То сайри гулшан ноз ила ул сарви озод айламиш... Комил Хоразмий То сайри гулшан ноз ила ул сарви озод айламиш, Сарв ўзни айлаб бандаю, гул барг барбод айламиш, Гулзор аро рухсорини чун кўрди шайдо андалиб, Гул инфиолиға боқиб, афғону фарёд айламиш. Жоним халос ўлғай нечук, онинг кўзу мижгонидин, Бу бирни ханжар айлабон, ул бирни жаллод айламиш. Ман не сифат тарк айлай ул ширин шамойил ишқини, Ғам беситунин қозғали кўнглумни Фарҳод айламиш. Қошу кўзининг шаклидин қатлимға насс зоҳир бўлур, Чекканда гўё суратин бу нақш Беҳзод айламиш. Мандин қочинглар бахтдек, эй айшу ишрат: шоҳиди, Бир шўх кўнглум меҳнаяу кулфатға муътод айламиш. Жавру жафоларким манга етмиш онинг ҳижронида, Билмас ҳисобини анинг, ақл аҳли теъдод айламиш. Таъсир қилмас нолишим бир заррача, гўё қазо, Хилқатда бағрин тош этиб, кўнглини фўлод айламиш. Эрмас пари гар, не учун ҳам йиғлатиб ҳам кулдурур, Бу нав’ афсунни қачон бир одамизод айламиш. Ғамзангга тақлид айлабон эл қатлини айлар ажал, Ори қилур шогирди ҳам ҳар ишки устод айламиш. Гулрух санамлар, не ажаб, қилса итоат амринга, Ким ҳақ азалда шоҳға лашкарни мунқод айламиш. Ким сифла эрса шод этар бу чархи душманком они, Воҳким ҳамиша имтиёз аҳлиға бедод айламиш. Ноқислар иззу жоҳини ҳар кун баланд айлаб фалак, Комиллар ўрнин паст этиб, маҳзуну ношод айламиш. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/То_сайри_гулшан_ноз_ила_ул_сарви_озод_айламиш.... Downloaded from uzbekai.com.