Қора кийинган қизил тўй Комил Алиев Ватан йиғлоқларининг зори Hoooooy ун ялаған аллоплар, қон ялаған қассоблар, билинглар ва огоҳ бўлингларким, Самарқанддан ўзбек давлат труппасининг режиссёри Уйғур, труппанинг адабий эмакчиси Чўлпонлар ўз чолғи тўдалари билан шаҳримизга ташриф буюришти. Бу жарчи Анжаннинг Чархфалагида шу сўзларни айтиб, Узум бозориға томон бурилар экан, иккинчи мунодий Қўй бозори, Сой бўйида Яшмалла (Яхши маҳалла – I.М.) халқини тўплаб олиб “Боғда биткан бодомлар, масжиддаги авомлар, эшитмадим демангларким, Тошкантнинг атоқли ашулачиси Тўйчи ҳофиз ўз шериклари билан қадам ранжида қилди, – деб қичқирар эди. Жарчиларнинг куни туғди. Мунодийлар – кун бўйи Марғилон, Самарқанд, Қўқон, Тошкант, Наманган, Хўжанд, қўйингчи жумҳуриятимизнинг ҳамма шаҳарларидан бирин-кетин саф-саф бўлиб анчагина оқиб турған меҳмонлар, артист – артисткаларнинг ҳунарлари, мансаблари дов-дастгоҳлари билан Анжан халқини таништира бериб овозлари хип бўғилди. Анжан чапанларининг тили билан айтканда, фоҳишалиги, яллачилиги, сатанглиги бутун Фарғонага танилған Маъфират ҳожи ойим ҳам чакана иш қилмади. У қадимғи Искобилниг фаҳшхонасида уя қўйиб, ўлимтук еб суяклари қотқан зоғчалардан бир тўдасини – Кумушхон, Чўнтакхон, Ўғилхон, Ҳадияхон, Гавҳархон ва бошқа бир қанча Йўлиқхон ойимларнинг қадами номуборакларининг Анжанда жой отишиға катта маҳорат кўрсатти. Катта Анжаннинг кенг қўйни улуғ ғалвага тўлди. Таҳир бормоғини тафаккур дандони билан тишлавчиларнинг сони-саноғи бўлмади. Кўча-куйларда дув-дув гап. Ҳамманинг марказий диққати жарчиларнинг эълони, яллачи хоним, ашулачи ҳофизларнинг ташрифлари, баковул – ясовулларнинг қамишдан бел боғлаб ҳафталаб меҳмон кутишлари теварагида айлана бошлади. Баъзи бир шошқалоқлаған одамлар сар калаваларидан янглишиб, бу тарақ-туруқнинг моҳиятини тез пайқаб ета олмайдилар. Уларнинг чувалашқан фикрларича гўё, Анжаннинг машҳур Комилбойи тирилиб келиб, халққа 15 кунлаб тўй бермакчи эмиш… Кўкариб чиққан Кўр Комилбойнинг қайтиб келиши мумкинми? Ижтимоий мамлакатда бойлар дунёси ер билан яксон қилинған, пролетариат диктатураси 11 йиллаб ҳукм суриб турған бир замонда 15 кунлаб тўй бериш, Анжандак улкан бир шаҳарда “маҳшаргоҳ” қўпоришға ишониб бўладими? Кўб ўтмай бу фикр чиппакка чиқти. Ухламай туш кўрганлар, Миркомилбойнинг тўйини қумсағанлар у ҳаёлларидан воз кечтилар. Тез фурсатда, барча Анжаннинг ёши-қариси бу асъаса – дабдабаларни Миркомилбойники эмас, балки Маскав тиётру истудиясини битирган, Ўзбек давлат драм намуна труппасининг артисти Ишоққори Каримийнинг тўйи эканлигини пайқаб қолди. Анжан ўз тарихий саҳифасига иккита катта тўйни дарж этиб қўйди. Бири Никалай даврида камбағалларни қон қақшатқан Миркомилбойнинг 15 кун берган оши, иккинчиси эса, шўро замонасида пролетариат саҳнасини булғатқан ана шу Ишоққорининг 11 кун берган тўйидир. Ҳўб, тўй жуда катта дабдаба билан 7 нчи июнда бошланди. Энг аввал бир ҳафта келган меҳмонларға ароқ, виноларни оқар қилиб тўй берилди, асосий тўй 15 нчи июндан бошланиб, тўйнинг базм – кансерт, масхарабозлиқ ва бошқа қисмларини бошқариш учун тузилди. Камиссия ҳайъатлари ёзған рўйхатни варақлаб қарағанингизда, Анжан окруғ Маориф мудири Низомбоев, ижтимоий тарбия мудири Сайфи Баҳромий, Чўлпон, Уйғур, Муҳиддин Қори, Тамарахоним, Юсуф қизиқларнинг номи номуборакларини кўриш мумкин. Қашқардағи ваколатимизнинг масъул таржимони, куёв боланинг отахони Ўрозалиевнинг ички-ташқи ҳавлиси, икки уй, 3 айвони меҳмонлар, тўйчилар билан тўлиб-тошди. Устоллар устига ёзған шол дастурхонларнинг бетига қанд-қурс, мева-чевалар шапалоқдек ёйилиб ташланди. Олти маҳаллақозонда палов, қовурдоқ, жаркўплар ўн кунлаб тинмай қайнади. Бир томонда ҳар тарафдан келган ашулачи, ҳофизлар гиря қилар эканлар, иккинчи томонда Юсуф қизиқ, Ориф қизиқлар ўз шоввозлари билан халққа айиқ, эшшак, ҳўкуз ўйини кўрсатиб бердилар. Муҳиддин Қори, Тамарахонимлар ҳам ўз фаолиятларини ками-кўстсиз кўрсаттилар. Бу икки “баланд даргоҳ” очилған хотинларнинг “қўл бериб кўришишни билмасликлари”, “маймоқ юришлари”ни масхара қилишиб, томошабинларни ўзларидан миннатдор қилдилар. Оёқларидан тортиб, ёли-думиғача кўмиш билан қопланған, боқиқдағи дулдул кўчага чиқарилиб куявнинг қўлтуғидан кўтарилиб миндирилди. Қўқон труппасидан Азимов, Анжан труппасининг артист ва чолғи тўдалари соябонлиқ араваларга ўлтиришиб, куяв болани олдиға солиб, ёр-ёр куйини дол қўйиб келинникига жўнашди. Никоҳ мажлиси тугагач, 12 аравада келинойилар ёр-ёр айтишиб, куявникига келишди. Келин келгандан кейин базм яна авжига олди. Ҳайқириқ, қийқириқлар кўкларга ўрлади. Ўт атрофида чалинаётқан чилдирмаларнинг садоси маҳалла-кўй гузарни дув кўчирди. Куяв бисмиллони баланд овоз билан талқин қилиб, келинни аравадан даст кўтариб уйга киритгандан сўнг, чўнтак базмига навбат келди. Чўнтак базми – қутурғанлар, пулдорлар базми. Шунинг учун тўйдаги пулдорларни, базм муҳибларини ажратиш, базмни кўнгилдагидек ўтказиш лозим. Бунинг учун алоҳида камиссия ташкил қилиш даркор. Камиссия тузилди. Камиссия ҳайъатига Қизил Йўлдош, Салоҳ Сайфий (2 нчи босқич муаллими), Алимов (Окруғ рабис раиси), шаҳар шўросининг аъзоси Нўмон ҳожи ва Муҳаммаджон мингбошилар киритилди. Улар қўллариға пулдорларнинг рўйхатларини кўтариб, бирин-бирин ичкарига чиқариб кирита бошадилар. Ичкарида ур-йиқит жуда катта, минглаб кўзлар Чўнтакхон, Ўғулхон, Тамарахонимларнинг мақомларини сабр этиш билан машғул. Ҳаводорлиққа ҳазон эмас, даста-даста червонлар ўгирилиб, бир нафасда яллачиларнинг қўшқабат чўнтаклари червон билан тўлиб чиқди. 11 кун шоҳонавор тўй қилиб, чарчаған куяв дам олиш учун чимилдиққа кириши билан, ташқарида аксил инқилобий мажлис тартиб этилди. Саботсиз, алдоқчи, тавбасига таянмаған, “ўнлар”нинг баъзилари ва Чўлпон кўнтирнинг раҳбарлиги остида ташкил топқан бу ўлтиришда, бутун труппаларнинг қатнаши билан мана бу шеър жўр қилиб ўқилди: Уқдингизми? Мағзини чақиб кўрдингизми бу аксилинқилобчилиқ ҳиди кўкиб турған шеърни. Нега шундай бўлди? Бунинг жавоби жуда аниқ… Бу – мафкуравий кураш майдонидан мағлуб бўлиб чиққан ватан – миллат йиғлоқи, майда буржуазия малайларининг бўш маконни топиб ҳордиқ чиқаришларидан ўзга нарса эмас. Бундан қолаверса улар – ана шундай “дардмандлар” тўпланған жойларда, қизил тўйнинг устига қора намат қопланған даргоҳларда… тўдалашиб, еган шатталаридан ушалган белларига тахтакач боғлашни машқ қилиб кўрмакчи бўладирлар. Уларга биз – сен чучварани хом санаған қопағонларнинг югурганларинг сомонхонагача, деб қўя қолсақ ҳам, анави фирқа, комсомол фаолларининг шундай мажлисларга раҳбарлик қилишлариға мутлақо чидая олмаймиз. Низомбоев, Баҳромий, Ўрозалиев, Ўлмас сўфи, Абдуқодир Раҳимийлар фирқа, комсомол аъзоси бўла туриб, шундай ярамаслиқларға бош қўшар эканлар, бу энди ортиқ виждонсизлик, фирқа комсомолнинг эътиборига раҳна уриш, бойлар, савдогарларнинг тегирмонларига сув қуйишлиқдир. Халқ тарқала бошлаған ҳам эдиким, Чўлпон тўрдағи айвонга чиқиб, пар ёстиқни энгагига босиб мозийсидағи қора тарихининг кирлик саҳифаларини бирин-кетин варақлаб чиқди. Атрофини қуршаб олған, “ўнлар тўдаси”ни бир қатор бошдан-оёқ кузатиб чиқиб, ўзининг мана бу парчасини баланд овоз билан ўқий бошлади: Шу билан “келгиндилар”га ўлим, “Чўлпоннинг боқчаси”ға соғлиқ тиланиб, ёшлар кўрпага бурканиб, кўзлар уйқуға кетти… Менингча, бу ҳақда биргина қатъий ва кескин таклифнинг ўзи кифоя: Чўлпон яхши фожеанавис. У шу ўзи раҳбарлик қилған аксилинқилобчилиқ мажлисини ёзса, Уйғур режиссёрлик қилса, артистка ўйнаса-ю, биз золдан туриб “Далой, бойларнинг бундай хўрлари, йўқолсин, қора пардага бурканган қизил тўй, даёш, ҳақиқий қизил тўй” деб қичқиришсақ, жуда ҳам антиқа бўлар эди. Комил Алиев — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Қора_кийинган_қизил_то%E2%80%98y. Downloaded from uzbekai.com.