Амирий Амирий Даҳнома Этибон ишқи тўлғади илигим, Янги ой эрди, тутти телбалигим. Дедим – Тур, тенгри учун! Турди ул ой, Ёрутиб эл кўзин ул шўх худрой. Дедим: — Эй умр ўрарға қилма рағбат, Деди: — Гар умр ўтар хуш, бил ғанимат. Дедим: — Турғилки, жоним ичра ўқтур, Деди: — Жонға борурдин чора йўқтур. Дедим: — Лаълинг сусағонларга боқмас, Деди: — Усрукка шарбат онча ёқмас. Дедим: — Теккайму сендин ташна сувға, Деди: — Йўқтур бале айб орзуға. Дедим: — Зулфунгда боғлиқдур жафолар, Деди: — Олингда бордур кўп балолар. Дедим: — Сочинг хаёлидур зарарлиқ, Деди: — Ул мушк бордур дардисарлиқ. Дедим: — Кўзунг қароси дилрабодур, Деди: — Усруктуру ичи қародур. Дедим: — Қошинга элнинг майли ортар, Деди: — Ёдур, кўнгул ул ёни тортар. Дедим: — Холинг эрур офат нишони, Деди: — келтурмагил юзумга они. Дедим: — Жонимда шавқунг ғулғули бор, Деди: — Ҳар қанда гулдур, булбули бор. Дедим: — Олғил мени сен бир қўлунгға, Деди: — Кўп сўзлама, борғил йўлунгға. Дедим: — Йўлдур ёвуқ, кел, билса билмас, Деди: — Мунда ёвуқлуқ қилса бўлмас. Дедим: — Турғил! Равоне сурди отин, Кўзум кўрди борадурғач ҳаётин. Югурдим эв сори мен зору гирён, Қилиб парвонатек ўзумни бирён. Эй, кўзда юзунг ҳайрати осори томоша... Эй, кўзда юзунг ҳайрати осори томоша, Наззорайи ҳуснинг гули беҳори томоша. Кўнглум тепиши айлади савдо элини хуш, Девона рур равнақи бозори томоша. Муфт ўлди ҳавас аҳлина савдойи висолинг, Бемоя топар суд харидори томоша. Кўнглум қушини зоғларинг қилди музайян, Шавқ этти бу товусни гулзори томоша. Моҳияти хуршедни хуффош на билсун, Ҳар дила эмас маҳрами асрори томоша. Кўнглумни қилиб қасри вафо ишқ, Амирий, Кўз манзарасин айлади анвори томоша. Шароби ноз то базм ичра рухсорингни ол этмиш... Шароби ноз то базм ичра рухсорингни ол этмиш, Хижолат барги гулни поймоли инфиол этмиш. Кўтармас бошини сарви сиҳи бори хижолатдин, Хироми ноз то гулшанда ул зебо ниҳол этмиш. Бўлуб Мажнун, кийиклар суҳбатини ихтиёр этмон, Мени девонани то вола бир ваҳши ғазол этмиш. Ҳазин кўнглум қуши парвоз этар кўюнг ҳавосида, Уқунгдин пар чиқориб, ҳар тараф жисмина бол этмиш. Нетай гар жоми Жам бирла Скандар кўзгуси бўлса, Букун дайр ичра соқий қисматим синган сафол этмиш. Фалак ҳар ой бошинда бир ҳилолин ошкор айлар, Магар кўнглум киби юз узра қошингни хаёл этмиш. Дема ҳолим кўруб: «Не важҳдин бетоб эрур кўнглунг?» Муҳаббат дарди онинг нотавону бемажол этмиш. Таманнойи сари зулфинг тушуб бошимға ҳайронман, Жунун кўйида бу савдо мени ошуфтаҳол этмиш. Ҳазар айлангиз, эй ушшоқ, ул бераҳм қотилдин, Букун қиш бўркини эгри қўюб зеби жамол этмиш. Мени жоним олурға, эй ажал, кўп чекмагин заҳмат Ки, бир сўз бирла лаъли манга ўлмоки маҳол этмиш… Амир оламға берса ишқ иршодин тонг эрмаским, Муҳаббат пириға хизмат қилиб, касби камол этмиш. Вафо то бўлди жононимға махсус... Вафо то бўлди жононимға махсус, Жафову жавр эрур жонимға махсус. Хирому жилваву нозу малоҳат, Эрур сарви хиромонимға махсус. Гулистон бўлди кўнглум лола янглиғ, Вафо доғи гулистонимға махсус. Кеча тонг отқуча кўнглум чекар оҳ, Эрур бу шам’ вайронимға махсус. Кўнгул конидадур лаълинг хаёли, Бу гавҳардур Бадахшонимға махсус. Ғамингда ишқ ранжи роҳатимдур, Бу дардинг ўлди дармонимға махсус. Ғубори тўтиёйи хоки пойинг, Бўлурму чашми гирёнимға махсус. Керак шаҳдин гадо ҳолини сўрмоқ, Бу давлат келди султонимға махсус. Кўнгул хуштур висол уммиди бирла, Бу марҳам доғи ҳижронимға махсус. Шаҳиди нози мужгонинг эрурман, Бу ханжардур менинг қонимға махсус. Эрурман ишқ мулкининг Амири, Жунун авбоши дарбонимға махсус. Хаёлинг хайли, эй жоним чароғи... Хаёлинг хайли, эй жоним чароғи, Турур кўзумдаву кўнглумда доғи. Юзунг кўрар кўзумдур, гар рақибинг, Кўра олмас они чиқсин қароғи. Қачон зулфунг кўнгул бирлан тузолгай – Ким, эгридур анинг боштин-аёғи. Фиғонимни рубоб олиға, эй дўст, Не айтойин чу эшитмас қулоғи. Кўзунг кўнгулда экмас меҳр тухмин, Ажаб йўқ, тушмади экин йироғи. Юзунг кўрар кўзумдур, гар рақибинг Очилғил гаҳ-гаҳе, эй ҳусн боғи. Амирий олидин то ўтти ул зулф, Насимидин мушаввашдур димоғи. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Амирий). Downloaded from uzbekai.com.