То кийди қизил Бобораҳим Машраб То кийди қизил ўзини зебо қилайин деб, Ўт ёқти жаҳон мулкида ғавғо қилайин деб. Мастона хиром эттию кўргузди қадини, Мендек неча девонани шайдо қилайин деб. Зебо санамим гул юзидин парда кўтарди, Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб. Зулфини тараб, қош учуруб жилвалар этти, Ошуби бало, фитнани барпо қилайин деб. То айладим олдиға бориб арзи ниёзим, Чин солди жабиниға таманно қилайин деб. Мастона саманд секрата келди шаҳи хунрез, Шамшири жафони яна бурро қилайин деб. Кўп йилки, бу қул хизматини қилмади баржо, Келдики ғазаб бирла чу сазо қилайин деб. Бошимни кесиб олғилу хушҳол бўлуб кет, Қонимни тўкуб, лолайи саҳро қилайин деб. Ханжар қўлида Машрабин ўлдурғали келди, Ғавғойи қиёматни ҳувайдо қилайин деб. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/То_кийди_қизил. Downloaded from uzbekai.com.