Ҳаво хуш эрди-ю... Алишер Навоий Ҳаво хуш эрди-ю оллимда бир қадаҳ майи ноб, Ичар эдим вале ғамдин қадаҳ-қадаҳ хуноб. Ки, ҳозир эрди ўшул сарви наргиси махмур, Валек рағмима қилмас эди қадаҳға шитоб. Манга не заҳрайи улким, десамки, бир қадаҳ ич, Не онсиз ичкали май, не қарори тоқат-у тоб. Бу ғусса бирла ичим қон бўлуб нечукки қадаҳ, Кўзумга ҳар нафас ашк эврулур мисоли ҳубоб. Чу англадики, борди ихтиёр илгимдин, Кулуб қадаҳ киби лутф айлади-ю қўйди итоб. Қадаҳни ичти-ю юз лоба бирла тутти манга, Ки, анинг ичкани-ўқ қилди мени масти хароб. Чу соқий этти қадаҳ кўзгусида жилвайи ҳусн, Не айб ошиқи майхора кўнгли бўлса ябоб, Навоий, васл биҳиштида шукр қил бу нафас, Ки, яна чекмагасен ҳажр дўзахида азоб. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ҳаво_хуш_эрди-ю.... Downloaded from uzbekai.com.