Бобораҳим Машраб Бобораҳим Машраб Афсона бўлмағунча Ишқингда ёнмас ошиқ девона бўлмағунча, Шамъингга куймагай ул парвона бўлмағунча, Боғлаб белин бу йўлда мардона бўлмағунча, Бошға олиб маломат афсона бўлмағунча, Севмас салафин сарроф дурдона бўлмағунча. Сансиз манга, нигоро, икки олам керакмас, Тахту бахти Сулаймон, манга Ҳотам керакмас, Хизр умри зиндалиги манга ул ҳам керакмас, Сансиз ўлай, дуо қил, манга бул дам керакмас, Жону таним қолмади бегона бўлмағунча. Аршинг куяр оҳимдин тонгла бўлса Қиёмат, Инсу малак титрашиб айтур: «Нечук аломат?» Ҳуру ғилмон, биҳиштинг этишурлар надомат, Чиқса оҳим учқуни ҳеч ким қолмас саломат, Қолмас молик дўзахинг сўзона бўлмағунча. Тушти бошимға ишқинг, ларза қилиб йиғладим, Тақлир азал шундоғ деб, белим маҳкам боғладим, Ошиқ иши қаттиғ деб, оҳу воҳлар айладим, Дардинг беҳад зўрлади, даргоҳин(г)га йиғладим, Раҳм айламас нигорим гирёна бўлмағунча. Ошиқ бўлсанг туну кун жонни қурбон айлағил, Доғи фурқат дардидин доим афғон айлағил, Зулфи чинлар куфрини зинҳор имон айлағил, Ҳажру меҳнат жафоси тегса пинҳон айлағил, Жонингга жон улашмас, жонона бўлмағунча. Номус кетмас ҳеч кимдин ишққа қадам қўймаса, Адҳам сифат дунёни то пушти по урмаса, Восил бўлмас васлиға ёлғуз ўзин севмаса, Ғози бўлуб қазога ҳар ўтиға куймаса, Топмас дилбар сўроғин жўёна бўлмағунча. Вақти баҳор май ичгил, билсанг ишрат ғанимат, Соқий, сунгил қадаҳни фурсат, сиҳат ғанимат, Зоҳид айтур, ёронлар, тасбеҳ, тоат ғанимат, Машраб қаландарингга дарду меҳнат ғанимат. Кўрмас машъуқ юзини афсона бўлмағунча. Агар ошиқлиғим айтсам... Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жон-у жаҳон ўртар, Бу ишқ сиррин баён қилсам тақи ул хонумон ўртар. Кишига ишқ ўтидин заррае етса бўлур гирён, Бўлуб бесабр-у бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар. Мени бехонумон тинмай куюб-ёндим фироқингда, Отинг тутсам, «Нигоро» дебки, завқидин забон ўртар. Қаю тил бирла, эй жоно, сени васфинг баён айлай, Тилим лол-у кўзум гирён, сўнгакларим ниҳон ўртар. На қаттиқ кун экан, жоно, висолингдин жудо бўлмоқ, Мени оҳим тутуниға замин-у осмон ўртар. Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан, Ғаминг бошқа, алам бошқа, юракимни фиғон ўртар. Бу Машраб дардини, жоноки, ҳар ким бошиға солма, Агар маҳшарда оҳ урсам, беҳишти жовидон ўртар. Бир нуқтада минг маъно То олами зоҳирға келиб ман гузар эттим Тарк айладиму жумлани, қатъи назар эттим. Аҳволи дилим айтғали бир маҳраме топмай, Зулмингни қариндошу ғамингни падар эттим. Бир қушки, чўлоқ, сен сори парвоз этайин деб, Ҳажр ўқларини жонга суқуб болу пар эттим. Душманга чу ҳарб этмак учун чора тополмай, Дўстум қўлини туттиму тиғу табар эттим. Ғам шомида қалбимға гузор этти хаёлинг, Кўз ёш, юрак қони билан моҳазат эттим. Савдойи сари зулфунг учун неча маҳалдур, Жон кишварини буздиму зеру забар эттим. Бир мартабада турмас эмиш шоҳ ила дарвеш, Бас, жандани кийдим, ўзими дарбадар эттим. Кўтаҳназар эл билмаса деб хаста бу Машраб, Минг маънини бир нукта била мухтасар эттим. Чаман эттим Дил даштида ғам оҳулариға ватан эттим, Ғамзанг ўқи то лолалар очти, чаман эттим. Ишқ аҳли манинг сори келурға 6u эрур йўл, Ҳар ерда тараб гуллари эрди ватан эттим. Найсон каби кўздин ёғадур ашки равоним, Садқангга юрак қонини лаъли Яман эттим. Меҳринг қуши кўнглим қўлидан ажрамасун деб, Жон риштаси бирлан оёғидан расан эттим. Жонимға нигоҳинг ўқидин гуллар очилса, Сайримға ани настарану ёсуман эттим. Расволиғ ўтин балки ўзимға ёқадурман, Жисмимға самандар каби ўт пираҳан эттим. Машраб, бу сўзинг топди санинг бўйи шаҳодат, Қонлиғ танима ишқ либосин кафан эттим. Чидаёлмас Ишқ мазҳабига тақвию тоат чидаёлмас, Тасбеҳу сано, зуҳду ибодат чидаёлмас. Ким кўрса ўшал дилбари раънони баякбор, Бетоқат ўлуб, айши фароғат чидаёлмас. Фарёду фиғонлар қиладурман кеча-кундуз, Ҳайратда қолиб, қад ила қомат чидаёлмас. Адҳамсифат ул кирса киши фақр йўлига, Осойиш ила хайри саховат чидаёлмас. Арбоби муҳаббатга етиб бўйи санамдин, Ақли кетибон сабру қаноат чидаёлмас. Эй зоҳид, агар кўрсанг ўшал моҳлиқони, Зуҳду вараъу кашфи каромат чидаёлмас. Девона қилар ишқи санам васли чу Мажнун, Номусу ҳаё, айбу қабоҳат чидаёлмас. Ким жоми муҳаббат майидин журъае ичса, Шоҳона ҳашам, иззату ҳурмат чидаёлмас. Бу ишқ элининг ҳар дам этар валваласиға, Бешубҳа, билинг, дасти иродат чидаёлмас. Машраб, келибон кўнгул ила рақси самў қил, Ишқ мазҳабида оби таҳорат чидаёлмас. Дарди сиримни кавлама Эй сабо, ғамбодадурмен, бистаримни кавлама, Чун шафақолудаман, хокистаримни кавлама. Ҳар замоне Лайлидин манга китобатлар келур, Сенки Мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама. Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини, Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама. То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб, Дилда дардинг бўлмаса, дарди сиримни кавлама. Ҳажр тошидин зарру офат бошиға етган ўзум, Киштийи мотамдадурман, лангаримни кавлама. Ети дўзах ўртанур афтодаларнинг оҳидин, Оташи ҳажрида куйган мижмаримни кавлама. Ломаконнинг шаҳрини бу ҳу била сайр айладим, Жабрайил, борғил нари, болу паримни кавлама. Баҳри раҳматга кириб, қилдим вужудимни адам, Маърифатдин бехабарсан, дафтаримни кавлама. Дурри дарёйи маоний бўлди чун Машраб, вале Дийдабино бўлмасанг, кўз гавҳаримни кавлама. Дастингдан Не ғурбатларни чектим чарх бебунёд дастингдин, Мудом мотамда қолдим, бўлмадим дилшод дастингдин, Тамоми хонумоним бўлди чун барбод дастингдин, Қафасдин бўлмадимки қумридек озод дастингдин, Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин. Дилимнинг қуввати, руҳи равонимдин айирдилар, Кўзимнинг оқи янглиғ меҳрибонимдин айирдилар, Азизим, ҳамдамим, оромижонимдин айирдилар, Жаҳон гулзорида ул гулистонимдин айирдилар, Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин. Чаманда булбули шўридадурман, ошёним йўқ, Мисоли чуғдек вайроналарда ҳам маконим йўқ, Вафолиғ ёр деб чиқти, жасадда балки жоним йўқ, Азизимдин жудо бўлдум, бошимда соябоним йўқ, Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин. Менингдек ғамга қолган, дилпаришон ўлмасун ҳеч ким, Кўзи чун термулуб йўлларда вайрон ўлмасун ҳеч ким, Баҳори гулшани умри зимистон ўлмасун ҳеч ким, Бу дунё дийдасиға торикистон ўлмасин ҳеч ким, Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин. Умидим бор, эткургаймусан хуршиди матлабни, Саодат буржидин ул шаъми иқболимға кавкабни, Кўтаргайсан бошимдин икки оламда қаро шабни, Илоҳо, сен этур ҳиммат йўлиға хаста Машрабни, Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин Девона бўлдум Кўрдум юзунгни — девона бўлдум, Ақли ҳушимдан бегона бўлдум. Тортиб жафони ўлсам кўйингда, Қайтмасман ҳаргиз — мардона бўлдум. Бўлиб жаҳонда расвои олам, Яхши-ямонга афсона бўлдум. Кавсар шароби ёдимға келмас, Лаъли лабингдин мастона бўлдум. Юмдум кўзумни сендин бўлакдин, Кечдим баридин, риндона бўлдум. Кўрдум тушумда шамъи жамолинг, Чарх уруб ондин парвона бўлдум. Ишқинг майини сунди бу жисмим, Ҳам соқи-ю ҳам паймона бўлдум. Бир қатра эрдим, чўмдум денгизга, Кирдим садафга — дурдона бўлдим. Куйдирмаса ўт, бўлмас оғоч чўғ, Ишқ ўти бирлан ҳамхона бўлдум. Бўлдум фано мен туфроғ ичинда, Бир дона эрдим, минг дона бўлдум. Ул юз ўтида буд бўлди нобуд, Жон жонға кирди, жонона бўлдум. Тегди кўзингдин ҳар дамда минг тийр, Аввал эдим дашт, гулхона бўлдум. Бир неча йилдур ёрдин жудоман, Билмай ўзумни ҳайрона бўлдум. Куймас,дедилар, маъмураи ганж, Обод эдим ман, вайрона бўлдум. Машрабга май сун майхона ичра, Кечтим баридин — риндона бўлдум. Девона қилди ишқ мани Ман кимга айтай, дўстларим, девона қилди ишқ мани, Садпора қилди юраким, девона қилди ишқ мани. Тун-кечалар дод айласам, ҳар дам сани йод айласам, Ишқингда фарёд айласам, девона қилди ишқ мани. Шому саҳар гирён бўлай, йўлунгда саргардон бўлай, Охир санга қурбон бўлай, девона қилди ишқ мани. Ҳамдам бўлай майхонага, сокин бўлай бутхонага, Бошим қўяй остонага, девона қилди ишқ мани. Ишқ аҳлига ҳамдам бўлай, Ҳақ йўлига маҳкам бўлай, Даргоҳига маҳрам бўлай, девона қилди ишқ мани. Девонайи шайдо бўлай, ман толиби Мавло бўлай, Халқ элига расво бўлай, девона қилди ишқ мани. Машрабга қил лутфу карам, ваҳдат шаробин дамбадам, Эй соҳиби Лавҳу Қалам, девона қилди ишқ мани. Дунёга келиб лойига билмай бота қолдим... Дунёга келиб лойига билмай бота қолдим, Дармон йўқидин неча оғиз сўз қота қолдим. Кўрдумки ани душмани руҳ-у тан экандур, Ло ўқи била икки кўзига ота қолдим. Майхонаға кирдим, била қолдим куяримни, Масжидға кириб, зоҳиди яхдек қота қолдим. Зоҳид, менга бир шишада май, сенга намозинг, Минг тақвини бир косайи майға сота қолдим... Ваҳдат майини пири муғон илгидин ичтим, Мансур киби дорға бошимни оса қолдим. Бу телбалигим шуҳрати оламға тўлубдур, Бир жилвасиға икки жаҳондин ўта қолдим. Айб айламангиз Машраби бехудни, ёронлар, Найлайки, бу ғурбат кўчасидин ўта қолдим. Эшит Арзимни Эй Дилбар Азалдан то абад кўнглум қутулмас ишқ балосидин, Юроким раҳналар бўлди, бу ишқнинг можаросидин. Хаёлимда сенинг васлинг, тополмасман, мени ҳайрон, Магар васлингга етсам пири комилнинг дуосидин. Эшит арзимни, эй дилбар, юрак-бағрим кабоб ўлди, Рақиблар шодмон бўлди нигоримнинг жафосидин. Санам, сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул, Кел, эй кўнгул, кечоли бу тирикликнинг бақосидин. Санам, ишқинг ўти охир мени бехонумон этти, Куярман дам-бадам тинмай бу дарди бедавосидин. Хароб ўлди менинг кўнглум, кишим йўқтурки, роз айтсам, Сўнгоклар рахналар бўлди дилимнинг оҳи босидин. Сени ишқинг била йиғлаб, агар маҳшарда оҳ урсам, Куярлар мўмину кофир бу Машрабнинг навосидин. Ҳар кишини дарди бўлса Ҳар кишини дарди бўлса, йиғласун ёр олдида, Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида. Андалиби бенаводек нола-ю афғон била Доимо йиғлаб турарман айни гулзор олдида. Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур, Чарх уруб, йиғлаб турармен ушбу дам дор олдида. Ҳар киши бир журъаэ нўш айласа бу бодадин, Ул қиёматда қилур арзини Жаббор олдида. Телба Машраб, қилмағил сиррингни зоҳидга аён, Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи зор олдида. Ҳайрон бўла қолдим Кўз учи билан дилбари раъно манга боқти, — Ҳайрон бўла қолдим, Юз нозу карашма била ёр қошини қоқти, — Сарсон бўла қолдим. «Жонимни олур бўлсанг ол!» деб ёнига бордим, — Кулди: «Нари тур!» деб, Бехуд қилибон бошима савдосини солди, — Нолон бўла қолдим. Айдимки, яна: «Ўргулайин, қошима келсанг», — Юзини ўгурди, Ҳушум кетибон кўздаги ёш қон бўлуб оқти, — Гирён бўла қолдим. Боскан изини кўзума сурттум нола айлаб: — «Дилбар қайдасан?» деб, Чиқмади садо, ишқ ўтини жонима ёқти — Сўзон бўла қолдим. Оҳ урдиму айдимки, «Сани қайда топарман излаб?» — Деди: «Сабр эт!» Ҳеч қолмади сабрим, жигарим сув бўлуб оқти, — Тобон бўла қолдим. Машрабга саҳар ёри ширин сўз қотиб ўтти, — Жондин кеча қолдим, Девона қилиб, жоним олиб, биллаҳ(ки) йиқти, — Қурбон бўла қолдим. Ҳеч кима маълум эмас Ҳеч кима маълум эмас ҳоли паришоним менинг, Осмонни тийра қилди оҳу афғоним менинг. Мен нечун шод этмайин бул хаста кўнлумни бугун, Келди холимни сўраб ул шўх жононим менинг. Эй ситамгар, келгилу эмди шаҳид эткил мени, Мавж урсун Карбало даштида бу қоним менинг. Чун Сурайё бормусан, афлокдин боломусан, Бу фалакда кўрмадим, эй кўзи чўлпоним менинг. Нозу истиғно била кетгил, мени ҳолимни сўр, Термулиб доим йўлунгда чашми гирёним менинг. Тобакай жабру ситам бирла юрурсан, эй рафиқ, Чиқти, Машраб, ушбу ғамдин бу азиз жоним менинг. Ишқингда ўлдум Шоҳи жаҳоним, ишқингда ўлдум, Ороми жоним, ишқингда ўлдум. Кимдин ўргандинг мунча жафони, Эй нуктадоним, ишқингда ўлдум. То қоба қавсайн шарҳи қошингдир, Абрў камоним, ишқингда ўлдум. Қақнусга ўхшаб нола қилурман, Ўртанди жоним, ишқингда ўлдум. Бир раҳм қилғил, ҳолимни сўрғил, Номеҳрибоним, ишқингда ўддум. Ёрим санга ман чокар бўлойин, Соҳибқироним, ишқингда ўлдум. Машрабга бир боқ, жон дабға етти, Руҳи равоним, ишқингда ўлдум. Келди Наманган шаҳридин, дўстлар, менинг ёронларим келди, Отам бирла онамни билгучи меҳмонларим келди. Шижоат бобида ҳар қайсиси бир Рустаму Суҳроб, Адолат тахтиға минган бу кун султонларим келди. Иноятли, диёнатли, яна ҳам муршиди комил, Ҳама ориф, ҳама содиқ, ҳама ирфонларим келди. Аларминг хоки пойи кўзларимга тўтиё, Машраб, Чароғимни мунаввар қилғучи хоқонларим келди. Келмади Ваъда қилди бир келай деб, кўзга уйқу келмади, Телмуруб йўлида қолдим шўхи бадхо келмади. Неча келди шум рақиблар, ул париро келмади, Дардидин ўлдум, табиб, дардимға дору келмади, Мен шаҳиди ишқ бўлдум қатрайи сув келмади... Оҳ-воҳ айлаб, ғариблиқ шаҳрида беморман, Гар олур бўлсанг жонимни ол, санам, безорман. Пардани юздин кўтаргил, ой юзунгга зорман, Соқиё, тўлғинча май бер, неча кун хумморман, Барча мажлислар гули зулфи суманбў келмади. Ташна лаб ўлдум ғамингдан, меҳрибоним, қайдасан? Оҳ уруб истаб юрубман, жонажоним, қайдасан? Изласам йўқтур маконинг, ломаконим, қайдасан? Маҳрами сиррим мени, эй роздоним, қайдасан? Юз туман савдое тушти, маслаҳатгў келмади... Ич-у тошим ғамға тўлди, ғамгусорим, келсанго, Ҳарна қилсанг, сен ўзинг қил, дилда борим, келсанго! Жумла шоҳларнинг улуғи, номдорим, келсанго, Марҳаматлик подшоҳим, тождорим, келсанго, Дилни зангин кўрсатурга ойинарў келмади... Зоҳидо, Машрабга дединг: «Масжид ичра қўй қадам!» Фашидин қилдим ибо, ҳеч урмадим мен анга дам, «Ўлтуруб меҳробда, дебди, хотирингни айла жам!» Турфа ишдурким Кўрунг масжидга кирмиш дард-у ғам, Неча кун зоҳид бўлуб, кўнгулга бир «ҳу» келмади. Кўрголи келдим Ишқинг ўтиға куйголи келдим, Ойдек юзунгни кўрголи келдим. Савдои зулфинг тушди бошимға, Сендин саволлар сўрголи келдим. Баҳрингга кирдим ғаввос бўлай деб, Бир дурри мақсуд олғоли келдим. Мани сўрасанг, эй гулузорим, Маҳви жамолинг бўлғоли келдим. Қофила кетти,манзилга етти, Мен ҳам борай деб кетголи келдим. Соқий, қадаҳни қилғил муҳайё, Ваҳдат майидин ичголи келдим. Раҳмат эшигин Машрабга очғил, Ишқинг кўйида ўлғоли келдим. Кўрсат жамолинг Кўрсат жамолинг мастоналарға, Ишқингда куйган парвоналарға. Мендин дуодур,сендин — ижобат, Жоним тасаддуқ жононаларға. Эй кўнгли қаттиғ,раҳм айламайсан, Қилғил назар сен бечораларға. Машраб сени деб кечти жаҳондин, Бошини қўюб остоналарға. Манам, манам, манам Мақсуди Ҳақнинг аслиям, оре, манам, манам, манам, Соҳиби нури фазлиям, оре, манам, манам, манам. Қатрани ман гуҳар қилай, хору хасини зар қилай. Жумлани бохабар қилай, оре, манам, манам, манам. Зоти учун қатил бўлай, оташила Халил бўлай, Кўйида Жабраил бўлай, оре, манам, манам, манам. Кўрини ман бино қилай, мурдага жон ато қилай, Зотига ошно қилай, оре, манам, манам, манам. Кўси муҳаббатий урай, жумлани нурга тўлдурай, Етти фалакни куйдурай, оре, манам, манам, манам. Тўбони сарнигун қилай, рофизини жунун қилай, Бангини раҳнамун қилай, оре, манам, манам, манам. Ишқини зулфиқориман, Машраби беқарори ман, Хизру Масеҳни ёриман, оре, манам, манам, манам. Машраби мўтабар ўзум Гулшани боғи даҳр аро булбули нағмагар ўзум, Бир бути бебадал учун ошиқи дарбадар ўзум. Кўюнга дам-бадам бориб, навҳаву зорлар қилиб, Шому саҳар фиғон этиб, ҳофизи хуш асар ўзум. Yo шаҳи меҳрибонмусан, ё маҳи осмонмусан, Ер била кўкни куйдуруб кавкабаю қамар ўзум. Жоми майи луоб ичиб, мажнуни бенаво бўлуб, Нозу карашмалар қилиб, лайлийи ишвагар ўзум. Шамъи жамолинг ўртади жону дилимни, эй санам, Болу паримни куйдуруб, бедили навҳагар ўзум. Васлингни истаб, эй санам, кечаю кундуз мудом, Саҳарда бедор ўл дедингки, дояйи саҳар ўзум. Хисрави комрон бўлуб, Рустами достон бўлуб, Бир зўр паҳлавон бўлуб, Ҳамзайи рахнагар ўзум. Олими нуктадон манам, пири ҳидояхон манам, Шуҳрати шеър бобида Машраби мўтабар ўзум. Машрабман Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман, Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман. Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда, Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман. Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг, Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман. Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум, Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман. Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ, Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман. Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид, "Тилим кессанг, тўёрим йўқ, - деган, - дийдора” Машрабман. Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам, Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман. Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас, Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман. Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг, Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман. Меҳрибон онам Жамолинг кўргали келдим, аё эй меҳрибон онам, Менинг учун адо бўлған юрагу бағри қон онам. Хўтан даштига туштум бул фалакнинг гардиши бирлан, Эшиткил арзи ҳолимни, мен айтай сенга, жон онам. Ажойиб меҳрибонимсан, мени ороми жонимсан, Муроди ду жаҳонимсан, биҳишти жовидон онам. Мени бир жоду кўзлук бул жаҳон ичра хароб этти, Қади сарву санавбар, қошлари мисли камон, онам. Бошимга тушти бул савдо, бўлубман булбули шайдо, Шабистони жаҳонда қумридек шаккарфишон онам. Бу ишқ ўти хароб этти, юрак-бағрим кабоб этти, Мени хоки туроб этти юзи моҳи тобон онам. Сени кўп интизор эттим фироқ ўтиға, эй Каъбам, Тавофи Каъбайи мақсуда келдим, дилкашон онам. Илоҳо, авф қилғайсан бу Машрабнинг гуноҳини, Туфайли онайи зорим, ғарибу нотавон онам. Мен нола қилай шому саҳар Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда, Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда. Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул, Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда. Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон, Султону амир бандаё, озод эшигингда. Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур, Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда. Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур, Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда. Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб, Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда. Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз, Вайрона ватан – манзул обод эшигингда. Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур, Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда. Мени йўқлар кишим борму Намангондин кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму? Ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму? Қани қавму қариндошим, бу йўлда бўлса йўлдошим, Кўзумдин оқизиб ёшим, мени йўқлар кишим борму? Муҳаббат шарбатин ичтим, қазондек қайнабон тоштим, Бу фоний дунёдин кечтим, мени йўқлар кишим борму? Тушубдур бошима савдо, рамузу ишқдин ғавғо, Ўзига айлади шайдо, мени йўқлар кишим борму? Турарга тоқатим йўқтур, юрарга ҳолатим йўқтур, Юракда ишқ ўти чўқдур, мени йўқлар кишим борму? Қарорим йўқ турай десам, Намангонда юрай десам, Жаҳонни сайр этиб кезсам, мени йўқлар кишим борму? Бу мискин зор Машрабни киши ҳолини билмайдур, Бу ердин бош олиб кетсам, мени йўқлар кишим борму? Мурабба’ Ҳамду санолар айтай худога, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Етгайму додим нозук адога, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Шум толеимдан кўрдум жафони, Золим рақиблар кўрди вафони, Ҳолим сўр эмди, бергил давони Ёрга етар кун борму, ёронлар? Булбулдайинким фарёд этарман, Ишқ дафтарини бунёд этарман, Кўнлумни бир дам мен шод этарман, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Қачон висолинг бўлғай муяссар, Ишқингда кездим ҳам баҳру ҳам бар, Дарду аламга тўлди кўнгуллар, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Ғам баҳри қилди мавжини бунёд, Ишқингда қилдим минг оҳу фарёд, Ўтти нигорим чун сарви озод, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Ҳажр аҳли келди, тутти ёқамдин, Бағрим тилинди пайкони ғамдин, Фарёд этарман ушбу аламдин, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Шам’I фироқинг кўксимда ёнди, Кўз ёшим оқиб бағримга томди, Ғафлатда қолган Машраб уёнди Ёрга етар кун борму, ёронлар? На қилай Бу тани хокийни-ю руҳи равонни на қилай?! Бўлмаса қошимда жонон бу жаҳонни на қилай?! Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?! Иброҳимдин қолғон ул эски дўконни на қилай?! Урайинму бошима саккиз беҳишт-у дўзахин, Бўлмаса васли менга икки жаҳонни на қилай?! Заррае нури қуёшдек бу жаҳон ичра тамом, Ошкора бўлмаса сирри ниҳонни на қилай?! Аршнинг кунгурасин устиға қўйдум оёғим, Ломакондин хабар олдим, бу маконни на қилай?! Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо, Гул агар бўлса қўлумда, ул тиканни на қилай?! Ногоҳ кўрубон маҳви Ногоҳ кўрубон маҳви жамолинг бўла қолдим, Ойдек юзингга боқдиму ҳайрон бўла қолдим. Ўт туташиб куйди юрагим бирла жоним, Парвона бўлуб ўтга юзимни ура қолдим. Юз ғамза била чиқди санам май кадасидин, Зуннор узуб, дин била имон сота қолди. Кўрдумки,ажиб ишвагару дилбари танноз, Девона бўлуб ишқида ўтдек ёна қолдим. Дийдори жамолини кўруб ишқ йўлида, Гулгун ёнубон мавҳи томошо бўла қолдим. Ҳожат эмас ул Каъбаи жононаға бормоқ, Мен гавҳари мақсуд бўлойин деб ёна қолдим. Машраб бошиға тушди ўшал кун ғами дилдор, Шайдойи бўлуб жумла ҳавасдин қола қолдим. Ногоҳ кўрунуб кўзлари шаҳло Ногоҳ кўрунуб кўзлари шаҳло боқа қолди, Парда кўтариб қошини ул дам қоқа қолди. Ошиқ эканимни билиб ул дилбари раъно, Ақлимни олиб, жонима ўтлар ёқа қолди. Руҳум эритиб ёшини, ваҳ-ваҳ, юзи оташ, Ишқ чақмоғини жонима, найлай, чақа қолди. Тарсобачани кўрдиму дин кетти қўлумдин, Қил сажда дебон бўйнума зуннор тақа қолди. Мен онинг учун кечаю кундуз югурурмен, Ёрим келибон биргина ҳолим сўра қолди. Айди: "Не тиларсан?” Дедим: "Шам’I жамолинг!” Кўрсатти юзин, мақсуд ҳосил эта қолди. Машраб бу жаҳонда юрубон топмади бир мард, Юз шукрки, онинг била улфат бўла қолди. Олдида Кори муфлис саҳл эрурким под(и)шоҳнинг олдида, Сийнайи дафтарни очманг дил сиё(ҳ)нинг олдида. Ман тасаддуқи ўшандоқ оли ҳимматлар бўлай, Икки олам бир қадамдур авлиёнинг олдида. Раҳматанлилоламийннинг уммати бўлсанг агар, Роҳи аслингдин гапурма рў сиё(ҳ)нинг олдида. Кимки жоҳилдир насиҳат берсанг анга сахт етар, Икки дунё нур бўлур соҳиб дуонинг олдида. Домани давлатни тутганлар билур бул маънини, Яхши сўзни сўзламанг бахти қаронинг олдида. Машрабо, ҳар қайга борсанг излагил ганжи ниҳон, Рўзи Маҳшар қурб топгайсан Худонинг олдида. Ошиқ бўлибсан, бўлмағил ғофил Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас, Бу лутфу бу назокат бирла сендин айрилиб бўлмас. Ажаб бераҳ дилбарсан, ажаб шўхи ситамгарсан, ЧароғI ҳусни рўйингдин кўнгулни ҳам узуб бўлмас. Юзунгни офтобини кўруб ҳайрон бўлуб қолдим, Фалакка қул узотиб, шамси анварни олиб бўлмас. Юзунг мисли қизил гулдур, кўнгул чун булбули шайдо, Бу гулнинг ишқидин булбул чамандин айрилиб бўлмас. Кел, эй Машраб, агар ошиқ бўлибсан, бўлмағил ғофил, Бу ғафлат уйқусидин, эй ёронлар, уйғониб бўлмас. Ошиқ улдур то дилига сақласа асрорини Ошиқ улдур то дилига сақласа асрорини, Барҳам урса йўлиға оламда йъўқу борни. То ўзунгга дард тегмай, айланиб келмас даво, Бас, бу маънодин ҳакимлар кўп сўрар беморни. Гарчи осийман, анинг даргоҳидин навмид эмам, Бир гул учун сув берурлар сад ҳазорон хорни. Охири манзилга етмасдур кудуратлик кўнгул, Дилга жо бермоқ на ҳожат душмани ғаддорни. То дилингга маърифатдин нури имон бўлмаса, Сўфилар, бир ҳуға алмашланг ани – дасторни. Хотири покингни машғул қилма ҳаргиз дунёға, Дил ғуборолуда бўлди, ул кўролмас ёрни. Авлиёлардек муаззам бўлайин десанг, вале Машрабо, ҳеч канда қилма дилдин истиғфорни. Ўттум Ишқ водисидин бир кеча мен "ҳай-ҳа”лаб ўттум, Монанди найистон гулиға ўт қалаб ўттум. Офоқни бир лаҳзада кездим, на ажабдур, Мино тоғидин аккасифат ҳаккалаб ўттум. Оттим фаши-досторини девоналиғ айлаб, Парвонасифат жоними ўтқа қалаб ўттум. Билдимки, вафоси йўқ экан ушбу жаҳонни, Мардона бўлуб, балки, этак силталаб ўттум. Дунё ясаниб, жилва қилиб олдима келди, "Борғил нари!” деб (кетиға) бир шатталаб ўттум. Билдимки они, душмани маккорайи айёр, "Ло” тирноғI бирла юзини тирмалаб ўттум. Мардони худо дедики: "Дунё майи аччиғ”, Аччиғлигини билмак учун бир ялаб ўттум. Нафс кофири бирла туну кун қилдим урушни, Танҳо қиличи бирла уруб, қиймалаб ўттум. Хомуш пичоғин ҳар дам онинг бўғзига қўйдум, Чўғ найзаси бирла кўзини найзалабб ўттум. Девонайи Машраб, бу сўзунг дардга даводур, Ошиқ элининг кўнглиға бир ўт қалаб ўттум. Ўзгинам Ишқ ўтига ўртаниб девона бўлган ўзгинам, Куя-куя кул бўлуб бирёна бўлган ўзгинам. Ошиқи дийдорман, эй ёр, билмассан магар, Мансури Халлождек дорга осилган ўзгинам. Куя-куя кул бўлуб дунёдин ўткан бормукин, Ишқ йўлида минг ўлуб, минг бор тирилган ўзгинам. Чок сийнамни қилиб маҳшарда айларман фиғон, Ул куни дийдор деб маҳшарни бузган ўзгинам. Ул сирот ал-мустақим олдида барча йиғлашур, Ишқни раҳбар қилибон андин ўткан ўзгинам. Қаландар бўл, қаландар бўл Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл, Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Оғиздин дур сочай десанг, шароби ишқ ичай десанг, Ёмонлардин қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Фасод аҳлин қувай десанг, (кетига) бир урай десанг, Бу даргоҳдин сурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Риёзатсиз бўлай десанг, таним озод юрай десанг, Жаҳонни сайр этай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Разолат куйдурай десанг, залолат ўлдурай десанг, Ҳамасин супурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Бу тақводин кечай десанг, хонақоҳдин қочай десанг, Ҳақиқатни очай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Гуҳаррезлик қилай десанг, ҳамани кулдурай десанг, Чу Машрабдек бўлай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Қош қоқтиву кетти Ногоҳ кўрунуб кўчада ул сарви хиромон, — Қош қоқтиву кетти, Қош учида имо қилибон жуббаси ларзон, — Бир боқтиву кетти. Ул шўхи пари, кўзлари офат, сўзи оташ, — Ҳай-ҳай, не жавоҳир, Бир шева қилиб этти мани ўзига ҳайрон, — Хуш ёқтиву кетти. Юз жилва билан борур эли кўчада ул шўх, — Бағримни қилиб қон, Минг таъзим илан ман қолибон волаву ҳайрон, — Зор эттиву кетти. Ул зулфи паришон уйидин чиқса боякбор, — Ман шукр этадурман. Минг жоним агар бўлса, қилай ман анга қурбон, — Ўт ёқтиву кетти. Машрабни бу дунёда хароб этган ўзунгсан, — Эй кўзлари шаҳло, Айди сўзини, ёйди бу дунёга фаровон, — Дол эттиву кетти. Расулуллоҳ келади ёки Меърож? Кел энди Жаброил, Аршни супургил эй, Анда меҳмон бўлгани Расулуллоҳ келади. „Мозоғал басар“ кўзлиг, „шамси ва зуҳал“ юзлиг, Ҳаммадан ширин сўзлик, Расулуллоҳ келади. Шамолларгаму айтгил, сайр этишини қўйсин, Беадаблик қилмасин, Расулуллоҳ келади. Дарёларгаму айтгил, мавж уришини қўйсин, Олдида сақо бўлсин, Расулуллоҳ келади. Азроилгаму айтгил, жон олишини қўйсин, Хизматда муқим турсин, Расулуллоҳ келади. Моликларгаму айтгил, дўзах эшигин ёпсин, Йўлларига гул тиксин, Расулуллоҳ келади. Ғулмонларгаму айтгил, меҳнат эшигин очсин, Бошларига дур сочсин, Расулуллоҳ келади. „Уфқул мақом“га бориб йиғлайди Жаброил: „Мундан ўтсам, ё Расул, қанотларим куяди“, Маҳшар куни бўлган йиғлайди Машробо, Расулуллоҳ кейнидан Машраб қаландаринг келади. Шарҳ айласам ишқ дафтарини Шарҳ айласам ишқ дафтарини, жон чидаёлмас, Ҳам жону жаҳон, одаму ҳайвон чидаёлмас. Авроди муҳаббат ўқубон масжида кирсам, Масжид куяру тоқи фарозон чидаёлмас. Майхона кириб, васли санамдин хабар олса, Зоҳид куяру оқилу нодон чидаёлмас. Маҳшар куни гар барқ урубон чиқса нигорим, Дўзах куяру жаннату ризвон чидаёлмас. Ишқ дафтаридин гар ўқусам сура баякбор, Бешубҳа, билинг, ояти қуръон чидаёлмас. Гар наръа уруб тавсани ҳиммат мина қолсам, Оламға тушуб шўриши афғон чидаёлмас. Машраб, сен агар даъвие ишқи санам этсанг, Биллоҳки, анга жисминг ила жон чидаёлмас. Шодмонлик излама Шодмонлик излама, охир бошинга ғам келур, Одамининг бошига андишайи мотам келур. Осмонга этса бошинг мисли Мусо хомуш ўл, Сар дарахт нурмева бўлган сўнгра боши хам келур. Одамийнинг асли бирдур, бир-биридин фарқи бор, Неча қарн ўтган сўғун дунёга бир одам келур. Ваҳми маҳшардин гапурманг норасони олдида, Гўши карға ҳақ сўзи албатта нофорам келур. Йиғламоқ осон эмасдур, эй жигарбандим, эшит, Мулки дил садпора бўлған сўнг кўзингдан нам келур. Олими илмига maghrur, жоҳили исёнга ғарқ, Кас не билсун, рози маҳшар кимни тоши кам келур. Ёшлигингда йўлга кирғил, токи топқайсан камол, Гар жароҳат кўҳна бўлған сўнгра бемалҳам келур. Машрабо, сийнамдаги дардимни айтсам, арш куяр, Йўл хатардур, қўрқаман, мажлисга номаҳрам келур. Сиғмамдур Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур, Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур. Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд, Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур. Халилосо бу йўлда оташи Намруд – меърожим, Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дунёга сиғмамдур. Ризо мулкидаман, ҳалқумни туттум тиғI Акбарга, Бу йўлда сийнаи поки Забунуллоға сиғмамдур. Агарчанде зиёрат қилмадим мен Каъбайи зоҳир, Тариқат ҳожисидурманки, Байтуллога сиғмамдур. Гаҳи бўлдум фақиру, гоҳи шоҳу, гаҳ гадодурман, Ажаб девонаман, фардоки маҳшаргоҳға сиғмамдур. Мақоми ҳайрат ичра гоҳи худман, гоҳи бехудман, Жунун бозорида мастманки, истиғноға сиғмамдур. Гаҳ ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўмин, гоҳи тарсоман, Не кавнайни миёни lou иллоллоға сиғмамдур. Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман, Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур. Танбур Сетор деманг, ҳоли дилим сўрғучи танбур, Кўнглум гиреҳин, ғамларини сурғучи танбур. Бир неча рақиблар сўзидин ғамзада бўлсам, Ҳамдард бўлубон оғушима киргучи танбур. Кўтоҳназар эл буни ҳеч қадрини билмас, Даргоҳи азалдин хабаре берғучи танбур. Гар ёр жамолини кўруб пардаға солсам, Нағмаси они сийнахарош этғучи танбур. Ҳам ёр жамолидек они нашъаси бордур, Ҳайрат ўтидин маҳзи санам қилғучи танбур. Ошиқ юрагидин чиқиб, ўттек келибон ул, Бир учқуниға жумлани куйдурғучи танбур. Машрабни тамом ақлин олиб ул бути хунрез, Жонимни ёқиб сийнахарош этғучи танбур. Тавбанг қабул бўлмас сени Эй кўзимнинг шамъию ҳам нури дийдам равшани, Одами имонға етмай ҳеч вақт бўлмас Ғани, Мардумозори қилиб бўлма Худони душмани, Осмонга етса бошинг қилмагил мову-мани, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Кечаю кундуз агар Қуръон тиловат айласанг, Шабни рўз айлаб мудом тақвойи тоат айласанг, Мисли Ҳотамдек бўлиб хайру саховат айласанг, Каъбайи мақсудни минг бор зиёрат айласанг, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Машриқу Мағрибни кезсанг, йўқ бу дардингга табиб, Қилмағай андак шафоат, саййиди нури Ҳабиб, Куйдурур ул Молики дўзах, сени охир мужиб, Юз фиғону нола қилсанг, ҳеч киши келмас қариб, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Дини имонинг билан урсанг бу йўлда дасту по, Зўри бозинг бирла этсанг ўттиз уч минг хонақо, Осмондин тушса Исо, қилса ҳаққингга дуо Муршидинг Хизри замон бўлса, бўлолмас раҳнамо, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Бўйи раҳмат анга етмас, кимки бадкирдордур, Гўр ани қилмас қабул, чиркин тани мурдордур, Чун Худо бандам демас, ҳар кимки дил озордур, Ким Падарозордур, андин Худо безордур, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Тоатинг беҳудадур, ҳаргиз тополмассан самар, Сад ҳазорон некни, бир хўйи бад барҳам урар, Эй муққаддар доманинг куйди ўзингдин бехабар, Арши аъзамдин улуғдур, бандага амри Падар, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Ҳеч оқил ўзини аҳли касофат айламас, Бу гиёҳи талхни ҳеч ким зироат айламас, Ким Падарозордур Аҳмад шафоат айламас, Бандайи мўмин омонатга хиёнат айламас, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. Машрабо азми сафар қилгил неку кирдор бўл, Бандаликни пеша тут, шаб то саҳар бедор бўл, Охиратни хавфидин қон йиғлагил ҳушёр бўл, Боғи ризвон истасанг амри падарга ёр бўл, То Отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сени. То кийди қизил То кийди қизил ўзини зебо қилайин деб, Ўт ёқти жаҳон мулкида ғавғо қилайин деб. Мастона хиром эттию кўргузди қадини, Мендек неча девонани шайдо қилайин деб. Зебо санамим гул юзидин парда кўтарди, Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб. Зулфини тараб, қош учуруб жилвалар этти, Ошуби бало, фитнани барпо қилайин деб. То айладим олдиға бориб арзи ниёзим, Чин солди жабиниға таманно қилайин деб. Мастона саманд секрата келди шаҳи хунрез, Шамшири жафони яна бурро қилайин деб. Кўп йилки, бу қул хизматини қилмади баржо, Келдики ғазаб бирла чу сазо қилайин деб. Бошимни кесиб олғилу хушҳол бўлуб кет, Қонимни тўкуб, лолайи саҳро қилайин деб. Ханжар қўлида Машрабин ўлдурғали келди, Ғавғойи қиёматни ҳувайдо қилайин деб. Тушти савдойи муҳаббат бошима Тушти савдойи муҳаббат бошима, Ор этар мардум келурға қошима. Ваҳ, муҳаббат кўйида қон йиғладим, Ети иқлим ғарқ бўлди ёшима. Сажда айлар зоҳид ул меҳробиға, Мен қилурман сажда эгма қошима. Қил ҳазар, албатта, жонон, қаҳрдин, Узру зорим сенга – бағри тошима. Муҳтасиб тўктурди соқий бодасин, Етмади ақли анинг сирдошима. Кунда юз минг жабр қилсанг, ўргулай, Қўй қараб ғам тошина бардошима. Машраби девонаман ҳайрон қилиб, Не сабабдин келмадинг бир қошима. Ханжарни оло келди Минг шўри фиғон бирлан, ҳай-ҳай, не бало келди, Жон қичқирадур қўй деб, ханжарни оло келди. Қўлида қилич фўлод, қошимға келиб жаллод, Қилди мани бебунёд, тийғи гузаро келди. Кетсам бу алам бирлан, юз коҳиши ғам бирлан, Савдойи санам бирлан, хуш даври сафо келди. Рози бўлайин ўлсам, жон бергу(н)ча бир кўрсам, Мундоғ не бало бирлан шиддатли қазо келди. Заҳматга қазо ёндош, бўлди ҳаммаси йўлдош, Ул жавру жафо подош, тиклаб югуро келди. Девонайи Машрабсан, қўрқуб нега йиғларсан? — Ошиқ кишига ўлмоқ ким, айни шифо келди. Хох инон хох инонма Сенсан севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма, Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Ғам шоми фироқингда кабоб этти фалакни Оҳи саҳарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Ногаҳ сари зулфунг сори бўлдум санга мойил, Эй тожи сарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Лаълинг ғамидин кўнглум эрур ғунча киби қон, Гулбарги тарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Заҳри ғами ҳажринг мени ўлдурғали етти, Эй лабшакарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Машраб, бўлубон кўйинга чун барқи тажалли, Қолмай асарим, хоҳи инон, хоҳи инонма. Худо берсун паноҳ Нафси саркаш муддаосидин худо берсун паноҳ, Бул замона муттакосидин худо берсун паноҳ. Ҳирқайи бечора киймоқликму роҳи бандалик, Сўфини далқи риёсидин худо берсун паноҳ. Жомайи малла кийиб, қилғон иши ҳийлаву макр, Шайх ноқис хонақосидин худо берсун паноҳ. Ўзлари комилсифат, ҳар луқмаси ҳаққи сағир, Юртни ул соҳиб дуосидин худо берсун паноҳ. Лоф урар "Абдоли вақт-ман!” деб, сўзида маъни йўқ, Бул замона раҳнамосидин худо берсун паноҳ. Мард лашкар йўсинида қўлига тасбеҳ олиб, Шайхни рангин асосидин худо берсун паноҳ. Муттақийлик даъви айлаб, ўзларини пир тутуб, Охири вақт порсосидин худо берсун паноҳ. Бул қаландар жандасининг торида зуннори йўқ, Бошига кийган кулосидин худо берсун паноҳ. Машраби шўридани қилған дуосин қил қабул. Ул саҳархезни дуосидин худо берсун паноҳ. Худодин ўзгаси барча ғалатдур Бу тани хокинию руҳи равонни на қилай?! Бўлмаса қошимда жонона, бу жонни на қилай?! Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак? Иброҳимдин қолған ул эски дўконни на қилай?! Урайинму бошима саккиз биҳишти дўзахин, Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?! Аршнинг кунгурасин устига қўйдум оёғим, Ломакондин жой олибман, бу маконни на қилай?! Заррае нури қуёшдек бу жаҳон ичра тамом Ошкоро бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?! Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо, Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?! Яна ғурбатзада, кеттим Дунё сориға бир келибон, ғамзада кеттим, Бир лаҳза дам олмай турубон, лаҳзада кеттим. Бир мушфиқи ҳамроз жаҳон ичра тополмай, Ҳасрат ўтидин куйдиму мотамзада кеттим. Суртмай бу қаро юзни бориб равзалариға, Армонда юруб лек бузуғ кулбада кеттим. Ҳар жон келару кетгусидур, билсам они ҳам, Кетмасча юрубон яна ғурбатзада, кеттим. Ҳорис бўлубон дунёда юрди неча гумроҳ, Урён келибон мунда, яна арбада кеттим. Ғофил кишилар кечаю кундуз тилагай мол, Дунё ила динни сотибон ғамзада кеттим. То ёрни хаёл айлади Машраб, кўзни очти, Юз дарду алам бирлаки, mehnatzada кеттим. Яхши халқларни биродар тут Тарозуйи амални қўлга ол, сўнгра баробар тут, Хатарлик йўлдасан, то жустижў қил, яхши раҳбар тут. Имонинг шамъини равшангаридур ҳамдами қобил, Қўлингдин келса, доим яхши халқларни биродар тут. Мақоми қурбат ўтиға агар кирсанг – ҳузур топсанг, Ўзунг заҳроба ютгил, халқни комиға шаккар тут. Бағир қони, кўзунг ёши, қади ҳам бирла оҳ тортгил, Шафоат вақти бўлди, анда домони паямбар тут. Бошинг гардунга етса, бўлмагил зинҳор хурсанде, Ўзунгни ҳар хасу хошокдин, эй банда, камтар тут. Бало кўрган кишилар мажлисини орзу қилғил Ки, ҳар шум лодани кўрсанг, ўзунгни мунда беҳтар тут. Тараддуд айлагил, занги дилинг шоядки соф ўлғай, Ҳидоят кўчасининг ринди бўл, домаин маҳшар тут. Улуғман деб, такаббур пеша қилма муштипарларга, Сарафрози топай десанг, давомат қийдани тат тут. Ҳавас бозорини дур айлагил зинҳор бошингдин, Қўлунгни икки дунёдин узуб, дилни қаландар тут. Баҳойимдек емак-ичмакни саргардони кўп бўлма, Кафан бичгил ўзунгга, дилда ўлмоғни муқаррар тут. Адам саҳросидин дунёга келдинг банда бўлсам деб, Камар боғлаб белингга, зикри тасбеҳи эранлар тут. Бу зиндонхонадин ўттунг, кўрунди жаннатул аъло, Баланд эт ҳимматингни мунда келдинг, мисли Ҳайдар тут. Ўзини билмаган бедардларга очмагил дафтар, Халилдек ўтни гулзор айлагил, хўйи самандар тут. Бу ерда ёри берса лутфи ҳақдин гарчи иқболинг, Адолат мулкининг сарриштасини мисли Умар тут. Бу фоний дунёдин, Машраб, етишсанг боқи уқбоға, Сиротал мустақимдин ўттинг, сўнгра роҳи дигар тут. Ёрга етар кун борму, ёронлар Ҳамду санолар айтай худога, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Етгайму додим нозук адога, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Шум толеимдан кўрдум жафони, Золим рақиблар кўрди вафони, Ҳолим сўр эмди, бергил давони Ёрга етар кун борму, ёронлар? Булбулдайинким фарёд этарман, Ишқ дафтарини бунёд этарман, Кўнглумни бир дам мен шод этарман, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Қачон висолинг бўлғай муяссар, Ишқингда кездим ҳам баҳру ҳам бар, Дарду аламга тўлди кўнгуллар, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Ғам баҳри қилди мавжини бунёд, Ишқингда қилдим минг оҳу фарёд, Ўтти нигорим чун сарви озод, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Ҳажр аҳли келди, тутти ёқамдин, Бағрим тилинди пайкони ғамдин, Фарёд этарман ушбу аламдин, Ёрга етар кун борму, ёронлар? Шамъи фироқинг кўксимда ёнди, Кўз ёшим оқиб бағримга томди, Ғафлатда қолган Машраб уёнди Ёрга етар кун борму, ёронлар? Юз минг бало кўрсам Сузук кўзлу, сариғ садбарг юзунгни, дилрабо, кўрсам, Юзунгдин юз ўгурмасман, агар юз минг бало кўрсам. Мани ошиқ, сани маъшуқ ки дерлар ушбу оламда, Насиб ўлмиш манга давлат, фироқинг ўтида куйсам. Чунонам кўнгли қаттиқсан, бирам ҳолимни сўрмассан, Жамолингга тўёлмасман бошингдин юз минг ўргулсам. Нечук бедодлиғ иш бўлдики, ман сандин жудо бўлдум? Жафоларники ман тортиб, на мушкулдур қараб қолсам. Садафсиз дур, тикансиз гул, машаққатсиз ҳунар йўқдур, Топарманму висолингни жаҳонни истабон юрсам? Лабинг — лаълу хатинг — Хизру юзунг — монанди Юсуфдур, Зулайҳодек куюб-ёниб бу ишқ ичра адо бўлсам. Ўшал Мажнуни шайдодек биёбонлар аро ман ҳам, Кўюнгда дам-бадам ёниб, қани Лайло деб оҳ урсам. Кел, эй Машраб, кўзунг йўлларда қолди термулуб, найлай, Қани ул хоки пойинг, кўзларимга тўтиё қилсам. Юзи моҳи тобон қиз Кокулунг анбар дурур, жон ичида жонон қиз, Кўзларинг ахтар дурур, юзи моҳи тобон қиз. Лабларинг эрур лаълдек, юзларинг қизил гулдек, Барча сенгаким қулдек, хизматингга қурбон, қиз. Тар оразинг гул, сочинг сунбулки,тишларинг дур, Сарв қадлиғ, қош кўрунг офтоби даврон қиз. Бир кўриб сени, золим, қолмади менинг ҳолим, Танг бўлубдур аҳволим, билмадингму, нодон қиз? Ой юзингни кўрганда, лабларингни сўрганда, Машрабинг бўлур банда, қилсанг ани меҳмон қиз. Замонга сиғмадим Онқадар нурга тўлибман осмонга сиғмадим, Тоқи аршу курсию лавҳу жинонга сиғмадим. Кимга соям тушса, бир нури яқин бўлди у ҳам, Дафтари руҳи қудсдурман, забонга сиғмадим. Жаннату кавсар манам, ҳам дўзаху сақар манам, Бир ўзумдурман бу дам, ҳафт осмонга сиғмадим. Сояйи одамға келдим, нури маъни изладим, Жаннатул фирдавсдек олий маконга сиғмадим. Бор эдим Нуҳ вақтида, ғарқ этмади тўфони ҳам, Ҳамраҳи Мусо бўлуб Тури Синонға сиғмадим. Эллик йил Исо билан юрдум ўлукни тиргузуб, Боиси бир нуқтадин Машраб замонга сиғмадим. Зулфи сиёҳсини кўрунг Офати жоним ул санам қоши қаросини кўрунг, Икки юзига чулғаниб зулфи сиёҳсини кўрунг. Ҳуру паридин тозадур, шамсу қамар ҳижилдадур, Ким ани кўрса бандадур, ҳусни зиёсини кўрунг. Гоҳ ёрим қизил кийиб, қирмизи сочбоғин солиб, Нозу карашмалар қилиб, аҳди вафосини кўрунг. Гоҳ қошини чу ё этиб, кифрик ўқи бирлан отиб, Жоду кўзини ўйнатиб, макру балосини кўрунг. Машраби бенаводу(р)ман, васли учун гадоду(р)ман, Ҳажр ўтиға куёду(р)ман, ёр жафосини кўрунг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Бобораҳим Машраб). Downloaded from uzbekai.com.