Келмади Бобораҳим Машраб Ваъда қилди бир келай деб, кўзга уйқу келмади, Телмуруб йўлида қолдим шўхи бадхо келмади. Неча келди шум рақиблар, ул париро келмади, Дардидин ўлдум, табиб, дардимға дору келмади, Мен шаҳиди ишқ бўлдум қатрайи сув келмади... Оҳ-воҳ айлаб, ғариблиқ шаҳрида беморман, Гар олур бўлсанг жонимни ол, санам, безорман. Пардани юздин кўтаргил, ой юзунгга зорман, Соқиё, тўлғинча май бер, неча кун хумморман, Барча мажлислар гули зулфи суманбў келмади. Ташна лаб ўлдум ғамингдан, меҳрибоним, қайдасан? Оҳ уруб истаб юрубман, жонажоним, қайдасан? Изласам йўқтур маконинг, ломаконим, қайдасан? Маҳрами сиррим мени, эй роздоним, қайдасан? Юз туман савдое тушти, маслаҳатгў келмади... Ич-у тошим ғамға тўлди, ғамгусорим, келсанго, Ҳарна қилсанг, сен ўзинг қил, дилда борим, келсанго! Жумла шоҳларнинг улуғи, номдорим, келсанго, Марҳаматлик подшоҳим, тождорим, келсанго, Дилни зангин кўрсатурга ойинарў келмади... Зоҳидо, Машрабга дединг: «Масжид ичра қўй қадам!» Фашидин қилдим ибо, ҳеч урмадим мен анга дам, «Ўлтуруб меҳробда, дебди, хотирингни айла жам!» Турфа ишдурким Кўрунг масжидга кирмиш дард-у ғам, Неча кун зоҳид бўлуб, кўнгулга бир «ҳу» келмади. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Келмади. Downloaded from uzbekai.com.