – Ҳусн шоҳи, ул балоларким кўз-у қошиндадур. Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор, Барчаси эзид таоло сун наққошиндадур. Тан анга сийм-у, ичинда тош музмар кўнглидин, Ақлға юз ҳайрат, ул ойнинг ич-у тошиндадур. Май кетур, эй муғки юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ, Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур. То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк, Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур. Қаро кўзум... Қаро кўзум, кел-у, мардумлиқ эмди фан қилғил, Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил. Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан, Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил. Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла, Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил. Фироқ тоғида топилса, туфроқим, эй чарх, Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил. Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни, Сочингни боштин-аёқ чин ила шикан қилғил. Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас моне’, Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил. Юзида терни кўруб, ўлсам, эй рафиқ, мени Гулоб ила юв-у, гул баргидин кафан қилғил. Навоий, анжумане шавқи жон аро тузсанг, Анинг бошоқлиқ ўқин шамъи анжуман қилғил. Қоши ёсинму дейин... Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин, Кўнглума ҳар бирининг дард-у балосинму дейин? Кўзи қаҳринму дейин, кирпики заҳринму дейин, Бу кудурат аро рухсори сафосинмир дейин? Ишқ дардинму дейин, ҳажри набардинму дейин, Бу қатиқ дардлар аро васли давосинму дейин? Зулфи доминму дейин, лаъли каломинму дейин, Бирининг қайди, яна биринг адосинму дейин? Турфа ҳолинму дейин, қадди ниҳолинму дейин, Мовий кўнглак уза гулранг қабосинму дейин. Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин, Жонима ҳар бирининг жавр-у жафосинму дейин? Эй Навоий, дема қош-у кўзининг васфини эт, Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин? Раҳм этиб, эй дўстлар... Раҳм этиб, эй дўстлар, мажруҳ кўксумни ёринг, Қўл ёланг айлаб солиб, ҳар ён ичимни ахторинг. Учраса юзи қора кўнглум тутуб, тортуб, узуб, Ўтқа солиб ўртабон, жонимни андин қутқоринг. Келган эрса чоклик кўксум тикиб, воқиф бўлуб, Келса бу жониб, синонлар бирла санчиб қайторинг. Чун ўлармен – ёрни истанг, бошимға келмаса, Бош ёланг айлаб, қўюб туфроғ уза юз, ёлборинг. Келса айтурда ошуқмангким, фараҳдин ўлмайин, Нуктадонлиғ бирла ул сўзни қошимда ўткоринг. Бошима етса, чу ўлгумдир неча фарёд этиб, Бир нафас тенгри учун ҳар қайсингиз бир ён боринг. Гар муяссар бўлмаса бу иш, Навоий хастани, Қўлдабон ё судрабон майхона сари бошқоринг. Сариғ оғриғ бўлдум... Сариғ оғриғ бўлдум, эй соқий, хазони ҳажр аро, Қони асфар майки, бор ҳар қатраси бир қаҳрабо. Юз-у жисмимдур сариғ барге қуруған шох уза, Шох-у баргеким, қуруб сарғарса, ким кўрмиш даво. Не мараздур буки, бир гулрух шарори ишқидин, Бўлди сариғ лола кўзум оқи-ю доғи қаро. Суд эмиш кўз тушса асфар жинси сари, ваҳ, қани, Сарвинозимким, сариг гул баргидин киймиш қабо. Сарғариб қолмиш ҳаводис кожиға ҳижрон куни, Сир-сариғ қушдекки, кундуз қолғай ол қушлар аро. Шом ила субҳ ар сариғ оғриғ эмаслар, бас недур, Тун сочин ёйиб, қуёш йиртиб юзин, тутмоқ азо. Дарди туфроққа ниҳон этти Навоий жисмини, Топибон бир шуша олтун, дафн қилғандек гадо. Шўх икки ғизолингни... Шўх икки ғизолингни ноз уйқусидин уйғат, То уйқулари кетсун, гулзор ичида ўйнар. Тишлабки, сочинг ўрдунг, очканда паришон қил, Офоқ саводинда жон ройиҳасин бутрат. Кулбамга хаяфшон кел зулфунг қилиб ошуфта, Анжум сипаҳин синдур, офоқ улусин қўзғат. Ораз қуёшин очиб, ашки қуруған кўзни Кўп ҳажрда йиғлатдинг, бир васлда ҳам йиғлат. Бир оҳ ила кул бўлдум, эй чарх, тилаб топиб, Фарҳод ила Мажнунға ошиқлик ишин ўргат. Хоро тубиға ёткунг, йўқ суд агар юз йил, Кўк атласи устида жисмингни ётиб ағнат. Базм ичра Навоий кўп йиғлар эса, эй соқий, Ҳуш элткувчи дору жомиға анинг чайқат. Тифллар тошики... Тифллар тошики, жисмим қилди сартосар қора, Бўлди савдоға саводи аъзам андин ҳар қора. Ёшдин англа юзум, гар сиймгундур, гар қизил, Тошдин англа танимни гар кўк ўлмиш, гар қора. Дема кўнглунг лавҳиға ёзғил хирад ойинини, Баски қўйдинг доғи ишқ ул сафҳадир аскар қора. Панжайи ҳуршидни гўё қора этмиш кусуф, То қилиптур илгин ул ҳури парипайкар қора. Дуди оҳимдин, демайким, зор жисмим сўзидин, Кулки бўлмиш ўт тушиб куйган каби бистар қора. Умр йўқ жуз тийралик, исёндаким, ҳайвон суйи, Истамакдан рўзғорин топти Искандар қора. Чун Навоий ишқ аро комиллиғин сабт эттилар, Бўлди баским, аҳли ишқ от ёздилар маҳзар қора. Тузлук таърифидаким, шиор қилғанға саъб ишлар осондур ва кулли умур суҳулат била яксон Тузлукка мойил ўлки, ишинг борғай илгари, Юз мушкил ўлса йўқса минг оллингда ҳар замон. Юз сафҳа бир қалам била котиб қилур рақам, Минг қўйни бир асо била ҳар ён сурар шубон. Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил... Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил, Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориг, яшил. Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин, Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил. Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин, Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил. Ораз-у холинг била хаттинг хаёлидин эрур, Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил. Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада, Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ. яшил. Фақр аро бирранглик душвор эрур беҳад валек Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил. Эй Навоий, олтун-у шингарф-у зангор истама, Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил. Яхши хотунлар сафойи рўзгори қуёш нуриға мисолдур ва шамснинг муаннас экани мунга дол Яхши хотунлар сафойи зуҳдидин, Олам ичра гар ёруғлуқ бўлса фош. Йўқ ажаб, чунким араб алфозида, Истилоҳ ичра муаннасдур қуёш. Yo раб, ул шаҳд-у шакар ё лабдурур... Yo раб, ул шаҳд-у шакар ё лабдурур? Yo магар шаҳд-у шакар ёлабдурур? Жонима пайваста новак отқали, Ғамза ўқин қошиға ёлабдурур. Ёрдин айру кўнгул... Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ, Мулкким султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ. Жисмдин жонсиз не ҳосил, эй мусулмонларким, ул Бир қаро туфроқдекдурким, гул-у райҳони йўқ. Бир қаро туфроқким, йўқтур гул-у райҳони анга, Ул қаронғу кечадекдурким моҳи тобони йўқ. Ул қаронғу кечаким, йўқтур моҳи тобони анга, Зулматедурким, анинг сарчашмайи ҳайвони йўқ. Зулматеким, чашмайи ҳайвони онинг бўлмағай Дўзахедурким, ёнида равзайи ризвони йўқ. Дўзахеким, равзайи ризвондин ўлғай noumid, Бир хуморедурки, анда мастлиқ имкони йўқ. Эй Навоий, бор анга мундоқ уқубатларки, бор, Ҳажрдин дарди ва лекин васлдин дармон йўқ. Ёрдин ҳижрон чекар... Ёрдин ҳижрон чекар ушшоқи зор, эй дўстлар, Неча тортай ҳажр, чун йўқ менда ёр, эй дўстлар. Ёр ишқин асрагил пинҳон, дебон саъй этмангиз, Ваҳ, не нав этгум йўқ ишни ошкор, эй дўстлар. Ишқ била гар биров лофи вафо-ю аҳд урар, Ишвагарлар аҳлиға йўқ эътибор, эй дўстлар. Айламанг бекаслигимни таъна, бир кун бор эди, Менда ҳам бир нозанин чобуксувор, эй дўстлар. Ёрсиз вайронда қон йиғлармен охир, сиз қилинг, Ёр бирла гашти боғ-у лолазор, эй дўстлар. Ёрсиз ифрот ила гар йиғласам, айб этмангиз, Ким, эрур бу иш манга беихтиёр, эй дўстлар. Дўстлуқ айлаб тутунг гаҳ-гаҳ лаболаб жомким, Қасди жон қилмиш манга дарди хумор, эй дўстлар. Май ичингким, даҳр эли ичра кўп истаб топмадуқ, Аҳд-у паймонида бўлғон устувор, эй дўстлар. Ёрингиз васлин ғанимат англабон шукр айлангиз, Ким Навоий ўлди бекасликда зор, эй дўстлар Йўқ даҳрда бир бесар-у сорсон мендек... Йўқ даҳрда бир бесар-у сорсон мендек, Ўз ҳолиға саргашта-ю ҳайрон мендек. Ғам кўйида хонумони вайрон мендек, Яъники, алохон-у аломон мендек. Зоҳид, санга — ҳур-у манга — жонона керак... Зоҳид, санга — ҳур-у манга — жонона керак, Жаннат — санга бўлсун, манга — майхона керак. Майхона аро соқи-ю паймона керак, Паймона неча бўлса тўла, ёна керак. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Алишер Навоий). Downloaded from uzbekai.com.