Атоий Атоий Ай гул чеҳралик сарви равоним... Ай гул чеҳралик сарви равоним, Фидо бўлсун сенга жону равоним. Сулаймон мулкудур ҳам Нуҳ умри Санинг била кечурган бир замоним. Агар зулфунг учун чопсанг бошимни, Юз эвурсам манинг бўйнумға қоним. Белингда гарчи бир қилча гумон бор, Вале оғзингда йўқтур ҳеч гумоним. Жамолинг оятидур ҳусн ичинда, Не ҳожат бу менинг шарҳу баёним. Бу доғе ким, қўяр жонимға ҳажринг, Ажаб қолғай менинг ному нишоним. Юзунг меҳринда жон берди Атоий, Демадинг бир кун: «Ўлди меҳрибоним». Бовужуди оразинг барги самандин ким десун... Бовужуди оразинг барги самандин ким десун? Лоладин ким сўзласун, ҳам настариндин ким десун? Дунёни тутти санинг ҳуснунг била дардим сўзи, Юсуфу Яъқуб ила Байтул-ҳазандин ким десун? Лаълингиз бирла дам урмас зарра саррофи ақл, Оре, яхши бор экан, асли ямондин ким десун? То висолингдин йироқмен, ёвумас ҳеч ким манга, Жоэ улдур, айб эмас, жонсиз бадандин ким десун? Зулфу холингдин муаттар бўлди олам, баъдазин Нофайи оҳую Тотору Хўтандин ким десун? Макру фан айлаб мени, сайд этти дерлар эл сени, Мен азалдин мубталомен, макри фандин ким десун? Эшикингдаким, шаҳаншаҳларга анда бор йўқ, Бу Атоийдек гадойи беватандин ким десун? Дилрабо, ҳажринг ўтида ёнамен... Дилрабо, ҳажринг ўтида ёнамен, Ўртаниб васлинг тиларман ёна мен. Каъба азмидин манга сан муддао, Бўлмасанг, албатта, андин ёнамен. Эй бегим, ушбу юз, дегул... Эй бегим, ушбу юз, дегул, шамс била қамармудур? Эй бегим, ушбу сўз дегул, шаҳд била шакармудур. Кўз учидан қиё-қиё шева била боқишларинг, Жон тамурин қиёр учун тиғму ё назармудур? Боди сабоки, келтурур жонға сочинг насимини, Шаҳри Сабонинг элчиси ҳудҳуди хушхабармудур? Зулфи муанбарингким, ул кўздин учар узун кеча, Сарви саҳининг устида зоғу абири тармудур? Зори-ю нола кам қилай, рост айт, эй посбон, Итларинга бу ноладин ҳар кеча дардисармудур? Лаъли лабинг хаёлидин бир гузар айлайин дедим, Жони азиздин, вале одамиға гузармудур? Сўрсанг Атойи ҳолидин нетти, эй подшоҳи ҳусн, Лутф-у карам гадойиға тенгри учун, зарармудур? Эй кўнгул, бу кеча ул ой сори бор... Эй кўнгул, бу кеча ул ой сори бор, Оҳ ўтин ёрутмаким, ағёри бор. Тухми меҳр этким муҳаббат боғида, Дард барг очти-ю ғам келтурди бор. Эй орази шамс-у қамарим... Эй орази шамс-у қамарим, нетти, не бўлди? Вей, тишлари дурри гуҳарим, нетти, не бўлди? Кўнглум куяриндин санга мен панд берурмен, Эй марҳами жон-у жигарим нетти, не бўлди? Сен бор экан ўзга кишига назар этсам, Чиқсун бу менинг дийдаларим, нетти, не бўлди? Гаҳ жавр ила ўтур мени, гаҳ ноз ила, сендин Ҳаққоки менинг йўқ гузарим, нетти, не бўлди? Эй луъбати Ширин, сени Фарҳод менгизлик, Оламға ёйилди севарим, нетти, не бўлди? Умрумни сенинг қуллуғунгга сарф қилибмен, Эй ўз қулидин бехабарим, нетти, не бўлди? Бир зарра чучук сўзни Атойидин аярсен, Эй лаблари шаҳд-у шакарим, нетти, не бўлди? Гар десам, боғи висолинг нори бор... Гар десам,боғи висолинг нори бор, Олма деб аччиғлаб айтур: Нори бор! Ишқ нахли кўз ёшимдин сув ичиб, Баргу борини шарарлиғ нори бор. Ҳамнишин ағёр то ул ёрадур... Ҳамнишин ағёр то ул ёрадур, Кўкрагим ҳасрат ўқидин ёрадур. Май била соқий ҳимоят бўлмаса, Шаҳнайи ҳижрон юракни ёрадур. Жамолинг васфини қилдим чаманда... Жамолинг васфини қилдим чаманда, Қизорди гул уёттин анжуманда. Таманно қилғали лаълингни кўнглум, Киши билмас аниким, қолди қанда. Чу жонимдин азиз жонона сенсен, Керакмас жон манга сенсиз баданда. Манга ул дунёда жаннат не ҳожат, Эшикинг тупроғи басдур кафанда. Солиб борма мени, эй Юсуфи ҳусн, Бу кун Яъқубтек байт ул-ҳазанда. Узун сочингдин узмасмен кўнгулни, Оёғинг қайда бўлса, бошим анда. Тилар эл мансаби олий, валекин Атойи сарви озодинга банда. Жилва айлаб сакратурда саркаш от... Жилва айлаб сакратурда саркаш от, Ноз ўқин жавлон этиб жонимға от. Итларинг хайлиға хизмат айладим, Қўйдилар аҳли вафо деб манга от. Кел, эй дилбарки, бўстон вақти бўлди... Кел, эй дилбарки, бўстон вақти бўлди, Гул очилди, гулистон вақти бўлди. Қилай нола, боқиб гулдек юзунгга, Чу булбулларға афғон вақти бўлди. Гулу булбул бикин гулбунлар ичра, Нишоту айши пинҳон вақти бўлди. Ўқуб гул бахтини мажлисда ҳар дам, Бўлуб сархуш, гулафшон, вақти бўлди. Туруб маҳбуб олида муҳибға, Чу гул чоки гирибон вақти бўлди. Муғанниларға булбуллар бикин зор, Ҳазорон навъи алҳон вақти бўлди. Бу дамким, гул қилур булбулға алтоф, Атоийға ҳам эҳсон вақти бўлди. Кўнгулни олғали зулфунг каманди... Кўнгулни олғали зулфунг каманди, Паришон бўлди ғамдин банд-банди. Неча дафъи хумор этмас, кўрунгким, Лаби лаълингдадур маъжуни қанди. Мулойимдур бўюнг мадҳин ўқурда, Мақоми «Рост» оҳангги баланди, Манга дармон ҳамин бас буки дерлар. Сенингдек марҳами жон дардманди, Не нисбат сарв-ла қаддинг биланким, Эрур ул боғбонларнинг лаванди. Ангаким, ишқ ҳоли бўлди ғолиб, Асар қилмас насиҳатгўй панди, Атоий шеърининг лутфини билса, «Латофатнома»дин кечгай Хўжандий. Куяр жоним, нетай, дилхоҳ унутти... Куяр жоним, нетай, дилхоҳ унутти, Кўнгул аҳволидин огоҳ унутти. Фалакка етса оҳим не ажабким, Мени ул Зуҳра кўзлук моҳ унутти. Қани бир мушфиқеким, йод берса, Гадойи мухлисин ул шоҳ унутти. Бу қулға бор экан бисъёр лутфи, Не камлик бўлдиким, ногоҳ унутти. Не йўлсиз келди мендинким, мунунгдек, Азалдан жон ила ҳамроҳ унутти. Фироқингда манга тасбиҳ бўлди Бу сўзким: «Оҳ унутту, оҳ унутти!» Атоий хайма ур мулки адамда, Чу сендин ул бути хиргоҳ унутти. Лабинг қоним тўкарга ташналабтур... Лабинг қоним тўкарга ташналабтур, Дами Исо-ю ўлтурмак ажабтур. Кўтармак бошни маҳбуб эшикиндин Муҳаббат бобида тарки адабтур. Мени ўлтур, вале қувма қошингдин Ким, энчу қулни қувмоқ бесабабтур. Манга васлинг қачон етсун, билурмен, Вале ошиқ иши саъй-у талабтур. Атоий қулға бир лутф айламассен, Хулагу ўғли, мунча не ғазабтур?! Менгиз ё равзайи ризвонмудур бу... Менгиз ё равзайи ризвонмудур бу? Оғиз ё ғунчайи хандонмудур бу? Қароқчи кўзларин ким кўрса айтур: «Ажаб айёри Туркистонмудур бу?» Чиқар ҳар лаҳза юз минг шева бирла, Малойик хўйлуқ инсонмудур бу? Жаҳонни тутти Юсуфдек жамоли, Малоҳат Мисрида султонмудур бу? Хатиким, сафҳа гул узра кўрунур, Ғубори хатму ё райҳонмудур бу? Мудаввар гўйи сиймин, ё занаҳдон? Муанбар зулф ё чавгонмудур бу? Атоийни кўруб кўйинда айтур: «Ҳамул мискини саргардонмудур бу»? Неча жонимға сендин дарду ғамдур... Неча жонимға сендин дарду ғамдур?! Магар меҳринг жафо, лутфунг ситамдур. Муҳибларға жафо қилмоқ ёзуқсиз, Муҳаббат йўлида бисёр камдур. Манга душвор эрур сенсиз тирилмак, Санга мен бўлмасам, эй жон, на ғамдур?! Неча жонимға текдинг ваъда бирла, Кечар дунё, вафо қил, дам бу дамдур. Кўзунг, зулфунг била оғзинг ғаминда Вужудим ҳосили айни адамдур. Гунаҳ қилдимки, ҳажрингда тирилдим, Вале мендин гунаҳ, сендин карамдур. Атоий ушбу йўлда хок бўлса, Муроди хўблардин бир қадамдур. Оҳ, ўлтурди фироқ ул гул узоримдин йироқ... Оҳ, ўлтурди фироқ ул гул узоримдин йироқ, Лола юзлуқ, сарв бўйлуқ тўғри ёримдин йироқ. Нола қилсам ҳар замон айб этманг, эй ушшоқким, Андалиби бенавомен лолазоримдин йироқ. Ихтиёр эттим ул ойни икки дунёдин, вале Нетайин солди фалак ўз ихтиёримдин йироқ. Саъй этар зоҳид мени жаннатнинг эски боғина, Мен борурменму юзунгдек навбаҳоримдин йироқ. Менда ҳам сабру қарору ақлу ҳуше бор эди, Не балолиқ ишқ эдиким, солди ёримдин йироқ. Гар фалак ўлтурса юз қатла мени, ҳеч бок эмас, Бу ўлумдурким, ўладурмен нигоримдин йироқ. Кетмагай ўлсам Атоийдек бўюнг сарви учун, То қиёмат саяйи раҳмат мозоримдин йироқ. Қон бўлди кўнгул фироқи бирла... Қон бўлди кўнгул фироқи бирла, Куйди жоним иштиёқи бирла. Зулфунг черики жамол мулкин Олди кўзунг иттифоқи бирла. Ғунча севунуб тўниға сиғмас, Ўхшатмас ўқунг башоқи бирла. Мажлисда чоғирдин эл усурса, Мен жоми жамоли соқи бирла. Тўсқу тиламакка ҳаддимиз йўқ, Соғин боре давр оёқи бирла. Ишқинда қаро бошим оқарди, Бир боқмади кўз қароқи бирла. Кўз ўйнатиб уттилар кўнгулни, Икки қоши жуфт-у тоқи бирла. Ошиққа жафо қилдинг, валекин Аср-у дағи йўқ, йироқи бирла. Хўблардин Атоий лутф истар, Хонларға не иш ясоқи бирла. Сени мен онгладим, бевафо эмиштуксен... Сени мен онгладим, бевафо эмиштуксен, Кўнгулга офат-у жонға бало эмиштуксен. Бу мунча жонлар олиб, тўймадинг халойиқдин, Эй ҳусн боби, не кўзи қаро эмуштуксен. Азалда не гунаҳ эттинг кўнгилки, хўблардин, Бу мунча меҳнат-у ғамга сазо эмиштуксен. Гаҳики, босса оёғин юзумга, ноз ила дер: «Аёғим оғриди, не бўрё эмиштуксен!» Юзига кўп тика боқсам, манга кулуб айтур: Атоий, не кўзи тўймас гадо эмиштуксен! Шаҳо, бизга назар қилсанг не бўлди... Шаҳо, бизга назар қилсанг не бўлди? Гадони муътабар қисанг не бўлди? Кўнгул юз порадур гул, ғунча янглиғ, Сабодек бир гузар қилсанг не бўлди? Қаро бахтим бикин ҳижрон кечасин Висолингдин саҳар қилсанг не бўлди? Боқиб усрук кўзунгдин, носиҳимни Менингтек бехабар қилсанг не бўлди? Ўтар оҳим ўқи тўқуз фалактин, Вафо бирла сипар қилсанг не бўлди? Балоққедур рақиб, охир балодин, Худой учун ҳазар қилсанг не бўлди? Кетурди моҳазар жонин Атоий Қабули моҳазар қилсанг не бўлди? Шам’ янглиғ ёнадур бошимда ўт... Шам’ янглиғ ёнадур бошимда ўт, Кўз ёшимдин ер юзинда унди ўт. Қон ёшим қилди йўлунгни лолазор, Мунча тақсир айладим, қонимдан ўт. Сипеҳри ҳусн ичинда моҳ, сен-сен... Сипеҳри ҳусн ичинда моҳ, сен-сен, Замона хўблариға шоҳ, сен-сен. Табассум қилса лаълинг жон бағишлар, Магар Исойи Руҳуллоҳ, сен-сен. Агар ҳур-у пари бўлса керакмас, Манга, эй жон, бу кун дилхоҳ, сен-сен. Бу оқ эвда қаро кўзлар басе бор, Ва лекин фитнайи хиргоҳ, сен-сен. Тириклик ҳосили, эй ёр, дарди, Гар ўлсам анда ҳам ҳамроҳ, сен-сен. Кўнгул дардиға бир дармон қил эмди, Чу жоним дардидин огоҳ, сен-сен. Атоий ул юзи гул ҳасратинда, Тикон бағринда ранги коҳ, сен-сен. Телбаман шаҳло кўзунг олусидин... Телбаман шаҳло кўзунг олусидин, Узмадим боғингда васл олусидин. Ҳажр даштида югурмоғлиғ била, Етмадим васлингга йўл олусидин. Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур... Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур, Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур. То магарким, Салсабил обина жавлоне қила, Келди жаннат равзасиндин оби кавсар сори ҳур. Ул иликким сувдин ориғтур, юмас они суда, Балки сувни пок бўлсун деб илик бирла ююр. Эмди билдим рост эрмиш, балки кўрдим кўз била, Улки дерлар, сув қизи гоҳ-гоҳ кўзга коринур. Қошларинг ёсин Атоий кўргали ҳусн ичра тоқ, Субҳидам меҳробларда сурайи Ёсин ўқур. Хаста кўнглумдин хаёлинг бир замон кетмас, бегим... Хаста кўнглумдин хаёлинг бир замон кетмас, бегим, Нечаким, васлинг этакига қўлум етмас, бегим. Нетайин, дармонда бўлдум мен бу кўнглум илкида, Сенсизин ҳеч ерда бир лаҳза қарор этмас, бегим. Гарчи сен дашном этарсен, мен дуочиман сенга, Ошиқи содиқ жафодин элини четмас, бегим. Сен мени таъзим этиб қуллар сонинда тутмағил, Итларинг хайлинда бўлсам, не манга етмас, бегим?! Таънадин қовмас Атоийни эшикиндин рақиб, Ҳеч гадой ит урса эшикни қўюб кетмас, бегим. Юзунг хуршедтек тобанда бўлсун... Юзунг хуршедтек тобанда бўлсун, Жамолинг то абад поянда бўлсун. Такаллум қил, сочилсун дурри гавҳар, Табассум қил, жаҳон пурханда бўлсун. Юзунгдин бурқа’ олғил бир замоне, Уёлсун ою кун, шарманда бўлсун. Мени ўлтургали ғамзанг қиличи, Кўзунгдек кофири бурранда бўлсун. Пари рухсорларнинг хусрависен, Сенингтек жони ширин қанда бўлсун? Агар ўлсам тилармен тенгридинким, Ғаминг жонимға, дардинг танда бўлсун. «Фалони қулларимдиндур» демушсен, Атоий ушбу сўзга банда бўлсун. Юзунгдин гар йироқ солсам назарни... Юзунгдин гар йироқ солсам назарни, Нетармен кўзда бу нури басарни. Лабингни қанда кўрмишким, уёттин Ешурди банд ичинда найшакарни. Сени хуршед ўқуғондин ажабтур Ки, султон бирла тенг дер дарбадарни. Ғариб эрур гадони сўрмоқ, эй шоҳ, Сўрарлар жумла олам муътабарни. Бўюн сунсам ғамингга, айб эмаским, Забун айлар муҳаббат шери нарни. Рақибу зоҳид оҳимдин куярлар, Бале, ўт куйдурур ҳар хушку тарни. Атойи севди жондин қоматингни, Севар ҳақ бийм йўлида ростларни. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Атоий). Downloaded from uzbekai.com.