Келиб сен шўхи жаллодим мени сардафтаримни кўр... Ғурбат Келиб сен шўхи жаллодим мени сардафтаримни кўр, Сиришкимдин қизил қонға бўялган бистаримни кўр. Қаро оҳу кўзинг мужгонидин охир шаҳид қилдинг, Нечук кифрик эди қотилки доғи ханжаримни кўр. Тепиб ўтгил бошимга, изтиробликдин дилим пурхун, Бу ахборимга бовар қилмасанг, хокистаримни кўр. Юзим ҳижронларинг даштида бўлдиким хазон янглиғ, Боқиб май аксидин жом ичра шакли мазҳаримни кўр. Хижолатманд бўлиб ҳайратда қолсам ушбу водида, Ҳидоят айламас бир йўлға ожиз раҳбаримни кўр. Тил очмамдурки ишрат равнақидин ҳамнишинларга, Қаноат берди иззатларни тожу афсаримни кўр. Мукаддар хотирим доим фалакдин бўлди домангир, Адоват пеша қилди деб қадрдон додгаримни кўр. Менга майхонада навбатки келган эрди бир оқшом, Сулаймон девлари жумбишга солди соғаримни кўр. Жунун ақсомидин Ғурбатда ҳайронлик фузун бўлди, Табибо, бир илож айлаб бу кун фарқи саримни кўр. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Келиб_сен_шо%E2%80%98xi_жаллодим_мени_сардафтаримни_ко%E2%80%98r.... Downloaded from uzbekai.com.