Машрабман Бобораҳим Машраб Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман, Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман. Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда, Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман. Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг, Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман. Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум, Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман. Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ, Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман. Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид, "Тилим кессанг, тўёрим йўқ, - деган, - дийдора” Машрабман. Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам, Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман. Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас, Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман. Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг, Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Машрабман. Downloaded from uzbekai.com.