Юз минг бало кўрсам Бобораҳим Машраб Сузук кўзлу, сариғ садбарг юзунгни, дилрабо, кўрсам, Юзунгдин юз ўгурмасман, агар юз минг бало кўрсам. Мани ошиқ, сани маъшуқ ки дерлар ушбу оламда, Насиб ўлмиш манга давлат, фироқинг ўтида куйсам. Чунонам кўнгли қаттиқсан, бирам ҳолимни сўрмассан, Жамолингга тўёлмасман бошингдин юз минг ўргулсам. Нечук бедодлиғ иш бўлдики, ман сандин жудо бўлдум? Жафоларники ман тортиб, на мушкулдур қараб қолсам. Садафсиз дур, тикансиз гул, машаққатсиз ҳунар йўқдур, Топарманму висолингни жаҳонни истабон юрсам? Лабинг — лаълу хатинг — Хизру юзунг — монанди Юсуфдур, Зулайҳодек куюб-ёниб бу ишқ ичра адо бўлсам. Ўшал Мажнуни шайдодек биёбонлар аро ман ҳам, Кўюнгда дам-бадам ёниб, қани Лайло деб оҳ урсам. Кел, эй Машраб, кўзунг йўлларда қолди термулуб, найлай, Қани ул хоки пойинг, кўзларимга тўтиё қилсам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Юз_минг_бало_ко%E2%80%99rsam. Downloaded from uzbekai.com.