Соғиндим Жаҳон отин Увайсий Бу кун, эй дўстлар, фарзанди жононимни соғиндим, Гадо бўлсам не айб, ул шоҳи давронимни соғиндим. Мусофирман, ғарибман, бекас-у ҳам бенаводурман, Вужудим дардға тўлди, эмди дармонимни соғиндим. Тилимнинг зикри-ю, кўнглимнинг фикри, яхши фарзандим, Азизим, ёлғизим, давлатли султонимни соғиндим. Кеча-кундуз йўлиға мунтазирдурман, тикарман кўз, Келиб ҳолим сўрибон кетса, меҳмонимни соғиндим. Насибин узмади тангри, иложин топмағай келса, Онам деб бўлғуси бағри қизил қонимни соғиндим. Қоронғу бўлди олам кўзима ушбу жудоликдин, Кўз-у кўнглум зиёси моҳи тобонимни соғиндим. Мани бекас Увайсий, йиғлагайман рўз-шаб тинмай, Уйимнинг зийнати, кўз равшани, хонимни соғиндим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Сог%E2%80%98indim. Downloaded from uzbekai.com.