Большевиклар ва биз Ҳожи Муин Русия инқилобининг саккизинчи ойинда, большевикларнинг «Душман билан ярашиб, мамлакатни ҳалокатдан қутқарамиз!» деб қилич қувватила ҳукуматни Киринскийдан тортиб олғонлари ва ўшал кундан эътиборан Туркистоннинг маркази бўлғон Тошкандда ҳам қанча қонлар тўкуб, ҳукумат идорасини ўз қўллариға олғонлари, аммо ҳозиргача халқ ва мамлакат фойдасиға бир пуллик иш кўрсатолмай, балки хорижий қон тўкулишлар устинда Русия дохлинда ҳам уруш чиқариб бутун Русия халқини фалокат ва ҳалокатга тушурмоқда бўлғонлари барчаға маълум бўлса керак. Сулҳға келганда, «Тездан, балки январғача душман билан ярашамиз» деб ваъда берган бўлсалар ҳам, бу тўғру-да ҳануз қатъий бир қарор чиқарғонлари маълум эмасдур. Большевиклар иш бошиға ўтуб олғон кунларда «Биз кичик миллатларға тамом ҳуррият ва истиклол берамиз!» деб хитобномалар воситасила ваъда қилғон бўлсалар ҳам бу қуруқ сўзлари қоғоз устидагина қолди. Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, балки, билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларға тўп ва пулемут билан муқобала этдилар ва этмакдадирлар. Муфрат «социализм» маслакида бўлғон большевикларнинг ўз маслакларини қабул этмаган миллатларға ҳуррият ва истиқлол бермасликлари аниқ бўлуб чиқди. Булар истайдирларким, Русияда ҳуррият ва истиқлолият тилагинда бўлгон миллатлар «социализм» пруғроми билан рафтор этсунлар, яъни ҳар миллатда ва ҳар мамлакатда «ишчи, деҳқон вакилларининг шўроси» деган бир ҳукумат ташкил қилиниб, мамлакатнинг идораси шуларға топширилсун. Миллат афродининг бутун ер, мол ва сар-ватлари умумий мулк этиб эълон қилиниб, шул «шўро» ихтиёриға қўюлсун. Шундай бўлмағонда булар ҳеч бир миллатға ҳуррият ва истиқлол бермас эмишлар, ҳеч бир миллатнинг ҳуррият ва истиқлолини ҳам тасдиқ этмас эмишлар. Большевикларнинг бу ғайри табиий тилаклари, бузуқ ғаразлари ҳозиргача Русияда бўлғон ҳеч бир миллат тарафиндан қабул қилинмади. Шунинг учундирки, большевик-лар ўзлариға бўюнсунмай «социализм» маслагини қабул этмаган (малорус ва Дўн қозоқларидек) миллатлар билан Урушмоқдадир. Узимизға келганда, 95 просенти мусулмон бўлғон улуғ Туркистон ўлкасинда ҳам большевиклар ўз сўзларини ўтказмак ва бузуқ маслакларини татбиқ этмак учун қўллариндан келган чора ва тадбирларға киришмоқдадирлар. Чунончи, Тошканд шаҳар думасини тарқатдилар. Туркистон Мухториятини «мулло ва буржуазлар қарори» деб тасдиқ этмадилар ва Тошкандда Мухторият шодлиғи учун намойиш ясағон мингларча мусулмонларға бир баҳона билан милтиқ ва пулемут отиб, бир неча гуноҳсиз мусулмон ва русларни ўлдурдилар. Булар ила ҳам муддаолари ҳосил бўлмағоч, ўз тарафдорларини кўпайтуруб, мусулмонлар орасиға мухолифат солмоқ учун мусулмон солдатларини ва мусулмон ишчи-деҳқонларини иғво этдилар. Аммо бу тадбирлар билан уларни ўз тарафлариға тортмоқға муваффақ бўлмадилар. Чунки мусулмонлар большевикларнинг бузуқ муддаоларини англаб олиб, ўзларини тортдилар, алданмадилар. Яна мунинг устинда, ўз мақсадларини большевикларга очиқроқ англатмак учун Туркистондаги бутун мусулмон солдат, ишчи ва деҳқонлар 25 декабрда Хўқандда фавқулодда бир съезд ясаб, съездда ҳозир бўлғон 200 нафарча намояндалар ўтган тўртинчи мусулмонлар қурултойи тарафиндан чиқарулғон қарорларни ҳақли топиб, Туркистон идора ва ҳокимиятининг дарҳол Мухторият ҳукуматиға топшурилмоғига қарор чиқардилар. Қани, энди кўрайлук, бу съездға большевиклар қайси кўз билан қарайлар!.. Нима дерлар!.. Ҳарҳолда большевик-лар тек турмаслар. Бирор баҳона топиб, бизнинг тинчлигимизни бузарлар, деб гумон қиламиз. Чунки буларнинг чин муддаолари ҳануз ҳосил бўлғон эмасдур. Шунинг учун бизларға керакким, бу тўғрида ҳар эҳтимолға қарши хозирлиқ кўрайлук. Тамом бирлик билан куч йиғайлук. Ўз ҳуррият ва мухториятимизни сакламоқ учун мол ва жонимизни фидо этмакка ҳозир бўлиб турайлук. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Большевиклар_ва_биз. Downloaded from uzbekai.com.