Ҳумоюн Ҳумоюн Бир боқдиму боз ташнайи дийдор бўлдим... Бир боқдиму боз ташнайи дийдор бўлдим, Эй шўх, яна сенга гирифтор бўлдим. Осуда эдим, тун-кеча уйқумда кўриб, Фарёд чекиб, лаҳзада бедор бўлдим. Кўнглимга дедимки, бас, ҳамон сабр айла, Сабр этмади ул, хастаю бемор бўлдим. Йўқ эрди ҳушим, ўйлаки, йодимга тушиб Ул нозли нигоҳинг, яна хушёр бўлдим. Гул берди Ҳумоюнга уфоринг хабарин, Гулзор демагил, гулга сазовор бўлдим. Бир лаҳза фироқинг менга озору малол... Бир лаҳза фироқинг менга озору малол, Ҳажрингда куним машаққату заҳму завол. Ғурбатда кечар бўйлаки ҳолим, сўрма, Субҳоноллоҳ, не келур бошима ҳол! Бир пари рухсорага тушди ишим... Бир пари рухсорага тушди ишим, Ул сабаб кўнглимда бордир оташим. Чеҳраси хонамни равшан айлади, Партави бирлан ёритди маҳвашим. Талпинур кўнглим ҳамиша ул томон, Тортадир кўнглимни зебо, дилкашим. Менга бўлгайму муяссар эй пари, Кокилинг бўйнимга бир дам чирмашим. Ишқдин мастдир Ҳумоюн, кўп қийин, Эй санамлар, ўзни ҳушёр айлашим. Эй дил, ҳузури ёри феруз айла... Эй дил, ҳузури ёри феруз айла, Ёр хизматида ўзингни дилсўз айла. Дўст йоди-ла ҳар тунингда хуррам ўлтир, Ёр васли-ла ҳар кунингни наврўз айла. Эй сарвари коинот, эй асли вужуд... Эй сарвари коинот, эй асли вужуд, Ҳаққоки, ўзинг ҳабибу ҳайю маъбуд. Тургил-да, жамоли оламоро кўрсат, Олам элига баски ўзингсен мақсуд. Мен ҳечману йўқ менда магар рутбаю ном... Мен ҳечману йўқ менда магар рутбаю ном, Фазлингни тилармен куну тунларда давом. Бахш айла Ўзинг ҳурматинг ҳаққи учун Банданг бу Ҳумоюнга карам, файзи тамом. Султони сариру анбиё ҳам сен Ўзинг... Султони сариру анбиё ҳам сен Ўзинг, Хуршиди сипеҳри авлиё ҳам сен Ўзинг. Мардум ҳама пайрави тарийқинг, не ажаб, Халқ шаррига гоҳи раҳнамо ҳам сен Ўзинг. Yo Раб, менга дарвеш дилидин эҳсон бер... Yo Раб, менга дарвеш дилидин эҳсон бер, Кўнглимки шикастадир, анга дармон бер. Йўқ-йўқки, демасмен, уни бергил, буни бер, Ҳар неки ризойингда, уни арзон бер. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Ҳумоюн). Downloaded from uzbekai.com.