Сенсизин, эй дилрабо, жаннатда ғилмон бўлмасун... Комил Хоразмий Сенсизин, эй дилрабо, жаннатда ғилмон бўлмасун, Демайин ғилмонки, бал жисмим аро жон бўлмасун. Бўлмаса васлинг муяссар, эй парипайкар, манго, Тўбию кавсар била фирдавси ризвон бўлмасун. Лаъл жонбахшинг фироқида манго, эй гулузор, Гулшани жаннат ичида оби ҳайвон бўлмасун. Бу жаҳон гулрухлари бўлсун санго фармонпазир, Ҳусн иқлимида сандин ўзга султон бўлмасун. Дўстлар, доим деманг нечун паришонҳол сан, Ҳеч кишининг дилбари кокулпаришон бўлмасун. Ишқ элин қатл эткали чиқмиш дедилар бир пари, Бир хабар олинг бизинг ошуби даврон бўлмасун. Комилосо бодаи васл ила лабтар бўлмайин, Ҳеч кимса мубталои жоми ҳижрон бўлмасун. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Сенсизин%2C_эй_дилрабо%2C_жаннатда_г%CA%ББилмон_бо%CA%ББлмасун.... Downloaded from uzbekai.com.