Не наво соз айлагай... Алишер Навоий Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо, Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо. Ул қуёш ҳажринда қўрқармен фалакни ўртагай, Ҳар шарореким, бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо. Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғон-у нола кўп, Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо? Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени, Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо. Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил, Ёрни мендин жудо ёхуд мени ондин жудо. Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким, Қилғудекдур субҳ ани шами шабистондин жудо. Бу эгасиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз, Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз банда султондин жудо. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Не_наво_соз_айлагай.... Downloaded from uzbekai.com.