Ҳолбуки, тун... Ҳамид Олимжон Шағирлайди бетиним дарё, Шағирлайди ваҳм тўлган жар, Шағирлайди қоронғи дунё, Шағирлайди водий, даралар. Шағирлайди... Бермайди уйқу, Хаёлларим бўлар паришон, Бир изланиш бошланар менда Тушунчамга яна кирар жон. Ҳолбуки, тун - бунда одатда, Бутун борлиқ ухлардай сокин, Бутун ер осмонга ўраниб Олар кеби кундузидаи тин... Сойга тушдим, кўкда чиқди ой, Нур ёғилди оқ булутларга. Нурга тўлди дара, тўлди сой, Нур ёғилди қоронғи жарга. Кезар эдим, мени тинмайин Таъқиб этар бир узун соя, Билмадимким, бормидир иши, Yo истарми айтмоқ ҳикоя. Кўзларимда ёнар учқунлар, Зилол сувга ой эди сирдош, Ялтирарди, доим товланар, Ой нурига чўмилувчи тош. Кўзни тикдим, парқув булутлар, Кўчар эди зилол ва тоза. Лочин каби самолёт учар, Учар эди солиб овоза. Тикилганди кўзим қоғозга, Қўлларимда югурар қалам. Қуршамишди уни ҳаяжон, Бир интилиш, бир орзу бу дам. Шағирларди осмон ва ҳаво. Шағирларди бутун коинот, Шағирларди бетиним дарё, Шағирларди дарёда ҳаёт... — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ҳолбуки%2C_тун.... Downloaded from uzbekai.com.