Кўрунг бир дилбари золим менинг ҳолим хароб айлаб... Бону Кўрунг бир дилбари золим менинг ҳолим хароб айлаб, Ёқуб ишқ оташин жонимга, бағримни кабоб айлаб. Кўзим телмуртуруб ёттим, басе кўп хор бўлди бош, Кириб хилватда ҳолим сўрмади чандин азоб айлаб. Тилокимдур анинг васли, туну кун ёлвориб ҳақдин, Очиб илгим дуога, йиғладим, кўзлар пуроб айлаб. Ётиб ҳажрингда беморе, бўлубман бехуду хомуш, Аё тан, сен нечук деб сўрмадинг, мунча итоб айлаб. Талабкори висолингмен, нечукдин билмадинг ҳолим, Кириб олдимга бир соат, чиқарни кўп шитоб айлаб. Яқинлик айладим чун ўтларингга, хижлатим кўпдур Мени куйдурғали шамъи юзунгни бениҳоб айлаб. Хумор айлаб кўзингни ҳам қабоқингни сузиб боқсанг. Битай шаънингга юз дафтар мошоирлик китоб айлаб. Кўзинг жаллоди бераҳму, камон абрўларинг ўқлар Мени бечоранинг чун ўлтурурға изтироб айлаб. Гаҳи хушман, гаҳи нохуш, гаҳи беҳуш, гаҳи боҳуш Бу Бонуни хароб эттинг сочинг мушкин таноб айлаб. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ко%E2%80%98rung_бир_дилбари_золим_менинг_ҳолим_хароб_айлаб.... Downloaded from uzbekai.com.