Жаҳон отин Увайсий Жаҳон отин Увайсий Анор Ул на гумбаздур, эшиг-у туйнугидин йўқ нишон, Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур, макон? Синдириб гумбазни, қизлар ҳолидин олсам хабар, Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон! Ишқида Оҳ, гулрухсора жонон, хордурман ишқида, Дил аро қон, сийнаси афгордурман ишқида. Кечалар кирдим чаман, вақти саҳар зор айладим, Қумри-ю ҳам андалиби зордурман ишқида. Хотирим тай қилса ногаҳ наргиси ул масти хоб, Кавкаби сайёрадек бедордурман ишқида. Мўрдек помолдурманким, саломат аҳлига, Дард аҳлига бу дам сардордурман ишқида. Ақл-у, фаҳм-у, ҳуш-у идроким сазовор ўлдиким, Мижмари бардош ичинда нордурман ишқида. Истасам марҳам ажаб эрмаски, сендин, эй табиб, Дардсизлар захмидин бемордурман ишқида. Соқиё, бергил алимга соғареким, хосдин, Соғиниб ул соф май, хуммордурман ишқида. Гул юзи ўхшарму ул гул юзига, эй боғбон, Оч даринг, кўрмаклигим душвордурман ишқида. Хотирим зулфига банд-у ихтиёрим ҳуснига, Дин ила пайваст ул зуннордурман ишқида. Қилма, эй зоҳид, кўруб, аҳволима сен сарзаниш, Ноз-у истиғноли, сўз бардордурман ишқида. Гар киши бўлса харидори Увайсий ичра бор Ул матойи рамзға бозордурман ишқида. Кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди Замона куфатидин бу кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди, Бу чархи бемурувватдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Жароҳат бўлди бағрим тиғи бедоди рақиблардин, Бу кўтоҳфаҳм мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Бу гулзори фано ичра маҳали бехалал йўқтур, Ҳамеша захми хородин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огаҳ, Қабиҳгуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Кўнгул қони фароғи дуйдадин бир лаҳза банд ўлмас, Вужудим изтириб айлаб кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Турубдур бағрим ичра қон мисоли ғунча, найларман, Очилмай гулсифат ушбу кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Сўзимдин хотиринг узра гумоне ўзга еткурма Ки, изҳор айламай найлай, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Мени расвойи оламдин мабодо эътироз этма, Такаллум бирла шод айла, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Кўнгулни оташин бежо қилибдур нутқи гуфтори, Қаю боғ андалибидин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Бу сўзни айлади барпо ажаб густоҳлиқ бирла, Малоли хотир ўлғаймй, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Ажаб ашъори мавзун боғлади Вайсий ҳасаддинким, Умархон зуфунунеким, кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди. Кун ва тун Икки маҳбубни кўрдум, бир-бирисин кўрмаган, Иккисининг ўртасига, дўстлар, қил сиғмаган. Қил амон, ё раб... Қил амон, ё раб, адувлар можаросидин мени, Сақлағил осий бу мардумнинг изосидин мени, Сер айла лутфи султонлар атосидин мени, Қил жудо бул бахт-у толелар қаросидин мени, Қутқар, эй хоним, Ҳасан боққол балосидин мени, Қилғон ул беҳуда ҳам жабр-у жафосидин мени. Кошғар юрти бузулди келди, бердим хонумон. Бош суқарға жой тополмай юрган эркан бамакон, Яхшилик қилдим, уйимга, этмадим дод-у фиғон, Чиқмайин жойи имомдин, айлади бағримни қон. Қутқар, эй хоним, Ҳасан боққол балосидин мени, Қилғон ул беҳуда ҳам жабр-у жафосидин мени. Ул мударрис сотти деб, солди бу кўнглумга ғубор, Охири бўлди алар кори қошингда ошкор, Раҳм этиб, арзимга еттинг сен, дединг: «Эй Тунқатор, Йўқ замонимда менинг зўрлиқ!» дединг, эй шаҳриёр, Қутқар, эй хоним, Ҳасан боққол балосидин мени, Қилғон ул беҳуда ҳам жабр-у жафосидин мени. Қозилар олдида бердим ўн ики тиллосини, Ёна беш тиллони бердим, мен пулни фойдосини, Рози қилди қозилар, ман айлади, иғвосини, Ёна чиқмас жойидин, ялғон қилур даъвосини, Қутқар эй хоним, Ҳасан боққол балосидин мени, Қилғон ул беҳуда ҳам жабр-у жафосидан мени... Соғиндим Бу кун, эй дўстлар, фарзанди жононимни соғиндим, Гадо бўлсам не айб, ул шоҳи давронимни соғиндим. Мусофирман, ғарибман, бекас-у ҳам бенаводурман, Вужудим дардға тўлди, эмди дармонимни соғиндим. Тилимнинг зикри-ю, кўнглимнинг фикри, яхши фарзандим, Азизим, ёлғизим, давлатли султонимни соғиндим. Кеча-кундуз йўлиға мунтазирдурман, тикарман кўз, Келиб ҳолим сўрибон кетса, меҳмонимни соғиндим. Насибин узмади тангри, иложин топмағай келса, Онам деб бўлғуси бағри қизил қонимни соғиндим. Қоронғу бўлди олам кўзима ушбу жудоликдин, Кўз-у кўнглум зиёси моҳи тобонимни соғиндим. Мани бекас Увайсий, йиғлагайман рўз-шаб тинмай, Уйимнинг зийнати, кўз равшани, хонимни соғиндим. Увайсийман Меҳнат-у аламларга мубтало Увайсийман, Қайда дард эли бўлса, ошно Увайсийман. Истадим бу оламни, топмадим вафо аҳлин, Барчадин юмуб кўзни муддао Увайсийман, Уз дилинг тааллуқдин, банд қил худо сори, То дегил кеча-кундуз: «Мосиво Увайсийман!» Кечалар фиғонимдин тинмади кавокиблар, Арз то само узра можаро Увайсийман. То кўриб хароботин таъна этма, эй зоҳид, Бир нафас эмас холи иқтидо Увайсийман. Фақр боргоҳига қўйса гар қадам ҳар ким, Бош агар керак бўлса, жон фидо Увайсийман. Вайсий бериёзат деб саҳл тутма, эй ориф, Ишқ аро ниҳон дарди бедаво Увайсийман. Ёнғоқ Ул надурким, сабзтўнлик, ёз ёғочнинг бошида, Қиш яланғоч айлагай барча халойиқ қошида. Барча қушларнинг сўнгоки ичида, Ул на қушдурким, сўнгоки тошида. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Жаҳон отин Увайсий). Downloaded from uzbekai.com.