Мен нола қилай шому саҳар Бобораҳим Машраб Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда, Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда. Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул, Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда. Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон, Султону амир бандаё, озод эшигингда. Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур, Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда. Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур, Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда. Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб, Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда. Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз, Вайрона ватан – манзул обод эшигингда. Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур, Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мен_нола_қилай_шому_саҳар. Downloaded from uzbekai.com.