Агар ошиқлиғим айтсам... Бобораҳим Машраб Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жон-у жаҳон ўртар, Бу ишқ сиррин баён қилсам тақи ул хонумон ўртар. Кишига ишқ ўтидин заррае етса бўлур гирён, Бўлуб бесабр-у бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар. Мени бехонумон тинмай куюб-ёндим фироқингда, Отинг тутсам, «Нигоро» дебки, завқидин забон ўртар. Қаю тил бирла, эй жоно, сени васфинг баён айлай, Тилим лол-у кўзум гирён, сўнгакларим ниҳон ўртар. На қаттиқ кун экан, жоно, висолингдин жудо бўлмоқ, Мени оҳим тутуниға замин-у осмон ўртар. Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан, Ғаминг бошқа, алам бошқа, юракимни фиғон ўртар. Бу Машраб дардини, жоноки, ҳар ким бошиға солма, Агар маҳшарда оҳ урсам, беҳишти жовидон ўртар. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Агар_ошиқлиг%E2%80%98им_айтсам.... Downloaded from uzbekai.com.