Нисбат ғазалига мухаммас Ҳайрат Тўрақўрғоний Оҳким, бир бўлмадик асло қадрдон иккимиз, Этмадук қўл ушлашиб сайри гулистон иккимиз, Не бўлур, эй юзлари хуршиди тобон иккимиз, Ошнолик бирла бўлсак шоду хандон иккимиз, Ўртамизга тушмаса бегона бир он иккимиз. Доимо кезгум чу булбул гулюзим ёдин қилиб, Нанг ила номус, ақлу ҳуш барбодин қилиб, Иттифоқо ёрими кўрганда дил шодин қилиб, Ҳайфким, ҳар дам фалак кажравлик ижодин қилиб, Гар топишсак қўймагай суҳбатга чандон иккимиз. Иштиёқидин бўлиб жон ила диллар беҳузур, Этмадим васлига ҳаргиз, кўрмадим айшу сурур, Бор эканму билмадим оё бу пешонамда шўр, Муддао нақши муҳаббат кўнглимиз лавҳидадур, Рамз ила имо этишмоқ эрди, эй жон, иккимиз. Муддаойи хотирим бўлгаймукин, ёраб, ҳусул, Тиғи ҳижрон ила захмин кўнглум ўлди пур малул, Бўлса хоҳи ошно ёким рақиби булфузул, Дахли йўқ ғайри дигар гар топса ўртамизга йўл, Маҳзи ҳасратлар била қилгаймиз армон иккимиз. Ишқ жомин маст ҳар ким нўш этар ҳушёр эмас, Кимдур ул бўлсун фаришта ҳамнафас ағёр эмас, Волаи мафтун кўнгул деб орзуға ор эмас, Хоҳи дўсту хоҳи душман бизга ҳеч даркор эмас, Жони дилдек бўлсак ар тан ичра пинҳон иккимиз. Сайр этиб юрсак иков боғлар аро дилхушлашиб, Учраса ҳажр ила фурқат жон борича мушлашиб, Бодаи гулрангдин нўш айлабон майхушлашиб, Орзум шулдур ҳамиша сиз билан қўл ушлашиб, Айласак ҳар ён хиромон ила жавлон иккимиз. Қаҳр этиб гоҳи ситам тиғида сийнам тилдириб, Ним нигоҳи хандаомиз ила гоҳи кулдириб, Ҳайратий девонага маҳбуб эконин билдириб, Нисбатийга амр этиб, гоҳи мувашшаҳ қилдириб, Номингиз ашъорига бўлсак ғазалхон иккимиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Нисбат_г%E2%80%98azaliga_мухаммас. Downloaded from uzbekai.com.