Оҳким бир сарви гулрухсора ошиқ бўлмишам... Комил Хоразмий Оҳким бир сарви гулрухсора ошиқ бўлмишам, Бемурувват қотили хунхора ошиқ бўлмишам. Олди жоним, нозу истиғноу ёлғон ваъдаси, Бир ситамгар золиму маккора ошиқ бўлмишам. Оҳу нолам қумри-ю тўтидин ўтса, не ажаб, Бир сихиқомат, шакаргуфтора ошиқ бўлмишам, Сарву гул хасча кўрунмас кўзима, эй боғбон, Бир юзи гул, қадди хушрафтора ошиқ бўлмишам. Дўстлар, гаҳ бехуду, гаҳ хастаҳол ўлсам не айб, Кўзлари ҳам масту, ҳам бемора ошиқ бўлмишам. Ҳажрида кўздин тўкарман тун-кун ашки лолагун, Токи ман ул хильати гулнора ошиқ бўлмишам. Ёрута олмас шабистоним қуёшинг, эй сипеҳр, Ул юзи хуршиди пуранвора ошиқ бўлмишам. Айлама, Комил, манга фирдавсу ризвон васфини. Васли ишратгоҳида дийдора ошиқ бўлмишам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Оҳким_бир_сарви_гулрухсора_ошиқ_бо%CA%ББлмишам.... Downloaded from uzbekai.com.