Сени хоки қудумингга фидо жонлар нигор эмди... Ғурбат Сени хоки қудумингга фидо жонлар нигор эмди, Қаронғу масканимни олдидин қилғил гузор эмди, Кўриб наргис рухингни телба бўлди гулузор эмди, Жунунлиғ шиддатида қолмади сабру қарор эмди, Кўзинг мужгонидин ўлдир мени бир шаҳсувор эмди. Савод ўлмай нетар зулфингни аксидин ҳама маскан, Жамолинг партавида эътизолим бўлмаса равшан, Хароботи халойиққа юзинг монанди бир гулшан, Қилиб Намруди ҳижронинг вужудим жумласин гулхан, Куйиб хокистаримдин қолмади сўрсанг ғубор эмди. Қўйиб бир меҳру шафқат бирла маҳфилда хиром эттинг, Итобу ғамза айлаб шаҳду шаккардек калом эттинг, Риёзи оразингга мурғи кўнгулларни ром эттинг, На деб қаттиғ таманнони ўзингға илтизом эттинг, Тўкиб қон ашкини афтода чашмим интизор эмди. Фалак хуршиди маҳтоби рухингдин бўлди шарманда, Нужумлар ҳам сенга бир сажда қилмакка сарафканда, Санам, ҳуснингни васфин этгали ожиз ҳама банда, Олиб качкул қўлимга қайда ҳажрингдин кийиб жанда, Бўлай дерман муҳаббат шавқида беэътибор эмди. Мени, қотил, келиб қаҳринг билан бутхонада ўлдур, Юзимни қаҳрабо янглиғ қилиб лабташнамен ранжур, Билол этган садодин масканимни қил илоҳи дур, Менингдек, бўлмас ун ҳеч ким париваш ҳусниға мағрур, Жабинларга ёзилғай то қиёмат ҳажри ёр эмди. Биёбонга чунонча бетақаррур бир сафар қилдим, Халойиқ шиквасидин гўши хотирларни кар қилдим, Муножотимни қил ёраб қабул оҳи саҳар қилдим, Жанозамга ўшал оҳуи саҳрони хабар қилдим, На ҳожат эътиқодлик, меҳрибон хешу табор эмди. Такаллум айласам афсонадур шавқи жунунлиқдин, Бошимни бир кўтармам то тирикмен сарнигунлиқдин, Шикоётимни айтай кимга аҳволи забунлиқдин, Қафасга тушти тўти хуш талаффуз зуфунунлиқдин, Қилай бир дам сукут кўп сўзладим беихтиёр эмди. Фиғону нола қилсам Жабраил, болу паринг-куйгай, Ўтиб хоқони Чиндин балки шаҳри Хайбаринг куйгай, Китобат айласам иншоларимни дафтаринг куйгай, Муҳаббат оташида ҳамчу нафси аждаринг куйгай, Мукофоти зинубга тавба қилсанг сад ҳазор эмди. Ҳаётинг равнақига онча Ғурбат эътимод этма, Маош асбобини як рўза ризқингдан зиёд этма, Фалакдин кўп уқубат тегса мардумларга дод этма, Лаҳад ҳуббул ватандур занги кўнгулларни шод этма, Хазон бўлса, келиб боди сабр фасли баҳор эмди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Сени_хоки_қудумингга_фидо_жонлар_нигор_эмди.... Downloaded from uzbekai.com.