Оҳиста-оҳиста Фурқат Вафо айлаб йироқдин ошкор оҳиста-оҳиста, Бир ишқим айладинг, жоно, ҳазор оҳиста-оҳиста. На яхши марҳаматлар айламишсан номада изҳор; «Муҳаббат расми қилғил» деб шиор оҳиста-оҳиста. Жадал бирла киши мақсудиға етган эмас, оре, Бўлур вақти билан ҳар нав’ кор оҳиста-оҳиста. Нечук тоқат қилайким, бора-бора зўр этиб ишқинг, Кўнгулдин олди сабр ила қарор оҳиста-оҳиста. Бериб таскин кўнгулға: васлига бир кун етарман деб Ўзимни ўргатай ҳажрингга, ёр, оҳиста-оҳиста. Паришон ўлмайин то хотирингни жамъи қил, жоно, Сўраб ҳолимни хат бирлан бирор оҳиста-оҳиста. Нечук осойиш айлай, эй кўнгул оромиким, сенсиз Бўлуб борур жаҳон кўзимға тор оҳиста-оҳиста. Ўшал кун бир кўриб қолганда қилган новаки ғамзанг Ҳануз айлаб келур кўксим фигор оҳиста-оҳиста. Висолинг бодасидин қилмасанг шодоб Фурқатни, Хабар айлар ани ҳажру хумор оҳиста-оҳиста. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Оҳиста-оҳиста. Downloaded from uzbekai.com.