Шарҳ айласам ишқ дафтарини Бобораҳим Машраб Шарҳ айласам ишқ дафтарини, жон чидаёлмас, Ҳам жону жаҳон, одаму ҳайвон чидаёлмас. Авроди муҳаббат ўқубон масжида кирсам, Масжид куяру тоқи фарозон чидаёлмас. Майхона кириб, васли санамдин хабар олса, Зоҳид куяру оқилу нодон чидаёлмас. Маҳшар куни гар барқ урубон чиқса нигорим, Дўзах куяру жаннату ризвон чидаёлмас. Ишқ дафтаридин гар ўқусам сура баякбор, Бешубҳа, билинг, ояти қуръон чидаёлмас. Гар наръа уруб тавсани ҳиммат мина қолсам, Оламға тушуб шўриши афғон чидаёлмас. Машраб, сен агар даъвие ишқи санам этсанг, Биллоҳки, анга жисминг ила жон чидаёлмас. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Шарҳ_айласам_ишқ_дафтарини. Downloaded from uzbekai.com.