Энг қулай иш Ҳожи Муин Дунёда энг қулай ва осон иш нима, деб сўрағон кишига «тиётручилик» деб жавоб берсак, алҳақ ўроқдек тўғри жавоб берган бўламиз. Воқеан, агар тиётручилик бир қулт сув ичишдек осон бўлмасайди, бу кунларда шаҳримизнинг ҳар бир гадой топмас кўчасида ҳафтада уч қатла тиётруни томоша қилишга мушарраф бўлмас эдик. Тиётручилик раҳматлик «Мармархон пистадаҳон»нинг масхарабозлиғидек қулай бир ўюн бўлмаса эди, «олма пиш, оғзимға туш!», деб юрғонларимиз бу кунларда тиётру бошлиғи ва ўюн кулгуни тушларида кўрмаганларимиз, холис ўюнчилик мақсади билан маъракага чиқиб, «арзи андом» қилмағон бўлурлар эди. Яшасин саноеъи нафиса билан ўйнағувчи тиётручиларимиз! Яшасун ўлиб кетган эски масхарабозлиқларимизни тургузгувчи ўюнчиларимиз! Сўнгғи вақтларда Самарқандимизда бир неча Исонафас ўртоқларимизнинг йўлбошчилиғи кўланкасида тиётру ишлари бирдан жонланиб кетди. Уста кўрмаган шогирдларимиз саҳнаға чиқиб эшитилмаган мақомларда ўйнай бошладилар. Базм мажлисларидан фойдаланиб юрғон халқимиз бундай қизиқ тиётруларни чилла ўтириб томоша қилишдан ҳам зерикмайтурғон бўлди. Энди умид этиладирким, яқинда шаҳримиз Ўзбекистоннинг сиёсий маркази бўлиши билан баробар, тиётручилик жиҳатидан ҳам марказлик рўлини ўйнамоққа киришар. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Энг_қулай_иш. Downloaded from uzbekai.com.