Ҳайрон бўла қолдим Бобораҳим Машраб Кўз учи билан дилбари раъно манга боқти, — Ҳайрон бўла қолдим, Юз нозу карашма била ёр қошини қоқти, — Сарсон бўла қолдим. «Жонимни олур бўлсанг ол!» деб ёнига бордим, — Кулди: «Нари тур!» деб, Бехуд қилибон бошима савдосини солди, — Нолон бўла қолдим. Айдимки, яна: «Ўргулайин, қошима келсанг», — Юзини ўгурди, Ҳушум кетибон кўздаги ёш қон бўлуб оқти, — Гирён бўла қолдим. Боскан изини кўзума сурттум нола айлаб: — «Дилбар қайдасан?» деб, Чиқмади садо, ишқ ўтини жонима ёқти — Сўзон бўла қолдим. Оҳ урдиму айдимки, «Сани қайда топарман излаб?» — Деди: «Сабр эт!» Ҳеч қолмади сабрим, жигарим сув бўлуб оқти, — Тобон бўла қолдим. Машрабга саҳар ёри ширин сўз қотиб ўтти, — Жондин кеча қолдим, Девона қилиб, жоним олиб, биллаҳ(ки) йиқти, — Қурбон бўла қолдим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ҳайрон_бо%E2%80%99la_қолдим. Downloaded from uzbekai.com.