Нодим ғазалига мухаммас Ҳайрат Тўрақўрғоний Келгил, эй маҳваш, кўзим муштоқи дийдоринг сенинг, Ишқ бозорида жон жазми харидоринг сенинг, Ушбу савдога сабаб, бу ҳусну рухсоринг сенинг, Умрлардурким кўнгул, жоно, гирифторинг сенинг, Орзуманди лаби лаъли шакарборинг сенинг. Қоматингдан сарв ҳам гул новдаси бебокдур, Лабларинг лаълу, тишинг дурдонаи ноёбдур, Маҳрами ҳусн ичра ул ким шўлаи маҳтобдур, Базм аро шамъи нишот афрўз, оламтобдур, Эй парилар сарвари, ул икки рухсоринг сенинг. Бир йўл, эй бераҳм, дил васлинг-ла хурсанд ўлмади, Базмларда илтифотинг-ла фараҳманд ўлмади, Мен каби ҳеч кимса доми ҳажрингга банд ўлмади, Оҳким, ҳаргиз висолингдин баруманд ўлмади, Жон бериб юз минг менингдек ошиқи зоринг сенинг. Мардуми чашминг солиб кўнгулга юз минг шўру шар, Холи ҳиндуким занахдонингда кўрдим мустақар, Ҳасратида нола қилмоқдур фаним шому саҳар, Лаъли нобинг иштиёқидин бўлиб хуни жигар, Ғунча янглиғ таҳ-батаҳ қондур дилафгоринг сенинг. Эй малоҳат тахтида сенсан амири сарфароз, Хўбларнинг сарварисан, дилбари ошиқ навоз, Ишқ элининг кори-боридур ҳама ажзу ниёз, Ҳар жафою жабр қилсанг инжимам, эй сарви ноз, Ўзгалар лутфидин ортиқ жонга озоринг сенинг. Чашми хунрезинг ҳамиша қасди жон этмоқ тилар, Орзуйи лабларинг бағримни қон этмоқ тилар, Шавқи дийдоринг кўзим ёшин равон этмоқ тилар, Хоки пойингни нисори нақди жон этмоқ тилар, Кеча-кундуз йиғлабон ҳар ерда хушторинг сенинг. Эй пари, сенсан ҳама маҳваш эли ичра синад, Олам ичра ошиқи дийдоринг эрмиш беадад, Ҳайратий девонага исминг аён этмоқ на ҳад, Нодим ашъорига музмар ҳарфу ишқинг то абад, Ҳирзи жони аҳли ушшоқ ўлди тумморинг сенинг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Нодим_г%E2%80%98azaliga_мухаммас. Downloaded from uzbekai.com.