Киши ҳолимни билмас... Фурқат Киши ҳолимни билмас, меҳрибонидин адашганман, Ватан оворадурмен, дўстонидин адашганман, Ватансиз бенаводурмен, маконидин адашганман, Ғариби кўйи ғурбат, хонумонидин адашганман, Ваё бир мурғи ваҳший ошиёнидин адашганман. Бошимда дам-бадам бир кулфати дигар макон айлар, Дилимни ҳар нафас андуҳи дигар остон айлар, Фалак пайваста тийри ғамға кўксумни нишон айлар, Тирикман зоҳирида, халқ бир одам гумон айлар, Валекин ҳоли сурат танда жонидин адашганман. Ғариб-у бекас-у сарсонлиғимни боиси шулдур, Ҳазин-у хаста-ю гирёнлиғимни боиси шулдур, Жаҳон оварайи ҳайронлиғимни боиси шулдур, Хароб-у бесар-у сомонлиғимни боиси шулдур, Ки, бир соҳиб каромат остонидин адашганман. Бўлубман ошиқи шўридайи бир нозанин дилбар, Фироқида дилим ғамнок, бағрим чок, чашмим тар, Танам хошокидин шуъла урар ишқ оташи яксар, Муҳаббат ўтида куйғоч, бўлуб бир тўда хокистар, Фано боди тегиб ном-у нишонидин адашганман. Кезиб дашти биёбон баҳр-у барлар йиғласам, тонг йўқ, Тўкуб ёш ўрниға кўздин гуҳарлар йиғласам, тонг йўқ, Маломат зоҳир этманг, ҳамсафарлар, йиғласам, тонг йўқ Чекиб булбул киби афғон саҳарлар йиғласам, тонг йўқ Ки, келди фасли гул, мен гулистонидин адашганман. Менга кор этти даврон инқилоби, на илож айлай? Насиб ўлди мазаллат хўрди хоби, на илож айлай? Қолибмен ташна, йўқ бир коса оби, на илож айлай? Бошимға тушди ғурбат офтоби, на илож айлай? Фалакни гардишидин соябонидин адашганман. Лақаб ҳар кимсага мардум ба қадри одатий дерлар, Ўшал ким анжуманда ўтса умри суҳбатий дерлар, Фано кўйида кимки муътакифдур хилватий дерлар, Замон аҳли бу боисдин тахаллус Фурқатий дерлар, Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Киши_ҳолимни_билмас.... Downloaded from uzbekai.com.