Кўргали ҳуснунгни... Алишер Навоий Кўргали ҳуснунгни зор-у мубтало бўлдум санга, Не балолиқ кун эдиким, ошно бўлдум санга: Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгул, Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга. Мен қачон дедим, вафо қилғил манга - зулм айладинг, Сен қачон дединг, фидо бўлғил манга - бўлдум санга. Қай пари пайкарға дерсен, телба бўлдинг бу сифат, Эй пари пайкар, не қилсанг, қил манга, бўлдум санга. Эй кўнгул, тарки насиҳат айладим, овора бўл, Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга. Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом, Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга. Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро, То Навоийдек асир-у бенаво бўлдум санга. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ко%E2%80%98rgali_ҳуснунгни.... Downloaded from uzbekai.com.