Исҳоқхон Ибрат Исҳоқхон Ибрат Эски мактаблар хусусида Муаллим бечора азиз фарзандларимизни калтак, қамчи йўқ баҳонаси-ла беш-ўн саналар (5—10 йил) осмонга қаратуб, «алиф, бабазер, бебазер», деб шовқин қилдириб-қилдириб, бир ҳарф ҳам ўқув-ёзув билдирмайинча умрларини барбод қилиб ётмоқға тақвиятгина бўладур. Болаларни эски мактаблар ила жамоаларға тақсим қилиб, келиш-кетиш, калтак ва қамчи масъалаларин ислоҳ қилмоқда албатта лозимдур. Лекин ўқулажак китоблар — мазкур эски китоблар, ўқулажак домлаларида — эски домлалари, мактабларида — эски ҳашарот уялари бўлдуқинда бу масъалалар минг маротабалар ислоҳ этилса-да, бекор, беҳудадур. Агар виждон, инсоф ила муҳокама қилсак, таваққуфсиз ва тараддудсиз эски мактабларимизни асосларидан йиқиб, жойларига тартиб ва интизом билган янги усул домлаларнинг ҳимоясида бўлган мактаблар вазҳ этмаки лозимдур. Эски мактабдорларимизнида деҳқончилик ҳунарларига саҳв этмак мувофиқи ҳақиқатдур. Бу сўзум жаноби муаллимларга — эски ва янги домлаларимизга охирги сўзум. Мен ўзум ҳам ўзумға қарашлик ўнта-ўн бешта болаларни эски мактабда ҳеч баҳра топмай, беҳуда юрдуқларина жоним ачиб, Қозон тарафинда бир муаллим жалб эдуб, мактаб қилиб вердим. Мактабнинг кушодиға уч ой бўлгани йўқ. Йигирмадан зиёда кичик болалар «алиф нима?» деган саволина «калтак» деб жавоб берувчилар тамом саводи чиқиб, ҳар нарсани ёзадурғон бўлдилар. Тўрт-беш ва етти-саккиз саналар Қўқонға юруб, ҳеч нарса билмаган муллабачалар битамомиҳи арабий муколамаға қодир бўлиб, ҳар бир китобларни мутолаа этадургон бўлдилар. Шул сабабдин биз кўзумиз ила тажриба қилиб, бул ўқутишга тамом ихлос қилдик. Агар Русия илмларини билмак даркор бўлган ҳолда, ўшал мактабларда Русия муаллимларидин сақлаб, бирор дарс Русия илм ва забонидан таълим берилган ҳолда анча наф’ олур эдилар. История древнего города Ахси в Ферганской области Фарғона областида қадимги замонларда пойтахт бўлуб турган Ахси ёки Ахсикент деган катта шаҳар бўлган экан. Бул кунларда мазкур шаҳарнинг ўрни ва асорати яхши маълумдур. Чунончи, Наманган уездиға тобе’ худди Наманган шаҳридин ўн беш чақирим масофада Ахси бўлустида дарё лабида бир неча қишлоқдин иборатдур. Бул хусусда таворих китоблардин мазкур Ахсикет хусусида хабар олиб, таворих учун бирор рисола тасниф қилмоқ лозимдур, яъни ул шаҳар қайси вақтда ул мартаба бино бўлган, қайси хон ва беклар ул шаҳарда ҳукумат қилган ва фуқароларни(нг) маишати қаю тариқада бўлган ва ҳам қаю вақтда нима сабаблар ила ул шаҳар вайрон ва хароб бўлган ва нима учун ул жойда ҳеч ким туролмаган. Йиқилган девор ва иморат асорати ер остиға кўмулуб қолгандурму, деб. Бул муддао бирла газет ўқуғувчи зотлардин илтимос қиламизки, ҳар кимнинг қўлида ҳар хил тарих китоб бўлуб, ул китобларда Ахси шаҳри хусусида хоҳ қисқа, хоҳ муфассал хабар бўлса, биз газет муаллифиға ёзиб юбориб, бизни хурсанд қилса, ва лекин мазкур хабар бу тариқа ёзилса, чунончи: «Ахсикет Movarounnahrda Сайҳуннинг соҳил шарқисида бир қасаба эрди. Ахсикет Movarounnahrda Фарғона дохилида бир қасаба ўлуб, Сайҳун дарёсининг шимол тарафидағи қасабаларнинг бири Ахсидур. Китобларда битадурлар, чунким Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқдур. Андижондин ғарб тарафида тўққуз тош йўлдур. Умар Шайх Мирзо муни пойтахт қилди. Бир-икки мартаба ташқарироқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Ахси қўрғони баланд, жар устида воқе’ бўлубдур. Иморатлари ҳам жар ёқасида эди. Ушбу тарихда, яъни 899 ҳижрийда, душанба куни ва рамазон ойини(нг) тўртида Умар Шайх Мирзо жардин кабутар мисллик учуб вафот қилди. Ўттуз тўққиз яшар эрди, валодати 860 да Самарқандда эди, Султон Абу Саид Мирзонинг 4-ўғли эди. Султон Абу Саид Султон Маҳмуд Мирзо ўғли, ул Мирзо Мироншоҳ ўғли, Мирзо Мироншоҳ Амир Темур ўғли. Умар Шайхни қабри алҳол Ахсидадур. Умар Шайх Мирзодин уч ўғил, беш қиз қолиб эди. Ўғлонларининг улуғи мен Заҳириддин Бобур эдим. Менинг онам Қутлуғ Нигорхоним Юнусхон қизи эди», деб. Бу иборалар «Бобурнома»да худ Бобурхон сўзларидур. Яна «Бобурнома»нинг 40 ва 29-саҳифаларида ёзиладурким «Бир-икки кундан кейин Кандарлик довони ила Ахси ва Андижонға азимат қилдим. Ахсиға етиб, отамнинг мозорини тавоф қилдим. Ахсидин намози жумъани вақтида чиқиб, Бандсолур йўли ила Андижонға кирдим», деб. «Таърихи Рашидий»да ёзилганига қараганда, Ахси шаҳрининг аввал биноси мўғул хонлари тарафидин бўлуб, 890-900-ҳижрий таърихида Амир Темур авлодларидин Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидин Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлуб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган эканлар. Ўшал асрларда Ахси шаҳри ғоятда ободонликда экан. Кўб замонлар Кошғар вилоятида ҳукмронлик қилиб, Абдуллахон Самарқанд ва Бухоро ва Фарғонага истило қилгандин кейин Султон Абу Саидхон кўб аскар ила Кошғарға бориб, тамом тавобиоти Кошғарни олиб, 939 йилғача ҳукмронлик қиладур. Таърих эски Ахси маноқиби рисолаи Ҳазрат Лангар Бобо Азиздин шул тариқа ёзилибдур: «Ахсикентни аввали биносини Эрон подшоҳи Нўширавони одил бино қилган экан. 521-тарих милодийда Нўширавон ўғли Хурмуз подшоҳ Ахсини неча вақт пойтахт қилиб, анда ҳукумат суруб, сўнгра 1233 милодийда Сирдарё катта тошган вактда бир зилзила бўлуб, дарёни(нг) суви Ахсини(нг) биёбонига чиқиб кетган экан. Анда бузулуб, хароб бўлған экан. Аммоки аввалги ободлигида иморатлари икки-уч қабат хиштдин бинолари бўлуб, шаҳар ниҳояси Косонғача боруб, Косон ила Ахси ўртаси қирқ чақиримлик йўл ҳаммаси иморат, бозор бўлган экан. Ҳаттоки бир эчки Ахси томида юрмак бўлса, то Косонғача борур экан. Том устидан юруб ҳаммомлар, мадрасалар, саройлар, ер тагидан юрадургон савқи ерлари, кўб таажжублик нимарсалари ҳозир ҳам кўрунуб турадур. Ҳозирда Ахси икки ерда бўлуб, бирини Эски Ахси, бирини Янги Ахси дерлар. Ya’ни Янги Ахси Эски Ахси бузилгандан сўнг қолган одамлар дарёдин қочиб, Косон тарафида баландлик биёбонға иморатлар қилиб, кўб қишлоқ бўлганлар. Ҳозир Янги Ахсида ўн икки қишлоқ, Шоҳанд деган бозорлик, бир қишлоқи оила бир бўлушиб бўлган. Аммо Эски Ахси одамлари оғзидаги сўзлари кўб ажиб ва ғариб сўз сўзлайдурлар. Аларни олмай, маноқибдан ёзилди. Эски Ахсини бузулган тарихи 1030 милодийда бўлган экан. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардин ёки фуқаролардин обод қилгани йўқ. Деҳқонлар ва ўтунчилар ҳар хил нимарса топуб олурлар, чунончи, мис асбоблар ва шишалар, ҳар хил тошлар чиқадур, кўб ерлари дарёга кетгандур. Алҳолда ҳам иморатларга аксар хиштларни андин олурлар». Миллатни ким ислоҳ этар? Биз Туркистон мусулмонлари орасинда хилофи шариат одатларини кўплиги ҳар кимға маълумдир. Мунинг дафъи ва ислоҳини ким этар? Бизни фикримизча, мунинг дафъу ислоҳиға уламо ҳазароти камари ҳиммат боғлаб, муқаддас меҳробу минбардан ваъз сўйлаб, аҳолиға аҳкоми шариатни билдуруб, байтуллоҳ ҳукминдаги масжид ва жомеъларида эрта-ю кеч амри ба маъруф ва nahy аз мункар этиб, халойиқ англайтургон бир тил илан панду насиҳат этсалар ҳам мунинг ҳеч қўймасдан ҳар кун баъд аз намози фажр ва баъд аз хуфтон доим мухталиф мавзуълардан баҳс этсалар, албатта, таъсирсиз қолмас. Хусусан, муқаддас масжидға сўйлаган ваъз ҳар бир мўмин қалбина ду боло таъсир этар. Қуръони карим амри маъруф ва наҳйи мункар этмоқ учун мавъизан панду насиҳат учун кўп оятлар борлиги уламо ҳазаротлариға маълумдир. Олами исломни ҳар тарафидаги масжидларда халқ тили илан ваъзу панд этмоқ жорийдир. Ёлғиз Туркистон ва Бухороға, билмайман, на сабабдан жорий эмас. Онингчун халқни ахлоқу одоби исломияси кундан-кун бузилмоқда. Ори, бизни масжидда «салоти Масъудий»ни бечора авом англамайдур. Зотан, оти имомларни ўзлари ўқимоқлари лозим. Лоақал, мазмунини авомға тушундурмоқ керак. Ҳолбуки, халойиқға зарурроқ, керакдур. Бугун кўпайган бузуклик ва фасодларни ислоҳи учун ваъз қилмоқ керак. Заруриёти диния ва ахлоқи исломияни аларға таълим ва танбеҳ қилмоқ керакдур. Баъзан намози фажрдан сўнгра масжидға оми гадойлар ғазал ўқиб, хурофот сўйлаб, ваъз айтган бўлуб садақа жамлар. Бесавод бир гадой оғзиға келганини имом афанди ҳузуринда бемуҳобо сўйлар. Ҳеч ким анга бир нима демас. Ҳолбуки, масжид ичинда гадойлик ва садақа дуруст йўқ эди. Имом афандилар масжидда ваъз айтсалар, халойиқни билмаганини билдурсалар, албатта, иззату ҳурматларида зиёда бўлур. Халойиқда ислоҳ топилур, дунёву охиратда ажрлари ҳам зиёда бўлур. Зотан, уламо ҳазротики, варасат ул-анбиёдурлар, вазифалари таълиму ҳидояти халқуллоҳдур. Кунтум хайра умматин ухрижат лин-наси таъмуруна бил-маъруфи ва танҳавна анил-мункар, ’уламау умматий каанбияи бани Исроил оят ва ҳадисларининг шаъни шудур. Собиқ «Самарқанд» жаридаси ва «Ойна»да ҳам бир неча дафъа мундан баҳс бўлуб эди. Алҳамдулиллаҳки, идораға яқинда хабар олиндики, Самарқандни Хожажон Хожа маҳалласининг имоми муҳтарам домла Ҳожи Абдуғаффор жаноблари бир неча кундан бери халқ тили илан баъд аз намоз ваъзи панду насиҳатға бошлабдурлар. Намозгузорлар ниҳоят рози эмишлар ва ададлари ҳам кўпайибдур. Ваъзларида таъсирини оз бир муддатда кўрсатибдур. Аллоҳ таоло бу имом амсолини кўпайтирсун. Домла Абдулғаффор жаноблари бир неча саналар Ҳарами муҳтарами Набавий ҳазратларининг Самарқандда бу амри лозимни бошлаганлари учун табрик этармиз. Ори, уламо қавмидиндурлар. Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур. Откритие Коканд-Наманганской железной дороги Ушбу 7-июлда Наманган оташ ароба йўли битиб, они очилганлигиға шукрона байрами бўлубдур. Шул куни соат бирға Хўқанд истансиясиға боёнлардин йиғилиб, Наманганга борадургон поезни кўб зийнатлар бериб, ул жойда дуо ва фотиҳалар қилиб, ул йўлни(нг) биносиға сабаб бўлган одамларни ҳам ҳақлариға дуо қилиб бўлуб, мазкур ясатулганни олиб келиб сийр тортиб қўйган лентани кесиб, анинг устиға «Наманганға салом!» деб ёзган ёзувни вокзолға рўбарў қилиб, ул поезға Наманганға шукрона байрамға борадургон одамлар тушуб, алоҳида чиройлик қилган, устиға «Яхши соатда!» деб ёзган дарвозадин поез ўтиб, Намангонға қараб жўнаб, ўшал аснода фотографлар ва ҳам алоҳида чиқарилган синимотограф ўшал ерда ҳозир бўлуб, тасвирларини олиб турибдур. Ул поез Чуст истансияға расми юришда юруб бориб, андин кейин Сирдарёға кўб харажатлар билан бино қилган ёғоч кўфрикдин ўтуб, ул йўлларда кўб жойларда кўб чуқур жойларға қўфрик солиб, хусусан, икки чуқурлик жойға бири саккиз саржин, бири ўн икки саржин жойға кўфрик солиб, бул икки кўфрик ул йўлни тезлик билан битмасликға сабаб бўлубдур. Мазкур поез Чуст ва Тўрақўрғон истансиялариға келганда, қишлоқ фуқаролари тарафлариндин мутасаддилар қарши чиқиб, нон-туз ушлаб, Чуст мутасаддилари Фарғона области жаноб военный губернаторини ноиблариндин ҳукуматдорлардин тўсуққа ҳам оташ аробани тезлик бирлан келмоғиға ионат кўрсатмоқликни илтимос қилибдурлар ва ҳам ўз тарафларидин беоқча ул оташ ароба кераклик ерларни бермоқликға ваъда қилибдурлар. Поез Наманганға келгандин кейин истансаға ниҳоятда кўб сартиялар йиғилиб, атрофдин, қишлоқлардин умрида оташ аробани кўрмаган одамлар келиб, ул оташ аробани биринчи маротаба кўруб ҳайрон қолиб, поез келаётган вақтда оқ саллалик одамлар адади ниҳоятда кўб 25000—30000 ға етибдур. Наманганға етиб дуо ва фотиҳа қила бошлаганда, ул кўб ҳужум бўлган сартияларни полициялар машаққатлар бирлан тарқатиб, чеккаларға чиқорибдурлар. Поез тўхтаган жойда Наманган тарафдин кўб зийнатлик дарбоза қилинуб, ул дарвозани гилам ва байроқлар бирлан зийнат қилинуб «Хуш келдилар!» деган сўзни ёзиб қўйилган экан. Келган меҳмонларни наманганлик мутасаддилар кўб яхши қарши олиб, ҳозирда битмаган вакзал яқинида беш адад одамға дастурхон тайёр қилиб, зиёфат қилиб, кўб ажойиб мушаклар ҳам тайёр килинган экан. Икки нафар аскария музиканлар нағма чолиб турубдурлар. Ул нағмагарларни бири Хўқанддин поез бирлан йўлларда машқ қилиб келибдур. Зиёфат таом вақтида ўлтурган одамлар кўб қуллуқлар этиб, ул баланд даражалик Туркистон генерал губернатори отлиқ аскарларни гинирали Самсўнуф жанобларидин муборакбод қилиб юборган телегромни ўқубдурдилар ва ул темир йўлни биносиға ва тараддуд қилган одамларни саломатликларини ва Туркистон вилоятини ободончилигини тилабдурлар ва яна кўб адад муборакбод қилиб юборган телегромлар ўқулибдур. Шул тариқа қилиб, Наманган шаҳри ул биринчи поезни қарши олмоқликға харажатни аямабдурлар ва соат 4 да эрта бирлан Намангандин ул поез Хўқандға қараб борган меҳмонларни олиб жўнаб, соат 8 да Хўқандға келибдур. Писмо из Тюря-кургана Эй, бизни мусулмон фирқалар, сизларни бу йиллардаги аҳволи аъмолларингиз ичкари шаҳарлардаги маданият топган халқға кулки бўладурғон ҳоллардурки, буни олдини ҳеч қайсиларимиз олмадук. Эмди олиб ҳам бўлмади. Бул қарздорликлар мулкларимизни ва обрўларимизни тўкмакка сабаб бўлган беилм, беҳисоб, бефикр ва маданиятсизликларимиз, бепарволигимиз ва эринчоқлигимиздур. Хусусан, ҳукумат бизни шаҳарларимизни забт қилгандин буён қайси бир сартиядин мадрасаларда хатм қилиб, замонага мувофиқ илмлар ҳосил қилди? Қанча сарт болалари ўқуйдур, билурмусиз? Йўқ, йўқ! Ҳоло ҳам биз қадимги, эски андишада мозорларга сиғиниб, ўз динимизга ҳаракат қилмай, оқча топсак, хоҳиш улоқ, тўйларга ўн минг сарфи беҳуда, исроф деган уламо йўқ. Ўлганга беш минг сарф-исроф учун қайси уламо буларга фатво берган, ҳалол деб. Ҳалол деса, бундан зарур ҳалоллар бор. Улар қолубдур. Ҳеч кимда халқға насиҳат йўқ, бўлса ҳам қулоқға олмайлар. Ёшлар бўлса, кукли ила юрадурлар. Қарилар аҳли аёлини бетартибда, ахлоқсиз қилиб ўстурган. Уйлангандин сўнг росхуд отасидин ейдур. Отаси бирор кун камроқ росхуд берса, они ўлдурмакда. «Ўзидин чиққан балоға қайға борсун давоға». Бу мубталолик, жаҳолат тартибсиз бўлуб, сўкуб, катта қилиб, ёшликда кўчада ёнғоқ, ошуқ, ондин каттароқ бўлганда гапхонада сафсата, азкия деган беҳуда сўз, урушмоқ, сўкушмоқни таълим оладур. Бу афъоли бадларни, бу мараз дардни доруси илмдур. Ёшларни мактабда тартиб қилиб ўстурмаганликдиндур. Ҳоло ҳам сизларга вақтдур. Илмсиз киши асоссиз девор деган. Асоссиз девор ғоятда беэътибор бўлур. Илм ўқунг, ўқутунг, ахлоқи фунун замонага даркорлик илмлар зарур, агар сиз шул замонда турмак бўлсангиз. Лекин, йўқ, сизни замонларингиз, бу замона, бул аср эрмас, бул асрда турмаклик сизга душвор бўлур. Агарда янги илм, янги йўл, янги олам, янги асрдин бидъатни орода қилиб, сўфилик қилурман десаларингиз, хотири жам’ бўлинг. Эски нимарса қолган? Йўқ, ҳар аср, ҳар қарн аҳволи ўз вақтига мувофиқ бўладур. Сизлар бул аср халқни ўз йўлларингизга солмоқ иложини қилсангиз, мана замон қилиб бўлмайдурки, Машраб девонани сўзига тўғридур: «Баёзидни вақти ўтти, шайхи сўфиён излама» дейдур. Ибратлик сўздур. Ҳар аср, ҳар қарн бир атвор илан кечар. Агар умрни хоҳлаб ёки қайтариб олмоқ мумкин бўлса эди, Ва лайсаш-шабоба биъавди қувватин, демас эдилар. Умрни қайтариб олур эдилар. Лекин бўлмайдур, замона турмайдур, аср ва тор вақт кетар, илмсиз, ахлоқсиз қолур. Сизлар вақт, аср лайлатулқадрдек ўтуб кетар, илмсиз, ахлоқсиз қолурсиз, ҳаракат даркор, ижтиҳод даркор. Ҳаётни сизга бойлаб бергани йўқ. Мамот ҳозирдур, воқиф бўлинг, амал қилинг, иш қилинг, йўл топинг, илм ўқунг. Оллоҳ ёр этур. Қуруқ юрма, қуруқ дасти ажалда Солур токи камон этмас маҳалда. Писмо в редакцию Ушбу 1911 нчи йилда августда Тўрақўрғон қасабасидин чиқиб, азбаройи ёр-биродар жанобларини зиёратла-ри учун ўз каласка аробамиз ила Чустга келиб, андан ошнойи қадимамиз бўлган ҳурматлу Мулло Азизхон мироббоши ҳовлиларига тушуб, икки кун истироҳатдин сўнг жўнаб, Фоф келиб, анда турмай, бир от илан тўғри Арслонбек кемага келиб, дарҳол ўтуб қиём вақтида Янгибозор мавзеъида бўлган Урганжи қишлоқға келдук. Ул кун бозор ниҳоятда чанг экан. Бир ерда андек истироҳат қилиб, жойлануб, сўнгра жўнаб кетиб турган эдук, қўрғондин ташқари бир баланд йўл кўзга кўрунди. Ажойиб бул хил баланд ер йўқ эди деб, таажжубда эдук. Баногоҳи икки мардикор занбар кўтарган йўлда экан. Ани аравадин кўруб, тушуб савол қилдимки: — Бул нима йўл? — деб. Жавоб бердики: — Наманган темир йўлидур. Сўрадўм: — Ушбу кун қанча ерга борди? — деб. Ул жавоб бердики: — Ушбу кун бул ердан ўн олти чақирим бордур, — деб. 14-август эди. Ya’ни вокзолдин, Хўқанд вокзолидин 28 чақирим рельс темирларни бошлаб босган экан. Камоли хурсандлигимдин аробадин тушуб, ҳар икки мужикларга бир-икки танга бериб, алҳамдулиллаҳ, бизларга ҳам роҳат бўладурғон вақти келди. Бизга келгучиларга йўлларимизни бетартиблиги катта нуқсон эди ва фақир бечораларга ғалатларни арзон бўлиши, сайёҳ аҳлига бормоқ-келмоклари осонликка мубаддал бўлди. Юз шукур деб ўтуб Хўқандда бўлган ошнойи қадимамиз жаноб Ҳазрат Миён Содиқ Ҳазратни ҳовлиларига нузул қилиб, анда икки кун туруб, кечки пўчтовой поезд илан ифторой класда жой олуб, кечаси бир кеча, яъни икки соат туруб, яна жўнаб, тамом кун чиқғанда Тошкандға, Русия ичида Обухов кўчада ҳурматлу коллежиски секретарь Ибн Яминбек Худоёрхон ўғлиларини(нг) ҳовлисига қўндук. Биринчи рамазон анда бўлинди. Мазкур бекни(нг) ҳовлилари хусусида бир-икки банд манзума ёзилган эди, дарж қилинди. Чунончи манзума: Бегимни ҳовлилари бир риёзи жаннатдур, Саконат этса киши кони бир масарратдур. Кишики умрини яхши қилур, хасис ўлмай, Музайян табъини хуш айлаганга раҳматдур. Хасис, мардуми мумсик бўлиб, емай-ичмай, Жаҳонда умр кечурган кишига лаънатдур. Не бу ерга қўйиб кетма, сарф қил, илло кейин Қоронғу гўр ичида ушбу санго офатдур. Ичида сарви гулу лола-ю раёҳинлар, Муфарраҳ дили мафҳума катта ҳикматдур. Худойим берди бу дунёни умри роҳатга, Кимики умрига сарф айлар, ул ҳимматдур. Худо дерки: «Кулу вашрабу» бу Каломинда, Тасарруф этгучига охиратда беҳжатдур. Бу ерда хайру саховатни қил ғарибларға, Сахийга ваъдаси бор, охиратда нусратдур. Назифу тоза жинон муза жаҳон янглиғ, Кўнгулни сайқал этар, жонға бир фароғатдур. Кишики оқча йиғиб, сарф айламай ўтса, Ики жаҳонда онинг кори бори заҳматдур. Худо юборди бу дунёга имтиҳон қиладур, Тасарруф айла они неча кунга фурсатдур. Ҳама кетар бу дунёдин бахил ёки хасис, Кўруб турубсан ўзунг, ушбу санга Ибратдур. По поводу виборов должностних туземтсев в Намангане Туземний газет идорасиға бир хабари афсус осор 1910-йилги аҳволоти халқияларимиздин. Надомат қиладургон ишлар воқе’ бўлиб, халқни ҳайратга соладур. Алалхусус, аҳли илм ва аҳли фатвои шариат ишларига алоқалик ёки мурофлик одамлар гўё табодили олам ёки табодили мулк бўлган каби кўринадур. Чунончи, ҳар ерда бўлган сайловлар хусусидаги бетартибликлар ва бефикрликлар миллатга ошно кишиларни ниҳоятда ғусса ва андишаларга соладур. Чунончи, Ўзганд қози сайловидек Наманган аҳолисида ҳам атрофларида кўб ерларда барпо бўлган сайловларда Наманган атрофида бўлустлар муҳофазат қилиб, ўз қозилари илан тортишиб, элликбоши деган халқларни ўз ихтиёрига қўймаганларини ҳамма ерда пристўф ва ҳокимлар билиб туруб ман’ қилмаганлари фикрга соладурки, бўлустлар ҳам қози сайловиға алоқалик эканлиги маълум бўладур. Халқни фаҳми шул эдики, бўлустнойлар фақат одам ҳозирлаб берувмакға ҳадди бор, бўлак хусусда дахли йўқ, деб фаҳм қилурдилар. Эмди маълум бўлдики, бўлак хусусда ҳам кўб дахли бор экан. Иккинчи шулки, элликбошилар сайлаганда халқ элликбошини андиша ва фикрлик дурбин кишидин қилмаганлари ўз инқирозига юз тутганларини кўрсатадур. Масалан, бир одамни қозиликка сайладилар, хоҳ яхши, хоҳ ёмон. Миллий қози бўлишни положенияда 223-бобда зикр қилингандурки, эътибори бор, етти кундин зиёда ҳибис бўлмаган, ўттиз сўмдин зиёда иштроф тўламаган, ёши йигирма бешдин паст эмас одам бўлур, деган экан. Олим ё оми, аҳмоқ ё доно киши ё шариат биладургон ва ё низом биладургон демагани шулки, фақат инсон бўлсун, мазкур айбларга дучор бўлмаган бўлсун дегани бул вилоятларимизга катта йўл бўлиб, саводи бўлмаса ҳам, миллий шарорати бўлса ҳам, миллий положенияда илми кифоя қиладургон ҳам деб ёзилмагандур. Ҳибис бўлмаган, иштроф тўламаган, ёши йигирма бешдан зиёда деган сўз катта важҳ бўлиб, алҳолда кўрасиз, кимларни қўлларига бул катта шариат ҳукмини топширадурлар. 15-номерлик газета бир муҳаққақ Салоҳ имзоси-ла ёзган мақола хўб дуруст, тўғри мақола эканки, башарти қозилар мулладин, уламодин бўлса, қодири имтиҳон бўлурлар эди. Лекин сад ҳайф, ўзимиз айбдор, на учунким миллатимизни қавий бўлмагани, ҳеч фикр-андиша қиладурган киши йўқ. Андиша қиладурган одамни одам ҳам ҳисоб қилмайдурлар. Бул ҳам ўзимизни бефикрлигимиздан бўлур. Хўб, оми ҳам бўлсун, оми ҳам фақат ўз ройи илан бир иш қилмоқға қодир эмас. Шариат масъалаларини муфти ва олимлар кўрсатуб фатво берадурлар. Анда ҳукм қилса керак. Шунчалик эканки, фалон ерда омидин қози қилибдур. Раҳмат ёки лаънат деганда ўттуз минг аҳли бўлса, ўттуз мингдин раҳмат ёки лаънат тегадур. Положенияни бобиға мувофиқ элликбоши деган халқ хоҳлаганига мувофиқ кимгаки шар кўб тушса, они ёзар экан. На қилсунлар, бул хил қилмасалар, положенияга мувофиқ бўлмайдур. Положенияда шариат биладурган мулладин деган эмас экан. Ўзимиз хоҳлаймизми, нима ва ким бўлса они қилурлар. Уларга ким ва нима бўлиши ҳам даркор эмас экан. Бинобарин, ўз халқимиз бири паст, бири баланд деб, беиттифоқ бўлурлар. Фард: Бефикр ўлсанг, эй дўст, муҳтожи нон ўлурсан. Тошкент сафариндаги маълумотларим 12-апрелда макони маъҳудим Тўрақўрғондин поездга ўлтуруб муддати уч соатда Хўқандга келтурганда, бу мўжизоти оламни кўруб ва халқуллоҳларни сайри саёҳати осон бўлганини мушоҳада қилиб, ҳамд ва шукрлар айтуб, алалхусус, Сирдарёдин аввал вақтларда ўтмак тўрт соат, балки баъзи кунларда ўтолмай қолур эдук. Неча ашёйи жадидалар, чунончи, ишларимизда, тижоратимизда, зиндакорчиликларимизни осон бўлгани, бормак, келмак ёки бўлак иш қилмак осон бўлгани. Алалхусус, булар ичида аҳли илм ва аҳли фикрларга маълумотлар ва китоблар кўб бўлуб, ҳар нима билмак ва топмак осон бўлгани, ҳамма қўл ишларига мошина ихтиролар чиқорилиб, оз вактда кўб иш қилиши, қуруқда ва дарёда юрмакка асбобу адавотлар муҳайё бўлганининг устига бу мамлакат аҳлини маданиятга солмак учун яхши мактаблар тайёрланиб, толиби илм ва касб кишисига ҳаммалари очиқ бўлуб турганини кўруб хурсанд бўлуб, бизни халқ ҳам шояд бу илмлардин баҳра олсалар эди деб, Тошканд боргунча фикримда эди. Тошканд борганда, кундузлар боғ саёҳатларида, кечалар томошахоналарда ҳикоят китобларидин ўткан воқеаларнинг ҳикоясини суратда ўзини килиб, синимотуграф томошасида бўладургон томошаларни мушоҳада қилиб кўруб, бормоқ-келмоқда ўтуруб бормоқ учун қилинган кўнка электрияларни ва кечаларда ёқмаклик учун ёғсиз ва ўтсиз ёнадургон электрия чироғларни кўруб, аҳлимиз бундан манфаат олганларидин бошқа Еврўпо илмига ҳам ўргансалар эди деб, афсуслар қилиб эдум. Баногоҳ, Тошкандни Хадра мавзеъида бўладургон дувухкласной шкўлда имтиҳон вақти экан. Рафиқо ва катталаримиз таклифлари мўжибича боруб, они кўрдумки, имтиҳонда бизни мусулмония болалари ҳам яхши, дуруст русия забонини расо ва яхши сўзламоқға қодир бўлуб, улуғлар ҳузурларида ҳикояларни икки бола бир-бировига муқобил савол-жавоб қилишиб, яхши имтиҳон берганлари яна мани шодландурди. На учунки, бизни ислом болалари ҳукумат лисонларига олим бўлмоқға ҳам ҳаракатлари борлиги маълум ўлди. Иншаоллоҳ, яна бир неча йилларда бу ёзилмуш илм ва касби камолотларидин ҳам ҳиссаларини олмоққа истеъдодлари бўлғудек экан. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Исҳоқхон Ибрат). Downloaded from uzbekai.com.