Ақлли жинни Комил Алиев Гап миллатчи зиёлиларнинг саркардаси Мунавварқорининг “Мафкура учун курашилмасин, ислоҳ қилинсин” деган қинғир фикри устида бормайди. Унинг ачиган оғзидан чиқадурған сассиқ сўзидан ўз аҳллари лаззатланар экан, биз жирканамиз. Сўз мавзуи баҳсимизнинг “қаҳрамони” Чўлпон ва унинг доғлиқ этагига канадек ёпишиб олған “чўлпончилар” устидадир. Миллат – ватан учун оғиз кўпиртириб, натижада бойлар ва Англия сармоясига ватанни пуллашга тиришқан бу “махлуқлар”нинг доволсифат башараларига қараб: “Сизлар миллий буржуазиянинг энг содиқ малайлари, камбағаллар ҳукуматининг пойидор бўлишини кўра олмайдурған кўршапаракларсиз” деяр экансиз, улар дилларидан “кароматингга балли” десалар ҳам, зоҳирда бу тўғри баҳоға яқин келгилари йўқ. Чўлпон ва унинг бир ҳовуч ёлчилари ўз муқаддаротларининг меҳнаткашлар томонидан ҳал қилинғанлиғини, улар учун ортиқ нон деганда кесак ғириллашини яхши сезсалар ҳам, қинғир тилакларини рўябга чиқариш, баъзи бир ора йўлда қолған зиёлиларни ўз ботқоқлариға ботириш йўлида ҳар хил ярамаслиқларни ишлашдан ҳамон воз кеча олмағанлар. Чўлпон кўзини очиб дунёға қарай бошлағандан бери, “Миллат хароб бўлди, ватан поймол бўлди” деб йиғлар ва ўз мақсадини очиқ майдонга қўйиб, заҳарлик фикрларини сочиб келар экан бу кунги мафкуравий кураш майдонининг кенгайиб, чуқурланиб бориши унинг ўз мавқеини ўзгаришига, “бурчак жинниси” бўлишиға катта йўл очди. У (Чўлпон албатта) шу кечаю кундузда қоронғи бурчаклардан сасиб, “миянгми мушик”лик рўлини пардага буркаб тақдим қилишға тиришадиким, буни ҳозирғи шўро зиёлиларининг 2 нчи ўлка қурултойидағи вакиллар ҳам қайта-қайта таъкидлаб ўттилар. Бу аянч банда ҳозир жуда ажиб бир хусусият ва кулинч бир вазиятга эга бўладир. У бир вақтлар “Ой туғса ҳам ўзбекка туғсин, кун туғса ҳам ўзбекка” сўзини мингларча талқин қилди. Рус, татар, жуҳуд ва бошқа миллатларни четга қоқиб, уларга тишини ғижирлатиб юрди. Бу мақсадига ноил бўла олмағанидан кейин энг адоғида янги бир нарса ихтиро қилибдирким, у ҳам бўлса, “шаҳарчилик” дарди билан жинниланишликдир. Эҳтимол бу нарса Чўлпоннинг ўзбек деганда ўпкаси кўринишини билган кишилар учун ёт туйилар. Лекин биз қурултойға “тортиқ” қилинған мана бу ҳужжат билан уларни таништириб ўтамиз. Чўлпон шу йилнинг 26 нчи сентябрида “Тошкант” попирусининг қутисиға қуйидағи шеърни ёзиб марказий идораларимиздан биттасига қолдириб кетади: Қаранг, Чўлпон бу билан нима демакчи? У “миллат – ватан деябериб чакагим тушди, миллатларни ўзаро қирқ пичоқ бўлишларини таъмин қила олмадим, нўмирим ўтмади” демакчи-да аввалги фикридан қўл силтаб, “шаҳарчилик” мақсадини илгари сурмакчи. Чучварани хом санабсиз ака Чўлпон, сиз айтган катта толларнинг кесилиб кетганига талай вақтлар бўлди. Кўзингизнинг шокосадек очиб яни-берингизга бир қаранг-чи, нимани кўрасиз? Башарти кўзингиз сўқурлашмаған бўлса – Фарғона ишчиларининг Тошкантда, Тошкант меҳнаткашларининг Самарқандда, Самарқанд зиёлилари – юмушчиларининг орқада қолған ўкруғлар (буларнинг орқада қолишлариға сиз ва сизларнинг турғузған босмачилиқ ҳаракатларингиз сабаб албатта)да ака-укалик билан маданият тарқатиб, мамлакатнинг эҳтиёжини қониқдираётқанларини кўрасиз. Фақат, тавсиямиз шуким, эҳтиёткорона назар солингки, ўтакангиз ёрилиб, муҳибларингиз бир йўла сиздан ажралиб қолмасинлар. Чўлпоннинг “жинни”лиги бўлар билан ҳам чекланмаганиға қолмайди. У эпоха (давр) попирус қутисиға бу шеъри ёзиб – дейиши билан “камбағаллар даври – биз, бойлар, майда буржуазия лаганбардорлари – мафкурачиларини ёндирди, бу даврнинг (меҳнаткашлар даврининг кули кўкка соврилиб, ер билан яксон бўлсин” деб қичқиради. Чиндан ҳам “девона” Чўлпон шу ҳақда тўғри зорланади. Меҳнаткашларнинг даври – даврон суриши, хандон ташлаб кулиши, Чўлпон ва “чўлпончилар”нинг тўймас кўзларидан ёш ўрниға қон оқиздирди. Уларнинг эркин яшашлари Чўлпонларнинг кунда юз қатла тирик ўлишларини таъмин қилди ва қилғусидир. Кези келганда, миллатчи зиёлиларнинг “адабий вакили” Чўлпон ва унинг ҳамфикрларининг том битган қулоқлариға шуни ҳам шибшитиб қўйиш лозимким, доди-войларингиз, тарихнинг ғилдирагини кейинга қараб силташдан қатъиян ожиздир. Меҳнаткашларнинг олдинға қараб қўяётқан пухта қадамлари дунё юзида қизил байроқнинг тикилишидан башорат берар экан, сизларнинг югиришларингиз сомонхонадан нари ўтмайди. Комил Алиев — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ақлли_жинни. Downloaded from uzbekai.com.