Чидаёлмас Бобораҳим Машраб Ишқ мазҳабига тақвию тоат чидаёлмас, Тасбеҳу сано, зуҳду ибодат чидаёлмас. Ким кўрса ўшал дилбари раънони баякбор, Бетоқат ўлуб, айши фароғат чидаёлмас. Фарёду фиғонлар қиладурман кеча-кундуз, Ҳайратда қолиб, қад ила қомат чидаёлмас. Адҳамсифат ул кирса киши фақр йўлига, Осойиш ила хайри саховат чидаёлмас. Арбоби муҳаббатга етиб бўйи санамдин, Ақли кетибон сабру қаноат чидаёлмас. Эй зоҳид, агар кўрсанг ўшал моҳлиқони, Зуҳду вараъу кашфи каромат чидаёлмас. Девона қилар ишқи санам васли чу Мажнун, Номусу ҳаё, айбу қабоҳат чидаёлмас. Ким жоми муҳаббат майидин журъае ичса, Шоҳона ҳашам, иззату ҳурмат чидаёлмас. Бу ишқ элининг ҳар дам этар валваласиға, Бешубҳа, билинг, дасти иродат чидаёлмас. Машраб, келибон кўнгул ила рақси самў қил, Ишқ мазҳабида оби таҳорат чидаёлмас. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Чидаёлмас. Downloaded from uzbekai.com.