Алифбо Анбар Отин Алиф Одам эрсанг маъни бил дона-дона, Ватан эрур санга иккинчи она. Сўзламасдин олдин сўзингни сина, Ҳар бир сўздур умринг ичинда сина. Бе Улғаюрсан санда бор ўлса адаб, Улғаюрсан санга ёр ўлса адаб. Одам эрсанг, ташқи сурат берма зеб, Она юртингни ҳамиша айла зеб. Те Бир иш қилки, эл ичра бўл боҳурмат, Икки дунё номинг бўлур боиззат. Ҳаёнсиз эрса минг жафо машаққат, Ул иш дейилмагай эл ичра меҳнат. Жим Харобат элда султонлар олур бож, Адолат илкида яксон ўлур тож. Кимки эл ғамидадур сухансанж, Анинг ҳар сўзи дунёда улуғ ганж. Чим Қаю султон адолатга қўяр синч, Қўл остида эли доим бўлар тинч. Ҳ-ҳуттий Бутун умримда ер эдим ғами субҳ, Дам охирида келди бу дами субҳ. Умидим субҳидамдин бошланур сулҳ, Диёримға суюниб тошланур сулҳ. X Фалак кажравлиғидин шом эрур талх, ғаму қайғу чекишдин ком эрур талх. Д-дол Башарни тарихи қонуни аждод, Анингдин илм топғуси ҳар авлод. Бу йўқсул эл ҳаёти гарчи барбод, Бўлур авлодини рўзғори обод. Ҳаёт тарихи элда некию бад, На тавсиф билдирур, на хатти абжад. З-зол Манга халқ рўзғори бўлди устоз, На сифат китоби ван а таку тоз. Хирад элиға кўксин тутди қоғоз, Ҳам ирфон ишқида қон ютти қоғоз. Р –ре Киши ўз тақдириға ўзи маъмур, На маъмурлар яратган рўзи маъмур. Муродингни ҳаётинг ичра ахтар, Ки, мавҳум илм ичинда бўлма ахгар. Машаққатсиз ҳунардин чиқмағай дур, Ҳаёнсиз илм дурридин кўб эрур дур. Кимики кўбни рангин этди заъфар, Икки дунёда бўлмайди музаффар. Минг йил армону ҳасратда оқар Сир, Музаффар элга сирини очар Сир. З-зе Кимки маърифатни этса эъзоз, Ани ирфон этар албатта мумтоз. Ўзингни элга хизматкор эткил, Ишинг анжомиға етгунча еткиз. С-син Шаҳаншоҳи номвар афзал бўлмас, Ҳар адли ҳам зулмидин холи бўлмас. Мани сўзимни тингланг, аюҳаннос, Келур авлод даври ўзига хос. Азалдин адл ила зулм эрди ножинс, Зулмни паша қилди, кимки ножинс. Билингки, ўзига қўймас бино кас, Такаббурлик ўтида куйди нокас. Ш-шин Дариғоким, ҳамиша кўнглим ғаш, Чароки, кўп халойиқ кўнгли ғаш. Ҳукмрон зулм тобора қилур иш, Ўзин жисмига кўп яро солур ниш. Жаҳонгир қўшниларига қўйса оташ, Анинг бошига бўлғуси балокаш. С-сод Биз адабда кўргумиз ҳусни қасос, Хуш куним деб ўтадур аҳли асас. Ким ўзин Намрудға айлар қиёс, Иброҳимни қавмидин тортгай қасос. З-зод Зулм бўлган ўлкада қолмайди файз, Тонггача кун нурини олмайди файз. Муфти эл бошиға солғай янги фарз, Ўлмағай то бермагунча элга қарз. Т-итқи Эл ғамидин ўзгароқ ўлмас бу хат, Шунча қилсам бир йўли бўлмас ғалат. Йўлларимда жару(кўҳ), қиру қиёт, Шул сабаб юрганда қилгум эҳтиёт. З-изғи Беқироат сўзламас аҳли воиз, Ҳар нидо қилганда тинглайман ғализ. Танга ўзиқдир ҳамиша тўғри лафз, Миллату тилга хиёнат ўғри лафз. ‘-айн Адаб ирфон илми ичрадур шам’ Ақл ойинасида чеҳрадур шам’ ғ-гайн Бу вужуд бир қўлима берди яроғ, Бир қўлим ҳодисадин тутди чароғ. Ажнабий хайлига йўл бермади тоғ, Учса ҳам қўнғали тоб этмади зоғ. Ф-фе Маърифат шоирини сўзи садаф, Ҳарзагўй аҳли учун мисли ҳазаф. Мадҳдин воизи минг айласа лоф, Дину важд орасида мингта хилоф. Қ-қоф Меҳнату ақлу вужуд иттифоқ, Шайхдин бу ораға солма нифоқ. Гарчи бу аҳли вужуд бўйни синиқ, Чиркинат таъсири йўқ, кўнгли тиниқ. Шайху пир кўрсатади йўлу-йўруқ, Оғзида зикри худо, ўнгли қуруқ. К-коф Одам эрсанг, кўнглинг этгил пок-пок, Сандин этмасдин ўзини улки пок. Ҳар нафас мазмун ила ўтса керак, Гар ҳаёт мазмунини бўлса юрак. Одамийда бўлса гар яхши тилак, Халқ учун тебратгуси доим билак. L-лом Яхши одамлар ишидин ибрат ол, Ибратомуз хизмат айлаб, иззат ол. Кимни илгидан бор эрса ҳиммати, Рангу рўйида кўрунғай раҳмати. Ҳар ғазалда янги мазмун айла ҳал, То қиёмат ранги ўчмас мисли ҳал. Фойдасиз сўзламаса қайси тил. Она тил бўлғай ўшал тил, она тил. М-мим Бош эгиб турғай ҳамиша ҳарфи мим, Ўйламанг таъзимда бор де зарбу бим. Одамийлик хислатидур ҳам салом, Ҳам баҳойим этмас одамдек калом. Н-нун Она ер шаклидаги бу ҳарфи нун, Кўксида равнақ топодур ҳар фунун. Вақти келгунча такаббур осмон, Сирни бермай тек турурмиш олумон. Зуфунунлик ҳулласи била кийин, Элға ҳикмат сирини айтғил кейин. Ўз гуноҳингни сўраб элдин ўтин, Нафрат ўти ичра бўлмасдин ўтин. V-вов Одами аҳли назокатда сулув, Бўлса ахлоқи садоқатда сулув. Дунёни билмакка идрокинг гаров, Зеҳн қўймоқға дили покинг гаров, Яхши иш қилмоқ учун йўқса уқув, Санга лозимдур уқув бирлан ўқув. Боқ ҳаётинг лавҳасига, бўлма қув, Гар нишони яхшилик топилса қув. Ҳ-ҳавваз Қачон еткургуси ул кунни Оллоҳ, Хотунлар хуррам ўлса чекмайин оҳ. Қачон бахт ўлғуси бизлара ҳамроҳ, Ки, токай банд ўлурмиз ҳамчу гумроҳ. Нечун иқбол биздин мунча саркўҳ, Анинг куйида ермиз шунча андуҳ. I-ёй Агар ирфонға вусъат берса бори, Фунун заҳматға бергай эрди ёри. Худо хотунни бахтин очса эрди, Ки ховар ўз нурини сочса эрди. Бу Анбар оҳини тингла Илоҳи, Замона аҳли аҳволим гувоҳи. Чуқур мазмунда бу сўзлар тамоми, Келур давронга қолди итмоми. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алифбо. Downloaded from uzbekai.com.