Ортиқ ҳиссиёт Элбек Фарғонада чиқатурған “Фарғона” газетасининг 81 нчи сонининг хабар қисмида ўртоқ Чўлпоннинг Фарғонага кетиши муносабати билан ёзилған ушбу жумлаларни ўқудиқ: (ўзича) ЮРТИҒА ҚАЙТДИ Фарғона йигити андижонли ёш шоиримиз Чўлпон (Абдулҳамид Сулаймон) шаҳримизга келди. Албатта, бундоқ фалокатлар орасида чўмуб қолған юртимиз Фарғона Чўлпон сингари ўзининг, етиштурган йигитларига муҳтождир. Умидимиз, шоиримиз Чўлпон ҳамиша ўз юрти Фарғонада ишлар. Бундағи оға-инилари чекмакда бўлған дардларин бирга дардлашар, тўкулган кўз ёшлариға ўртоқлашар!” Мана бул жумлаларни ўқуған ўртоқлар, Чўлпоннинг илгари қайси ўрунларда ишлаб юрганини билмаган эсалар, бу жумлаларнинг маъносидан ўзларича: – Чўлпон Ёвруподами, Хитойдами ёхуд бошқа бир мамлакатда бир ишда экан, энди ўз юртиға қайтиб ишга киришмишдир-да, деган бир ўйға қоларлар. Бироф, ўқуғучи ўртоқлар бундай англайтурған эсалар, янглишған бўладирлар. Чўлпон ўртоқ аллақаёққа кетмаган эди, ул ўзининг юртида яъни шул Туркистонда ўз эли орасида ишлаб келмакда эди. Энди биз, “Фарғона” газетасида ёзилған юқоридағи жумлаларга келсак, бу қайси бир ўртоқларимизнинг ҳеч нарсадан ҳеч нарсани ўйламай, ўзларининг янглиш тушунчалари, яна тўғриси, кўз юмуб иш кўрушлари натижасида ёзилиб қолған сўзлардир. Биз, Туркистон ўлкасида яшаған эканмиз, биз учун унинг Фарғона, Сирдарё, Самарқанд ва бошқа шундай ўрун исмлари бизча ҳечдир. Ёлғиз биз учун Туркистонли бўлиш етадир. Умид этамизким, Туркистонда яшағувчи ўзбек эли ҳам бизнинг фикримизда ўртоқлашарлар ва ёлғуз Фарғонанигина ўзларига юрт ҳисоблая олмаслар. Ортиқ ҳиссиётка берилиб ишлаш ярамайдир. Элбек — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ортиқ_ҳиссиёт. Downloaded from uzbekai.com.