Кашмирда Фурқат Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда, Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда. Зарра-зарра зар сочар бошиға ҳар кун офтоб, Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи иксирда. Бир кўриб чоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков, Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда. Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ, Тезлик жавҳарлари гар бўлса ҳар шамширда. Қоши узра холининг асроридин бир нуқтадур, Сураи Нун ўқудим пайваста ҳар тафсирда. Фориғ эрмас ҳеч ким ул дилрабонинг ишқидин, Зулфига дилбасталиғ ҳар бир жувону пирда. Айдим: «Эй, жон офати, зулфингга бўлмишман асир! Айди: «Бу савдони қўй, умринг ўтар занжирда!» «Нуқта лаб устида бежодур»,— дедим, айди кулиб: «Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда». Айди: «Эй бечора, қилдинг на учун тарки ватан?» Ман дедим: «Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!» — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кашмирда. Downloaded from uzbekai.com.