Кулмадинг бир, то мани юз қатла гирён қилмадинг... Комил Хоразмий Кулмадинг бир, то мани юз қатла гирён қилмадинг Тутмадинг бир жом, то кўнглум тўла қон қилмадинг. Хотирим даврон ғамидин қилмадинг бир лаҳза жам’, То мани бир йилғача зору паришон қилмадинг. Хаста кўнглум таҳ-батаҳ қон қилмағунча ғунчадек, Очилиб мажлисда рухсоринг гулафшон қилмадинг. Ман тарафға қилмадинг ҳаргиз хатодин бир нигоҳ, То рақибимға боқиб юз лутфу иҳсон қилмадинг. Айладинг меҳру вафо бобида қайси ваъдалар, Ким яна ул аҳду паймондин пушаймон қилмадинг. Отмадинг қаҳру итобинг новакин ағёрға, То маломат ўқиға кўксимни қалқон қилмадинг. Қилмағунча хони васлингдин бу зоринг бенасиб, Ўзгани бу хони иҳсон узра меҳмон қилмадинг. Эгнима кийдурмадинг лутфу иноят хилъатин, То либоси офиятдин жисмим урён қилмадинг. Қайси бир уммидким лутфингдин этдим оқибат, Ул умидим ҳосилини яъси хирмон қилмадинг. Эй ситамгар, қайси бедилға бериб васлингда жой, Сўнгра они мубталойи доғи ҳижрон қилмадинг. Қилмағунча хону монимни қаро ҳижрон аро, Кулбам ичра оразинг шамъи шабистон қилмадинг. Дониш аҳлиға қаю қилмишларинг дей, эй фалак, Қай бирин ул зумранитсг мағлуби нодон қилмадинг. Сирри ишқинг неча пинҳон тутти элдин, эй пари, Қўймадинг Комилни то расвои даврон қилмадинг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кулмадинг_бир%2C_то_мани_юз_қатла_гирён_қилмадинг.... Downloaded from uzbekai.com.