Сурмадин кўзлар қаро... Фурқат Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг, Ғозадин юзларда тобу, ўсмадин қошлар таранг. Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳул, Рўймол оғушидин пешонани аҳволи танг. Бори нозик панжалар олтун узукдин зебнок, Қўл билагузукдин музайян, нуқрадин оғизда чанг. Гавҳар осқон ҳалқалар сиймин баногошида банд, Кўринур, зулфи тунида субҳи содиқдек аранг. Ғамза бирла ўлтурур, гаҳ жилвалар бирла юрур, Турфа бир ноз, офарин, пур ишва танноз-у сатанг. Ақл-у ҳуш элтар агар турса, паридек силкиниб, Одамизод ичра ҳам мундоғ бўлурму шўх-шанг? Йўқ қутулмоқлиғ менга, ул офати жон дастидин, Қасдима қошлар камон, пайваста мужгонлар хаданг. Ул париваш ишқидинки, телбадурмен, гоҳ соғ, Чунки бордур орамизда гоҳ сулҳ-у гоҳи жанг. Жаврларким, Фурқат, ул шўхи жафожо айлади, Мунча бедод-у ситам қилмас мусулмонға фаранг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Сурмадин_ко%E2%80%98zlar_қаро.... Downloaded from uzbekai.com.