Қаландар бўл, қаландар бўл Бобораҳим Машраб Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл, Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Оғиздин дур сочай десанг, шароби ишқ ичай десанг, Ёмонлардин қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Фасод аҳлин қувай десанг, (кетига) бир урай десанг, Бу даргоҳдин сурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Риёзатсиз бўлай десанг, таним озод юрай десанг, Жаҳонни сайр этай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Разолат куйдурай десанг, залолат ўлдурай десанг, Ҳамасин супурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Бу тақводин кечай десанг, хонақоҳдин қочай десанг, Ҳақиқатни очай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. Гуҳаррезлик қилай десанг, ҳамани кулдурай десанг, Чу Машрабдек бўлай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қаландар_бо%E2%80%99l%2C_қаландар_бо%E2%80%99l. Downloaded from uzbekai.com.