Ёрдин ҳижрон чекар... Алишер Навоий Ёрдин ҳижрон чекар ушшоқи зор, эй дўстлар, Неча тортай ҳажр, чун йўқ менда ёр, эй дўстлар. Ёр ишқин асрагил пинҳон, дебон саъй этмангиз, Ваҳ, не нав этгум йўқ ишни ошкор, эй дўстлар. Ишқ била гар биров лофи вафо-ю аҳд урар, Ишвагарлар аҳлиға йўқ эътибор, эй дўстлар. Айламанг бекаслигимни таъна, бир кун бор эди, Менда ҳам бир нозанин чобуксувор, эй дўстлар. Ёрсиз вайронда қон йиғлармен охир, сиз қилинг, Ёр бирла гашти боғ-у лолазор, эй дўстлар. Ёрсиз ифрот ила гар йиғласам, айб этмангиз, Ким, эрур бу иш манга беихтиёр, эй дўстлар. Дўстлуқ айлаб тутунг гаҳ-гаҳ лаболаб жомким, Қасди жон қилмиш манга дарди хумор, эй дўстлар. Май ичингким, даҳр эли ичра кўп истаб топмадуқ, Аҳд-у паймонида бўлғон устувор, эй дўстлар. Ёрингиз васлин ғанимат англабон шукр айлангиз, Ким Навоий ўлди бекасликда зор, эй дўстлар — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ёрдин_ҳижрон_чекар.... Downloaded from uzbekai.com.