Мени ишқдин ман этар сода шайх... Алишер Навоий Мени ишқдин ман этар сода шайх, Дема сода шайх, айтким лода шайх. Май устидаги хасча қилма ҳисоб, Агар су уза солса сажжода шайх. Ёруғлиқ эмас мумкин андинки, бор, Залолат тариқида уфтода шайх. Риё баҳри ичра таъма заврақин, Солубдур асодин тутиб хода шайх. Ёяр доми тазвир эл сайдиға, Қилиб субҳадин дона омода шайх. Ғазабда сабу, шаҳват ичра баҳим, Агарчи эрур одамийзода шайх. Кирар одамий сониға қилса нўш, Фано дайрида бир қадаҳ бода шайх. Иродаттин ўлғай эдим бандаси, Агар топсам эрди бир озода шайх. Эранлардин ўзни тутар, гарчи бор Ўкуш зеб-у зийнат била мода шайх. Навоий тилар сода юзлуг йигит, Не ғам гар анинг ман этар сода шайх. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мени_ишқдин_ман_этар_сода_шайх.... Downloaded from uzbekai.com.