Кавлама Фурқат Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама, Ахгар ўлди ғам ўтида пайкаримни кавлама, Сайр қилдим баҳру бар хушку таримни кавлама, Эй сабо, ғамзодадурман, бистаримни кавлама, Чун шафақ олудаман хокисторимни кавлама! Чархи кажрафтордин беҳад аломатлар келур, Бу сабаб кўздин юза ашки надоматлар келур, Гар юракни қўзғасам ширин ҳикоятлар келур, Ҳар замоне Лайлидин менга китобатлар келур, Санки Мажнун бўлмасанг сардафтаримни кавлама! Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини, Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини Хурдадонлар билмадилар соддаларни ҳолини, Хонавайронлар билур афтодаларни ҳолини. Эйки маҳрам бўлмасанг чашми таримни кавлама! Ишқ савдоси тушуб бошимға, аҳволим хароб, Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб, Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар беҳисоб, То кишиға дард тегмай бўлмади багри кабоб, Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама! Неча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим, Билмадим бу йўлда шар’ қилдим ваё хайр айладим Ғам ҳужум этти анинг-чун масканим дайр айладим, Ломаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим, Жабраили ишқман, болу паримни кавлама! Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам-бадам, Бўлмади даврон сафоси lahzae бошимға кам, То шариатни тутуб қўйдум тариқатга қадам, Баҳри раҳматга кприб қилдим вужудимни адам, Маърифатдин бехабарсен, гавҳаримни кавлама! Чун қадам қўйдунг бу йўлға бўлма бематлаб вале, Фахри зиллат бўл, талашма ғурбати мансаб вале, Фурқатий, саргашта бўлсанг, йиғлагил ҳар шаб вале, Дурри дарёйи маоний бўлду чун Машраб вале, Дийда бино бўлмасанг кўб жавҳаримни кавлама! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кавлама. Downloaded from uzbekai.com.